1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Сўз омонатдир

17:24 / 11.12.2017 3457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон оғзидан чиқадиган ҳар бир сўз омонатдир. У ёки рост, фойдали ва маъноли ўлароқ кўплаб савоб ва ажрларга сазовор бўлади. Ёки жуда ҳам ёмон, маънисиз, ботил йўлга чорловчи сифатида ёмонлик ва фасод тарқалишига ёрдамчи бўлади. Инсон ана шундай сўзлар учун ҳисоб-китоб қилинади ва дўзахга юзтубан қулайди. Яъни инсоннинг дўзахга юзтубан қулаши фақатгина тилидан ҳосил бўлган сўзлар сабаблидир. Қуръони Карим инсонни Аллоҳга, қилиб ўтган ишларимизнинг натижаси аён бўладиган, ҳисоб ҳамда жазо жорий этиладиган охират ҳаётига иймон келтиришга даъват этади. Эътиборсизлик билан сўзлаган ҳар бир сўзингиз динингиз ва охиратингиз учун улкан кулфат ҳамда ҳалокатдир. Бу сабаб амалларингиз меъзони жуда енгил бўлади. Чунки сиз амалларингиз борасида ҳисоб қилинганингиз каби, сўзларингиздан ҳам сўраласиз, ҳисоб қилинасиз. Балки, сўзларнинг ҳисоби оғирроқдир. Жавориҳ-аъзоларини тийиб олган кўплаб шахслар бор, аммо тиллари нутқ қилаётган лафзлар олдида ожиздирлар. Тилининг жиловини қўйиб юбордилар, у эса хоҳлаганини гапиради ва бунда толганини ҳеч тан олмайди. Натижада гуноҳ ва ҳалокатлари ортиб боради.

Матбуот ва журналистика худди Исломий даъватлар минбарлари, жамиятнинг айб ва нуқсонларини тўғирлайдиган, уларнинг камайишига хизмат қиладиган ойна кабидир. Унинг ходимлари ва мухбирлари чин ихлосли даъватчилар ҳамда диннинг солиҳ олимлари, инсонларнинг ҳолатларидан хабардор, уларнинг ишончини оқлаган, ҳар қандай маънавий-руҳий хасталикларнинг моҳир табибларининг ахлоқлари, тақво ва ростгўйлик сингари сифатлари ила зийнатланишлари лозим бўлади. Журналист, ким бўлишидан қатъи назар, гап-сўзлари ва ишларида исломий ахлоққа эга бўлиши лозим. Шунингдек, унга ўз меҳнат вазифаси Ислом нуқтаи назаридан исломий ахлоқларни маҳкам тутиш кераклигини чин дилдан ҳис қилишни фарз этсин. Бу борада у бошқа мусулмонларда бўлгани каби эътиборсизлик ва бепарволикка йўл қўймасин. Шу сабаб биз барчамиз ҳар бир сўзимизда эҳтиёткор бўлишимиз, тойилишимиздан олдин ўз амалларимизни тафтиш тарозусида тортишимиз, инсон оғзидан чиқаётган ёмон сўз солиҳ амаллар қасрини барбод этажагини, ёмон сўз соҳиби эса ҳалокат жарлигига қулашини унутмаслигимиз керак.

Шунинг учун ҳам журналист ҳар бир сўз ва тарқатаётган ёки халққа тақдим этаётган ҳар бир хабарида ростгўй ва омонатдор бўлиши талаб қилинади. Бераётган хабаридан мақсад қилинган асосий маъно, мазмун ва ундаги мақсадни ўзгартириб юборадиган даражада унга ўзидан бирор сўз қўшмасин ёки ундан олиб ташламасин. Ёритиб бераётган мавзуни ифода этувчи сўзларнинг энг яхшиларини, воқеъликка муносиб равишда осон ва тушунарли бўлганларини танласин. Шунда хабар тааллуқли бўлган шахслардан мушкуллик ва танг аҳволлар арийди. Акс ҳолда унинг таъсири жиддий тус олиб, гапирилган сўз масалани ҳал қилмаслиги ва салбий натижага олиб келиши мумкин.

Ислом дини бизга барча ҳолатда, хусусан, шу ўринда ҳам ёлғондан узоқ бўлиш ва ростлик, тўғрилик, ҳақиқатни излаш, текшириб кўришни буюрган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўллари ва суннатлари таълим берганидек: «Тўғрилик ва ҳақиқатни излаб текширинглар, гарчи унда ҳалокат ва хавф бор деб ўйласангиз ҳам. Чунки нажот ундадир. Ёлғондан сақланинглар, гарчи унда нажот бор деб билсангиз ҳам. Чунки хавф ва ҳалокат ундадир”. Шундай экан, сўз омонатдир. Ҳақиқий комил мўминлардан бўлишингиз учун омонатни маҳкам тутинг. Чунки Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набий, расул деб эътироф этган чин мусулмонсиз. Шунинг учун сўзларингиз фойдали, таъсирли ва диннинг фойдаси учун хизмат қиладиган бўлсин. Шунингдек, уммат ва миллатингизни бирлаштирадиган, турли табақаларнинг ҳамжиҳат бўлишига ҳисса қўшадиган сўзлардан бўлсин. Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан таъсирланган ҳолда умматнинг муаммоларини муолажа қилувчи ва ечим топилишига сабаб бўлувчи сўзлардан бўлсин ҳар бир сўзингиз. Оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистиканинг Ислом умматини йўналтиришдаги ўрни, улар орасида фикр ва ғояларни тарқатишдаги аҳамияти, муаммоларни муолажа қилиб бартараф этишдаги таъсири, айниқса, ҳозирги кунда беқиёсдир. Мусулмон журналист ва маҳаллий мухбир бир маълумотни эшитса ёки бирор воқеадан хабардор бўлса, жамиятга эълон қилишидан олдин бироз кутиб туриши, асл ва ишончли манбасини тадқиқ қилиши лозим. Шундагина тарқатилган маълумот сабаб жамият кишилари орасида кўнгилхираликлар ва тушунмовчиликлар юзага келмайди.

Баъзи инсонлар маълум қилаётган нарсасини ўйламасдан ёки ундан бирор яхши нарсани қасд қилмасдан тарқатиш орқали одамлар қалбига ғулғула солади. Шу иши билан айнан шуни мақсад қилган шахсларга ёрдамчи бўлиб қолади. Ундай шахснинг асосий нияти эса нотинчлик ва ваҳима келтириб чиқариш, холос. Бир лаҳзада янглиш айтилган сўз кўпинча ўша шахснинг ўзига ҳам, жамиятдаги кишиларга ҳам хаёлга келмаган оқибатларни юзага келтиради. Тарқоқ бўлиб сочилиб кетган умматнинг ахлоқини ва уларнинг ўз йўлларини қайта ташкил этиш, эътиқодларини мустаҳкамлашда журналистика катта кучга эга эканини яна бир бор таъкидлаймиз. Шунинг учун ҳам унинг ходимлари ва барча мухбирларга динга нисбатан душманчилик, бузғунчилик ва салбий фикрларни ёки фаҳш ва бузуқликка чорловчи маълумотларни тарқатмаслик вожиб, шарт бўлади. Шу билан бирга, ботилга шўнғимасин, инсонларни асл мақсадларидан узоқлаштирмасин ва уларни бефойда нарсалар билан машғул қилмасин. Бизга эса Ислом умматини бирлаштиришни олдимизга улкан мақсад қилиб қўйишимиз, дўстлик руҳини ёйиш, бутун умматни муҳаббат байроғи остида бирлаштириш, ғазаб ва нафрат туйғуларини қўзғатишдан узоқда бўлиш лозим. Зеро, бу руҳият умматнинг хазинасидир. У инқироз ва муаммолар қаршисидаги улкан хазинадир.

Биз барчамиз ушбу умматнинг фарзандларимиз. Манфаат ва эзгуликлар йўлида ҳаракат қиламиз, унинг шаъни учун елкама-елка қадамлар ташлаймиз.

Ҳасанобой Эргашов таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, буюк алломалар юрти бўлмиш жаннатмакон Ватанимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни тобора юксалиб бормоқда. Чорак асрки, давоми...

4074 09:49 / 23.09.2017
Тонг отди. Кечаги кун мушоҳадаси ила ҳаёт деб аталмиш катта карвонга қўшиламиз. Баъзан кўнгилга эрк бериб, унинг бесамар кўчаларида роса адашдик. Баъзида давоми...

1214 14:41 / 03.11.2023
Европада ўзига хос салоҳиятга эга мамлакатлардан бири бўлган Францияда Ислом бундан ўн уч аср муқаддам пайдо бўлган. Бу ўлкага мусулмонлар милодий 717 йили Испания давоми...

2077 17:00 / 09.02.2021
Нокианинг Майкрософтга сотилиши эълон қилинган мажлисда Нокианинг ижрочи раҳбари шундай деб йиғлаган эди.Биз хато қилмадик, аммо қандайдир сабаб билан зиёнга давоми...

1749 16:00 / 24.08.2023
Аудиолар

118803 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40754 14:35 / 11.08.2021