1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

ШАРИКАТ ВА ВАКОЛАТ

05:00 / 17.02.2017 4012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шарикат» ёки ширкат луғатда, аралашиб кетиш маъносини англатади. Шариатда эса ширкат раъсулмол ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақддан иборатдир. «Ваколат» луғатда вакил, намоянда қилмоқ маъносини англатади. Шариатда эса бир кишининг ўз ўрнига бошқа бир кишини мутлақ ёки шартли равишда қўйишидан иборатдир.

Ширкат муомаласи Қуръони Каримда зикр қилингандир. Аллоҳ таоло: «Бас, улар учдан бирда шерикдирлар», деган («Нисо» сураси. 12-оят). Яъни, меросга қолган молнинг учдан бирига шерик бўлиб молик бўлурлар, деганидир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Албатта, аралаштирувчиларнинг кўплари, баъзилари баъзиларига ноҳақлик қилурлар. Магар иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганларгина мустасно. Ва улар оздирлар», деган (Сод: 24).
Оятдаги аралаштирувчилардан мурод шериклардир. Шунингдек, Ислом уммати доимо молу мулкда, молиявий муомалаларда шерикликни маъқуллаб келган. Чунки, модомики, кишилар бир жамиятда яшар эканлар бундоқ ишга муҳтождирлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло, Мен икки шерикнинг модомики, уларнинг бири ўз соҳибига хиёнат қилмаса, учинчисидирман. Бас, қачон унга хиёнат қилса ораларидан чиқурман», дейдир», дедилар». Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси қудсийда шерик бўлганларнинг бир-бирларига хиёнат қилмасликлари ҳақида қаттиқ таъкидлаш бордир.
Агар шериклар бир-бирининг ҳақига кўз олайтирмаса, поймол қилмаса, Аллоҳ таоло улар билан бирга бўлади. Хайр - барака бирга бўлади.
Агар шериклар бир-бирларига хиёнат қилсалар Аллоҳ таоло уларнинг орасидан чиқади. Хайру барака ҳам уларниг ширкатидан чиқади.
Сўнг уларнинг орасига Шайтон киради. Ширкатлари эса таназзулга юз тутади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни яҳудийларга унда ишлаб, зироатчилик қилишлари учун бердилар. У ердан чиқадиган нарсанинг ярми уларга бўладиган бўлди». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Мадинаи Мунаввара яқинида Хайбар номли жойда яҳудийлар яшаган. Улар хиёнат қилишлари оқибатида ораларида мусулмонлар билан уруш чиққан. Урушда улар енгилиб ерлари ўлжа сифатида мусулмонларга ўтган.
Ана ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар билан шартнома тузиб ўша ерларни уларга деҳқончилик қилиш учун берганлар. Чиққан маҳсулот ўртада тенг бўлиб олинадиган бўлган.
Бунинг номини «музораъа», ўзаро зироатчилик қилиш, дейилади. Бу шерикчилик ишида Ислом давлати ер билан, яҳудийлар уруғлик ва хизмат билан иштирок этишган. Буни ҳозирги замон тили билан қишлоқ хўжалик ширкати дейиш мумкин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен, Аммор ва Саъд Бадр куни насибасида шерик бўлдик. Саъд иккита асир келтирди. Мен билан Аммор ҳеч нарса келтирмадик». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлардан уч киши Ибн Масъуд, Аммор ва Саъд розияллоҳу анҳумлар Бадр урушидан олдин, ушбу урушда Аллоҳ насиб этиб қўлимизга нима ўлжа тушса, шерикмиз, деб келишиб олдилар. Уруш тугагандан сўнг Саъд розияллоҳу анҳунинг қўлига иккита асир тушгани, Ибн Масъуд ва Амморларга эса ҳеч нарса тушмагани маълум бўлди. Шундоқ қилиб учовлари икки асирга шерикчилик билан эга бўлдилар.
Бундоқ ширкатни-ширкати абдон, яъни, бадан ширкати дейилади. Унда шериклар баданларни ишга солиб, амал қилиб топган нарсаларида шерик бўладилар. Шунинг учун бу шерикликни ширкати аъмол, ҳам, дейилади. Ҳар ким ўз амали билан иштирок этади, тушган фойда ўртада бўлади. Шу маънода темирчилар ширкати, дурадгорлар ширкати ёки бошқа ширкатлар ҳам бор:
1. Абдон ширкати.
Бу хилдаги ширкатда ҳар ким ўз ҳиссаси билан иштирок этади. Бировнинг ҳиссаси кўп, бошқаники оз бўлиши мумкин. Биров ширкат ишида масъул, бошқаси масъул эмас бўлиши ҳам мумкин. Кўпроқ тарқаладиган ширкат ҳам шу.
2. Муфоваза ширкати.
Тенгдошлик ширкати. Бундоқ ширкатда шерикларнинг раъсулмолдаги ҳиссаси ҳам, ширкатдаги иши ҳам ва фойдадаги улуш ҳам тенг бўлади.
3. Зиммадорлик ширкати.
Моли ҳам, иши ҳам йўқ шахслар шерик бўлиб баробар нарсани насияга олиб, ўшани ишлатиб тушган фойдасини бўлиб олиш билан шуғулланади.
4. Музораба ширкати.
Бунда раъсулмол бир томондан, хизмат иккинчи томондан бўлади. Молнинг эгаси ишчи билан келишиб, молни унга беради. Тушган фойда келишувга асосан бўлиб олинади. Зарар эса мол эгасига бўлади. Ишчи эса қилган меҳнатидан зарар кўради, холос.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом шариатида ширкатлар ишига катта эътибор берилган. Чунки, эркин иқтисодий ривожланиш асосан ширкатларга боғлиқ. Кўпчилик бир ўзи бирор ишни юритиши қийин. Ширкат бўлганда эса иш осонлашади. Шунинг учун ҳам эски фиқҳ китобларимизни варақлайдиган бўлсак, бу масалада ҳаддан зиёд кўп ва фойдали маслаҳатларни кўрамиз. Мусулмон кишилар топган молу-мулклари ҳалол-пок бўлишини истасалар бошқа иқтисодий фаолиятлари қатори ширкат ишларида ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилмоқлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини муҳофаза қилишга вакил қилдилар», деди».
Шарҳ: Ушбу ва кейин келадиган ривоятлар молиявий ишларда ваколат ҳақида сўз кетади. Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда тушган фитр садақани бошқариб турушга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни вакил қилганлари айтилмоқда. Демак, давлат молига маълум кишини вакил қилиб тайинлаш мумкин экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини Хайбарга вакил этиб тайинладилар. Бас, у яхши хурмо келтирди.
«Хайбарниг ҳамма хурмоси шундоқми?» деб сўрадилар.
«Биз бундан бир соъини икки соъга ва икки соъини уч соъга оламиз», деди вакил.
«Ундоқ қилма! Ёмонини дирҳамга сотиб, дирҳамга яхшисини сотиб ол», дедилар у зот
».
Шарҳ: Бу ривоятдан маълум минтақага молиявий ишлар бўйича вакил тайин қилиш кераклиги англашилмоқда.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вакилга, хурмони хурмога алмаштириш рибо бўлгани учун, бир навини сотиб, унинг пулига бошқа навдан сотиб олиш кераклигини уқтирмоқдалар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қурбонлик қилинган туяларнинг терилари ва устига ёпиладиган нарсаларни садақа қилишни амр қилдилар». Учовини Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Маълумки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Видолашув ҳажи»да ўз номларидан қурбонлик қилган туяларнинг терилари ва устларига ёпиладиган нарсаларни садақа қилишни ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга топширганлар. Бундан ўз номидан садақа қилишда ҳам бошқа бировни вакил қилиш мумкинлиги билинади.

Жобир розияллоҳу анҳу: «Хайбарга чиқмоқчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим ва у зотга салом бердим. Сўнгра: «Мен Хайбарга чиқмоқчиман», дедим.
«Қачон вакилимнинг олдига борсанг, ундан ўн беш васақ олгин. Агар сендан белги сўрайдиган бўлса, қўлингни бўғизига қўйгин», дедилар», деди
».
Абу Довуд ва Дора Қутний ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Бирор жойга борадиган одам бошлиқдан ижозат олиб кетиши кераклиги.
Жобир розияллоҳу анҳунинг Хайбарга боришдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб хабар беришлари шуни кўрсатади.
2. Бировнинг ҳузурига кирган шахс салом бериши кераклиги.
3. Вакилга учинчи бир одам орқали мол тасарруфи ҳақида амр бериш мумкинлиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбарга вакил қўйиб қўйганлари.
5. Раҳбар билан вакил ўртасида сирли аломат бўлиши яхшилиги.
6. Вакил ким борса суруштирмай молни бериб юбормай, айнан бошлиқдан изн олганини текшириб кўриши зарурлиги.
Ушбу фойдалардан бугунги кундалик ҳаётимизда ҳам кенг фойдаланишимиз лозим.

Урва ал-Бориқий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига қурбонлик ёки қўй олиш учун бир динор бердилар. У киши унга иккита қўй олди. Бирини бир динорга сотиб, у зотнинг ҳузурларига бир қўй ва бир динорни олиб келди. У зот унинг савдоси баракали бўлишини сўраб дуо қилдилар. Бас, тупроқ сотиб олса ҳам фойда кўрадиган бўлиб қолди».
Абу Довуд, Термизий ва Бухорий ривоят қилган. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Бу ривоятда вакил ўзига топширилган молиявий ишни топширилгандан кўра яхшироқ бажариб келса, яхши экани баён қилинмоқда.
Урва ал-Бориқий розияллоҳу анҳу ўта уддабуронлик билан ҳаракат қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини олишга сазовор бўлганлар. Ривоятнинг охирида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қандоқ фойда қилгани ҳам баён қилинмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбарлик шарафига лойиқ кўрилган элчиларига салоту саломлар бўлсинҚарзни ўташ, ризқ зиёда бўлиши, ризқнинг тезда келиши учун қилинадиган давоми...

16066 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳга беадад шукрлар, чексиз ҳамду санолар бўлсин, юртимизни истиқлол неъматидан баҳраманд айлаб, беқиёс эркинликлар йўлини очиб қўйди. Энди халқимиз ўзи ва давоми...

3437 05:00 / 17.02.2017
Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур quotБаҳр арроиқquot, quotалАшбоҳ ванназоирquot асарлари муаллифи Зайн алобидин Зайниддин Ибн Нужайм алМисрий алҲанафий 15191563нинг давоми...

7231 05:00 / 17.02.2017
Шайх Али Тантовий айтадилар Бир куни ёлланма такси билан вокзалга йўл олдик. Таксичи кўчада йўл қоидаларига риоя қилиб кетар эди. Йўлнинг ўнг томонидаги машина давоми...

3483 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

120100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41768 14:35 / 11.08.2021