140 07.03.2017

164. (121). Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам:

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Уларни яратишдан фориғ бўлганида раҳм: «Роббим, мана бу қариндошлик алоқасини узишдан паноҳ сўровчининг мақоми», деди.

«Сени узганни узишимга ва сени боғлаганни боғлашимга рози бўласанми?» деди.

«Албатта, ё Роббим!» деди.

«Ўша сенга бўлсин!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар истасангиз, «Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошлик ришталарингизни узарсиз?! Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, ўзларини кар қилди ва кўзларини кўр қилди»ни қироат қилинг», дедилар».

Шарҳ: Тушунарли қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло раҳмга: «Қариндош-уруғчилик алоқаларини яхши олиб борганга яхши бўлишим, уларни узганга раҳматимни узиб қўйишимни хоҳлайсанми?» деди.

Шунда раҳм: «Ҳа, ё Роббим», деди.

Аллоҳ таоло: «Ундай бўлса, сенга тилаганингни бажо келтирдим», деди.

Қариндошлик алоқасини узганлардан Аллоҳ таоло ҳам алоқасини узади, қариндошлик алоқаларини боғлаб турганлар билан Аллоҳ таоло Ўз алоқасини бардавом қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Агар мана шу маънони билмоқчи бўлсаларингиз, қуйидаги оятни ўқинглар», деб туриб, Муҳаммад сурасидан 22-23-оятларни ўқидилар:

«Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида бузғунчилик қилиб, қариндошлик ришталарингизни узарсиз?!»

Бу оятда иймондан юз ўгириб, жоҳилиятга қайтишдан келадиган бу дунёдаги зарарлар эслатилмоқда.

Аввало, ер юзида бузғунчилик содир бўлади. Чунки иймонсиз кишилардан доимо ушбу ёмонлик келиб чиққан.

Шу билан бирга, иймондан қайтганлар ўз қариндош-уруғлари, ёру дўстларидан қардошлик ришталарини узадилар. Бу ҳам улкан зарар ҳисобланади.

Аммо иймондан юз ўгиришнинг зарарлари бу билан тугаб қолмайди, балки асосий зарари ҳали олдинда:

«Ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, ўзларини кар қилди ва кўзларини кўр қилди».

Аллоҳ таолонинг лаънатлаши Ўз раҳматидан ва ҳидоятидан узоқ қилиши билан бўлади. Кўр ва кар қилиши ҳам ҳиссий эмас, балки маънавий бўлади. Кўзи соғ-саломат ишлаб туради, лекин кўрган нарсаларидан ўзига ибрат олмайди. Қулоғи ҳам соғ-саломат бўлади, лекин ўзи эшитган нарсаларидан ибрат олмайди.

Демак, бу оғир мусибат экан. Ким қариндошлик алоқасини узган бўлса, мана шу оятга биноан, Аллоҳ таолонинг лаънатига учрар экан. Бу дунёда кар-кўр бўлиб, агар кўзи юмилиб, қулоғи эшитмай қолмаган бўлса ҳам, ҳақиқатни эшитмайдиган, кўрмайдиган, тушунмайдиган бўлиб, ёмон оқибатда ўтар экан. Ёки Аллоҳ таоло уни қиёматда ана шундай аянчли ҳолатга солиб қўяр экан. Ўзи асрасин.

Бас, шундай экан, ҳар бир мўмин, ҳар бир мусулмон силаи раҳм қилиши, қариндош-уруғлар билан алоқаларини яхшилаши, уларга яхшилик қилиш, холидан хабар олиш маъносида қўлидан келган барча нарсани қилиб бориши ва қариндошлик алоқаларини узиш тўғрисида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаслиги керак.

 

165. (112). Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло: «Мен Роҳманман. Раҳмни яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», деган», дедилар».

Шарҳ: «Раҳм» бачадон дегани, бир бачадондан тарқалганларнинг бир-бирига яхшилик қилиши «силаи раҳм» дейилади.

Бу ҳадиси қудсийда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг қариндошлик алоқаларини боғлаш ва кесиш оқибатлари ҳақида айтган сўзларини баён қилиб бермоқдалар.

Аллоҳ таоло раҳмни Ўзи яратганини таъкидламоқда. Демак, қариндошлик алоқалари ана шу қудсият асосида бўлиши лозим.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло раҳмнинг исмини Ўз исмидан олганига алоҳида урғу бермоқда. Аллоҳ таолонинг Роҳман, Роҳийм исмлари ва «раҳм» сўзи бир ўзакдан эканлигини эслатмоқда.

Ким уни боғласа, яъни силаи раҳм қилса, Мен ҳам унга яқин бўламан, яхшилик қиламан. Ким уни кесса, Мен ҳам уни кесаман, яъни узаман, демоқда Аллоҳ таоло.

Силаи раҳм ана шундай фазилатли амал. Силаи раҳм қилган одамга Аллоҳ таоло ҳам марҳаматли бўлади. Унга раҳматини ёғдиради.

Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу фазлдан умидвор бўлиб, бу ишда бардавом бўлиши керак.

Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳмни Аллоҳ таоло яратгани. Бинобарин, қариндошлик алоқалари Аллоҳ таолонинг эътиборидаги улуғ бир иш экани.

2. Раҳмга Аллоҳ таоло Ўз исмидан ном қўйгани.

3. Қариндошлик алоқасини боғлаган кишига Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёғдириб туриши.

4. Қариндошлик алоқасини кесган одамдан Аллоҳ таоло Ўз раҳматини узиб қўйиши.

 

166. (113). Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган эканлар:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен Роҳманман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», деган».

Шарҳ: Юқоридаги ҳадиси шарифнинг маъносига ўхшаш маъно, лекин буни ривоят қилган одамлар бошқалар. Аввалгисида бир тўп одамлар ривоят қилган бўлса, бунисида бошқа гуруҳдагилар ривоят қилган.

Демак, бу машҳур гап экан ва буни кўпчилик эшитган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамларнинг орасида такрор-такрор қўзғалиб турган мавзулардан экан.

Керак ва муҳим бўлганлиги учун мусулмонлар буни бир-бирларидан эшитиб, бир-бирларига ривоят қилиб юришган экан.

 

167. (114). Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Аллоҳ таоло:

«Мен Аллоҳман. Мен Роҳманман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни кесса, кесаман», деган».

Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдин келган ривоятларнинг маъносини такрорламоқда.

 

168. (115). Жаъфар ибн Ҳайён Ҳасандан ривоят қилади:

«Ундан: Раҳмнинг ҳаққи нима?» деб сўралди.

«Уни маҳрум қилмаслик ва ҳижронда қўймаслик», деди».

Шарҳ: Мўмин банда ўз қариндошларини ҳаққидан маҳрум қилмаслиги, ўзида бор нарсани бермай қўймаслиги, ўзида бор нарсадан уларга бериб туриши керак. Агар бермасанг, раҳмнинг ҳаққини адо қилмаган бўласан.

Иккинчиси, улардан ҳижрат қилма, яъни алоқани узиб қўйма. Доимо хабар олиб тур, зиёрат қилиб тур, кўриб тур, ҳолини сўраб тур.

Демак, қариндошларидан доимо хабар олиб, ўзида боридан улар муҳтож бўлган нарсаларини бериб турса, қариндошлик алоқасини адо этиб турган бўлар экан.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Қариндошликнинг ҳаққи борлиги.

2. Бирор нарсадан маҳрум қилмаслик қариндошлик ҳақларидан экани.

3. Алоқани узмаслик қариндошлик ҳақларидан экани.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)