1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тақво сари илк одим: Муҳасаба

05:00 / 01.03.2017 3282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақвога етишиш учун қўйиладиган илк одим – кишининг ўз амалларини ҳисоб-китоб қилишидир. Бунга араб тилида муҳасаба дейилади.


Қуръони Каримда

Қуръони каримнинг Хашр сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنظُرْ نَفْسٌ مَّا قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ

Маъноси: Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Хашр сураси:18)

Ушбу оятда ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши кераклиги алоҳида таъкидланмоқда. Оятнинг аввалида Аллоҳ таоло тақво қилишга, сўнг киши ўз амалларини ҳисоб қилишига, сўнгра яна тақво қилишга чақирилмоқда.


Саҳобалар муҳасаба ҳақида

Улуғ саҳобалардан бири бўлмиш Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! Чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!»


Кундалик ҳаётда муҳасаба

Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу ўз амалларини сарҳисоб қилиб юрувчи бир кишини мақтаган эдилар. Айтилишича, ўша киши доим ёнида бир халтача кўтариб юрар, бу халтачага ҳар сафар яхши иш қилганида бир оқ тош, ёмон иш қилганида эса қора тош солиб қўяр экан. Кун охирида, куннинг қанчалар самарали ўтганини ҳисоблаш учун, халтачадаги тошларни сарҳисоб қилар экан.

Ўтган уламолар ўз амалларини ҳисоб қилишнинг турли усулларидан фойдаланганлар. Замондош уламолар киши ўзининг кундалик амалларини замонавий ускуналар: телефон, планшет ёки оддий дафтардан фойдаланиш мумкин деб маслаҳат берадилар.

•    Сиз ўз амалларинигзни ўзингизга маъқйл ҳар қандай усулда, ҳоҳ хотирангизда, ҳоҳ телефонингиз ёҳ ён дафтарингизда бўлсин қайд қилиб боринг.

•    Вақти-вақти билан ёзилган қайдларни ўқиб, сарҳисоб қилиб туринг.

Бу ерда амалларни вақти-вақти билан сарҳисоб қилиб туриш жуда муҳим. Агар имкон топсангиз, ҳар куни назар солинг. Бунга имкон топа олмасангиз, ўз вазиятингиздан келиб чиқиб, кун аро, ҳафтада бир маротаба ва ҳк сарҳисоб қилинг.

Дерли бўш бўладиган вақтларингиз, навбат кутаётганда, метрода кетаётганда ҳам амалларингизга назар солиб қўйишингиз мумкин.


Амалларни сарҳисоб қилишда тавсия қилинган кетма-кетлик

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда амалларни сарҳисоб қилишнинг қуйидаги кетма-кетлиги тавсия қилинганини топишимиз мумкин:

#1: Таъқиқлар

Яхши натижаларга эришиш учун сиз олдинга бир қадам ташлашингиз керак. Асло орқага икки қадам ташламанг. Абу Ҳурайра Абдурраҳмон ибн Сахр разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلَافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ

Маъноси: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан йироқ бўлинглар. Нимага буюрган бўлсам, имкон қадар ўша нарсани бажаринглар. Сизлардан аввал ўтган қавмларни халок қилган нарса уларнинг ўз пайғамбарларига кўп савол бераверишлари ва кўрсатмаларига хилоф иш қилишлари бўлган". (Бухорий ва Муслим ривоятлари). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларини таҳлил қилиб ўргансак, қуйидагиларни билиб оламиз: 

•    Энг аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимадан қайтарган бўлсалар, ана ўша нарсалардан йироқ бўлиш керак. Демак, аввал ҳаромдан узоқлашиш керак.

•    Кейин эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларни ҳар бир киши ўз имкониятларига қараб бажаришга уриниш керак.

Агар сиз унутиб ёки хато қилиб ҳаром ишга қўл уриб қўйсангиз, нима қилиш керак? Тавба! Тавба бу:

•    Қилинган амалга пушаймон бўлиш

•    Уни қилишни тўхтатиш

•    Ёмон амал ортидан яхши амал қилиб қўйиш.

Маслаҳат: Ўз амалларингизни сарҳисоб қилиб юришни қасд қилган экансиз, энг аввало динда тақиқланган амалларга назар солинг.

#2: Мажбуриятлар

Таъқиқлардан сўнг, мажбуриятларга эътибор қаратинг. Ушбу ҳадис мана шу ҳақида:

إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ النَّاسُ بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ أَعْمَالِهِمُ الصَّلَاةُ، يَقُولُ رَبُّنَا عَزَّ وَجَلَّ لِمَلَائِكَتِهِ: - وَهُوَ أَعْلَمُ - انْظُرُوا فِي صَلَاةِ عَبْدِي أَتَمَّهَا أَمْ نَقَصَهَا، فَإِنْ كَانَتْ تَامَّةً كُتِبَتْ لَهُ تَامَّةً، وَإِنْ كَانَ انْتَقَصَ مِنْهَا شَيْئًا قَالَ انْظُرُوا هَلْ لِعَبْدِي مِنْ تَطَوُّعٍ؟ فَإِنْ كَانَ لَهُ تَطَوُّعٌ قَالَ أَتِمُّوا لِعَبْدِي فَرِيضَتَهُ مِنْ تَطَوُّعِهِ، ثُمَّ الزَّكَاةُ مِثْلُ ذَلِكَ، ثُمَّ تُؤْخَذُ الْأَعْمَالُ عَلَى حَسَبِ ذَلِكَ

Маъноси: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қиёмат куни энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амаллари намоздир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи билиб турса ҳам, фаришталарга: «Бандамнинг намозига назар солинглар. Уни тугал қилдимикан ёки ноқис қилдимикан?» дейди. Бас, агар (намози) тугал бўлса, унга (намози) тугал, деб ёзилади. Агар у (намоз)дан бирор нарса камайган бўлса, У зот: «Назар солинглар, бандамнинг нафли бормикан?» дейди. Бас, агар нафли бўлса, «Бандамнинг нафл (намоз)идан фарзини тугал қилинглар», дейди. Сўнгра закот ҳам шунга ўхшаш бўлади. Ке¬йин ҳамма амаллар ана шунга ўхшатиб олинади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда, банда аввал фарз амалларидан сўралиши, агар унда бирор нуқсон бўлса, унинг ўрни нафл ибодатлар ҳисобига тўлдирилиши маълум бўлмоқда.

Маслаҳат: Амалларинингизни сарҳисоб қилишда фарз амалларни қай даражада бажарганингизга эътибор қаратинг. Барча фарзларни адо қилдингизми? Қаердадир нуқсонга йўл қўйдингизми? Унинг ўрнини тўлдирувчи нафл/қўшимча амалларингиз борми?

#3: Тил, Қўл, ва Оёқ

Бу уч аъзо орасида, тил қолганларини ортда қолдиради. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ

Маъноси: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсани ва икки жағи орасидаги нарсани муҳофаза қилиб берса, мен унга жаннатни муҳофаза қилиб бераман», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилдилар.

Муҳасаба жараёнида ўзингиздан сўранг: Ёлғон гапирдимми? Хиёнат қилдимми? Ўғирладимми? Ғиёбат қилаяпманми? Балким сиз тушган вазиятлар (бораётган жойингиз, бирга вақт сарфлаётган ҳамроҳларнингиз) тил орқали гуноҳ ишлар қилишингизга сабабчи бўлаётгандир?

Маслаҳат: “Тил тақвими” устида ишланг. Неча кун тилингиз орқали гуноҳ иш қилмаганингизни санаб юринг. Қачон тил орқали бирор гуноҳ иш қилсангиз, ўша кунни тақвимда лоҳида белгилаб қўйинг, ва яна бошидан санашни бошланг. Сиз агарда 30-40 кунлаб тилингиз орқали гуноҳ қилмай юра олсангиз, демак, сиз тилингизнинг жиловини тутиб олибсиз.

#4: Диққатнинг бўлиниши ҳоллари

Агарда сиз жуда банд бўлсангиз ёки кўнгилхушлик ишларига (мусиқа тинглаш, телевизор, видео кўриш, кераксиз китоб ўқиш ва ҳоказо) кўп вақт сарфлаётган бўлсангиз, буни қайд қилиб боринг. Улар ўрнини зикрга бўшатиш керак. 

Маслаҳат: Ҳар бир ҳолат учун махсус зикр мавжуд.  Телефонингизга зикрга оид турли-туман иловаларни кўчириб олинг ва ҳар бир ҳолат учун маҳсус дуоларни ўз вақтида ўқиб юринг.

Хулоса ўрнида

Муҳосабанининг мана шу кўринишида эгаллаб олсангиз, кечинчалик уни доимий равишда кучайтириб бораверасиз. Ҳар кун нафсингизни янада яхшироқ ўринда топасиз.


Ilmfruits.com сайти маълумотлари асосида

Саид Комил тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг давоми...

288 19:00 / 20 апрель
Аъробий сўрадиndash Эй Аллоҳнинг Расули, туяни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилаймиРасул соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларndash Боғлаб таваккул қилЯна Аллоҳ давоми...

2400 18:05 / 29.11.2018
.Карийм, сифати .карам, сўзидан олинган бўлиб, бир нарсанинг ўзида бор шарафига ёки хулқларидан биридаги шарафга далолат қилади. Карим киши, карим ҳайвон ёки карим давоми...

3116 05:00 / 28.02.2017
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда 107ҳ187ҳ яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, Обидул давоми...

3628 05:00 / 01.03.2017