1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатини кучайтириши...

05:00 / 07.03.2017 3922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Силаи раҳм аҳлнинг муҳаббатини кучайтириши ва ризқ ҳамда умрни зиёда қилиши ҳақидаги боб

 

Инсон зоти борки, ҳамма бу дунёда ўзгаларнинг, хусусан, ўзига яқин кишиларнинг муҳаббатини қозонишни орзу қилади. Бу орзусини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилади, елиб-югуради.

Инсон зоти борки, ҳамма бу дунёда ризқининг зиёда бўлишини орзу қилади. Бу орзусини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилади, елиб-югуради.

Инсон зоти борки, ҳамма бу дунёда умрининг зиёда бўлишини орзу қилади. Бу орзуни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилади, елиб-югуради.

Мазкур орзуларнинг рўёбга чиқиши учун одамлар нималар қилмайди, дейсиз. Қўлидан нима келса, шуни қиладилар. «Фалон нарсани қилсанг, одамлар сенга муҳаббат қилар экан» деса, ўшани дарҳол амалга оширишга шошиладилар. «Фистон нарсани қилсанг, ризқинг зиёда бўлар экан» дейилса, ўшани қилишга ошиқадилар. «Мана буни қилсанг, умринг зиёда бўлар экан» десалар, ўшани қилмагунча тинчимайдилар.

Аммо ўша айтилган тавсияларнинг барчаси тахмин, одамларнинг ўйлаб чиқарган нарсаси ва кўпинча бефойда гаплар бўлади. Шундай бўлса ҳам, кишилар уларга қизиқадилар ва амал қиладилар. Чунки ўша асоссиз гаплар уларнинг асосий мақсадлари ҳақида хабар бераётгандек бўлади.

Инсонларнинг асрлар оша орзу-умиди ва олий мақсади бўлиб келаётган мазкур нарсаларга эришишнинг энг осон ва ишончли йўли, ҳар ким эмас, Аллоҳ таолонинг элчиси ваъда қилган баракотли ва амалга ошишига шубҳа йўқ йўли ушбу бобда баён қилинади.

 

172. (196). Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва асарини ортдан қолдиришдир», дедилар».

Шарҳ: Ҳар бир киши насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилиш учун керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади.

Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотади. Қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, борлари ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол-аҳволларидан хабар олсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр-муҳаббат пайдо бўлади.

Қариндош-уруғларга нафақа қилиш, бошқаларни ўзидан устин кўриш кабиларни ҳам силаи раҳм йўлга қўяди. «Фалончи менга яхшилик қилган эди, касал бўлганимда кўргани келган эди, қийналганимда ёрдам берган эди», деб вафот этганларидан кейин ҳам эслаб юрадилар.

Бу нарса ўғил-қизларга, набираларга ҳам одат бўлиб қолади, орадан йиллар ўтиб кетса ҳам: «Бувам айтар эдилар, амакимиз келиб, қийналиб ўтирганимизда катта ёрдам бериб кетган эканлар», деб эслаб юрадилар.

Силаи раҳм шу қадар катта аҳамиятга молик амал экан. Қариндошларга яхшилик қилиш, уларга мол-дунё сарфлаш каби амаллар ҳам кишининг ортидан яхши ном қолишига сабаб бўлади.

Шунинг учун шариатда силаи раҳмга, қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлашга ва уларни ҳеч қачон узмай юришга қаттиқ тарғиб қилинган.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Насабларини ўрганиш кераклиги.

2. Насабни ўрганиш силаи раҳмга ёрдам бериши.

3. Силаи раҳм аҳлга муҳаббат экани.

4. Силаи раҳм молнинг зиёда бўлишига ёрдам бериши.

5. Силаи раҳм одамнинг ортидан асари қолишига хизмат қилиши.

 

173. (197). Исмоил ибн Умайядан ривоят қилинади:

«Язид Риқошийнинг шундай деганини эшитдим:

«Менга етишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ ризқини зиёда қилишини, ажалини ортга суришини истаса, Роббига тақво қилсин ва қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».

Шарҳ: Ким «Бу дунёда ризқим улуғ, баракали, сероб бўлсин, Аллоҳ менинг ризқимни зиёда қилсин» деса, аввало Аллоҳ таолога тақво қилиши, сўнгра қариндош-уруғларига силаи раҳм қилиши лозим.

Ким «Ажалим орқага сурилсин, умрим узоқ, баракали бўлсин» деса, аввало Аллоҳ таолога тақво қилиши, қолаверса, силаи раҳм қилиши керак.

Демак, силаи раҳм Аллоҳга тақво қилиш каби хайрли, баракали амал экан. Бу нарса инсоннинг ризқи улуғ бўлишига, умри узоқ бўлишига сабаб бўладиган омиллардан экан. Шунинг учун силаи раҳмга алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Тақводорлик ва силаи раҳм ризқ-рўзнинг зиёда бўлишига сабаб экани.

2. Тақводорлик ва силаи раҳм ажалнинг ортга сурилишига сабаб экани.

3. Тақводорлик бу дунёда ҳам фойда бериши.

4. Силаи раҳм бу дунё ҳаёти учун ҳам фойда бериши.

 

174. (198). Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Ким Роббига тақво қилса ва қариндошларига силаи раҳм қилса, моли сероб бўлади, ажали ортга сурилади, аҳли унга муҳаббат қилади».

Шарҳ: Силаи раҳм Аллоҳга тақво қилиш билан бирга бўладиган бўлса, бандани ана шундай улуғ бахт-саодатга эриштиради. Силаи раҳм асосан қариндош-уруғларга мол-мулк сарфлаш билан бўлади. Қариндош-уруғларга силаи раҳмни ният қилиб сарфланган мол эвазига Аллоҳ таоло бандасининг ризқини кўпайтириб берар экан, умрини узоқ қилиб қўяр экан.

Шунингдек, ҳар бир бандадан силаи раҳм кўрган қариндош-уруғларнинг кўнглига унга нисбатан меҳр-муҳаббат солиб қўяди. Ҳамма уни «Менинг ҳолимдан хабар олган, яхши муомала қилган, у берган, бу берган», деб фақат яхшилик билан эслаб, яхши кўриб юрадиган ҳолатга келтириб қўяди.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолога тақво қилиш фазилатли иш экани.

2. Силаи раҳм қилиш фазилатли иш экани.

3. Аллоҳ таолога тақво ила силаи раҳм қилган одамнинг ажали ортга сурилиб, умри узоқ бўлиши.

4. Аллоҳ таолога тақво ила силаи раҳм қилган одамга аҳли муҳаббат қилиши.

 

175. (199). Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким умрининг узайтирилишини, ризқининг зиёда қилинишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин», дедилар».

Шарҳ: Ота-онасининг розилигини олиб, хизматларини қилиб, дуоларини олган ҳамда қариндош-уруғларига силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ, ризқи улуғ ва баракали бўлар экан. Умрни узоқ, ризқни улуғ қилишнинг осон йўллари бор экан. Бунинг ҳам савоби бўлар экан, ҳам дунё ва охиратда манфаат келтирар экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онага яхшилик қилиш фазилатли иш экани.

2. Қариндошларга силаи раҳм қилиш фазилатли иш экани.

3. Ота-онага яхшилик ва қариндошларга силаи раҳм қилиш кишининг умри узайишига сабаб бўлиши.

4. Ота-онага яхшилик ва қариндошларга силаи раҳм қилиш кишининг ризқи зиёда бўлишига сабаб экани.

 

176. (200). Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Ким Роббига тақво қилса ва қариндошларига силаи раҳм қилса, моли кўпаяди, ажали ортга сурилади, аҳли унга муҳаббат қилади», деди».

Билмадим, буни кўтардими ёки йўқ».

Шарҳ: Ровий бу гапни Ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзларича айтганларми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларми – аниқ айтишга иккиланган экан. Шунинг учун ривоятининг сўнгида: «Билмадим, буни кўтардими ёки йўқ», деб қўйган.

Албатта, улуғ саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмасалар, бундай гапларни ўзларича айтмайдилар.

Бас, ким моли кўпайишини истаса, Роббига тақво ва қариндошларига силаи раҳм қилсин!

Бас, ким ажали ортга сурилишини истаса, Роббига тақво ва қариндошларига силаи раҳм қилсин!

Бас, ким аҳли унга муҳаббат қилишини истаса, Роббига тақво ва қариндошларига силаи раҳм қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Яхшилик ва силаи раҳм китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага хизмат қилган мужоҳид ва ҳожидир . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3609 17:04 / 08.01.2017
Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

5165 05:00 / 14.02.2017
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз давоми...

10033 05:00 / 14.02.2017
Наслнасаб масаласи нозик масала. Фақат пок никоҳ алоқаси орқалигина инсон насли соғсаломат ушлаб турилади. Насабларнинг, наслларнинг аралашиб, бетайин бўлиб давоми...

3818 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

118787 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40737 14:35 / 11.08.2021