1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Талаби ҳожатнинг тўғри бўлиши

15:42 / 29.09.2017 3594 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир. Уни талаб қилишинг сени Ундан ғойиблигингдир. Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишинг озлигидир. Ундан бошқадан талаб қилишинг Ундан узоқлигингнинг мавжудлигидир.

 

Ушбу ҳикматда талаб сўзи бир неча бор такрорлангани ва унда дуо маъноси ҳам тахмин қилиниши эҳтимоли борлиги юзасидан «талаб» ва «дуо» сўзлари орасидаги фарқларни яхшироқ англаб олишимиз маънони тушунишимизга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Аввало дуонинг маъносини билиб олайлик. «Дуо» сўзи араб тилида чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча дуо қилиш ҳамда бирон нарсани талаб қилиш маънолари бир-бирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб нима-ю, дуо нима эканини аниқ билиб олиш алоҳида маъно касб этади.

Талаб – сўровчи нутқ қиладиган лафзнинг васфидир. «Менга тилаган нарсамни бергин» каби.

Дуо эса сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Мазкур нафсий ҳолат икки нарса билан: қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик, хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши билан ва яна дуо қилувчининг ўзи қилган гуноҳлар учун Аллоҳ таолога сидқидилдан тавба қила бошлаши билан бўлади.

Ҳа, дуо қилинаётган пайтда қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг синиқлик ва хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланиши бўлмаса, икки қўлни кўтариб, тилга келган талаб сўзларини одатга кўра такрорлаётган бўлади.

Бундай вақтларда қалб ғофил бўлиши, тилда бир гап, хаёлда эса бошқа гап бўлиши ҳам мумкин. Албатта, бу ҳолатни дуо деб бўлмайди.

Бас, шундай экан, бу ишни қилаётган одамни «Фалончи Аллоҳ таолодан сўрамоқда», дейишимиз мумкин. Аммо «Фалончи Аллоҳ таолога дуо қилмоқда», дея олмаймиз.

«У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир».

Ушбу жумла ва унга ўхшаган бошқа жумлаларни қандай англаш кераклиги ҳақида уламолар бир қанча гапларни айтганлар. 

Жумладан, аввал айтиб ўтилганидек, «Банда бандадан талаб қилиши мумкин, лекин қандай қилиб Аллоҳ таолодан талаб қилади?» деганлар ҳам бор.

Бундан, тенгдош тенгдошдан ёки ўзидан пастдан талаб қилиши мумкин. Аммо ўзидан юқоридан қандай қилиб талаб қилади, деган маъно тушунилади. 

Иккинчи тушунчага биноан, банда талабга суянган ҳолда ва талаб бўлмаса, иш битмайди, деган эътиқод ила сўраса, Аллоҳ таолога туҳмат қилган бўлади.

Тасаввуф мошойихлари орасида «Ҳожат тушганда У Зотдан сўраган афзалми ёки сукут сақлаган афзалми?» деган савол ўртага қўйилганда, «Ҳолатга қаралади, кўнгил тортса, сўралади, сўраш одобдан бўлмас, деган хаёлга келинса, сўралмайди», дейилган.

Баъзи машойихлар аниқроқ қилиб айтишади:

«Агар сўраш сўровчининг Роббига ишончининг заифлигига далолат қиладиган бўлса ва хижолатчиликка сабаб бўлса, сўрамаган афзал».

«Агар ўзини илоҳий зажрга ва роббоний одоб беришга сазовор деб билса, кўнглига хавф тушса, ўзидаги синиқлик ва хору зорликни билдириш ҳамда бандаликни изҳор қилиш учун сўраш афзал».

Халилур-Роҳман лақабини олган пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломда ушбу ҳолатнинг иккиси ҳам бўлган.

Ақл ва мантиқ бобида Иброҳим алайҳиссаломдан мағлубиятга учраган мушрик қавм одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар.

«Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринглар!» дедилар» (Анбиё сураси, 68-оят).

Яъни мушриклар бир-бирларига: «Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади», дедилар.

Ана ўшанда Иброҳим алайҳиссалом дуо қилишнинг ўрнига «Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил» – «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай яхши вакил»ни айтдилар. Чунки у зотнинг ўша пайтда тушган вазиятлари шуни талаб қилар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси қудсийлари ҳам шунга далолат қилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: «Кимни Менинг зикрим Мендан сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берадиган нарсамдан афзалини берурман», дер», дедилар». 

Бухорий «Тарих»да ривоят қилган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларига ўзлари йўл қўйган камчилик туфайли хавф тушганда, оқибат яхши бўлмаслиги ҳақида ҳадик тушганда, ўзларини хору зор тутиб, синиқлик билан дуо қилишга киришганлар.

Аллоҳ таоло Шуъаро сурасида марҳамат қилади:

«Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин. Ва менга кейин келувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин. Ва мени наъим жаннати ворисларидан қилгин. Ва отамни мағфират қилгин. Албатта, у адашувчилардан бўлди. Ва қайта тирилтириладиган Кунда мени шарманда қилмагин». У Кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас. Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно» (83–89-оятлар).

Ушбу ҳикматда банданинг Аллоҳ таолога ноўрин ва беодоблик ила қиладиган талаби ҳақида сўз кетмоқда.

«У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қили­шингдир».

Чунки сен бу ишинг билан Аллоҳ таолонинг илми, раҳмати ва ваъдасига туҳмат қиласан. Зотан, сен У Зотнинг илмига ишонганингда, саволингга муҳтож бўлмас эдинг. Агар раҳматига ишонганингда, ўша раҳмати ила кифояланиб, Ундан талаб қилмас эдинг. Агар ваъдасига ишонганингда, сенга азалдан қисмат қилиб қўйган нарсасини талаб қилиб юрмас эдинг.

«Уни талаб қилишинг сенинг Ундан ғойиб­ли­гинг­дир». 

Бу жумладаги «талаб қилиш»нинг маъноси излашдир. Яъни ҳожатинг тушганда Аллоҳ таолони излаб қолишинг сенинг У Зотдан ғойиблигинг – эсингдан чиқариб қўйишингдир. 

Одамлар ичида ғафлат, туғён ва куфр каби сабаблар ила Аллоҳ таолони унутиб қўядиганлар бор. Ўшалар бошига оғир кун тушганда Аллоҳ таолони эслаб қоладилар. Улар ғафлатлари, туғёнлари ва куфрлари ила Аллоҳ таолони унутиб юрар эдилар. Бошларига мусибат тушганда Аллоҳ таоло эсларига тушиб қолиб, ёлворишни бошлайдилар. Бундайларни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ажойиб услубда сифатлаган.

Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида марҳамат қилади:

«Қачон инсонни неъматлантирсак, у юз ўгирар ва ёнбоши ила узоқлашар. Қачон уни ёмонлик тутса, бас, у узундан-узоқ дуо эгасидир» (51-оят).

Кофир инсоннинг субутсиз, тутуриқсизлиги унга яхшилик ва ёмонлик етганда аниқ билинади.

«Қачон инсонни неъматлантирсак, у юз ўгирар ва ёнбоши ила узоқлашар».

Аллоҳ таоло кофир инсонга неъмат берса, Аллоҳга шукр қилмасдан, юз ўгиради. Димоғини осмонга кўтариб, ёнбошига бурилиб, мутакаббирлик қилиб кетади.

Неъматга ношукрлик қилиб юрганига қарамай,

«Қачон уни ёмонлик тутса, бас, у узундан-узоқ дуо эгасидир».

Бошига мусибат тушганда кибру ҳавоси кетиб, аслига қайтиб, Аллоҳга ёлвориб қолади.

Агар Аллоҳ таоло доимо унинг ёдида турганида, У Зотнинг зикрини қилиб юрганида, ибодатида бардавом бўлганида, бундай ҳолга тушмас эди. Аллоҳ таолони ёдига олмай, У Зотни унутиб юриб, бошига мусибат тушганда эслаб қоладиганлар фосиқлардир, мунофиқлардир.

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

«Мунофиқлар ва мунофиқалар баъзилари баъзиларидандирлар. Улар мункарга буюрурлар, маъруфдан қайтарурлар ва қўлларини маҳкам юмарлар. Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар – улар фосиқлардир» (67-оят).

Мунофиқлар қаерда бўлсалар ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, хоҳ эркак бўлсинлар, хоҳ аёл, нима иш қилмасинлар, барибир мунофиқдирлар. Ҳаммалари ҳам бир гўр.

«Мунофиқлар ва мунофиқалар баъзилари баъзиларидандирлар».

Чунки асллари бир. Кўрсатадиган фаолиятларининг маъноси бир. Улар

«…мункарга буюрурлар, маъруфдан қайтарурлар ва қўлларини маҳкам юмарлар».

Улар доимо кишиларни ёмон ишларга, гуноҳга, Аллоҳнинг амрига қарши чиқишга, ҳаром-харишга буюрадилар. Айни чоғда яхшиликдан, иймондан, Исломдан, тақводан қайтарадилар.

Оятдаги «қўлларини маҳкам юмарлар» ибораси бахилликни англатадиган киноядир. Яъни улар яхшиликка мол-мулк сарфламайдилар. Улар

«Аллоҳни унутдилар, бас, У ҳам уларни унутди».

Мунофиқлар мазкур қилмишлари билан Аллоҳни унутдилар. Унга итоат қилмадилар. Эсларидан чиқардилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларига яраша жазо берди.

«Албатта, мунофиқлар – улар фосиқлардир».

Иймондан чиққанлар, ундан жудо бўлганлардир.

Албатта, бу қадар нобакорликлари, ёмонликлари ва гуноҳлари ила мунофиқлар ўз ҳолларига тек қўйилмайдилар. Улар ўз жазоларини олишлари лозим.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мазкур фосиқ ва мунофиқларга ўхшамасликни амр қилган.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У Зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир»(19-оят).

Аллоҳни унутган одам бу дунёда уни олий мақом билан боғлаб турувчи алоқани йўқотади. Ўзини бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган олий мақсаддан маҳрум бўлади. Ва ниҳоят, ўзининг инсонлигини унутади. Бинобарин, эртанги кунга – қиёмат кунига тайёргарлик кўришни эсидан чиқаради ва оқибати ёмон бўлади.

Демак, одамлар иккига бўлинар экан. Биринчи тоифа – Аллоҳга тақво қилганлар. Иккинчи тоифа – Аллоҳни унутганлар. Бу икки тоифанинг бири жаннатий бўлса, иккинчиси дўзахий бўлади. Шунинг учун ҳам банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри ва шукри билан яшаши лозим.

«Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишингнинг озлигидир». 

Ушбу жумладаги «ўзга»дан мурод Аллоҳ таоло бу дунёда жорий қилган сабабият қонуни фаолиятида иштирок этувчи сабаблардир.

Ушбу маънони яхшилаб англаб олишимиз учун «Сунний ақийдалар» номли китобимиздан иқтибос келтирамиз.

«Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарсага сабаб дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таом.

Эҳтиёжи бор тараф эса мусаббаб дейилади.

Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга, яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирайлик. Бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади, ўсимлик эса уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш, бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабабдир.

Аммо мазкур сабаблар чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб, бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши кузатилади.

Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса, сабаб деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи сабаб экан, унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда «Фалон нарсанинг пистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси» деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган. 

Аммо бу, ўша нарсаларнинг ўзида таъсир кучи бор, дегани эмас. Агар шундай бўлганида, мазкур нарсаларнинг Аллоҳ таоло томонидан яратилганига шубҳа туғилар эди. Аслида ҳақиқий таъсир қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. У Зот борлиқдаги нарсаларни таъсир учун восита қилиб қўйган, холос».

Ушбу ҳикматда Аллоҳ таоло таъсир учун восита қилиб қўйган нарсани таъсир қилувчи деб ўйлаб қолмаслик, ҳақиқий сабабчи – Аллоҳ таолони эсдан чиқармаслик ҳақида сўз кетмоқда. Банда «Амалим билан албатта жаннатга кираман», деб эътиқод қилиб қолмаслиги, балки «Мени амалга амр қилган Аллоҳ таолонинг фазли билан жаннатга кираман», деб эътиқод қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ота-она эр-хотин бўлиб яшагани учун фарзанд кўрди, деб эътиқод қилмасдан, ота-она эр-хотинлик қилган эди Аллоҳ таоло уларга фарзанд ато қилди, деб эътиқод қилиш кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.

Албатта, амалим мени жаннатга киритади, эр-хотинлик қилганим учун фарзанд кўрдим, деб эътиқод қилиш Аллоҳ таолога нисбатан қилинган чексиз беҳаёликдир.

«Ундан бошқадан талаб қилишинг Ундан узоқлигингнинг мавжудлигидир». 

Банда ўзининг барча ҳожатларини фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидан талаб қилиши керак. Агар шундай қилмаса, у банда Аллоҳ таолодан узоқлашган, У Зотни унутган ва У Зотдан жоҳил қолган бўлади.

Аллоҳ таолодан бошқадан талаб қилиш ила У Зотдан узоқлик мавжуд бўлиб қолмаслиги учун банда икки нарсага алоҳида эътибор бериши лозим.

Биринчиси – эътиқодий масала.

Банда жазм билан Аллоҳ таолодан ўзга фойда ва зарар етказувчи, ҳаракатга солувчи ва тўхтатувчи йўқлигига, барча нарсанинг тадбирини У Зотнинг Ўзи қилувчи эканига иймон келтириши лозим.

Зотан, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ақийдаси бўйича:

«Ҳар бир нарса Унинг тақдири ва хоҳиши билан жорий бўлур. Унинг хоҳиши амалга ошади, бандаларнинг хоҳиши амалга ошмайди. У Зот улар учун хоҳлаган нарсагина амалга ошар. У Зот уларга нимани хоҳласа, бўлади, нимани хоҳламаса, бўлмайди. 

Яъни борлиқда воқе бўладиган ҳар бир нарса, хурсандчилигу алам, фойдаю зарар, мусибату роҳат, иззату хорлик, камбағаллигу бойлик, ўлиму ҳаёт, қаҳатчилигу серобчилик ва шунга ўхшаш ҳамма нарсалар Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши ила воқе ва жорий бўлади. Бандаларнинг хоҳиши ила ҳеч бир нарса воқе бўлмайди. Мабодо бўлса ҳам, Аллоҳнинг хоҳиши боғланган нарса воқе бўлади. Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ бўлмаган нарса эса воқе ҳам бўлмайди, вужудга ҳам келмайди» («Шарҳу талхийси ақийдатут-Тоҳавия»).

Иккинчиси – амалий масала. 

Банда Аллоҳ таоло борлиқда жорий қилиб қўйган сабабият қонуни асосида шариатга риоя қилган ҳолда яшамоғи лозим. Сабабият қонунига амал қиламан деб, шариат қонунини поймол қилишга рухсат йўқ. 

Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча нарсаларни халқ қилиб, уларни Ўзининг Биру Борлигига ва Қовийю Қодирлигига далолат қилиб қўйган. Шунингдек, У Зот бу дунёдаги Ўзи яратган нарсалар орасида сабабият қонунини жорий қилиб, яна бир бор Ўзининг Биру Борлигига ва Қовийю Қодирлигига далолат қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло ёмғир ёғса, ўсимлик ўсишини ирода қилган. Булутлар жамланиб, маълум даражада намлик пайдо бўлганда, ёмғир ёғишини ирода қилган. Ота-онанинг қўшилишидан фарзанд туғилишини ирода қилган. Инсон егулик емаса, қорни тўймайдиган, илм ўрганмаса, олим бўлмайдиган қилган ва ҳоказо. 

Аллоҳнинг ҳикмати тақозо қилган сабаблар келтирилганидан кейингина кўзланган мақсадга эришишдан умидворлик қилса бўлади. Агар бир одамнинг ери бўлса-ю, ундан ҳосил олиш ниятида бўлса, аммо ерни ҳайдамай, уруғ сепмай туриб, худди ерни ҳайдаб, ишлов бериб, уруғ сепиб, парвариш қилган одам оладиган ҳосилни олмоқчи бўлса, одамлар уни энг аҳмоқ одам ҳисоблайдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни У Зотдан нотўғри талаб қилиш ила Унга туҳмат қилишимиздан асрасин! Уни талаб қилишимиз бизнинг Ундан ғойиблигимиз бўлиб қолишидан асрасин! Ундан ўзгани талаб қилиш ила Ундан ҳаё қилишимиз оз бўлиб қолишидан асрасин! Ундан бошқадан талаб қилишимиз ила Ундан узоқлигимиз мавжуд бўлиб қолишидан асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари ҳам келган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3289 19:42 / 13.05.2018
Ҳасад бу қадимдан бор бўлган гуноҳ, унинг бошланиши Иблисга бориб тақалади. Иблис, Одам алайҳиссаломга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мақомга ҳасад қилди. Иблис давоми...

4174 20:51 / 10.06.2018
Ҳар бир банда учун унинг ҳаётидаги инсоний алоқалар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам Исломда бу алоқаларга алоҳида эътибор берилиб, барча алоқаларни гўзал давоми...

4245 17:02 / 09.07.2017
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривояи қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Дуо ndash ибодатдир, сўнг ушбу оятни қироат қилдилар .Роббингиз давоми...

3800 17:24 / 08.06.2018
Аудиолар

120095 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41764 14:35 / 11.08.2021