1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Шариатдаги васатийлик

23:13 / 21.04.2017 4006 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шариат Ислом динининг амалий қисмини тартибга соладиган, бошқача қилиб айтганда, қонуншунослик қисми эканини ҳамма яхши билади. Баъзилар уни фиқҳ ёки Ислом ҳуқуқшунослиги деб номлашади. Яна бошқа исмлар билан аташлар ҳам бор.

Ўз навбатида, бошқа қонуншуносликларга назар соладиган бўлсак, икки хил ҳолатни кўрамиз.

Баъзи бир таълимотлар қадимги кўрсатмалардан бошқасини қабул қилиш мумкин эмаслигидан ноқулай вазиятга тушиб қолган.

Яна бирлари эса қонун-қоидаларининг тинимсиз ўзгаришидан безганлигини кўрамиз.

Кўпчилик «Шариатда биртарафламалик бор» деган нотўғри тушунчада юради. Уларнинг фикрича, шариат бундан ўн беш аср олдин ўртага қўйилган қонун-қоидалар тўплами бўлиб, ўз вазифасини ўтаб, эскириб қолган ва ҳозирги замон талабига жавоб бера олмайди.

Бу даъвонинг пуч эканини баён қилишдан олдин ўша кўпчилик билиши лозим бўлган ҳақиқатни эслатиб қўйишимиз лозим бўлади. Бошқа таълимотларда, уларнинг таъбири билан айтганда, диний қонунлар алоҳида, дунёвий қонунлар алоҳида бўлади. Исломда эса мазкур икки нарса қўшилган ҳолда «шариат» деб аталган бирликни ташкил этади.

Бу ҳақиқатни англаб етиш учун биргина оятни ўрганиб чиқишнинг ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ таоло Жума сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз», деган (9-10-оятлар).

Оятдаги «намозга нидо қилинган пайтда»дан мурод, имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.

«Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг».

Худди шу оят билан икки ракъатли жума намози мусулмонларга жамоат билан ўқиш учун фарз қилинди. Унинг вақти – пешин намозининг вақти. Яъни жума куни пешиннинг ўрнига жамоат билан жума ўқилади.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти.

«Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир».

Маълумки, аввалги оятда Аллоҳ таоло азондан кейин савдони тарк этиб, намозга шошилишга буюрган эди. Энди эса жума намози тамом бўлгандан сўнг яна аввалги ҳолатга қайтиш мумкинлигини баён қилмоқда.

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг...»

Намоздан кейин кимдир савдосига, кимдир касал кўргани, кимдир илм талабига ва ҳоказо – ҳамма ўз ишига қайтиши мумкин.

«...ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг…»

Аллоҳнинг фазлини талаб қилиш давомида дунёга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, йўлдан адашиш ҳам мумкин. Шунинг учун оятнинг охирида:

«...ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз», дейилмоқда.

Демак, бир оятнинг ўзида ҳам ибодат, ҳам тижорат келмоқда. Намоз ўқиб бўлгандан кейин Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш тавсия қилинмоқда.

Ислом қонунчилигида – шариатда собит туриши лозим бўлган асосларни муҳофаза қилган ҳолда ҳаётнинг шароит, замон ва макон ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисмида маълум қоидалар асосида янгиланиб туриши йўлга қўйилган. Бошқача қилиб айтилганда, ана шу тариқа васатийлик татбиқ қилинган.

Зотан, дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан ободдир.

Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди.

Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳоказолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан ободдир.

Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас.

Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ва иймон келтириш лозим бўлган яна бошқа нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди.

Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундай масалаларни Аллоҳ таоло Ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.

Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонларнинг ақлларини ишлатиб ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган.

Фиқҳ уламолари асосан худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб, ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади.

Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутган ҳолда, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадларини ҳамда инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб иш юритганлар.

Ҳа, Ислом шариатининг кўзга кўринган афзалликларидан бири асосий нарсалар ва мақсадларда собитлик ҳамда иккинчи даражали нарсалар ва воситаларда эгилувчанликни жамлашдир.

Шариат ўзининг собитлик қисми – асосий қоидалари ва мақсадлари ила йўқ бўлиб кетиш ҳамда бузилишдан, тўғри-нотўғри ўзгаришларнинг таъсиридан сақланади. Зотан, шариатнинг вазифаси хатони тўғрилаш, эгилганни тиклашдан иборатдир.

Шариат ўзининг иккинчи даражали нарсалар ва воситаларда эгилувчанлиги ила ҳаёт янгиликларига мослашади ва ҳар бир замон ва маконга салоҳиятли бўлади.

Шариатнинг собитлик – асосий қоидалар ва мақсадлар қисми инсоннинг дахли йўқ илоҳий таълимотлардан иборатдир. Бундай нарсалар диний истилоҳда қатъий – кескин ҳал этилган ҳукмлар деб аталади. Улар Қуръон ва Суннатда ҳамда мусулмон умматининг ижмоъида узил-кесил ҳал қилинган ҳукмлардир. Улар ҳақида ижтиҳод қилишга ҳеч ҳожат қолмаган.

Мисол учун, намоз, закот, рўза ва ҳажнинг фарзлиги, зино, хамр ичиш, рибо, қимор кабиларнинг ҳаромлиги, меросдаги ҳиссаларнинг ва талоқ ва вафот иддаларининг белгиланиши кабиларни келтиришимиз мумкин.

Ушбу ва уларга ўхшаш бошқа ҳукмларни қайта кўриш ёки муҳокама қилиш бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Чунки бу каби ҳукмларда инсон ижтиҳодига имкон қолмаганини ҳамма яхши билади.

Шариатнинг иккинчи даражали нарсалар ва воситалар қисмида инсоннинг ижтиҳодига кенг йўл очиб берилган. Бу қисмни мутахассис уламолар «зонниёт» деб атайдилар. Бу «қатъиймас ҳукмлар» деганидир.

Улар Қуръон ва Суннатда ҳамда мусулмон умматининг ижмоъида узил-кесил ҳал қилинмаган ҳукмлардир. Чунки бу масалаларни аслида узил-кесил ҳал қилиш нияти бўлмаган. Улар замон ва вазиятга қараб ўзгариши мумкин масалалар бўлгани учун, Аллоҳ таолонинг Ўзи уларнинг шундай қолишини ирода қилган.

Мазкур масалаларга ечим топиш учун мужтаҳидларнинг ижтиҳодига кенг шароит яратилган. Улардан баъзилари матнларда келган сўзларнинг сиртидан ҳукм олишни йўлга қўйганлар ва «зоҳирийлар» деб аталганлар. Бошқалари эса машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб имомлари каби, матн билан бирга унинг ишораси ва руҳига ҳам диққат билан эътибор берганлар.

Бунинг устига, шаръий матнлар – оят ва ҳадисларда зикри келмаган масалалар ҳам бор. Бу турдаги масалаларни ҳал қилишда фақиҳларга ижтиҳод эшикларининг барча табақалари кенг очилган.

Фақиҳларимиз бу борада ўз ижтиҳодларида суянадиган яна бошқа манбалар ҳам бор. Улар масолиҳи мурсала, урф, шаръу ман қоблана шаръун лана, истиҳсон, истисҳоб ва мазҳаби саҳобийлардир.

Шариатдаги васатийлик тимсоли сифатида катта мужтаҳид уламолар томонидан фиқҳнинг кичик шўъбаларида ишлатиш учун жорий қилинган қоидаларни олишимиз мумкин. Келинг, мазкур қоидаларнинг баъзиларини эсга олайлик.

1. Машаққат енгилликни жалб қилади.

2. Зарур нарсалар ман қилинган нарсаларни мубоҳ қилади.

3. Икки зарардан енгили қилинади.

4. Музтарлик гуноҳни кўтаради.

5. Умумий зарарни йўқотиш учун хусусий зарарни раво кўрилади.

6. Зарарни қайтариш фойдани жалб қилишдан афзалдир.

Шу тарзда васатийлик – мўътадилликни ўзига шиор қилиб олган Ислом фиқҳи замонлар оша мусулмонларнинг талабларига жавоб бериб келмоқда ва ўзининг барча замонлар ҳамда маконларга мос эканини исбот қилмоқда. Бу ҳақиқатни жаҳоннинг кўзга кўринган мусулмонмас қонуншунослари ҳам эътироф қилмоқдалар.

Сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга «Ислом шариати барча замон ва маконларда татбиқ қилишга салоҳиятли» номли китобдан баъзи иқтибосларни тақдим этамиз:

«Венадаги дорилфунуннинг ҳуқуқшунослик куллияси декани, профессор Шибрил 1927 йилда бўлиб ўтган ҳуқуқ анжуманида қуйидагиларни айтган:

«Башарият Муҳаммад алайҳиссаломдек кишининг ўзига мансублигидан фахрланади. У киши ўқиш-ёзишни ўрганмаганига қарамай, бундан ўн неча аср аввал биз европаликлар икки минг йилдан кейин эришсак ҳам бахтли бўладиган қонунларни келтирган».

Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф Бернард Шоу айтади:

«Мен доимо Ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Чунки бу динда қувват ва ҳаётийлик бордир. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи кучга эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олади».

Инглиз тарихчиси Вилз ўзининг «Инсоният тарихи ифодалари» китобида:

«Европа ўзининг идорий ва тижорий қонунлари бўйича Исломдан қарздордир», дейди.

Француз тарихчиси Сидую:

«Наполеоннинг қонуни имом Молик мазҳабидаги «Шарҳи Дирдийр ала матни Халийл» номли фиқҳ китобидан кўчирмадир», деб ёзади.

1937 йилда Лоҳай шаҳрида қонунлар ҳақида илмий анжуман бўлиб ўтди. Унга Азҳари Шариф дорилфунуни номидан катта уламолардан иккитаси иштирок этди ва «Ислом шариатида маданий ва жиноий масъулият» ҳамда «Ислом фиқҳининг мустақиллиги ва Ислом шариати билан Рим қонунлари орасида алоқа борлиги тўғрисидаги барча даъволарнинг асоссизлиги» мавзуларида маъруза қилдилар.

Илмий анжуман ўз ишининг охирида ғарбий қонуншунослар учун ўта муҳим ва тарихий бўлган қуйидаги қарорларни қабул қилди:

1. Ислом шариатини умумий қонунчиликнинг муҳим манбаларидан бири деб эътироф қилиш.

2. Ислом шариати барҳаёт ва ривожланиб борувчидир.

3. Ислом шариати ўзи мустақил ва бошқалардан олинган эмас» (98-99-бетлар).

Худди шунга ўхшаш илмий анжуманлар 1948 йилда Лоҳайда ва 1950 йилда Парижда бўлиб ўтган ва мазкур қарорлардан ҳам аҳамиятлироқ қарорларни қабул қилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом шариати энг мўътадил, яхши, адолатли ва афзал қонунчилик васатийдир. Қай бир фиқҳий ҳукм бўладиган бўлса, албатта, унда васатийлик – мўътадиллик ва ўрталик бор.

Шартномалар орқали бўладиган муомалаларда икки шартлашувчи тараф ўртасида тенглик бўлиши учун адолат, мўътадиллик риоя қилинган. Шу тариқа, ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш, жабр қилиш ва нуқсонга йўл қўйишнинг олди олинган.

Касб маъносини оладиган бўлсак, унда ҳалол-пок йўллар кенг очиб қўйилган ва ҳаромдан ҳазар қилиш талаб этилган.

Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Шариат ўзи тақозо қилган таклифларда ўртача ва адолатли йўл тутувчидир. У банданинг касбига дохил бўлган ишда икки тарафга ҳам мойил бўлмай, адолат билан туради. Унга машаққат бўлишига ҳам йўл қўймайди ва уни бошвоқсиз ташлаб ҳам қўймайди. У барча бандалардан ғоятда мўътадилликни тақозо қиладиган мувозанатли таклифдан иборатдир».

«Агар шариатнинг умумий қоидаларидан бирортасини оладиган бўлсанг, чуқур тааммул қилиб кўр, албатта, васатийликни кўрасан. Қачон тарафлардан бирига мойилликни кўрсанг, албатта, у воқеликдан келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатнинг муолажаси учундир. Агар униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса, албатта, васатийликнинг ярақлаб турганини, мўътадиллик йўлининг равшанлигини кўрасан. Ана шу унга қайтиладиган аслдир ва паноҳ топиладиган мустаҳкам қалъадир» («Мувафақот», 2-жуз, 116–119-бетлар).

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи ёзади:

«Билки, бизнинг шариатимизнинг асллари аниқдир, қоидалари маҳкамдир. Унда нуқсон ва айб йўқ. Бошқа шариатлар ҳам шундай. Аммо офат динда бидъатни юзага келтирувчилардан ёки жоҳиллардан киради» («Сойдул Хотир», 161-бет).

Шариатдаги мўътадилликка энг яхши амал мусулмонлар жумҳури эътироф қилган ва эргашган тўрт фиқҳий мазҳабда ўз ифодасини топган. Мўътадилликдан четлаган фиқҳий мазҳаблар ўз-ўзидан тарқалиб кетган ёки уринишлар мазҳаб шаклини ола билмаган. Асрлар давомида мазкур тўрт фиқҳий мазҳабларга қарши турли ҳужумлар, бўҳтон ва туҳматлар бўлиб туради. Мазкур қарши тарафларни ўрганиб кўрилса, васатийликдан йироқ бўладилар. Шунинг учун ҳам улар кўп ўтмай унут бўладилар. Васатийликни олган тўрт мазҳаб эса давом этаверади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Васатия ҳаёт йўли китоби)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллома Қози Байзовий роҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор .Байзовий ўзининг .Анворут танзил ва асрорут таъвил, номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга давоми...

1066 11:00 / 25.07.2023
Бу дунёда ҳаёт кечирар эканмиз, ўзимиз учун энг суюкли инсонларни намунаибрат қилиб оламиз ва уларга ўхшашга ҳаракат қиламиз. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, биз давоми...

9544 16:44 / 30.09.2017
Дин бизнинг сулукимизда кўриниши лозим. Одамлар диндор ўқитувчи билан диндан узоқ ўқитувчининг фарқига боришлари керак.Одамлар диндор савдогар билан диндан узоқ давоми...

2151 11:17 / 04.02.2022
Нолевой чиқиндиларсиз ҳаракатининг деярли ҳар бир эргашувчиси Би Жоннинг Чиқиндиларсиз уйrdquo ёки Исрофсиз уйrdquoкитобини ўқишдан бошлаган бўлса керак. Bea Johnson, Zero давоми...

3412 18:00 / 21.05.2018
Аудиолар

118731 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40695 14:35 / 11.08.2021