255 16.01.2017

Фитр садақаси ва Фитр Закоти бир-бирининг ўрнига садақа ва Закот сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилаверади.


Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. У садақа Рамазондан фитр(оғиз очиқлиги)га чиқиш муносабати ила берилгани учун ҳам фитр садақаси номини олган.

Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади. 

Фитр садақаси шариатга киритилишига қуйидаги оят ва ҳадислар далилдир.

Аллоҳ таоло: 

«Батаҳқиқ, ким Закотла покланса ва Роббиси исмини зикр қилса нажотга эришур», деган.


Касир ибн Абдуллоҳ у отасида, отаси бобосидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси нозил бўлган», дедилар». 

Ибн Хузайма ривоят қилган.

Юқорида зикр қилинган оят фитр садақасининг вожиблиги ҳақидадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилингандан кейин ҳеч қандоқ гапу сўзга ўрин қолмайди.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиши бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул Закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур». 

Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган.

Ушбу ривоятдаги «намоз»дан мурод - ийди фитр намозидир. Садақаи фитрни ийди фитр намозидан олдин бериш лозим эканлигини шу ердан билиб оламиз. 

Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очий-ойдин кўриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш бўлсин деб жорий қилинган.

Рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билимай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амаларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.

Садақаи фитр буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан ярим соъ берилади. Хурмо ёки арпадан бир соъ берилади. Буғдойдан икки мун берса ҳам бўлади.

Бу ҳукмларни қуйидаги ривоятлардан олинган.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этилдишига амр қилдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Бир «соъ» қанча бўлади? 

Аслида соъ бир идиш бўлиб, ғалла ва шунга ўхшаган нарсалар ўша идиш билан ўлчанган. Кейин оғирлик ўлчовлари чиққанда унга солиштирилган Шофеъий ва Ҳижоз фақиҳлари эътиборида бир соъ 2,751 грамм, Абу Ҳанифа ва Ироқ фақиҳлари эътиборида эса 3,800 гараммга тенг.

Фитр садақасига хурмо ва арпадан бир соъдан беришга ҳамма мазҳаб ва уламолар иттифоқ қилишган.


Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоларида у(фитр садақаси)ни таомдан бир соъ ёки хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ ёки майиздан бир соъ ёки қуртдан бир соъ берар эдик. Қачонки, Муовия келганда ва буғдой келганда:
«Менимча манавининг бир мудди икки муддга тенг келади», деди
». 

Бешовларидан ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда: 

«Токи, Муовия ҳаж ёки умра қилиб келганда ва одамларга минбарда туриб гапирганда:
«Менимча, албатта, Шомнинг икки мудд буғдойи бир соъ хурмога тенг келади», деди. Одамлар шу гапни ушлашди. Абу Саъид:
«Аммо, мен бурун қандоқ бўлса шунда давом этмоқдаман», деди
».

Абу Саъид розияллоҳу анҳу аввал садақаи фитр таомдан бир соъ бўлишини айтиб туриб, кейин унинг турларини-хурмо, арпа, майиз ва қурт, деб батафсил айтганлар. 

Ўша вақтда Хижозда буғдой истеъмоли оз бўлган, деярли бўлмаган. Шунинг учун у ерда кенг тарқалган тўрт хил таомнинг зикри келган. Кейинчалик буғдой ўсадиган жойлар ҳам мусулмон юртларга айланганидан кейин у Ҳижоз диёрида ҳам тарқалган. Буғдойнинг қиммати устун бўлгани унга талаб кучли эканлиги учун унинг ярим соъи бошқа таомларнинг бир соъига тенг қилинган. 

«Мудд» ҳам оғирлик ўлчови бўлиб, тўрт мудд бир соъ бўлади. Бу гапни халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу Шомдан Ҳижозга ҳаж ёки умра қилиб келганда эслатган экан. Шунда одамллар уни гапини олиб, буғдойдан ярим соъ миқдорида садақаи фитр беришга ўтган эканлар. 

Аммо, Абу Саъид розияллоҳу анҳу кўнгиллари бўлмай, бир соъ беришни яхши кўрган эканлар.


Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ибн Аббос Рамазоннинг охирида Басранинг минбарида хутба қилиб:
«Рўзанинг садақасини чиқаринг», деди.
Одамлар билмагандек туришаверади. Шунда у:
«Бу ерда аҳли Мадинадан ким бор?! Туринглар! Биродаринггизга ўргатинглар! Улар билишмас экан! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу садақани хурмо ва арпадан бир соъдан ва буғдойдан ярим соъ ҳар бир ҳуру қулга, эру аёлга кичигу каттага фарз қилганлар», деди.
Али келганда баҳонинг арзонлигини кўриб:
«Аллоҳ сизларга (ризқни) кенг қилиб қўйибди. Ҳар нарсадан бир соъ қилсангиз яхши бўларди», деди
». 

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Бу ҳадисда фитр садақаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари томонида ярим соъ қилиб белгилангани айтилмоқда. Шу гапни Ҳанафий мазҳаби ҳужжат қилиб олган.

Садақаи фитр ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам закот нисобига молик бўлган одамга вожиб бўлади. 

Бир кишининг нисобга етган моли бўлиб, у ўсадиган бўлса закот берар эди. Аммо садақаи фитрда молнинг ўсиши шарт эмас. Нисобга етса бўлди. Ўсмаса ҳам садақаи фитр бериши вожиб бўлавераи. Чунки садақаси фитрни бериш имкони борга вожиб қилинган.

Нисоб ила унга садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик ҳамда яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади. 

Кишининг молу мулки кўпайиб нисобга етгандан кейин бойга айланади. Бой одамга ўзига яраша молявий вазифалар юкланади. У закот ва садақа олиши ҳаром бўлади. Бой кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бой одам учун ўзининг яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Садақаи фитр бериши ҳам унинг зиммасига вожиб бўлади.

У садақаи фитрни ўзидан, фақир бўлгани учун ёш боласидан, мулки бўлгани учун ходимидан, агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам беради.

Мудаббар-хожаси, мен ўлганимдан кейин озодсан деб қўйган қул.

Умму валад-хожасидан бола кўрган чўри.

Бу икки тоифанинг нафақаси хожага вожиб бўлади ва уларни сотиб юбориш мумкин бўлмайди.

 Бунинг далили қуйидаги ҳадиси шарифдир.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эрга ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этилдишига амр қилдилар». 

Бешовлари ривоят қилишган.

Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласи номидан садақаи фитр бермайди. Бой бўлган ёш болага ўзининг молидан берилади. Шунингдек, биров ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, шериклик қули ва шериклик қуллар номидан садақаи фитр бермайди.

Бу матнда зикри келган ва бой киши уларнинг номидан садақаи фитр бериши лозим бўлмган шахсларга оид ҳукмларнинг баъзилари ҳозирда ҳам давом этаётган бўлса, баъзилари ўтган замон хабарига айланган. Ана ўша ўтган замон хабарига айланган тоифалар кишининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, шериклик қули ва шериклик қуллардир.


Ҳукми боқий қолганлар эса қуйидагилар;

1. Хотини.

Хотин мустақил шахсдир. У эрига мулк ҳам эмас, тўла қарам ҳам эмас. Хотинда эрнинг фақат жифти ҳалоллик ҳақи бор, холос. Хотин ўзининг мустақил мулк тутиш ҳақи бор. Шунинг учун унинг ўзи садақаи фитр каби молявий ибодатларни ўзи адо этади. Аммо эр ўз ихтиёри билан хотини номидан садақаи фитрни адо этса жоиз бўлади.

2. Катта боласи.

Балоғатга етган бола ўзи мустақил шахс бўлади. У мукаллаф бўлади. Ўзидан содир бўлган ишларга жавобгар бўлади. Ўзига мулк мустақиллиги бор. Бинобарин у молявий ибодатларини ўзи адо этади.

3. Бой бўлган ёш боласи.

Чунки бу боланинг ўз бойлиги бор. Шунинг учун унга вожиб бўлган садақаи фитрни ўзининг молидан адо этилади.

Садақаи фитрни бериш Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Уни олдиндан бериш жоиз. Кейинга қолса ҳам вожиблиги соқит бўлмайди.

Фитр садақаси бериш ийди-фитр куни тонг отиш билан вожиб бўлади, дейдилар Ҳанафий мазҳаби уламолари. Аммо, рамазоннинг аввалидан бераверса бўлади. Намоздан кейинга қолдирмаслик керак. 

Мабодо ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради-ю, савоби унча бўлмайди, аммо бериши шарт.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиши бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул Закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур». 

Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган.

Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очий-ойдин кўриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш бўлсин деб жорий қилинган.

Рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билимай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амаларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.

Садақаи фитр мискинларга берилади, улар уни таом қилиб ейдилар, хурсанд бўладилар. Ийд кунлари қувончларига-қувонч қўшилади. Шунинг учун ҳам ҳар ўлкада ўша ернинг энг кенг тарқалган таомидан садақаи фитр берилсин, дейилган. Шунда энг кўп одам манфаат олган бўлади.