1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Саҳобаларни сўкиш катта жиноятдир

23:07 / 02.12.2016 3877 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Мендан кейин уларни мўлжал қилиб олманглар. Бас, ким уларга муҳаббат қилса, унга мен ўз муҳаббатим ила муҳаббат қилурман. Ким уларни ёмон кўрса, уни мен ўз ёмон кўришим ила ёмон кўрурман. Ким уларга озор берса, менга озор берган бўлади. Ким менга озор берса, Аллоҳга озор берган бўлади. Ким Аллоҳга озор берса, У зот уни тутишига оз қолади», дедилар». Термизий ривоят қилган

Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳеч қандай шарҳга ҳожат қўймай саҳобаи киромларни сўкиш қанчалар оғир жиноят эканлиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Унда саҳобаи киромларни сўкиш Аллоҳ таолони сўкиш ила тенглаштирилмоқда. Албатта, Аллоҳ таолони сўкиш дунёдаги энг катта жиноят эканлиги ҳаммага маълум.

Ким Аллоҳ таолога тақво қиладиган бўлса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз муҳаббатларига сазовор бўлишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёмон кўришларидан сақланишни истаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккандек бўлишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Ким Аллоҳ таолони сўккандек бўлишни истамаса, саҳобаи киромларни сўкмаслиги керак экан.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам уларнинг бирининг муддича ёки ярим муддичасини топа олмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган
Термизийнинг ривояти: «Қачон саҳобаларимни сўкаётганларни кўрсангиз, сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», денглар».
Шарҳ: «Мудд» оғирлик ўлчови.
Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча хулосалар келиб чиқади:

 

 1-Саҳобаи киромларни мутлақо сўкиб бўлмаслиги.
2-Саҳобаи киромларнинг қилган амаллари, жумладан, садақалари савоби ҳам кўп мартага зиёда қилиб берилиши.
3-Саҳобаи киромларни сўкиш шарр-ёмонлик экани.
4-Саҳобаи киромларни сўкишнинг гувоҳи бўлган киши у зотларни ҳимоя қилмоғи лозимлиги.
5-Саҳобаи киромларни сўккан одамларга «сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», демоқлик лозимлиги.

 Юқорида ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар саҳобаи киромларнинг фазллари канчалик улуғ эканини уларни эҳтиром қилиш ва эъзозлаш лозимлигини кўрсатди. Биз мусулмонлар бу ишни ихлос билан қилмоғимиз лозим. Шу билан бирга бу улуғ инсонларнинг ҳар бирларини сўкишга ўзимиз ҳам бормаслигимиз ва баъзи бир бу нобакорликни қиладиганлар чиқиб қолса уларни бу ишдан қайтаришимиз керак.
Энди саҳобаи киромлар ҳақида асар бўлиб қолган баъзи бир фикрларни ҳам ўрганайлик.
Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Аллоҳ таоло бандалари қалбларига назар солиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилди ва у зотни Ўз рисоласи ила юбориб, Ўз илми ила танлаб олди. Сўнгра у зотдан кейинги одамлар қалбларига назар солди ва у зотга саҳобаларни танлаб олди. Бас, уларни Ўз динининг ёрдамчилари ва Набийсининг вазирлари қилди».
Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Ким бировнинг суннатини оладиган бўлса, вафот этган кишининг суннатини олсин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу умматнинг энг қалби яхшилари, энг илми чуқурлари ва энг такаллуфи озлари эдилар. Улар Аллоҳ таоло томонидан У зотнинг Набийсига саҳоба бўлиш учун ва У зотнинг динини нақл қилиш учун танлаб олинган қавм эдилар. Бас, уларнинг ахлоқлари ва йўлларига ўхшашга уриниглар. Каъбанинг Роббиси бўлган Аллоҳ ила қасамки, Муҳам-мад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мустақим ҳидоятда эдилар».
Саҳобаи киромларни эҳтиром қилиш ва уларга нисбатан беодоблик қилмаслик ҳақидаги шунча таълимотларга қарамасдан кейинчалик баъзи бир томонлар у буюк зотларга беодоблик қилишга ўтдилар. Орада кўплаб тортишувлар бўлди. Ниҳоят келиб «Аҳли Сунна ва жамоа» ақийдавий мазҳаби уламолари саҳобаи киромлар ҳақида мўмин мусулмонлар қандай ҳолатда бўлишлари ҳақидаги гапларни ақийда китобларига битиб қўйдилар.
Қуйида, намуна тариқасида саҳобаи киром ҳақида «Талхийси шарҳи ақоиди тоҳовия» китобида келтирилган матндан парча келтирамиз.

 САҲОБАЛАР ҲАҚИДА ЯХШИ ГАП АЙТИШ МУНОФИҚ ЭМАСЛИКНИНГ ДАЛИЛИДИР 

 Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳоба-лари, тоҳира аёлларини ҳар бир кирликдан поклаб, муқаддас зурриётларини ҳар бир ифлосликдан поклаб яхши гаплар айтса нифоқдан холий бўлади. 
Шарҳ: Муаллиф каломининг хулосаси, нифоқдан холий бўлиш уч тоифага нисбатан гўзал сўз ва мақтов айтиш билан бўлади: 

 

 1-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига.
2-У зотнинг барча ахлоқий ва эътиқодий кирликдан пок жуфти ҳалолларига.
3-У зотнинг барча ахлоқий ва эътиқодий ифлосликлардан пок бўлган зурриётларига. 

 Кимдан мазкур тоифалар ҳақида нолойиқ сўз содир бўлса, у одам нифоқдан холий эмасдир.
Далил:
Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумларнинг фазийлатлари ҳақида Қуръон ва суннатда келган баъзи далиллар аввал зикр қилинди.
1-Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида Зайд ибн Акрам розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги «Хаммо» номли сувли жойда бизга хутба қилароқ: «Аммо баъд: «Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам бир башарман. Роббимнинг элчиси келса, жавоб беришимга оз қолди. Мен сизларга икки салмоқли нарсани тарк этувчиман. Биринчиси, Аллоҳнинг китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг китобини олинглар ва уни маҳкам ушланглар, дедилар ва Аллоҳнинг китобига тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни, сизларга Аҳли байтиммни эслатаман», деб уч марта қайтардилар.
2-Бухорий қилган ривоятда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Муҳаммадни аҳли байтида муҳофаза қилинглар», деганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, сизларга аҳли байтимни эслатаман, дейишларидан ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Муҳофаза қилинглар» деган гапидан фаҳмланадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтиларини Аллоҳнинг китобига тенглаштирганлари йўқ. Балки, одамларга уларни яхши кўришини, улуғлашини, ҳурмат қилишни, таҳқир-ламасликни эслатдилар.
Саҳобаи киромларнинг фазллари ҳақидаги умумий таълимотларни ўрганганимиздан сўнг энди уларнинг баъзилари фазли ҳақида келган таълимотларни ўрганишга Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда киришамиз.
Барча ҳадис китобларимизда саҳобаи киромларнинг фазллари ҳақида гап кетганда, албатта, биринчи бўлиб тўрт рошид халифалар, розияллоҳу анҳум, тилга олинадилар.
Улар ўзларининг халифа бўлишлик тартиблари ила зикр қилинадилар. Бу Ислом умматининг қилган ижмоъидир.
Биз ҳам қўлдан келганича дунё тарихидаги пайғамбарлардан кейинги ўринда турадиган энг улуғ инсонлар жумласидан бўлган ушбу тўрт халифа розияллоҳу анҳумлар ҳақларида қўлдан келганича баъзи маълумотларни сиз азизларга тақдим қилишга Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда ҳаракат қиламиз.
Албатта, бу иш осон эмас. У зотлар ҳақида кўплаб китоблар ёзилган. Ҳар ким ўз ижтиҳодига қараб бу улуғ зотларнинг улуғ ҳаётларини қўлдан келганича ёритишга ҳаракат қилган. Биз ҳам ўзимиздан олдин бу масъулиятли ишга қўл урган зотларнинг тажрибалари ва илмий баҳслари натижаларидан фойдаланган ҳолда ўз шароитимиз, кишиларимизнинг турли хусусиятлари ва бошқа олмилларини ҳисобга олган ҳолда камтарона уринишимизни бошлаймиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда ёрдамчимиз бўлсин. Омийн!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари давоми...

5861 14:05 / 03.07.2019
Пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай, омонат ила умматларга етказишиб келганлар. Улар Аллоҳ давоми...

3147 19:36 / 21.02.2022
Биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим ва давоми...

3851 23:12 / 02.12.2016
Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари қиёмат қоим бўлишидан олдин содир бўладиган энг улкан аломатлардан биридир. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ҳам, давоми...

1902 19:00 / 10.04.2023
Аудиолар

119982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41665 14:35 / 11.08.2021