1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Сафларни тўғрилаш ва имомнинг у ҳақдаги гапи тўғрисида

05:00 / 04.01.2017 7212 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёки, албатта, сафларингизни тўғри қилурсиз, ёки Аллоҳ юзларингизни қарама-қарши қилиб қўюр», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Аввало, ушбу ҳадиснинг ровийи билан танишиб олайлик.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ансорийлардан бўлиб, Хазраж қабиласидан эдилар. Кунялари Абу Абдуллоҳ эди.

Ҳижратнинг 2-йили Мадинада таваллуд топдилар. ҳижратдан кейинги биринчи туғилган бола эдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида хотинлари Ноила Усмоннинг кўйлакларини Нўъмон ибн Баширга топшириб, Муовияга олиб боришни буюрадилар. Нўъмон ибн Башир Шомга бориб, кўйлакни Муовияга топширадилар, сўнгра Сиффин урушида Муовия билан қатнашадилар.

Дамашқда қозилик қилдилар, кейинчалик Яман, Куфа, ҳимс шаҳарларида амир бўлдилар. Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 124 та ҳадис ривоят қилдилар.

Бу зотдан ўғиллари Муҳаммад ва Башир, Шаъбий, ҳамид ибн Абдурраҳмон, Самок ибн ҳарб, Солим ибн Абу Жаъд ва бошқалар ривоят қилишди.

Нўъмон ибн Башир ҳижратнинг 65-йили «Маржураҳт» воқеасида ўлдирилдилар.

Бу ҳадисда мусулмонлар намозга саф торт¬ганларида уни тўғри қилишлари ўта лозим- лиги таъкидланмоқда. Шу билан бирга, сафни тўғриламаслик мусулмонлар бир-бирларини ёмон кўришликка сабаб бўлишига ҳам урғу берил- моқда.

Шунинг учун ҳам доимо сафни тўғри олишга ҳаракат қилишимиз зарур. Ана ўшанда ўзаро келишмовчилик, нафратдан омонда бўламиз. Минг афсуски кўпчилигимиз бунга унча эътибор қилмаймиз. Энди билиб олдик, эътибор бермасликка ҳаққимиз йўқ.


Имом Муслим қилган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни худди камон ўқини тўғрилагандек тўғрилар эдилар», дейилган».

Шарҳ: Маълумки, камоннинг ўқи қанчалик тўғри бўлса, у билан нишонга олиш шунчалик осон бўлади. Шунинг учун ҳам камончилар ўқнинг учига темир, кетига пат қадашдан олдин уни катта эҳтимом билан тўғрилайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камончи ўқни қанчалик эҳтимом билан тўғриласа, намоздаги сафларни шунчалик эҳтимом ила тўғрилар эканлар.

Демак, имомлар намозни бошлашдан олдин катта эҳтимом билан сафларни тўғрилашлари лозим.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Намозга иқомат айтилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга юзландилар ва сафларингизни тўғриланглар, етишиб туринглар, мен сизларни ортимдан ҳам кўраман», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бухорийнинг ривоятида:

«Сафларингизни тўғриланглар. Мен сизларни ортимдан ҳам кўрурман», дедилар. Биздан биримиз елкасини соҳибининг елкасига, қадамини қадамига тегизиб турар эди», дейилган».

Бошқа бир ривоятда:

«Сафларингизни тўғриланглар, албатта, сафни тўғрилаш намознинг батамомлигидандир», деганлар.

Яна бошқа бир ривоятда эса:

«Намозда сафни тўғри қилинг. Албатта, сафни тўғри қилиш намознинг гўзаллигидандир», деганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Намозга иқомат айтилгандан сўнг имом юзини қавмга ўгириб, уларни сафни тўғрилашга чақириши.

2. Қавм сафни етиштириб туриши лозимлиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятлари борлиги.

4. Сафда елкани елкага текказиб туриш сафларни етиштиришнинг ниҳояси эканлиги.

Баъзилар сафда оёқни ёнидаги кишининг оёғига текказиб турмаса бўлмайди, деб ҳам тушунганлар.

Лекин кўпчилик уламолар бу фикрни қабул қилмаганлар. Бу ривоятдан қадамларни бир-бирига текказиб туриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмас, балки ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг гаплари эканлиги маълум бўлди.

Намоз маълум ва машҳур ибодат. У фарз қилингандан бошлаб кўп йиллар давомида ҳамманинг иштирокида ва кўз ўнгида адо этилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом кўпчиликка намозни ўргатганлар. Жумладан, сафда туришни ҳам. Ўша машҳур ривоятларнинг бирортасида сафда турган одам оёғини кериб ёнида турган кишининг оёғига теккизиши фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб деб айтилмаган. Усули фиқҳ қоидасига биноан, намозга ўхшаш машҳур нарсаларда биргина саҳобийнинг гапи ҳужжат қилиб олинмайди. Худди шу қоидага биноан, мўътабар тўрт мазҳабдан бирортаси ҳам юқорида ўтган ривоятни қабул қилмаган. ҳанафийлар эса, икки оёқнинг орасини тўрт энлик миқдорда очиб туришни таъкидлаганлар, холос.

5. Сафнинг тўғрилиги намознинг батамомлигидан эканлиги. Яъни, жамоат намозида саф қанчалик тўғри бўлса, ўша намоз шунчалик тўкис адо этилади. Аксинча, саф қанчалик қинғир-қийшиқ бўлса, у шунчалик нуқсонли бўлади.

6. Сафнинг тўғрилиги намознинг гўзаллигидандир. Саф қанчалик тўғри бўлса, намоз шунчалик гўзал бўлади. Акс ҳолда намоз ўз гўзаллигини йўқотади.

Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафларни жипс ва тўғри қилиш билан уммат ўртасидаги жипс¬лик, иттифоқликни яхшилаб, ишларни батамом ва гўзал қилишга эришмоқлари мумкин.


Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг у бошидан бу бошигача орани тўғрилаб елкаларимиз ва кўкракларимизни силаб чиқар ва:

«Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилоф қилиб қолмасин», дер эдилар. Яна:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари биринчи сафларга салавот айтурлар», дер эдилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларнинг тўғри бўлишига нафақат оғизда, балки амалда ҳам эътибор берганлари баён этилмоқда. Сафнинг тўғрилигини кўрганларига кифояланмай, қўллари билан ҳам ушлаб, тўғрилаб чиқишлари шуни кўрсатади.

Имомларимиз ҳам баъзан шундай қилишлари керак.

Иккинчидан, сафдаги қинғир-қийшиқлик мусулмонларнинг қалбларидаги қинғир-қийшиқликка ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Демак, мусулмонлар жамоат намозида сафни тўғри олиб, бир хил тутсалар, қалблари ҳам тўғри ва бир хил бўлади. Агар улар сафларини қинғир- қийшиқ тутсалар, қалблари ҳам қинғир ва қийшиқ бўлиб қолади. Намоз ўқиб, жамоатда иштирок этганларнинг ҳоли шу бўлса, намоз ўқимай, жамоатга келмай юрганларнинг ҳоли қандоқ бўлишини ўзингиз билиб олаверинг!

Учинчидан, ҳадисда Аллоҳ биринчи сафда турганларга Ўз раҳматини нозил қилиши, фаришталар уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилишлари баён қилинмоқда.

Демак, сафда турган намозхонлар ўзларига Аллоҳнинг раҳмати ёғилаётганини ва фаришталар дуо қилаётганини ҳис қилиб турмоқлари лозим. Бу қандайин ҳам яхши ҳол! Уни топмоқ ва унга етишмоқ керак!


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозга турсалар ўнг қўлларига бир чўпни олиб, (ўнгга) бурилиб:

«Мўътадил бўлинглар, сафларингизни тўғриланглар», деб чиқар, сўнгра чап қўлларига олиб:

«Мўътадил бўлинглар, сафларингизни тўғриланглар», деб чиқар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турганларида бир хурмо шохидан бўлган чўпни олиб аввало, уни ўнг қўлларида тутган ҳолда сафнинг ўнг томонини тўғрилаб чиқар эканлар.

Сўнгра чўпни чап қўллари билан тутиб, сафнинг чап томонини ўша чўп билан тўғрилаб чиқар эканлар. Бу ҳам сафнинг тўғри бўлиши қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатмоқда.

Имомлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу одатларидан ўрнак олиб, намоз бошланишидан олдин сафни тўғрилашга вақт ажратишга алоҳида аҳамият берсалар, яна ҳам яхши бўлар эди.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафларингизни жипслаштиринглар, уларнинг орасини яқинлаштирингиз, бўйинларни баробарлаштиринг! Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мен шайтонларнинг сафдаги очиқлардан қўзичоқлардай бўлиб кираётганларини кўрурман», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда сафларнинг тўғрилаш билан бирга, яна лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Шулардан бири сафларнинг жипслигидир. Сафда турган кишилар сафни тўғри тутишлари, жипслашиб туришлари зарур. Бир-бирларининг ораларида очиқ жой қолмаслиги керак. Агар ўшандоқ жой қолса ҳам шайтон кириб васваса қилиши мумкин.

Иккинчидан, аввалги саф билан кейинги саф орасида ҳам катта жой қолмаслиги керак. Баъзи уламоларимиз, икки саф орасидаги масофа яна бир саф сиғиши даражасида бўлмаслиги керак, деганлар. Бошқа бир уламоларимиз, оралиқ масофа уч зироъ (1 зироъ – 42.5 см.) бўлиши керак, деганлар.

Бошқачароқ айтадиган бўлсак, кейинги сафдаги одам сажда қилганда олдинги сафдаги кишининг оёғига боши тегмайдиган бўлса, яхши. Саҳобаи киромларнинг сафлари шундай бўлган.

Учинчидан, сафда турган одамлар қаддиларини ҳам рост тутиб, бўйинларини тўғри тутишлари керак. Оёқларни тўғриласа-да, бири олдинга эгилиб, бошқаси орқага ташланиб, учинчиси яна бошқача турмаслиги керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафларни тўғриланг! Елкаларингизни тенглаштиринг! Очиқ жойларни тўлдиринг! Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг! Шайтон учун очиқликлар қолдирманг! Ким сафни етказиб турса, Аллоҳ ҳам уни (муродига) етиштиради. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дедилар».

Иккала ҳадисни Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: ҳадисда Пайғамбаримизнинг сафга тегишли бир неча амрлари келмоқда.

1. «Сафларни тўғриланг!»

Жамоат намозида нечта саф бўлса ҳаммасини тўғрилаш керак. Одатда биринчи, нари борса, иккинчи саф тўғриланади-да, кейинги сафларда бу нарсага эътибор берилмайди. Саф имомдан қанча узоқлашса, унинг тўғрилиги шунчалик бузилиб бораверади. Аслида эса биринчи саф қанчалик тўғри бўлса, охирги саф ҳам шунчалик тўғри бўлиши керак.

2. «Елкаларингизни тенглаштиринг!»

Одатда сафни тўғрилаш деганда, оёқлар тенглаштириладию, тананинг юқори қисмига эътибор берилмайди. Аслида эса оёқлар ва елкаларни ҳам тенглаштириб тўғрилаш керак. Оёқлар тўғри бўлиб, елкалар қинғир-қийшиқ турса ҳам бўлмайди.

3. «Очиқ жойларни тўлдиринг!»

Сафдаги очиқ қолган жойни тўлдириш орқадаги кишилардан бирининг ўша жойга кириши ёки очиқ жой кичик бўлса, ўша жойдаги кишининг ёнига силжиб, шеригига жипслашиши билан бўлади. Сафда турганлар бир-бирларига тегиб туришлари керак.

4. «Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг!»

Яъни, баъзи биродарларингиз сафни тўғрилаш ёки тўлдириш учун сизга қўлини теккизиб, тўғрилаш ёки силжишингизга ишорат қилса, мулойим бўлинг. Тезда у ишора этилган ишни бажаринг.

Имом Абу Довуд ва Имом Таборонийлар қилган ривоятда:

«Сизларнинг энг яхшиларингиз намозда елкалари мулойимларингиздир», дейилган.

5. «Шайтон учун очиқликлар қолдирманг!»

Бу жумла олдинги маъноларни таъкиди учун келмоқда. Сафда очиқлик қолдириш, шайтон кириши учун жой қолдиришдир.

Сафларни етказиб туриш улкан савобга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло у бандани улуғ савобларга ва мурод-мақсадига етказади. Сафларни узиш эса, аксинча, яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ таоло томонидан яхшиликларнинг узилишига сабаб бўлади. Шунинг учун доимо сафга турганимизда мазкур ҳадислардаги амрларга амал қилишимиз керак.


Сафларни тўлатиш зарурлиги ва ёлғиз туришнинг макруҳлиги

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сафларни тўлдирингиз! Албатта, мен сизларни ортимдан ҳам кўрурман», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Олдинги сафни тўлдиринг, сўнгра ундан ке¬йингисини. Агар камлик бўлса, охирги сафда бўлсин», дедилар».

Шарҳ: Одатда дангасалигимиздан олдинги сафга ўтиб уни тўлдириш ўрнига ҳам ўзимиз турган жойга яқинроқ бир ерга туриб олишга ҳаракат қилаверамиз. Оқибатда, олдинги сафлар тўлмай туриб, бош¬қа сафлар олинади. Бу эса мутлақо нотўғридир.

Аввал ҳамма биринчи сафни тўлдиришга ҳаракат қилиши лозим. Қолаверса, саф қуришнинг бошланиш нуқтаси имомнинг ортидан олинишини билишимиз лозим.

Чунки ҳар бир сафнинг энг афзал нуқтаси имомнинг орқасидаги жой, кейин эса ўнг томонидир. Шунинг учун ҳар бир сафни имомнинг орқасидаги нуқтадан бошлаб аввал ўнг томонни, кейин чап томонни тўлдириш керак.

Аввалги саф тўлганидан сўнг иккинчи сафга ўтиш керак. Шундоқ сафлана борилса, ҳамма сафлар тўлиб, фақат охирги саф тўлмай қолиши мумкин. Бу эса жоиздир.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Худди фаришталар Роббилари ҳузурида саф тортганларидек, саф тортмайсизларми?!» дедилар. Биз:

«Фаришталар қандоқ саф тортурлар?» дедик. У зот:

«Олдинги сафларни тўлдирурлар ва сафда жипс¬лашиб турурлар», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, намозда саф тортиб туриш, сиз билан биз ўйлагандек, оддий нарса эмас. Намоздаги сафларимиз фаришталарнинг Аллоҳ таоло ҳузурида саф тортишлари каби бир ишдир. Агар биз мусулмонлар ўз қадримизни биладиган бўлсак, Аллоҳга иймонимиз ва ибодатимиз ила фаришталардан юқори даражада бўла оламиз. Намозда сафда туриш эса ўша олий мақомнинг энг гўзал кўринишларидан биридир. Шунинг учун бу олий мақомни тўла ҳис қилган ҳолда саф тортиш керак.

Чунки намозга саф тортаётган мусулмонлар жамоат бўлиб Аллоҳ ила роз айтиш учун саф тортаётган бўладилар. Уларнинг сафлари фаришталарнинг сафидек тўғри, жипс ва гўзал бўлиши керак.


Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Амирлардан бир амирнинг орқасида намоз ўқидик. Одамлар аралаш-қуралаш бўлиб кетдилар. Биз икки устуннинг орасида намоз ўқидик. Намозни ўқиб бўлганимиздан кейин Анас:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик», деди».

Шарҳ: Аввало, ровий Абдулҳамид ибн Маҳмуд розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абдулҳамид ибн Маҳмуд Миълавий ал-Басрий, ҳадисларни Анас ибн Молик ва Абдуллоҳ ибн Аббослардан ривоят қилдилар. У зотдан ўғиллари ҳамза ва Сайфилар ривоят қилишди.

Имом Насаий Абдулҳамид ибн Маҳмуд ишончли ҳадис ривоят қилган зотлардан эдилар, деб айтадилар.

Ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давр¬ларида шундоқ бўлишидан қўрқар эдик», деганларидан, аралаш-қуралаш бўлиб сафга эътибор бермасликни ва икки устун орасида намоз ўқишни ҳам тушуниш мумкин.

Баъзи бир уламолар, жумладан, Имом Аҳмад икки устун орасида саф тортиш макруҳ, деганлар. Аммо жумҳур уламолар бу ишда кароҳат йўқ, икки устун орасида намозга саф тортса бўлаверади, деганлар.

Бу хилма-хиллик ушбу ҳадисни турлича тушуниш ва бошқа ҳадиси шарифларга таққослашдан келиб чиққан. ҳар ким мазҳабига амал қилиб, бош¬қани ҳурмат қилса, орада хилоф чиқмайди.


Вобиса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафнинг орқасида ёлғиз ўзи намоз ўқиётган одамни кўрдилар ва уни намозни қайтадан ўқишга амр қилдилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийи Вобиса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Вобиса ибн Маъднинг кунялари Абу Солимдир. Куфада истиқомат қилдилар. Сўнгра «Раққа» деган жойга кўчиб ўтдилар ва ана шу ерда вафот этдилар. Бу зотдан икки ўғиллари Амр ва Солим, Зиёд ибн Абу Жаъдлар ривоят қилишди.

ҳадисда киши жамоат намози сафининг орқасида ёлғиз ўзи қолиши яхши эмаслиги таъкид қилинмоқда. Агар бир киши сафга сиғмай қолса, яна одам келиши эҳтимоли узоқ бўлса, бундай ҳолда охирги сафдан бир кишини секин тортиб икковлари саф бўлишлари маъқул.

Жумҳур уламолар бу ҳадисдан агар бир одам сафдан ташқарида ёлғиз ўзи намоз ўқиса, намози қабул бўлмайди, деган гап келиб чиқмайди, бу ердаги намозни қайта ўқиш ҳақидаги амр мажбурий эмас, намознинг нуқсонли бўлишини таъкидлаш учун холос, деганлар.

Бу ҳукмни қуйида келадиган ҳадис ҳам қувватлайди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масжидга кирсам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам руку қилиб турган эканлар, сафга етмасдан мен ҳам руку қилдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ ҳирсингни зиёда қилсин, қайта бундоқ қилма», дедилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Абу Бакра розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ракат намозни топиб қолай, сафга турсам у зот рукудан бошларини кўтариб қолишлари мумкин, деб савобга ҳирс қўйиб, сафга турмасданоқ намозни ният қилган эканлар.

Аллоҳ таоло ортларидаги нарсани ҳам кўриш хусусиятини берган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни намозда туриб билдилар ва намоздан кейин Абу Бакра розияллоҳу анҳуга Аллоҳ савобга ҳарислигингни зиёда қилсин, аммо сафга етмай туриб, намозга ният қилишни иккинчи бор такрорлама, дедилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакра розияллоҳу анҳуга намозни қайта ўқи, демаганлари сафдан ташқарида ёлғиз намоз ўқиган одамнинг намози нуқсонли бўлса-да, қабул қилинишини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Мазкур ҳадисларни ўрганган одамда бу масалада икки хил йўл тутиш мумкинлиги ҳақида хулоса қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг масжидга давоми...

6509 05:00 / 09.01.2017
Билинг Дарҳақиқат, таҳорат тўрт хил бўлади1. Зоҳирий жасадни ҳадас, нажосат ва чиркинлардан поклаш.2. Аъзоларни турли гуноҳ ва ёмонликлардан поклаш.3. Қалбни ярамас, давоми...

4002 05:00 / 09.01.2017
Хотиржамлик Аллоҳни зикр қилиш билан пайдо бўлади. Аллоҳ таоло .Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур, Раъд сураси, 28оят, деб марҳамат давоми...

1252 09:00 / 04.12.2021
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Бомдод намозидан кейин, оёғини йиққан ҳолида туриб, гапримасдан олдин ўн давоми...

52362 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

120080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41746 14:35 / 11.08.2021