1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

САЛОМДАН ОЛДИНГИ ДУО

05:00 / 04.01.2017 5146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (намозда) дуо қилиб: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан қабр азобидан дўзах азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан, Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ тилайман», дер эдилар».

Бошқа бир ривоятда: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан гуноҳдан ва қарздан паноҳ тилайман». Бас, у зотга бир одам:

«Бунча ҳам қарздан кўп паноҳ сўрайсиз?!» деди.

«Агар киши қарз олса, гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади», дедилар». Уччовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу дуони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўқиганларини бошқа бир ривоятда ҳам таъкидлаган экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозда ушбу дуони қилиш.

2. Қабр азоби ҳақлиги ва ундан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлвориб туриш кераклиги.

3. Дўзах азобидан ҳам паноҳ тилаб дуо қилиб туриш кераклиги.

4. Тириклик ва ўлим фитнасидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлвориб туришлик.

Тириклик фитнаси кўпроқ молу дунёда, бола-чақада, ўлим фитнаси жон таслим қилишда ва қабрда бўлади.

5. Масийҳ Дажжолнинг фитнасидан паноҳ тилаб туриш. Бу масала баёни бундан кейин келади.

6. Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан сақлашини сўраб дуо қилиш.

7. Қарздор бўлиб қолишдан паноҳ сўраб дуо қилиш.


Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, менга дуо ўргатиб қўйинг, намозимда дуо қилурман, деганларида у зот: «Эй, бор Худоё, албатта, мен ўзимга ўзим кўп зулм қилдим. Гуноҳларни Сендан бошқа мағфират қилмас. Бас, мени Ўз ҳузурингдаги мағфират ила мағфират қилгин. Ва мени раҳмат қилгин, албатта, Сенинг Ўзинг ўта мағфиратли ва ўта раҳмдил зотсан», деб айт» деган эканлар. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Аввал ҳадиснинг ровийcи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом оламида машҳур бўлиб, эркаклардан биринчи бўлиб Исломни қабул қилгандирлар. Ислом оламидаги халифаларнинг биринчиси ва жаннатга киришликка башорат берилган ўн нафар жаннатийларнинг ҳам биринчисидирлар.

Ислом уммати бу зотни Сиддиқ (ростгўй) деб номлашган.

Исро кечасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Масжид ул-Ақсога бориб келдим, деганларида мушриклар, ҳатто, баъзи бир мусулмонлар ҳам бу сўзга ишонмаган эдилар. Мушриклар Абу Бакрга келиб:

«Дўстинг шу кеча Масжид ул-Ақсога бориб келдим деяпти, шуни ҳам рост дерсан?» дейишди.

Шунда Абу Бакр:

«Мен унга, бундан узоқроқ жой, осмондан ваҳий келишига ишондим-у, бунга ишонмасмидим», деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен кимни Исломга чақирган бўлсам, ҳаммаларида бир тўхташ бўлди. Фақат Абу Бакрда бундай бўлмади. У мени ҳамма нарсада рост деди», деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида қанчадан-қанча қабилалар Исломдан қайтиб кетишди. Бундан катта-катта саҳобалар ҳайратга тушишди. Ҳатто Умар ибн Хаттобдек саҳоба ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларини инкор этиб, қиличларини яланғочлаб, кимки, Пайғамбар ўлди деса, унинг ўзини ўлдираман деб туриб олдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб сўнг қайтиб чиқдилар. Ва мусулмонларга қарата хутба қилдилар:

«Кимки, Аллоҳга ибодат қилса, У ўлмас тирик зотдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир Расулдир. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтди. Агар ўлса, Исломдан орқаларингга қайтиб кетасизларми? Кимки орқасига қайтиб кетса, Аллоҳга ҳеч бир нарсада зарар беролмас. Аллоҳ шукр қилган бандаларини тезда мукофотлаяжак» деб хутбани тугатдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижратнинг 13 йилида вафот қилганлар.

Бу ҳадисдан дуо қилиб қўйишни сўрашни ва дуонинг матнини ўрганмоқдамиз.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳуд билан саломнинг орасида қуйидагиларни айтар эдилар: «Эй, бор Худоё, менинг олдин қилганимни, кейин қилганимни, махфий қилганимни, ошкора қилганимни ва ортиқча қилганимни ва Сенинг Ўзинг мендан яхши билганингни мағфират қилгин. Сенинг Ўзинг олдинга ўтқазувчи ва Сенинг Ўзинг ортга сурувчисан. Сендан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуо ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин ўқилиши.

2. Намозда ушбу маънода дуо қилишнинг яхшилиги.


Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб бирдан намозни тугатиб, ташаҳҳуд ўқиётган ва: «Эй, бор Худоё. Эй, биру бору туғмаган ва туғилмаган ва Унга ҳеч бири тенг бўлмаган зот, албатта, мен Сендан гуноҳларимни мағфират қилмоғингни сўрайман, деб айтаётган кишини кўрдилар ва: «Батаҳқиқ, у мағфират қилинди», деб уч марта айтдилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиси шарифнинг ровийcи Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Миҳжан ибн ал-Адраъ Асламий ал-Маданий, моҳир чавандозлардан. Мадинада истиқомат қилдилар. Кейин Басрага кўчиб ўтдилар ва ана шу ердаги масжиднинг атрофини девор билан ўраб чиқдилар.

Бу зот узоқ умр кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 5 та ҳадис ривоят қилганлар.

Бу зотдан Ҳанзала ибн Али ал-Асламий, Ружо ибн Аби Ружо, Абдуллоҳ ибн Шақийқ ва бошқалар ривоят қилишди. У киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Миҳжан ибн ал-Адраъ ҳижратнинг 60 йили Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуонинг ташаҳҳуддан кейин ўқилиши.

2. Киши ўз кўнглидаги дуони қилиши мумкинлиги.

3. Намознинг охиридаги дуо мақбул эканлиги.

4. Башоратли ва муҳим гапни уч марта қайтариб айтиш яхшилиги.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлабухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға давоми...

35744 05:00 / 04.01.2017
Бир ота гапириб беради .Мен фарзандларимни йўл хаққисини икки қисмга бўлдим .Тонгги ва тунги, йўл хаққилари. Эрта тонгдаги йўл хаққи мактабга транспортда етиб олиш давоми...

1686 10:00 / 04.11.2021
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимАллоҳга ҳамд, Набиййимзга салавотлар бўлсинВа баъдЭслатма доимо мўъминга манфаат келтиради. Айрим ўринларда мазҳабсизлик ҳақида бонг давоми...

6114 05:00 / 09.01.2017
Таваккул mdash мусулмон кишининг ишини ирфон, қурбат ва ризоси талабида, фойда, зарар, қийинчилик ва зиёнларга таслим бўлиб, қазоқадарга рози, неъматларга шукр ва давоми...

1119 10:00 / 24.11.2021
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41804 14:35 / 11.08.2021