1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Шафоат собитдир

19:07 / 02.12.2016 3777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шафоат Аллоҳ таолога илтижо қилиб баъзи осий мўминларни афв қилишини сўрашдир. Ёки баъзи мўминларни икром қилиб жаннатга ҳисоб-китобсиз киритишини сўрашдир. Шафоат Аллоҳ таоло томонидан шафоатчига берилган фазлдир. Бу шараф баъзи бандаларга уларнинг тақвоси, ибодати ва аҳли салоҳлиги туфайли Аллоҳ таоло томонидан берилади. Аллоҳ таоло: «Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас», деган.

Бу ҳам улкан сифатлардан бўлиб, Аллоҳнинг ва банданинг мақомини баён қилиб беради. Бандаларнинг барчаси ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қоладилар. Бу бандаликни чуқур ҳис этиш шу даражага етганки, ҳатто ҳеч ким орага тушиб, бировга шафоатчилик қилишга ҳам журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади. Бу сифат ўтган оятдаги «... ва шафоатчилик йўқ» жумласидан истисно эканлигини билиб оламиз. Демак, умумий қоидага биноан шафоатчилик йўқ, аммо истисно тариқасида, Аллоҳнинг изни билан баъзи кишилар шафоат қилишлари мумкин.

Аллоҳ таоло баъзи кофирларнинг тилидан: «Мана энди биз учун шафоатчилар ҳам йўқ. Бирон қадрдон дўст ҳам йўқ», деган.
Биз у дунёда ишонганларнинг ўзларининг ишлари чатоқ бўлиб турибди. Бизга дўст бўлади, у дунёда шафоатчи бўлади, деб ўйлаганларимиз энди ўзимизга душман ва зиддимизга гувоҳ бўлиб турибдилар. Демак, бу дунёда куфр билан ўтганларга у дунёда шафоатчи бўлмас экан.

Аллоҳ таоло: «У зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар», деган.
Аллоҳ таоло фаришталарнинг келажакдаги ишларини ҳам, ўтган замонда қилган ишларини ҳам яхши билади. Яъни, Аллоҳ таоло уларни Ўз илми ила иҳота қилгандир.
«Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар».
Яъни, фаришталар қиёматда шафоат қилсалар, фақат Аллоҳ рози бўлган шахсларгагина шафоат қила оладилар.
«Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар».
Фаришталар шунчалик иззатли, доимо ибодатдаги бандалар бўлсалар ҳам, Аллоҳдан қўрқиб доимо титраб турадилар. Демак, фаришталар ҳам фақат Аллоҳ таолонинг изни билангина шафоат қиладилар.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Улар унинг таъвилини–оқибатини кутмоқдалар, холос. Унинг таъвили келган кунда илгари уни унутганлар: «Роббимизнинг Пайғамбарлари ҳақ ила келган эканлар. Энди бизга шафоат қилувчилар борми, шафоат қилсалар ёки ортга қайтарилсагу қилган амалларимиздан бошқача амалларни қилсак», дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларига зиён қилдилар ва тўқиб олган нарсалари улардан ғойиб бўлди», деган.
Қуръонга иймон келтирмаганлар қандай мўъжизани кутмоқдалар? Қачон иймонга келадилар? Улар Қуръоннинг таъвилини–унда келган ваъдаларнинг юзага чиқишини кутмоқдалар. Агар Қуръонда келган ваъдалар юзага чиқиб, қиёмат қоим бўлса, улар, шубҳасиз, иймон келтирадилар. Ўша пайтда Қуръонни унутган бу осий кимсалар:
«Роббимизнинг Пайғамбарлари ҳақ ила келган эканлар». Роббимизнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган Қуръон ҳам ҳақ экан. Биз унга иймон келтирмай, улкан гуноҳга ботибмиз:
«Энди бизга шафоат қилувчилар борми, шафоат қилсалар ёки ортга қайтарилсагу қилган амалларимиздан бошқача амалларни қилсак», дерлар.
Қиёмат куни иймонсизликлари боис нажот топишнинг имконияти йўқлигини англаб етадилар. Энди шафоатчи қаёқда? Қиёматда шафоат қилгувчиларнинг улуғи ва ишончлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Аммо кофирлар у Зотга бу дунёда иймон келтирмадилар. У киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчиларнинг яна бири Қуръони Карим эди. Аммо кофирлар унга ҳам иймон келтирмадилар. Демак, Қуръони Каримнинг шафоатидан ҳам умид қила олмайдилар. Қиёматда шафоат қилувчи воситалардан бири иймон эди, иймонлари йўқ. Яна бири ибодат, яхши амаллар эди, таассуфки, ибодатлари ҳам, яхши амаллари ҳам йўқ. Имкони бўлса эди, улар бу дунёга қайтиб, аввал қилган гуноҳларини такрорламай, иймон ва ихлос билан яшашга жон деб кўнардилар. Балки бирдан-бир орзулари шудир. Аммо бунинг сира ҳам иложи йўқ. Вақтида иймон келтирмай, ибодат ва солиҳ амаллар қилмай:
«Батаҳқиқ, улар ўзларига зиён қилдилар».
Улар Аллоҳга душман бўлган зотларнинг гапига кирдилар. Шайтонга малай бўлдилар. Ёлғон ва бўҳтонларни тўқидилар. Бутларга, раҳбарларга, бойлик, мансаб ва бошқаларга ишондилар. Бугунги кунга келиб эса:
«...тўқиб олган нарсалари улардан ғойиб бўлди».
Эй, ғофил бандалар! Сизлар уларнинг барчасидан юз ўгириб, Роббингизга ишонишингиз керак эди.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир. У ишнинг тадбирини қиладир. Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар. Эсламайсизларми?!» деган.
Кофирлар Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бирига ваҳий юбориши мумкинлигига ишонмай, турли гап-сўзлар қилишмоқда. Аммо эслаб кўрсалар, фикр юритсалар, ҳар қадамларида Аллоҳ не-не катта ишларни вужудга келтириб қўйганини англайдилар. Мисол учун, осмонлару ерга қарасинлар. Уларни Аллоҳ таоло яратган.
«Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган»,
Агар кофирларда бунга ҳам эътирозлар бўлса, ўзларининг ҳақ эканликларини исбот қилсинлар. Аллоҳ таоло Ўзининг Робблик–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни олти кунда яратган. Бу олти куннинг ҳақиқатини–кайфиятини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бизнинг тушунчамиздаги «кун» маъносида эмаслиги маълум. Чунки бизнинг тушунчамиздаги «кун» осмонлару ер яратилгандан сўнг ерга муносиб бўлган вақт билан чегараланади. Бу оятдаги «кун» эса, осмонлару ер яратилишидан олдинги замонга тегишли вақтни англатмоқда.
«…сўнг аршни эгаллаган Аллоҳдир».
Аллоҳ, ана ўша Робб–тарбиякунандалик сифати ила осмонлару ерни яратиб бўлгандан сўнг Аршни эгаллаган зотдир. Аллоҳ таолонинг Аршни эгаллаши ҳақидаги масала ҳам уламолар орасида кўплаб тортишувларга сабаб бўлган бу ҳақда олдин келган шунга ўхшаш оятлар тафсирида батафсил сўз юритилгандир.
«У ишнинг тадбирини қиладир».
Бу дунёда нима иш бўлса, ҳаммасининг тадбирини Аллоҳ қилади. Ҳар бир ишнинг аввали ҳам, охири ҳам, фойдаси ҳам, зарари ҳам, бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам–ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқдир. Ана шу сифатларга эга бўлган зот бандаларидан биттасига ваҳий юборса, ажабланарлими? Эсламайсизларми?!
«Унинг изнисиз ҳеч бир шафоатчи бўлмас».
Мушриклар Аллоҳни инкор этишмас, аксинча, Унинг борлигини эътироф қилар эдилар. Лекин Унинг амрига бўйсунмай, ўзларича иш тутардилар. Аллоҳнинг элчисини, унга келган ваҳийни инкор этиб, ибодат йўлини ўзларича топмоқчи бўлардилар. Ўзлари сиғинаётган бут ва санамларни, Аллоҳнинг олдида шафоатчи бўлади, деб эътиқод қилардилар. Уларнинг бу эътиқодлари нотўғри эканлиги ушбу оятда баён этилмоқда. Аввало, у дунёда ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлади, биров бировга шафоат қилиб, уни қутқариб қолиши жуда қийин. Қолаверса, Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди. Ўзига шерик қилинган буту санамларга шафоатчилик қилишга Аллоҳ изн бермаслиги яна ҳам аниқ. Шунинг учун ҳам инсон ўзича тахминга берилиб, турли йўлларга бошини ургандан кўра, Аллоҳнинг Пайғамбарига келган ваҳийга ишониб, унга эргашиб қўйгани афзал эмасми? Эсламайсизларми?!
«Ана ўша Аллоҳ, Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинглар».
Юқорида зикр қилинган васфларга эга бўлган зот сизнинг Роббингиздир, эй одамлар. Бас, шундай экан, фақат Унгагина ибодат қилинг. Яъни, фақат Унинг айтганига амал қилиб яшанг. Ҳаётингизнинг ҳар бир соҳаси, ҳар бир лаҳзаси унинг кўрсатмасига мувофиқ бўлсин.
«Эсламайсизларми?!»
Аллоҳ таоло «Марям» сурасида: «Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлар)», деган.
Қиёмат куни ҳеч ким бировни шафоат қила олмайди ва бировнинг шафоатидан баҳраманд ҳам бўла олмайди. Бундан мустасно бўладиганлар, шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «У кунда Роҳман унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқага шафоат фойда бермас», деган.
Қиёмат кунида ҳеч кимга шафоат фойда бермайди. Биров ўртага тушиб, бировни оқлай олмайди. Фақат Аллоҳ бу дунёдаги сўзидан–«Ла илаҳа иллаллоҳу»ни айтганидан рози бўлиб, Ўзи шафоат қилинишига изн берган киши учунгина фойда бериши мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳгуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга .Сизга давоми...

5140 22:29 / 24.02.2018
Дажжолнинг чиқиши қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Дажжол аслида унинг лақаби. Кўп алдамчилик қилиши учун шу лақабни олган. Шунингдек, у ҳақни ботил давоми...

2374 19:00 / 27.03.2023
1. .Эшитишга қодир бўла олмадилар, кўра олмадилар ҳам, Ҳуд сураси, 20оят. Яъни иш бажариш имконлари йўқ эди. Асбоб ва воситалари бўла туриб, кўриш ва эшитишни амалга давоми...

2323 19:08 / 23.08.2021
Хулоса қилиб айтганда, Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид ҳақида, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати ва унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари давоми...

5276 12:30 / 14.01.2019
Аудиолар

118754 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40712 14:35 / 11.08.2021