1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Салоҳиддин Муҳиддинов

13:28 / 13.12.2017 7044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Салоҳиддин Муҳиддиновнинг уйларига ташриф буюрдик. Сиз азизлар билан Салоҳиддин Муҳиддинов домланинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.


Салоҳиддин Муҳиддинов

(1936 – 2002)

 

ТАҚДИМ

Салоҳиддин қори Муҳиддинов давримизнинг таниқли олими ва мударрисларидан эдиУ 1936 йилда Фарғона вилоятининг Ислом қишлоғида туғилган. 1962 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1974 йили Тошкент Ислом маъҳадини тугатган, 1974-1978 йиллари Ливия университетининг шариат ва қонун факультетида таҳсил олган. Бирмунча вақт «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали бош муҳаррири ёрдамчиси ва мадраса мударриси бўлиб ишлаган. 1978 йилдан умри охиригача Тошкент Ислом институтида фиқҳ, Ислом тарихи, мазҳаблар тарихи, тафсир ва ҳадисдан дарс берган, масжидларда имом-хатиблик қилган. 1990-1994 йиллари Мовароуннаҳр мусулмонлар идорасида масжидлар ва фатво бўлимини бошқарган, 1990 йилдан 2000 йилгача Халқаро Ислом тадқиқот марказида бўлим мудири бўлган. «Оила ва шаръий никоҳ одоблари», «Исломда ўлим ва жаноза масалалари» каби асарлари бор. Бундан ташқари Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур «Ҳидоя» асарини ўзбекчага ўгиришда таржимонлар гуруҳига раҳбар бўлган ва шу асарнинг уч китобини ўзбекчага ўгирган. Абдулваҳҳоб Халлофнинг икки жилдли «Усулул-фиқҳ» китобини ҳам таржима қилган. 2002 йили Тошкентда вафот этган. 


Салоҳиддин Муҳиддинов (Салоҳиддин қори) 1936 йили Фарғона вилояти Ўзбекистон туманига қарашли Ислом қишлоғида таваллуд топган. У 1956 йилда Қўқон шаҳридаги 3-ўрта мактабнинг 10-синфини тамомлаган. Оталари фарзандининг таълим-тарбияси ҳақида қаттиқ жон куйдирар, Салоҳиддиннинг келажакда Ислом олими бўлиб етишиши йўлида бор куч ва имкониятларини ишга соларди. 

Салоҳиддин қори ўзининг болалик йиллари ҳақида ёзувчи Тоҳир Малик билан бўлган суҳбатда шуларни таъкидлаб ўтган: “Ўрта мактабда ўқиган давримизда дадамиз тарбиямизга анча қаттиқ турардилар. Мактабдаги ўртоқларимиз билан бирга дарс тайёрлаш ёки ўйнаш керак бўлса у киши: “Аввал ўша бирга ўйнайдиган ёки бирга дарс тайёрлайдиган ўртоғингни ҳузуримга олиб келиб, менга таништир” деб таклиф қилардилар. Биз айтганларини бажарардик. Мўмин киши яхши-ёмон одамни бир қарашда ажратарканми, “бу билан дўстлаш, бунисидан нари юр”, дердилар. Яна дердиларки: “Мактабга бориб-келаётганингда кўчанинг ўртасидан юрмайсан, четидан борасан ва шундай келасан. Кўчада бир нарса ётган бўлса олмайсан. Аммо нон тушиб ётганини кўрсанг бир четга олиб қўясан, лекин нарса-буюм тушиб ётган бўлса, тегмайсан. Мактабингга тўғри бориб, тўғри келасан”. Бу шунчаки оғзаки гап бўлмай, мактабга бориб-келишимизни назорат қилиб турардилар.

Урушдан кейин Қўқонда яшаганмиз. Яшаш шароити машаққатли бўлишига қарамай, дадам раҳматли уйга устоз таклиф қилиб, бизларнинг Қуръондан таълим олишимизни таъминлаганлар. Устознинг ҳақини бериб: “Болаларимнинг талаффузлари, тажвидлари гўзал бўлсин”, деб илтимос қилардилар. Бизни шу тариқа диний руҳда, одамларга яхшилик қилиш руҳида, гуноҳ ишлардан нари бўлиш руҳида тарбия қилдилар. У пайтларда диний мадрасаларда ўқиш ғоят қийин эди. Ўрта мактабни битирганимдан сўнг дадам: “Укаларинг дин илмига қунт қилишмади, сен мадрасага борасан”, дедилар. Укаларимнинг диний ўқишга қизиқишлари, зеҳнлари етарли эмаслигини билиб, дадам ўқишни давом эттиришимни алоҳида бир ихлос билан истадилар. Шу истак билан 1956 йили Тошкентга келдик. Шу йили Бароқхон мадрасаси очилган эди, юзта бола ўқишга қабул қилинди. Маълум бир муддат Бухорога ҳам бориб ўқиб келдик. Дадам “фақат ўқийсан, бошқа нарсаларга эътибор бермайсан”, деб моддий жиҳатдан бекаму кўст таъмин этиб турдилар. Дадамнинг китобга ихлослари ҳам баланд эди. Дўстларидан бирининг “Руҳул-баён” деган китоб қайси хонадонда бўлса, “шу оиладан араб тилини биладиган, шу тилдаги китобларни ўқий оладиган олимлар етишиб чиқсин” деб дуо қилади”, деган гапларини эшитиб, шу китобни излай-излай топиб келган эдилар. Ўзлари бундай китобларни ўқий олмасдилар. Бизлар ҳам ўқиб, тушунадиган даражага етмаган эдик. Аммо ўша гап таъсир қилиб, топиб келганлари ёдимда. Китобни авайлаб менинг қўлимга тутқазиб, “сен шу китобни ўқийдиган бўласан, иншааллоҳ!” деб ният қилгандилар. Алҳамдулиллаҳ, у кишининг холис дуолари сабаб бўлиб, яхши тарбиялари сабаб бўлиб, мадрасада таҳсил олдик, ўша китобни ва бошқа юзлаб китобларни ўқиш бахтига етишдик, диний идорада ҳам хизмат қилдик. Боланинг келажакда ким бўлиши ота-онанинг ҳаракатига ҳам боғлиқ экан. Тўғри, дадамизнинг табиатлари қаттиқроқ эди. Лекин қаттиққўллик ҳам керак экан, фарзанд камолига ижобий таъсир кўрсатар экан. Баъзиларга бу ҳол нотўғри туюлса ҳам, фарзанддан “шуни бажарасан” деб талаб қилишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Укаларим бошқа соҳаларда кетишди. Менинг диний илм йўлидан боришимга дадам сабабчи бўлдилар”.

Шундан сўнг Салоҳиддин Муҳиддинов 1958 йили Тошкентга келиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати қошидаги Бароқхон мадрасасида икки йил ўқиган. Кейин Бухорога бориб, Мир Араб мадрасасида таҳсилни давом эттиради. 1962 йилда оилавий шароити сабабли ўқишни давом эттиролмай қолади. Бироқ мустақил равишда ўқиш-изланишларини давом эттиради. У 1967-1968 йилларда мазкур мадрасада кутубхона мудири бўлиб ишлайди. Диний назорат раҳбариятининг розилиги билан 1968 йилда Мир Араб мадрасасини битирувчилар рўйхатига унинг номи ҳам қўшилади. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган Салоҳиддин қори мадрасани тугаллаганлик ҳақида шаҳодатнома олади. Шу йилдан бошлаб икки йил (1968-1970) диний назоратнинг нашри бўлмиш "Совет Шарқи мусулмонлари" журналида бош муҳаррир ёрдамчиси бўлиб ишлайди. У 1971-1974 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (маъҳади)да ҳам таҳсил олган.

Салоҳиддин қори 1973 йилда муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон бошчилигидаги гуруҳ билан илк бор муборак ҳаж сафарига боради. Диний назорат йўлланмаси билан 1974-1978 йиллари эса Ливия Араб жамоҳирияси университетининг шариат ва қонун факультетида таҳсил олиб, уни аъло баҳолар билан тугатади ва  иккинчи олий маълумотни олди. Шундан кейин 1978 йилдан бошлаб умрининг охиригача Тошкент Ислом институтида фиқҳ, Ислом тарихи, мазҳаблар тарихи, тафсир ва ҳадис фанларидан дарс берган.

“Ҳидоят” журнали бўлим мудири Муҳаммад Шариф Жуман шундай хотирлайди: “Қори акамиз бизга усули фиқҳдан дарс ўтардилар. Ҳар бир дарсга шунақанги пухта тайёрланиб келардиларки, тушунмай қолган жойимиз бўлмасди, саволлар туғилмасди. У кишининг омонатдорликлари, ҳалимликлари, гўзал ахлоқлари ва талабаларга меҳрибонликлар зарбулмасал бўлиб кетган эди”.

Ислом маъҳадида Салоҳиддин қоридан таҳсил олган шу институт мударриси Мубашшир Аҳмад шундай хотирлайди: “Домламиз маъҳадда ишлаган ўттиз йил давомида бирор кимсага қаттиқ гапирмаган эканлар. Талабаларнинг ҳаққига қаттиқ риоя этардилар, эшитишимизча, бирор марта сабабсиз дарс қолдирмаганлар. Ўзим гувоҳ бўлганим: бир куни домла қўнғироқ қилиб қолдилар, “Мубашширхон, бир иш билан ушланиб қолдим, дарсга ўн дақиқача кечикаман, шуни ҳисобга олиб қўярсизлар”. Ишга масъулият билан муносабатда бўлиш, ҳар бир айтилган сўзнинг жавобгарлигини ҳис қилиш домланинг шиорлари эди. Айтиш жоизки, устознинг мухолифлари йўқ эди”.

Салоҳиддин Муҳиддинов 1990-1994 йилларда Мовароуннаҳр мусулмонлари идорасида масжидлар ва фатво бўлимини бошқарган, 1994-2000 йиллари Халқаро ислом тадқиқот марказида бўлим мудири вазифасида ишлаган. 1989-1999 йиллари у Чилонзор туманидаги Катта Қозиробод масжидида, сўнгра 2002 йилгача Олмазор туманидаги Имом Термизий масжидида имом-хатиблик қилган. Салоҳиддин қори, шунингдек, турли маҳаллий ва хорижий илмий-амалий анжуманларда, жумладан, 1991 йили Марокашда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мавлидларига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этган.

Тўрт йил мобайнида Имом Термизий масжидида Салоҳиддин қори билан бирга ишлаган имомлардан Иброҳим Узоқов шундай ҳикоя қилади: “Қори акамиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларига мувофиқ ҳаёт кечирдилар: “Инсон вафотидан сўнг унинг амаллари узилиб, фақат уч нарсанинг савоби унга етиб туради. Булар садақаи жория; манфаатли илм; солиҳ фарзандлар дуоси”. Устоз Салоҳиддин домла Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси масжидлар бўлимида ишлаган кезлари турли вилоятларда жуда кўп масжидларнинг очилиши ва қайта таъмирланишига ҳисса қўшганлар; Тошкент Ислом институтида жуда кўп талабларга мударрислик қилиб, билим ва тажрибаларини ўргатганлар, бир неча китоблар таълиф қилганлар, мақолалар чоп эттирганлар, машҳур китобларни ўзбекчага ўгирганлар; домланинг фарзандлари эътиқодли, ибодатли, эл-юрт корига яраган солиҳ инсонлар бўлиб тарбия топишган. Устоз масжидимизда имомлик қилган тўрт йил ичида масжиднинг ички ва ташқи хонақоҳлари тўла таъмирланди, талабаларга бешта ётоқхона тайёрланди, таҳоратхона қайта қурилди. Устознинг ҳаётлари одамларга динни етказиш, ибодат ва Қуръон хатмлари билан ўтди. Охирги дамлари ҳам арафа кунидаги хуфтон намози ила кечди”.

Салоҳиддин Муҳиддиновнинг фиқҳий масалалар, одоб-ахлоқ ва бошқа мавзуларга бағишланган мақолалари "Ҳидоят" журнали (олдинлари "Совет Шарқи мусулмонлари", "Мовароуннаҳр мусулмонлари", "Ўзбекистон мусулмонлари" номи билан чиққан), "Ислом нури" газетасида мунтазам эълон қилинган. У радио ва телевидениеда ҳам турли мавзулардаги давра суҳбатларида иштирок этган. Олимнинг "Оила ва шаръий никоҳ одоблари" ҳамда "Исломда ўлим ва жаноза масалалари" китоблари чоп этилган. У араб олими Абдулваҳҳоб Халлофнинг икки жилдли "Усулул-фиқҳ" китобини ўзбек тилига таржима ҳам қилган. Салоҳиддин қори яна Бурҳониддин Марғиноний қаламига мансуб “Ҳидоя" асарининг икки жилдини нашрга тайёрлашда таржимонлар гуруҳига раҳбарлик қилган, шунингдек мазкур китобнинг "талоқ, никоҳ ва байъ” китобларини ўзбекчага ўгирган.

Салоҳиддин қори аканинг фарзандлари ҳам ота изидан бориб, динига, халқига, ватанига фидойилик билан хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишишди. Қори ака уларнинг қайси касбни танлашларига тўсқинлик қилмай, ўз қизиқишига йўл очиб бердилар.   Катта ўғиллари Муҳаммадсобит диний илмлар қатори дунёвий илмларни ҳам ўрганди, Тошкентдаги политехника институтида ўқиди. Кичик ўғил Абдуллоҳ диний ўқишларини давом эттириб,   ҳофизи Қуръон мартабасига етди. Қори ака суҳбатларидан бирида ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида шундай деган эди:   “Ота-она боласининг қобилиятига, кучига, қизиқишига қараши керак. Собитхон ўғлимиз кичиклигидан дин илмини олди. Фарз бўлганидан  буён намоз ўқийди, ҳалол нима, ҳаром нима, яхши фарқлайди. Маълум даражада Қуръонни ҳам ёд олган. Йигитлик ёшига етганида дунёвий илмга ҳам қизиқди. Мен бу қизиқиш йўлини тўсмадим. Ўғлим дунёвий илмни ҳам олди, диндаги собитликларида ҳам турди. Муҳими шу. Кичик ўғлимизда Қуръон илмига қизиқиш кучли эди, Худога шукр, ҳофизи Қуръон бўлди. Қизларим ҳам ибодатли, эътиқодли”.

Домланинг тўнғич ўғиллари Муҳаммадсобит шундай эслайди: “Падари бузрукворимиз ниҳоятда ҳалим, тўғрисўз, ўзганинг ҳақидан қўрқадиган инсон эдилар. Қарз олишдан қаттиқ тийилардилар, бировнинг омонатини тезроқ эгасига етказиш пайидан бўлардилар. Ҳар гал она юртлари Қўқонга отланганда менга эгаларига берилиши керак бўлган омонатлар рўйхатини тутқазардилар, аммо улар орасида оладиганларининг рўйхати бўлмасди. Ўта ҳалим ва ҳоксор киши эдилар, шунча йил ёнларида юриб бирор марта жаҳл қилганларини, қаттиқ овозда гапирганларини эслай олмайман”.

Салоҳиддин Муҳиддинов 2002 йил 6 декабрда, ҳайит арафаси куни вафот этган. Рамазон ҳайити куни дафн қилинди, жанозаларини ўша пайтдаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган. Салоҳиддин қори Тошкентнинг Чиғатой қабристонига дафн қилинган.

Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг фазлу карами ила, яқинда Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини тамомлаш бахти каминага насиб этди. Тамомлаш жараёнида, битирув давоми...

6473 06:28 / 16.07.2018
Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож алҚушайрий анНисобурий Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир. У зот ҳадис илмида давоми...

5477 21:56 / 27.04.2017
Мулла Отахон махдум тахминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси кейинчалик халқ тилида Инглиз маҳаллада бўзчи ҳунарманд оиласида дунёга давоми...

2198 15:00 / 12.01.2022
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори 1907 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Оғлуқ маҳалласи ҳозирги Қўқон кўчасида Баҳодир қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси давоми...

2548 17:00 / 28.03.2022
Аудиолар

137656 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57721 14:35 / 11.08.2021