1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Сотиладиган нарсанинг шартлари ҳақида (2-қисм)

18:32 / 17.09.2017 3234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 1648. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Вазн Макка аҳлининг вазнидир. Ўлчов Мадина аҳлининг ўлчовидир», дедилар». 

Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.

Шарҳ: Олди-сотдида кўпгина нарсаларнинг оғирлигини ўлчашга тўғри келади. Сотиладиган нарсанинг миқдорини ўлчаш учун ўша вақтда икки хил услуб ишлатилган. 

Биринчиси вазн бўлиб, ҳозирги тарозида тортиш каби бўлган. Яъни тарозининг бир палласига маълум оғирликдаги юкни қўйиб туриб, иккинчи паллага буғдойми, хурмоми, нима сотилаётган бўлса, ўша нарса қўйилган. Бу маънода тижорат билан машҳур бўлган Макка аҳли ҳаммадан илғор бўлиб, нарсалар миқдорини вазн ила аниқлашни яхшилаб йўлга қўйганлар. Улар битта олтин динорни тарозининг бир томонига қўйиб, иккинчи паллага арпа доналарини қўйганлар. Шунда саксон уч донаю ўндан уч бўлак арпа бир динорга тенг келган. Оғирлик ўлчовларини мана шу қоидага биноан белгилаб олишган. 

Макка аҳли Шомга, Яманга бориб, халқаро савдо ишларида ҳам иштирок этар, шу боис, бу ишларда улар моҳир бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларни ҳам Макка аҳлининг вазнини ишлатишга даъват қилганлар.

Мадина аҳли эса зироат аҳли бўлганлари учун зироат маҳсулотларини, хусусан, хурмо, буғдой, арпа кабиларни ўлчашда ниҳоятда уста бўлганлар. Улар бунинг учун махсус идишлар ихтиро қилишган. Мисол учун, уларнинг «соъ» номли идишлари бўлиб, унга маълум миқдордаги маҳсулот сиққан. Улар ана ўшанга ўхшаш идишларни ўлчов қилиб олиб, маҳсулотлар миқдорини ўлчаганлар. Шунинг учун закот, каффорот, садақага бериладиган таомлар миқдори ҳам шариатимизда Мадина аҳлининг ўлчови билан юритилади.

Савдода зулм ва алдамчиликка йўл қўйилмаслиги, ҳамма нарса аниқ, ҳалол бўлиши муҳим. Бунинг учун сотилаётган нарсанинг миқдори аниқ бўлгани яхши. Уламоларимиз «Савдо вақтида миқдорни ўлчаш вожиб», деганлар.

 

1649. Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Таомларингизни ўлчанглар, сизга унда барака киритилур», дедилар». 

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Савдо учун бўлмаса ҳам ўзи учун сақлаб қўйишни ният қилган нарсаларни ўлчаб қўйиш ўта фойдалидир. Бу иш иқтисод учун зарур. Ҳамма нарсасини аниқ ўлчов билан ўлчаб юрувчи кишининг хонадонига албатта барака ёр бўлади.

 

1650. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлчов ва тарози соҳибларига: 

«Албатта, сизлар ўзингиздан олдин ўтган умматларнинг ҳалокатига сабаб бўлган икки нарсани эгалладингиз», дедилар». 

Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ўлчов ишларини адо этувчи кишиларнинг зиммасига улкан масъулият юклатилганлиги таъкидланмоқда. Ўлчов ишида озгина но­аниқлик билан бир кишига зулм бўлиб қолиши турган гап. Ўтган умматларнинг кўпчилиги ана шу нарса сабабидан ҳалокатга учрашган эди. 

Ислом уммати ҳам ҳалокатга учрамаслик учун ўлчов ва тарозида аниқ иш олиб боришлари ва зинҳор бировнинг ҳаққини уриб қолмасликлари шарт.

 

1651. Сувайд ибн Қайс розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: 

«Мен Махрафа ал-Абдий билан бирга Ҳажардан кийим келтирдим. Бас, уни Маккага келтирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга юриб келдилар ва шалворларни савдолашдилар. Биз у зотга сотдик. Ўша ерда ҳақ эвазига (тарозида) тортиб берувчи одам бор эди. У зот унга:

«Торт ва оғирроқ қил», дедилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳажар – Мадинага яқин бир жойнинг номи.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бозорга кириб, савдо-сотиқ қилишнинг жоизлиги.

2. Ўзига керакли нарсани ўзи олгани яхши эканлиги.

3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.

4. Тарозибон ҳақ эгасининг розилиги билан ортиқроқ қилиб тортиши мумкинлиги.

5. Бировнинг ҳаққини орттириб бериш яхшилиги.

6. Ҳақ олиб, тарозибонлик қилиш жоизлиги.

 

1652. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвоннинг қочириши (учун ҳақ олиш)дан наҳий қилдилар». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жоҳилият пайтида урғочи ҳайвонларни қочириш учун қўшиб қўйиладиган эркак ҳайвонлар учун ҳам ҳақ олишар эди. Бу иш номаълум нарсага ҳақ олиш бўлганлиги учун Исломда бекор қилинди. Ундай ҳайвонларни урғочи ҳайвон қочириб олингунча вақтинчага, бепул бериб туриш тавсия қилинди. Демак, мазкур нотўғри йўл билан мол касб қилиш ҳам жоиз эмас.

 

1653. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш савдосидан ва ғарар (ғафлат) савдосидан қайтардилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: «Тош отиш савдоси» дегани сотиладиган нарсани тош отиш билан белгилаш ила бўладиган сав­додир. 

Мисол учун, «Мана шу пулингга ушбу кийимларга фалон жойдан тош отамиз, тош нечтасига тегса, шуни оласан», дейилади. Ёки «Шу пулингга ушбу ерни отилган тош тушган жойигача оласан», дейилади.

«Fарар (ғафлат) савдоси» дейилгани эса сотиладиган нарса ноаниқ, мажҳул бўлган, эгаси уни харидорга тутиб, таслим қилиб беришдан ожиз бўлган нарсани сотишга айтилади. Мисол учун, «Сенга фалон ҳайвонимни сотдим», дейди, лекин у ҳайвон қочиб кетиб, эгаси уни ушлай олмай юрган бўлади. Ёки «Тутган балиғимни сотдим», дейди, лекин балиқ аллақачон сувга тушиб кетган бўлади. Бу мисоллардаги қочиб кетган ҳайвонни ёки сувга тушиб кетган балиқни тутиб, харидорга бериш гумон бўлса, савдо ботил бўлади.

 

1654. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ таоло: «Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўлурман: Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг ва мардикор ёллаб, ишлатиб, ҳаққини бермаган одамнинг», деди», дедилар». 

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда уч тоифа энг ёмон одамлар ҳақида сўз бормоқда. Чунки қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлиши енгил иш эмас. 

1. «Мен билан (аҳд) бериб, кейин алдаган одамнинг». 

Ўзаро муомалаларда ишонч катта ўрин тутади. Шунинг учун ҳам одатда шерик тарафни ўзига ишонтириш учун баъзилар Аллоҳ таолони ўртага қўшадилар. Аллоҳ таолонинг номи билан ваъда берадилар. Иккинчи томон Аллоҳ таолони ўртага қўшиб гапиряпти-ку, алдамас, деб унга ишонади, керакли нарсага рози бўлади. Кейин эса ҳалиги Аллоҳ таолонинг номи билан аҳд берган одам аҳдни бузади – иши битиб олгандан кейин хиёнат қилади. Бу нобакор одам роса бопладим, қойил қилдим, деб хурсанд бўлиши ҳам мумкин. Лекин қиёмат куни шармандаси чиқади. Қиёмат кунининг эгаси бўлмиш Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзи унга хусуматчилик қилади. 

Қиёмат куни Аллоҳ таоло хусуматчилар орасида ҳукм чиқаради. Аммо У Зот ўша куни Аллоҳ номи билан аҳд бериб туриб, кейин алдаганларга нисбатан Ўзи хусуматчи бўлади. Ҳукм чиқарувчи қозининг ўзи хусуматчи бўлган одамнинг ҳоли қандай бўлишини билиб олиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам зинҳор Аллоҳнинг номи ила аҳд бериб туриб, алдамаслик керак.

2. «Ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг».

Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг улкан неъматлардан бири ҳурриятдир. Бу неъматни ундан тортиб олиб, уни қул қилиш энг катта жиноятлардан биридир. 

Шунинг учун ҳам ҳур инсонни қул қилиб сотиб, баҳосини еган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади. Бу шаклда молу мулк топиш энг ҳаром ишлардан саналади.

Жоҳилият вақтида бу ишни қиладиган одамлар кўп эди. Мисол учун, Зайд ибн Ҳориса, Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар ҳур кишилар бўлиб, уларни мушриклар зулм ила қул қилиб юборишган эди.

Ислом қулчиликка қарши кураш олиб бориш жараёнида қулларни озод қилиш учун кўрган барча чора-тадбирлар билан бир қаторда, ҳурларни қул қилиш йўлларини ҳам тўсди. 

Ушбу ҳадиси шариф ҳам бу борада кўрилган энг кучли чоралардан биридир. Ҳурни сотиб, баҳосини еганга Аллоҳ таоло хусуматчи бўлади. 

3. «Мардикор ёллаб, ишлатиб, ҳаққини бермаган одамнинг».

Бировни маълум ҳақ бераман, деб ишга ёллаб, ишлатиб олгач, ҳаққини бермай юрган одам ҳам катта гуноҳ қилган, бировнинг ҳаққини еган бўлади. 

Аввалги ҳолатда инсоннинг ҳуррият ҳаққи поймол этилган бўлса, бу ҳолларда унинг меҳнат ҳаққи поймол қилинмоқда. Инсон ҳуқуқларини поймол қилган кишига ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлади. 

Кимки қиёмат куни Аллоҳ таоло менга хусуматчи бўлмасин, деса, ишлатган ишчисининг ҳаққини ўз вақтида тўлиқ берсин, меҳнаткашнинг ҳаққини поймол қилмасин. 

1655. «Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу: 

«Хайбар куни ўн икки динорга маржон мунчоқ сотиб олдим. Унинг тилла ва тош мунчоқлари бор эди. Мен уни тарқатиб кўрган эдим, унда ўн икки динордан кўп нарса топдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилган эдим: 

«Тарқатиб кўрилмагунча сотилмайди», дедилар», деди». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 

Шарҳ: Тақинчоқларга безак бериш учун уларнинг турли нарсалар қўшиб ясалиши ҳаммага маълум. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳу ҳам Хайбар ғазоти куни ўн икки динор тилла пулга бўйинга тақадиган бир тақинчоқ сотиб олибдилар. У тақинчоқ тилла тангалар билан қимматбаҳо тошларни аралаштириб ишланган экан. 

Фазола ибн Убайд мунчоқни ипидан бўшатиб, тилла тангаларини санасалар, ўн икки динордан кўп чиқибди. У киши сотиб олаётганда буни билмаган эдилар. Энди нима бўлади, деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эканлар, у зот: 

«Тарқатиб кўрилмагунча сотилмайди», дебдилар. 

Яъни сотилаётган нарсанинг ҳажми, миқдори аниқ бўлиши керак. Чунки тиллага бошқа нарса аралаш бўлганидан кейин уни ажратиб олиб, ўлчаб, ҳаммаси аниқ билиб олинмаса, савдода зулм бўлиши аниқ. Кейинчалик икки тараф ўртасида хусумат, келишмовчилик чиқиши ҳам мумкин. Ана шу эътиборлардан мазкур нарсага ўхшаш савдо молларини яхшилаб аниқлаб олиб, кейин савдо қилиш керак бўлади. 

Уламоларимиз иқтисодий-молиявий муомалаларга оид бундан бошқа барча далилларни ҳам яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин ўртадаги муомалага сабаб бўладиган нарсада қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак, деган хулосага келганлар:

1. Муомалага қўйилаётган нарса келишув вақтида мавжуд бўлиши керак. 

Йўқ нарсани муомалага қўйиб бўлмайди. Мисол учун, пишиб етилмаган зироатни сотиб бўлмайди. Чунки у ҳали униб чиқадими, йўқми, ҳосил берадими, йўқми, маълум эмас. Худди шунга ўхшаб, онасининг қорнидаги туғилмаган ҳайвонни, сигирнинг елинидаги соғилмаган сутни ҳам сотиб бўлмайди. 

2. Муомалага қўйилган нарса муомалага қўювчининг шаръий ҳаққи бўлиши керак. Яъни муомалага қўювчига мулк бўлиши, сақлаш ва манфаатланиши мумкин нарса бўлиши керак. 

Бир киши ўзига мулк бўлмаган нарсани сота олмайди, ҳадя қила олмайди, ижарага қўя олмайди.

Шунингдек, шариат бўйича сақлаш ва манфаатланиш мумкин бўлмаган ҳаром ичимликлар ёки чўчқага ўхшаш нарсаларни муомалага қўя олмайдилар. 

3. Муомалага қўйилган нарса келишув вақтида топширилишининг имкони бор нарса бўлиши лозим. 

Мисол учун, қочиб кетган ҳайвонни, ҳаводаги қушни ёки сувдаги балиқни муомалага қўйиб бўлмайди. Агар қўйилса, муомала ботил бўлади, ҳисобга ўтмайди. 

4. Муомалага қўйилган нарса муомалада иштирок этаётган икки томонга маълум ва тайинли бўлиши керак. 

Яъни икки томон ҳам муомалага қуйилаётган нарсани яхши билиши, кўрган бўлиши, зарур маълумотларга эга бўлиши керак. Агар ундай бўлмаса, муомала жорий бўлмайди. Чунки бундай ҳолларда кейин уруш-жанжал чиқиши осон бўлиб қолади. 

5. Муомалага қўйилган нарса пок бўлиши, нажас ёки нажас аралашган бўлмаслиги керак. 

Яъни шариат юзасидан манфаат олиш имкони берилган нарса бўлиши лозим. Ўлимтик, қон, ахлат каби шариат ҳаром қилган нарсаларни сотиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, у муомала ботил бўлади, ўз кучига эга бўлмайди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдогарларнинг одобларидан бири савдо молидан хайрэҳсон қилиб туришдир. . ,. .Қайс ибн Абу Ғарза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

2102 19:41 / 21.09.2019
Сарф нақдни бошқасига сотишдир. Сарф деб номлашига нақд пулни бошқасига айлантирилгани сабаб бўлган бўлса ажабмас. Сарф айлантириш маъносидадир. Нақд пуллар давоми...

4393 05:00 / 17.02.2017
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар эълон қилинди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилиб олдик. Бу ерда давоми...

3575 05:00 / 17.02.2017
Ғарбий фикр фойдани мубоҳ дейди. Бу фикрга илмий ва амалий узоқ тортишувлардан сўнг келишган. Гоҳида давлат фойданинг чегараси ёки энг кўп миқдорини белгилашга давоми...

4467 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

118749 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40708 14:35 / 11.08.2021