115 22.04.2017

Жоғир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд келаётган эди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз тоғасини кўрсата олади!» дедилар». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва бошқа қариндошлари ҳақида кўп эшитган ёки ўқиб билган бўлишимиз мумкин. Аммо у зотнинг тоғалари билан таниш эмас бўлишимиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Ҳа, Саъд ибн Абу Ваққос исмли улкан саҳобий билан кўпчилик таниш аммо айнан худди ўша улуғ саҳобий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари эканлиги, у зот ўз тоғалари билан фахрланишлари ҳақида билганимиз кам бўлса керак. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила келажак сатрларда айнан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари бидан, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан қўлдан келганча танишиб, у кишининг фазийлатларини, шахсиятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўлароқ, аввалги мусулмонлардан ўлароқ босиб ўтган ҳаётий йўллари билан танишиб чиқамиз.

НАСАБ ВА ҲАЁТНИНГ ИЛК БОСҚИЧИ

У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оталарининг исми Молик бўлган, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган Саъд ибн Абу Ваққоснинг номларига оталарининг исми эмас, куняси қўшилиб айтиш одат бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб Исломга кирганлар гуруҳидан ҳисобланадилар. Маълумки, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари; Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн ал-Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумлар иймонга келдилар.
Шу билан бирга Саъд ибн Абу Ваққос ўзларини учинчи бўлиб Исломга келган шахс ҳисоблар юрар эдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Исломга кирган кунимдан аввал биров Исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб турдим». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, Саъд ибн Абу Ваққос ўзларига маълум гапни айтмоқдалар. Чунки ўша вақтда ҳамма нарса ўта махфий равишда тутилган. Ҳатто мусулмонлар ҳам бир-бирларини билмаганлар. Шунинг учун ҳам Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида Исломга келган шахслардан бехабар бўлганлар. У кишини Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлаб олиб келганлар ва Исломга келганларидан кейин мен учинчи мусулмон бўлдим деб ўйлаганлар. Етти кундан кейин бошқа кишиларни ҳам Исломга кирганига гувоҳ бўлганлар.
Уламоларимиз бу ҳақидаги маълумотларнинг ҳаммасини диққат билан ўрганиб чиқиб, Саъд ибн Абу Ваққос еттинчи рақамли мусулмонлар деган хулосага келганлар.
Буларнинг ҳаммаси Саъд ибн Абу Ваққоснинг Исломга илк бор кирган улуғ зотлардан эканликларини кўрсатади ва у киши учун улуғ фазл манбаси ҳисобланади.
Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломга қандоқ кирганларини қуйидагича васф қиладилар: «Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни, унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқларни кўрдим. Уларга:
«Бу ерга қачон келдингиз?» дедим.
«Бу соатда», дедилар.
Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яшрин равишда Исломга даъват қилаётганлари хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришни ирода қилганини билдим.
Бас, у зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа менинг олдимга туша олмаган.
Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва муҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб: «Эй Саъд! Сен қандоқ динга кирдинг ўзи! У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди!? Аллоҳга қасамки, ёки янги динингни тарк қиласан, ёки ўлгунимча еб ичмайман! Менга маҳзун бўлганингдан юрагинг парчаланиб кетади! Қилган ишингидан надомат қилиб ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблашиб юрадилар!» деди.
«Эй она, ундоқ қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман» дедим.
Ҳа, бошқа барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъднинг онаси унга ҳаттоки у ўз динига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб ичмасликка қасам ичди. Ва, Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» деди. Бас, уч кун туриб қийналганидан хушидан кетиб йиқилди. Унинг Умора деган ўғли туриб унга (бир нарса) ичирди.
Бошқа ривоятда: «Қачон унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуои бад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло: «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма»ни нозил қилди». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўша вақтнинг мушриклари янги мусулмонларни азаоблашнинг турли услубларни топганларига яна бир далил. Аввалда ҳаётларини ўрганиб чиққанимиз с.к.ларнинг ҳар бирига ўзига хос азоб ўйлаб топилган эди. Саъд ибн Абу Ваққосга эса маънавий азоб ишлатганлар. Энг азиз киши бўлмиш она, динингдан қайтмасанг, сенга гапимайман, ўзим еб ичмайман, деб туруб олиши ўғил учун энг оғир маънавий азоб бўлиши турган гап. Эҳтимол калтаклаб азоб берасалар енгилроқ бўлармиди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу мажоралари ҳақидаги имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тасвия қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма» ояти каримасининг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, ҳалот яна ҳам равшанлашади.
Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга: «Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам овқат ҳам емайман, ичимлик ҳам ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени, эй онасини ўлдирган, деб чақиришади», деди.
Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб: «Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлсаю битта-биттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хоҳласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.
Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».
Уламоларимиз юқорида зикри келган ояти карима Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлганини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Бошқа ёшларга онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу мисол қилиб кўрсатилар эди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар. Аммо у киши иймонни устун қўйдилар.
Ўн етти ёшли ёш йигит Саъд ибн Абу Ваққоснинг дин йўлида қилган бу ишлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Шу билан бирга Саъд ибн Абу Ваққос оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлдилар. Чунки, Аллоҳ таолонинг «Ва уларга бу дунёда маъруф илк соҳиб бўл» деган қавлига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлишни амр қилган эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос ўзларининг диндошлари билан бирга дастлабки босқичдаги мусулмонлар дучор бўлган барча азоб уқубат ва машаққатларни баҳам кўрдилар.
Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳулятул Авлиё»да келтирган ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бизга Маккада ҳаётнинг турли оғирликлари, қийинчиликлари ва машаққатлари етар эди. Бизга бало етганда уни эътироф қилдик, унга ўргандик ва сабр қилдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккада эдим. Кечаси сийгани чиқдим. Бирдан сийдигим остадан шитирлаган нарсанинг овозини эшитиб қолдим. Қарасам, туянинг бир парча териси экан. Уни олиб ювдим, кейин куйдириб икки тош орасига олиб чақдим. Сўнг уни сув билан ичиб уч кун жон соқладим».
Саъд ибн Абу Ваққос ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эди. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эди. Шундоқ қилиб Саъд ибн Абу Ваққос ўз вақтининг энг моҳир ва машҳур мерган камончиси бўлиб етишди. У кишининг қалбини иймон нури ёритган азадан бошлаб Исломнинг мухлис лашкарига айландилар. У киши ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам душманга юзма-юз келишдан тап тортмас эдилар.
Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мушриклардан беркиниб намоз ўқиб юрган пайтлари эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бир гуруҳ саҳобийлар билан Макканинг дараларидан бирида юриб борар эдилар. Бир пайт бир тўп мушриклар уларнинг устларига бостириб келиб қолдилар. Улар мусулмонларнинг динларини сўкиб ўзларига тажовуз қилдилар. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу туянинг суяги билан мушрикларнинг бирининг бошини ёрдилар. Бу Ислом йўлда тўкилган биринчи қон эди.

БИРИНЧИ МУҲОЖИРЛАР САФИДА

Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек бошқа Исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн берилганда Саъд ибн Абу Ваққос биринчилардан бўлиб дину диёнат, иймону эътиқод йўлида Маккадан Мадийнага ҳижрат қилдилар.
«Бароо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинага, бизнинг олдимизга биринчи келган шахс Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактум бўлдилар. Икковлари одамларга Қуръон ўқитишар эди. Кейин Билол келди… Саъд ибн Аби Ваққос, Амор ибн Ясир. Сўнгра Умар ибн Хаттоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирмата саҳобалари билан келди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Аҳли Мадинани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсанд бўлганларидек хурсанд бўлганларини кўрмаганман. Ҳаттоки, чўрилар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар, дейишарди». Бухорий ривоят қилган.
Имом Бухорий келтирган бу ривоятда биринчи номлари келаётган Мусъағб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ҳижратга изн бўлишдан илгари даъватчи устоз сифатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилганларини ҳисобга оладиган бўлсак, Саъд ибн Абу Ваққос энг биринчи ҳижрат қилганлардан эканлиги яна ҳам равшанлашади.
Ҳижратдан кейин бўлган барча ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида турганлардан бири Саъд ибн Абу Ваққос бўлдилар.

АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИДА БИРИНЧИ ЎҚ ОТГАН ШАХС

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳижратларидан кейин жойлашиб дастлаб қилиниши лозим бўлган ишларни ҳам сарамжонлаб олганларидан сўнг керакли жойларга турли топшириқлар ила сарийя-қуролли гуруҳлар юбора бошладилар. Ана ўша сарийяларнинг энг биринчиси сафида Саъд ибн Абу Ваққос ҳам бор эдилар.
Ўша сарийя ҳақида Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзлари Имом Бухорий қилган ривоятда жумладан тубандагиларни айтадилар: «Албатта, араблардан Аллоҳнинг йўлида биринчи ўқ отган одам менман!»
Бу тарихий ҳодиса қуйидагича содир бўлган эди. Биринчи ҳижрий санада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмуттолиб бошлиқ сарийяни Робиғ тарафга юбордилар. Улар биринчи сарийя ҳисобланар эдилар. Сарийя Қурайшнинг карвони билан йўлиқиши керак эди. Мушрикларга Абу Суфён бошлиқ эди. Мусулмонларнинг сарийяси олтмишта муҳожир саҳобалардан иборат эди. Мусулмонларнинг бу биринчи чиқишларида, биринчи байроқ ҳам тикилган эди. Биринчи байроқдорликка Саъд ибн Абу Ваққос ихтиёр қилинган эдилар. Икки тараф тўқнашди. Мушриклар билан мусулмонлар орасида биринчи қуролли тўқнашув содир бўлди. Ана шунда Саъд ибн Абу Ваққос биринчи бўлиб камондан ўқ отдилар.
Албатта, бу ишларнинг ҳаммасига муяссар бўлган зот Саъд ибн Абу Ваққос катта бахт-саодат ва фазлга эга бўлганлар. Бунчалик нарсалар ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Учинчи сарийяни Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу раҳбарликларида Ҳижознинг ал-Хироз номли ерига юборилган.
Демак, Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу энг аввалги мусулмон қўмондонлардан ҳам ҳисобланадилар.
Саъд ибн Абу Ваққос аввалги сарийялар ичида энг машҳурларидан бири, кўпгина шов-шувларга сабаб бўлган ва ҳақида Қуръони каримда оятлар ҳам тушган Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг сарийяларида ҳам бор эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни саккиз нафар муҳожир саҳобийлардан иборат жангчи гуруҳга бошлиқ қилиб юборганлар. Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хат бериб, уни икки кун юргандан сўнг очишга буюрганлар. Вақти келиб хатни очса, унда: «Ушбу мактубни ўқиганингдан сўнг Макка билан Тоиф орасидаги Ботни нахла деган жойгача юриб бор. Ўша ерда Қурайш қабиласини кузатасан ва бизга хабарини берасан. Шерикларингдан бирортасини ўзинг билан боришга мажбур қилма», деган гаплар ёзилган экан.
Бу Бадр урушидан аввал эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб, «Эшитдик ва итоат қиламиз», дедилар. Кейин шерикларига қараб: «Мени Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Ботни нахлага бориб, Қурайшни кузатиб, у кишига хабарини олиб боришимни буюрдилар. Сиздан бирортангизни ҳам мажбур қилишимдан қайтардилар. Сиздан ким шаҳид бўлишни хоҳласа, мен билан юрсин, ким ёқтирмаса, ортига қайтсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун бораман», дедилар.
Шерикларининг ҳаммаси ҳам битта қолмай бордилар. Ҳижознинг йўлига юриб кетдилар, бир ерга етганларида Саъд ибн Аби Ваққос ва Утба ибн Ғазвонларнинг туялари йўқолиб қолиб, уларни излаймиз, деб Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг гуруҳидан ажраб қолдилар. Қолган олти киши юриб кетдилар. Жангчи гуруҳ Ботни нахлага етганда Қурайшнинг тижорат ортилган карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн ал-Ҳазрамий ва яна уч киши бор эди. Жангчи гуруҳ Амр ибн ал-Ҳазрамийни ўлдириб, икки кишини асир олди, бир киши қочиб кетди. Карвон ўлжа қилиб олинди. Улар ўша кунни жумадул охир ойининг охирги куни деб ҳисоблашган эдилар. Кейин маълум бўлишича, Ражаб ойининг биринчи куни экан.
Жангчи гуруҳ ўлжани ва икки асирни олиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишган эди, у зот: «Мен сизларни уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилишга амр қилмаган эдим», дедилар ва ўлжа ҳамда икки асирни олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг бу гуруҳ, одамларнинг назаридан қолди. Мусулмон биродарлари уларга қўпол муомала қила бошладилар. Кўпчилик, булар ҳалокатга учради, деб ўйлади.
Аммо кейин оят тушиб уларни оқлади.

БАДРДА

Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр ғазотида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида ҳам бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг ўн еттинчи куни, жума кечаси хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар. Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳумларни сув олиб келишга буюрдилар. Майда тошли кичик тепаликни кўрсатиб, «Менимча, ана шу тепалик олдидаги қудуқдан сув топасиз», дедилар. Улар қудуқ олдида Қурайшнинг сув ташийдиган туялари ва мешкобчиларига дуч келдилар. Уларнинг баъзилари мусулмонларни кўриб қочиб қолишди. Ажир (мадикор) Қурайш ҳузурига бориб: «Эй Бани Ғолиб, анави Абу Кабшанинг ўғли (Расулуллоҳни назарда тутмоқда) ва унинг саҳобалари мешкобчиларингизни тутиб олиб кетдилар», деди. Қурайш лашкаргоҳида ҳаяжон кўтарилди. Улар ғазабга миндилар.
Имом ал-Баззор раҳматуллоҳи алайҳи келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр куни ҳам отлиқнинг. Ҳам пиёданинг жангини қилар эди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб ўз камонларидан душманга тинмай ўқ узар эдилар. У киши ҳар ўқ отишлридан олдин: «Эй бор Худоё! Уларнинг қадамларини ларзага солгин, қалбларига қўрқувни солгин, уларни ундоқ қилгин, бундоқ қилгин», дер дуо қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар: «Эй бор Худоё! Саъднинг дуосини қабул қилгин!» дер эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни мушриклардан бир эмас бирданига иккитасини асрга ҳам олганлар.
Бу ҳақда имом Абу Довуд ва Насаийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Мен, Саъд ва Аммор қўлга оладиган ўлжаларимизда шерик бўлдик. Саъд иккита асир тутиб келтирди. Мен ҳам, Аммор ҳам бирор нарса келтира олмадик».
Бадр уруши куни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг мерганликлари иш берди. У киши мушрикларнинг катталаридан бирини нозик жойидан мўлжалга олдилар.
Бу ҳақда Сияри Кабир китобида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан қуйидаги ривоят келтирилади: «Бадр куни Суҳайл ибн Амрни мўлжалга олдим. Унинг сон томири узилди. Мен қон изидан қидириб бориб уни ибн Духшамнинг олдидан топдим. Ул уни пешона сочини қирқиб қўйган экан. Унинг ҳақида хусуматлашиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Бас у зот уни биздан олиб қўйдилар».
Худди шу Бадр уруши куни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан бирга укалари Умайр ҳам иштиок этган эди. Умайрнинг ёши кичик бўлиб ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Жангдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон лашкарларни кўрикдан ўтказа бошладилар. Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мени кўриб қолиб қайтариб юбормасинлар деб беркиниб олди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уни кўриб қолиб қайтардилар. Шунда Умайр йиғлай бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари юмшаб уни қайтардилар.
Ана ўша пайт унинг олдига акаси Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу хурсанд бўлган ҳолда етиб келди ва кичкиналиги учун унинг қиличининг боғичини бўйнига боғлаб қўйди. Ака-ука хурсанд бўлиб Аллоҳ таолонинг йўлида жиҳодга шунидилар.
Бадр жангидан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ёлғиз ўзлари қайтилар. У киши ўз укалари Умайр розияллоҳу анҳуни Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид берган эдилар. Уни мушриклардан Амр ибн Абду Вадд қатл этган эди.

УҲУДДА

Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу жангнинг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилмаганлар. Фақатгина Саъд ибн Моликка қилганлар. У зот Уҳуд куни унга, От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. ва у: «Эй паҳлавон йигит!»ни зиёда қилган».
Шарҳ: Уҳуд урушида мусулмонлар қанчалар қийин аҳволга тушиб қолганларини яхши биламиз. Ана ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг атрофларидаги бир қанча фидокорларнинг ғайрати ила Аллоҳ таоло Ислом лашкарини бутунлай тор-мор бўлишдан соқлаб қолган эди. Худди ўша жангдан Саъд ибн Абу Ваққос ҳам катта қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. У киши машҳур чавондоз, баҳодир жангчи бўлиш билан бирга уста камончи мерган ҳам эдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг худди ўша мерганлик сифатлари Уҳуд урушида қўл келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга, «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дейишлари жуда катта гап. Бу гапни у зот бировга айтмаганлар. Бу ҳам Саъд ибн Абу Ваққосга бошқаларда йўқ фазлни беради. Фақат кейинроқ бўлган Хандақ урушида у зот алайҳиссалом «Ота-онам сенга фидо бўлсин!» деган гапни Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга ҳам айтадилар.
Имом Теримизий ривоятидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққосга қарата айтган, «Эй паҳлавон йигит!» деган гаплари ёлғиз Саъд ибн Абу Ваққоснинг ўзларига хосдир.
Ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Саъд ибн Абу Ваққос Уҳуд куни бир ўқ билан уч кишини ўлдирди. Бир отиб биттасини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига қайтариб отдилар. У ўша ўқни иккинчи марта отиб яна бир кишини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига яна қайтариб отдилар. У ўша ўқни учинчи марта отиб яна бир кишини ўлдирди. Одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг қилган ишидан ажабландилар. У бўлса: «Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тайёрлаб берган эдилар», деди.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ота-оналарини жам(лаб фидо» қилдилар».
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзларидан Уҳуд уриши ҳақидаги қуйидаги гапларни ривоят қиладилар: «Мушриклардан бири мусулмонларни куйдирган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «От! Ота-онам сенга фидо бўлсин! От!» дедилар.
Мен учида темири йўқ бир ўқни солиб отдим. Бас у ушрикнинг қоқ пешонасига тегди. У йиқилиб, аврати очилиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулган эдилар тишларининг оқи кўриниб кетди».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Уҳуд уруши куни ўзларига фаришта ёрдам бергани ҳақида қуйидаги гапни айтиб юрар эдилар: «Уҳуд куни ўқ отсам уни менга ўзим танимайдиган чиройли оқ кийимли одам қайтариб олиб келиб берар эди. Мен у фаришта бўлса керак деб ўйладим».
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида иккита фариштани кўрганлари ҳақидаги ривоятни имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги иборалар билан келтирадилар: «Уҳуд куни икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб жанг қилаётганларини кўрдим. Уларнинг устларидаги кийимлари оқ эди. Улар қаттиқ жанг қилар эди. Уларни олдин ҳам кўрмаган эдим, кейин ҳам кўрмадим».
Уҳуд уришидаги фидокорликлари мукофоти ўлароқ Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига сазовор бўлдилар.
Истийъоб китобида зикр қилинишича ўша куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳақларига: «Эй бор Худоё! Унинг ўқини ўткир қилгин, дуосини мақбул қилгин ва бандаларингга маҳбуб қилгин», деган дуони қилганлар.
Ибн Шиҳоб Зуҳрий розияллоҳу анҳу оз сонли кишилар ичида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Уҳуд уришида тутган ўринлари ҳақида: Уҳуд куни олти кишидан бошқа барча одамлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарлари махфий қолган эди. Улар; Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Каъб ибн Молик Ансорий, Абу Дужона Ансорий ва Саҳл ибн Ҳанийф Ансорийоардир», деганлар.

БИРИНЧИ ҚЎРИҚЧИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида бир кеча уйқулари қочди ва: «Саҳобаларимдан бир киши мени кечаси қўриқлаганида эди», дедилар.
Биз шундоқ ҳолда турганимизда силоҳнинг шитирлаганни эшитиб қолдик. Бас у зот: «Бу ким!?» дедилар.
«Саъд ибн Абу Ваққос», деди.
«Нимага келдинг?» дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Кўнглимга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида хавф тушиб у зотни қўриқлагани келдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳақига дуо қилиб сўнгра уйқуга кетдилар
». Термизий ва Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бундоқ иш Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг истакларига биноан Саъд ибн Абу Ваққоснинг кўнгилларига илҳом солмаса бўлиши қийин. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси орзу қилганларига мос келиб у зотни қўриқлаб дуоларини олиш. Бу ҳам катта гап. Бу шарафга ҳам бошқалар муяссар бўла олмаганлар. Бошлиқнинг амрини бажаришга ҳамма ҳам кетаверади. Аммо улуғ зотларнинг кўнгилларидагини топиб, ўша нарсани амалга ошириб дуоларини олиш алоҳида ътиборга ва мукофотга сазовор иш. Саъд ибн Абу Ваққос ана шундоқ кишилардан эдилар.

ДУОСИ ҚАБУЛ ЗОТ

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.
Сўнгра эса қуйидаги ривоятда келадиган дуони қилидлар.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, Саъд Сенга қачон жуо қилса, қабуд айлагин!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларидаги бу дуоарини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличлари, найзалари ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У киши қачон дуо қилсалар Аллоҳ таоло дуоларини қабул қиладиган бўлди.
Бу ҳақда келан кўплаб ривоятлардан бирини келтириш билан кифояланамиз.
Омир ибн Саъддани қуйидагилар ривоят қилинади: «Саъд Али, Толҳа ва Зубайрни сўқаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишдан қайтарди. У қайтмади. Шунда у: «Ундоқ бўлса сени дуои бад қиламан!» деди.
«Сен мени худди ўзингни набийдек тутиб таҳдид қиласана! деди ҳалиги киши.
Саъд бориб таҳорат қилди. Икки ракъат намоз ўқиди ва: «Эй Аллоҳим! Агар манашу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билагн бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзиган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!» деб дуо қилди.
Озгина вақт ўтмай туриб ҳовлилардан биридан бир туя қочиб чиқди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оқлари остига олиб тепсай бошлади. Уни ўлганича тепалади».
Бу ривоятдан кўплаб ибратлар оламиз. Жумладан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуолари қабул экани ва Али, Зубайр ва Толҳа розияллоҳу анҳумларнинг Аллоҳ таолога муқарраб бандалар эканликларини билиб оламиз.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида мусулмон лашкарининг биринчи сафида туриб мардонавор жанг қилдилар.

ФАТҲИ МАККАДА

Саъд ибн Абу Ваққос фатҳи Макка чиғида оғир ҳаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?»-дедим.
«Йўқ»-дедилар.
«Молимнинг учдан иккисиничи?»-дедим.
«Йўқ»-дедилар.
«Яриминичи?»-дедим.
«Йўқ»-дедилар.
«Учдан бириничи?»-дедим.
«Учдан бир. У ҳам кўпу. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар ҳандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан»-дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!»-дедим.
«Сен мендан кейин ажраб қолиб Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!»-дедилар». Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насийлар ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган ибратлар, хусусан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг фазлари ҳақида билинадиган маълумотлар жуда кўп.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурматлари юқори эканлиги.
Бу ҳодиса Маккада, фатҳ кунлари бўлган. Ана шундоқ серташвиш кунда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақт топиб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кўргани келишлари, улкан ҳурмат-эътиборга далолат қилади.
Ҳадиснинг давомидаги муомалаларидан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуни жуда ҳурмат қилишлари кўриниб турибди.
Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айнан шундоқ қилдилар.
Вафот этаётган киши молининг ҳаммаси, учдан иккиси ёки яримини хайр ишига васият қилиши жоиз эмаслиги.
Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайри-эҳсон ишига васият қилса жоизлиги.
Агар ундан озроқ бўлса яна ҳам яхшилиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга учдан бирга рухсат бериб туриб, кейин, учдан бири кўп, деб қўйишлари шуни кўрсатади.
Васият этаётган кишининг васияти учдан бирдан кўпга ўтмаслигини авввал ўрганганмиз. Ўша ҳукмни жорий қилини шига ушбу ҳадиси шариф далилдир.
Мусулмон киши ўз фарзандларига орқасидан молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.
Мўмин-мусулмон киши ҳалол-пок йўлда қилган ҳар бир нафақаси учун ажру савоб олиши аниқ эканлиги.
Аҳли аёлга қилинган сарф-харажатдан ҳам ажру-савоб олиш турган гап эканлиги. Эр ўз аёлининг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам савоб олади. Бу эса, аҳли аёлнинг ризқи-рўзини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқни тақозо қилади. Демак, баъзи кишиларнинг аҳли-аёлдан қисиб, хўжа кўрсинга нафақа қилишлари тўғри эмас.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг, эй, Аллоҳнинг Расули, энди, ҳижратмдан ажраб қоламанми?! деганлари, беморлигим туфайли Мадинага қайтиб кета олмай, Маккада қолиб кетсам, қилган ҳижратимдан ажраб қолган бўламанми? деганларидир.
Беморни кўргани келган одам, унинг кўнглини кўтарадиган гап қилмоғи лозимлиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга айнан шундоқ муомала қиладилар.
Вақтида ҳижрат қилган одам, беморлиги ёки бошқа ўз иродасидан ташқари сабаб туфайли ҳижрат жойига қайтиб бора олмай қолса, ҳижрати савоби камаймаслиги.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башоратлар берганликлари: Ажраб қолиб ҳам қилган ҳар бир солиҳ амаллари туфайли мартабалари ва даражалари билан бўлавериши. Шунинг учун ҳам у киши жаннатнинг башорати берилган ўн кишининг бири бўлган бўлсалар ажаб эмас.
У кишининг қолишларидан баъзи қавмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар манфаат топиши ва бошқалар-кофирлар зарар тортиши ҳақиқатда шундоқ бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу кейин ҳам мўминларга фойда, кофирларга зарар етказадиган ишларни кўп қилганлар. Мазкур беморликларидан тузалиб кетиб жиҳод ва улкан ишларни кўп қилиш шарафига муяссар бўлганлар.
Келгуси ривоят эса олдингисини тўлдириб келади.
Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Маккада бемор бўлиб қолдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, У зот қўлларини пешонамга қўйдилар, сўнгра қўллари ила юзимни ва қорнимни силадилар. Кейин эса: «Эй бор Худоё! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар. Ҳозиргача унинг жигаримдаги совуғини хаёлимда сезиб тураман». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққоснинг пешоналари, юз ва қоринларини силашлари ўта меҳрибонлик ва хайри бараканинг аломатидир. Бу эса Саъд ибн Абу Ваққос учун катта фазлдир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамага борган пайтларида бемор бўлиб қолганларида бу ердан ҳижрат қилиб кетган эдим, энди шу ерда ўлиб қолсам ҳижратим нима бўлади, деган хаёлга борганларини аввалги ривоятдан билдик. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганларида: «Эй бор Худоё! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар».
Яъни, яна ўзи ҳижрат қилган жой Мадийнаи Мунавварага қайтиб бориб ҳижратини охирига етказишини насиб қилгин, деганлари. Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу тузалиб кетдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз тоғалари ва улкан саҳобалари Саъд ибн Абу Ваққосга жуда ҳам меҳрибон эканликлари, у кишини ўта эҳтиром қилишлари тубандаги ривоятдан ҳам билинади.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бемор бўлдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. У зот қўлларини икки эмчагим орасига қўйдилар. Унинг совуғини қалбимда ҳис этдим. Сўнгра У зот: «Сен юраги хаста одам экансан. Сақифлик ал-Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган одам. Бас, у Мадийнанинг ажвасидан етти дона хурмо олиб, данаги билан туйсин. Сўнгра сенга ичирсин», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
«Ажва» Мадинаи Мунавваранинг олий навли машҳур хурмоси.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз тоғаларига қанчалик меҳрибонликлари у зотнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу беморликларини кўргани келганлари, меҳр билан қўлларини у кишининг сийналарига қўйганларидан яққол билиниб турибди. Дорри ичиш ва табибга бориш ҳақидаги маслаҳатлар ҳам буни таъкидлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунчалик эҳтимом қозониш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди.

АБУ БАКР СИДДИҚ ДАВРИДА

Саъд ибн Абу Ваққос Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида асосан шўро мажлиси аъзоси сифатида сиёсий раҳбарлик ишларида қатнашдилар. У киши розияллоҳу анҳу кўпгина масаларни ҳал қилишда ўзларининг оқилони маслаҳатлари билан шўро мажлисининг кўзга кўринган аъзоларидан бири бўлдилар.

УМАРИ ОДИЛ ДАВРИДА

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида турли жабҳаларда фатҳ ишлари олиб борилди. Энг муҳим жабҳалардан бири Форс жабҳаси эди. Уни ўша вақтнинг истилоҳи билан Ироқ деб аташар эдилар. Бу жабҳада мусулмонлар катта ютуқларга эришиб форсларни бир неча бор турли жангларда енгдилар. Аммо кўприк жанги деб аталган жангда улар форслардан енгилдилар. Бу ўз навбатида форсларни руҳлантириб юборди.
Форслар ўзларининг кетма-кет мағлубиятларини бирликнинг йўқлигидан деб билдилар. Маслаҳат қилиб Кисронинг авлодидан бўлган Яздажирни подшоҳ этиб сайладилар. Улар катта аскар тўплаб мусулмонларга қарши ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошладилар.
Ўша пайтдаги мусулмонлар лашкарбошиси Ал-Мусанна бу хабарларни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етказди. У киши ҳамма тарафдан лашкар тўплашга амр қилдилар. Турли вилоятлардаги волийларга амр юбориб лашкар тўплаб юборишни талаб қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн учинчи ҳижрий сана ҳажини қилиб қайтганларида Мадинага кўплаб лашкар тўпланган эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўпланган кўп сонли лашкарни олиб, Зирор номли жойга лашкаргоҳ ташкил этдилар ва одамлар ила шуро мажлиси қурдилар. Шуро ҳазрати Умарнинг ўзлари ғазотга чиқмасдан Мадинада қолишлари кераклиги, етук кишилардан бирини лашкарбоши этиб таъйин қилишлари лозимлиги ҳақида қарор чиқарди.
Демак, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўрниларини босадиган салмоқли одамни мусулмонларнинг форсдаги жабҳасига бош қўмондон қилиш керак эди. Бу масала бўйича шўро мажлиси анча бош қотирди.
Охири Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу
«Мен топдим!» деди.
«Кимни топдинг?» деилар ҳазрати Умар.
«Чангали зўр Арслонни! Саъд ибн Молик аз-Зуҳрийни!» деди Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни лашкарбоши этиб таъйинладилар ва у кишига қуйидаги тавсияни қилидлар:
«Онасининг боласи Саъд! Расулулоҳнинг тоғаси, Расулулоҳнинг саҳобаси, дейилишлиги сени ғурурга кетказмасин. Албатта, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ювмайди. У зот ёмонликни яхшилик билан ювади. Аллоҳ билан бировнинг ўртасида У зотнинг тоатидан ўзга насаб йўқ. Одамларнинг барчаси Аллоҳнинг динида тенгдирлар. Улар У зотнинг бандаларидир ва У зотнинг ҳузурида офият ила фазл топарлар, У зотнинг ҳузуридаги нарсани У зотнинг тоати ила оларлар. Назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лозим тутган ишни ўзингга лозим тут».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга қилган бу ваъзлари давлат бошлиғининг янги таъйин қилинган давлат мансабдорига насиҳати эди. Уни мансаб туфайли ховлиқиб кетмаслиги учун айтилган гаплар эди.
Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққосни тўрт минг кишилик лашкар ила йўлга солдилар. Кейинроқ ортидан яна шунча лашкар билан аҳднома юбордилар. Аҳднома матни қуйидагича эди:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аммо баъд; албатта, мен сени ва сен билан бўлган жангчиларни ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга тақво қилишга чақираман.
Албатта, Аллоҳга тақво қилиш душманга қарши афзал тайёргарлик ва урушдаги энг кучли ҳийладир. Мен сени ва сен билан бўлганларни душманингиздан кўра кўпроқ эҳтиёт бўлишга амр қиламан.
Албатта, лашкарнинг гуноҳи улар учун душманларидан кўра хавфлидир. Мусулмонларга душманларининг Аллоҳга қилган маъсиятлари туфайли нусрат берилади. Агар ўша нарса бўлмаса, бизнинг уларга қувватимиз етамайди. Чунки бизнинг ададимиз уларнинг ададича, тайёргарлигимиз уларнинг тайёргарлигича эмас. Агар улар билан гуноҳда тенг бўлиб қолсак, улар биздан қувватда афзал бўладилар. Бизга улар устидан фазлимиз ила нусрат берилур. Биз уларга қувватимиз ила ғолиб келганимиз йўқ.
Билиб қўйинглар, юрганингизда устингизда Аллоҳнинг ҳафазалари бор. Улар сизнинг қилганингизни билурлар. Бас, улардан ҳаё қилинглар. Аллоҳнинг йўлида юриб туриб, Аллоҳга маъсият қилманглар. Душманимиз биздан ёмон, биздан устун бўла олмаслар, деманглар. Баъзи қавмларга улардан кўра ёмонлар устун бўлганлар. Бани Исроил маъсиятлар қилганларида устларидан мажусий кофирлар устун бўлганидек. Бас, диёрларни кездилар ва амал қилинган ваъда бўлди. Аллоҳдан душманингизга қарши нусрат сўраганингиздек, ўз ҳавои нафсингизга қарши ҳам ёрдам сўранг. Алоҳдан буни ўзимизга ҳам, сизга ҳам сўрайман.
Мусулмонларга юришларида меҳрибон бўл. Уларни чарчатадиган йўлга бошлама. Уларга меҳр кўргазадиган манзилда кимчиликка йўл қўйма. Улар душманларига етиб боргунларича йўл уларнинг қувватларини қирқиб қўймасин. Чунки улар муқим турган, ўзлари ҳам туёқлари ҳам ҳимояда турган душман сари юриб борувчилардир. Ҳар ҳафта бир кечаю бир кундуз муқим бўл. Токи одамлар роҳат олиб жонларини тирилтирсинлар, силоҳларини ва матоъларини қўйсинлар. Уларнинг турар жойларини аҳли сулҳ ва зиммаларнинг шаҳар ва қишлоқларидан четта қил. У ерларга сенинг соҳибларингдан фақат ўзинг ишонадиганларинггина кирсин. Ҳеч ким уларнинг аҳлига тега кўрмасин. Уларнинг ўзларига яраша ҳурматлари ва зиммалари бор. Сизлар уларга вафо қилишга мажбурсизлар. Улар эса сабр қилишга. Модомики сабр қилар эканлар, улар ҳақида яхши ният қил. Уруш ҳолидагиларга қарши аҳли сулҳларга зулм қилиш ила ёрдам берманглар.
Қачон душман ерига қадам боссанг ўзинг билан улар орасида кўзларни тийрак қил. Уларнинг иши сенга махфий бўлмасин. Ҳузурингда араблардан ва ўша ер аҳлидан сен насиҳатига ва садоқатига ишонадиган одамлар бўлсин. Албатта, ёлғончининг яхшилиги, агар баъзида сенга росгўйлик қилса ҳам, сенга манфаат бермайди. Душман ерига яқинлашганингда улар билан ўзингнинг орангда кичик жанчи гуруҳлар ва хабарчиларни кўпайтир. Жангчи гуруҳлар уларга ёрдам ва тамиънот келишини кесади. Хабарчилар эса уларнинг сирларини билади. Хабарчиларга ўз одамларингдан фикрли ва кучли одамларни танла. Уларга чопқир отларни бер. Агар душманга йўлиқиб қолсалар, уларга куч зоҳир қиладилар. Жангчи гуруҳларга жиҳод ва сабр аҳллларидан қўй. Ҳавои нафсига берилиб сенинг фикринг ва ишингни зое қиладиганларни қўйма. Ғалаба, йўқотиш ва зарбадан хавфсираган томонингга зинҳор жангчи гуруҳ ҳам, хабарчилар ҳам юборма.
Душманни кўз билан кўрганингда четдаги, жангчи гуруҳдаги ва хабарчи гуруҳлардаги одамларингни ўзингга жамла. Ўзингга ҳийлаларингни ва қувватингни жамла. Токи душманингнинг айбларини ва нозик жойларини ўрганиб олмагунингча, уруш мажбур қилмаса, у билан тўқнашишга шошилма. Ер билан худди унинг аҳли билан танишганинг каби яхшилаб танишиб ол. Душман сенга нима қилса, сен ҳам унга шуни қиласан. Сўнгра аскарингнинг қоровулларини сергак қил. Бутун имкониятинг ила қўққисдан ҳужум бўлиб қолишидан ҳушёр бўл. Ақди йўқ асирни келтирилса, албатта, бўйнига ур. Аллоҳнинг душманини ва ўзингнинг душманингни қўрқитасан. Сенинг ишингнинг ва сен билан биргаларнинг валийси Аллоҳдир. У зот сизларга душманингиз устидан нусрат берувчи ҳам. Аллоҳ ёрдам сўраладиган зотдир».

Ушбу минг тўрт юз йил аввалги тарихий ҳужжат бугунги кунимиз ҳарбий мутахасисларининг ҳам таҳсинига ва қоил қоилишига сабаб бўлмоқда. Ўша пайтдаги Ислом давлатининг раҳбари ва Ислом лашкарининг олий бош қўмондони Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳарбий даҳосидан далолат бериб турибди. Ўша пайтдаги мусулмон фотиҳларнинг шонли лашкарининг дунёнинг ларзага солган зафарлари бежиз эмаслигини кўрсатиб турибди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Зарвадага етиб келганларида ал-Мусанна розияллоҳу анҳу кўприк жангида олган жароҳати тузалмай вафот этгани хабари келди. Унинг лашкари ҳам Саъд лашкарига қўшилди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрларига биноан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу лашкарни ягона қўмондонлик остида қайтадан тузиб чиқди. Ўнбошилар, байроқдорлар, олд, орт, чап, ўнг ва бошқа тарафу вазифалар бўйича бошлиқларни ҳам таъйинлади.
Лашкарга қози ва котиб ҳам таъйин қилинди. Лашкарнинг дуочиси Салмони Форсий розияллоҳу анҳу эдилар.
Ислом лашкари Қодисия номли жойда бир ой туриб қолди. Сўнгра форслар Рустам бошчилигида катта аскар билан келаётгани хабари келди.
Буни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етказган эди, у кишидан: «Улар ҳақидаги хабар сени ташвишга солмасин. Аллоҳдан ёрдам сўра ва Унга таваккал қил. Мунозара, фикр ва қувват аҳлидан уни даъват қилгани одам юбор. Аллоҳ уларнинг даъватини осон қилади», деган хабар юборди.

ЯЗДАЖИРНИ ИСЛОМГА ДАЪВАТ ҚИЛИШ

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Форс подшоҳи Яздажирни Исломга даъват қилиш учун ашрофлардан даъватчилар юборди. Уларнинг ичида; Нўъмон ибн Муқаррин, Қайс ибн Зарора, Ашъас ибн Қайс, Фурот ибн Ҳайян, Осим ибн Амр, Амр ибн Маъдийкараб ва Муғийра ибн Шўъбалар бор эди. Улар Мадоинга етганларида Яздажирнинг олдига киритилдилар. У таржимон орқали:
«Сизларни нима олиб келди ва бизга ғазот қилишга, юртимизга киришга ундади? Биз сизлардан машғул бўлиб қолганимизга сизлар бизга ҳамла қилишга журъат қилдингизми?» деди.
Уларнинг номидан Нўъмон ибн Муқаррин гапирди:
«Аллоҳ бизларга раҳм қилиб, бизни яхшиликка амр қиладиган ва ёмонликдан қайтарадиган пайғамбар юборди. У зот бизга агар ижобат қилсак бу дунё ва охират саодатини ваъда қилди. У киши қай бир қабилани даъват қилса, албатта, бир фирқаси яқин бўлиб, бир фирқаси узоқ бўлди. Сўнгра у зот ўзларига хилоф қилган араблардан бошлашимизни амр қилдилар. Бас, биз бошладик ва улар икки йўл билан; ноилож қолиб ёки иштиёқ қилиб кирдилар. Биз ҳаммамиз у киши келтирган нарса ўзимиздаги адоват ва торликдан афзал эканини билдик. Сўнгра у киши бизга қўшни бўлган умматлардан бошлаб уларни инсофга чақиришимизни амр қилди. Биз сизларни ўз динимизга даъват қиламиз. У барча яхшини яхши ва ёмонни ёмон қилган диндир. Агар бош тортсангиз, иш ёмон бўлади. Ёмоннинг енгили жизядир. Агар бош тортсангиз уришиш. Агар сиз бизнинг динимизга ижобий жавоб берсангиз, ичингизда Аллоҳнинг китобини қолдирамиз. Унинг ҳукмини қоим қилгунингизча турамиз. Сўнг сизни ҳам, юртингизни ҳам ўз ҳолингизга қўйиб қайтиб кетамиз. Агар жизя берсангиз, сизларни ҳимоя қиламиз. Булар бўлмаса, сизлар билан уруш қиламиз», деди.
Яздажир: «Мен дунёда сизларчалик бадбахт, сони оз ва ўзаро алоқаси ёмонларни билмайман. Биз сизларга чет қишлоқларимизни вакил қилар эдик. Улар сизнинг ишингизга кифоя қилар эдилар. Форсга қарши турамиз деб тамаъ қилманглар. Агар сизларга ғурур етган бўлса, ғурурларингиз бизга кетмайди. Агар қаҳатчиликка учраган бўлсангиз, ҳосилдорликка етиб олгунингизча қуту ла ямут бериб турамиз, сизларни икром қиламиз, кийинтирамиз, меҳр кўрсатадиган подшоҳга топширамиз», деди.
Шунда Қайс ибн Зарора туриб: «Аммо сен зикр қилган ёмон ҳолат, худди сен васф қилгандек ва ундан ҳам бадтар эди. Сўнгра арабларнинг ҳаёти ва Аллоҳ раҳм қилиб уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юборгани ҳақида Нўъмоннинг гапга ўхшаш гапни айтди. Охири у: «Ихтиёр қил; ёки бўйсунган ҳолингда жизя беришни, ёки қилични, ёки жонингга Ислом ила нажот бер», деди.
Яздажир: «Агар элчиларни ўлдириш мумкинмаслиги бўлмаганда сизлари, албатта, қатл қилар эдим. Ҳузуримда сизларга ҳеч нарса йўқ», деди.
Сўнгра у бир кўтарим тупроқ келтиришни буюрди ва ўз одамларига: «Уни анавиларнинг энг улуғига ортиб қўйинглар! Сўнгра уни токи Мадоиннинг эшигидан чиққунича ҳайдаб боринглар!» деди.
Шунда Осим ибн Амр ўрнидан туриб: «Мен улуғлариман», деди ва тупроқни олиб кўтариб чиқиб уловига минди. Саъднинг ҳузурига етганда: «Суюнчи бер! Аллоҳ бизга уларнинг мулкининг жиловини берди!» деди.
Форсларнинг юз мингдан ортиқ ададга эга бўлган Рустам бошчилигидаги аскари Қодисия номли ерга тушди. Орада кўприк бор эди.
Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда топдилар.
Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди.
Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ ибн Омир исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга:
«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.
Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик!» деди.
Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.
Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб ичкарига кирди. У қиличини қинига солиб тақиб олган, қўлида найзаси бор эди. У оти билан гиламнинг устига чиқди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.
Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу отини ўша ердаги болишлардан иккитасига боғлади. Арқонини ҳам ўша ерга қўйди. Сўнгра тўқимини олиб тахлади. Унга силоҳингни қўй деб ишора қилишди. У:
«Ўзимча келганимда амрингиз ила иш қилар эдим. Аммо мени сизлар чақириб келдингиз», деди.
Кейин у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини ёки серзийнат гиламни тешар эди. У қасддан майда қадам босар ва кўпроқ нарсага найза санчар эди.
Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, найзасини гиламга санчиб қўйиб ерга ўтирди ва:
«Биз сизларнинг зийнатингизга ўтирмаймиз», деди.
Форсларнинг каттаси Рустам таржимонга: «Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.
Робиъ розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У: «Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.
Сўнгра у ўз гапида давом этиб: «Аллоҳ Ўз Расулини Ўз дини ила халойиққа юборди. Ким уни қабул қилса, биз ҳам қабул қиламиз ва уни ўз ерида тарк қиламиз. Ким бош тортса, то жаннатга тушгунимизча ёки зафарга эришгунумизча у билан уруш қиламиз», деди.
Рустам: «Батаҳқиқ, гапингизни эшитдик. Бу ишни биз назар солиб чиққунча ортга суриб турсангиз бўладими?» деди.
«Ҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга душманларга уч кундан ортиқ имкон бермаслигимизни суннат қилганлар. Биз сизлардан уч кунгача хабар олиб турамиз. Ишингга назар сол. Берилган муддатдан кейин уч нарсадан бирини танла;
Ислом-унда биз сени ўз ерингда тарк қиламиз.
Жизя-уни қабул қилиб сени тек қўямиз ва агар бизга ҳожатинг тушса сенга ёрдам берамиз.
Ёки тўртинчи куни бўладиган уруш. Магар сен уни бошлайдиган бўлсанг (аввал бўлиши ҳам мумкин). Мен ўз шерикларим номидан бунга кафилман», деди.
«Сен уларнинг каттасимисан?» деди Рустам.
«Йўқ. Лекин мусулмонлар бир-бирларига нисбатан худди бир жасадлар. Уларнинг энг кичиги берган омонликка энг каттаси ҳам амал қилади», деди-да Робиъ розияллоҳу анҳу қайтиб кетди.
Рустам ўз одамлари билан холи қолгада уларга: «Шу одамнинг гапига ўхшаш гапни ҳеч кўрганмисизлар?» деди. Улар писанд қилимасликларини айтишди. Рустам:
«Шўрингиз қурисин! Мен фикрга, гапга ва аламга назар соламан. Араблар кийим бошга писанд қилмайдилар. Аммо ҳасабни яхши соқлайдилар», деди.
Эртасига у Саъд розияллоҳу анҳуга, кечаги кишини бизга юбор, деб одам юборди. У бўлса Ҳузайфа ибн Миҳсон ал-Ғатафонийни юборди. У келиб Робиъ нима қилган бўлса, ўшани қилди, нима деган бўлса, ўшани деди.
Рустам: «Аввалги бизга нимага келмади?» деди.
У: «Амиримиз бизнинг орамизда кенгчиликда ҳам, торчиликда ҳам адолат қилади. Бугун менинг навбатим», деди.
Рустам: «Ваъда қачонгача?» деди.
У: «Кечадан бошлаб уч кун», деди.
Учинчи куни Рустам Саъд розияллоҳу анҳуга, бир кишини бизга юбор, деб одам юборди. Саъд розияллоҳу анҳу Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳуни юборди. У келиб тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу:
«Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Сиздан кўра эси паст қавмни кўрмаганман. Биз араблар бир-биримизни банда қилиб олмаймиз. Илло душман тарафдан жанг қилган бўлса бошқа гап. Мен сизлар ҳам бизга ўхшаб қавмингизга насиҳат қиласизлар деб ўйлабман. Бу қилганларингиздан кўра бир-биринингзни робб қилиб олганингиз хабарини берганингизда яхши бўлар эди. Бу иш ила узоққа бора олмайсиз. Мен сизларга ўзимча келганим йўқ. Сизлар мени чақирдингиз. Бугун сизлар, албатта, мағлуб бўлишингизни англадим. Бу ҳолат ва бу ақллар билан мулк бардавом бўлмайди», деди.
Хизматчилар: «Аллоҳга қасамки, араб рост гапирди», дедилар.
Деҳқонлар: «У қулларимизни ўзига доимо жалб қилиб турадиган гап айтди. Умматимизнинг ишини бачканалаштирган ўтганларимизнинг додини Худо берсин», дедилар.
Рустам ўз сўзида Форсларни улуғлади. Арабларни ерга урди. Уларнинг ҳолати ёмон бўлганлиги ва ночор яшаганларини эслади.
Муғийра: «Аммо сен бизнинг ёмон ҳолатда, ночор ҳаётда ва ихтилофда эканлигимиз ҳақида қилган васф тўғри. Буни инкор қилмаймиз. Дунё айланиб туради. Шиддатдан кейин фаровонлик келади. Агар Аллоҳ сизга берган нарсаларга шукр қилганингизда ҳам, шукрингиз сизга берилган нарсадан оз бўлар эди. Аммо шукрнинг озлиги сизнинг ҳолингизни ўзгартирибди. Аллоҳ бизга бир Пайғамбар юборди, деб ўзидан олдингиларнинг гапини такрорлади. Сўзининг охирида Исломни қабул қилиш, жизя бериш ва уруш қилишдан бирини танлашни таклиф қилиб қайтиб кетди.
Форслар урушга қарор қилдилар.

БИРИНЧИ КУН АРМОС КУНИ

Ўша кунлари Саъд ибн Абу Ваққос қаттиқ хаста эдилар. Бутун баданларига яра тошиб кетган эди. ҳаттоки ўтира олмас ҳам эдилар. Аммо шундоқ бўлса ҳам дунё тарихидаги энг муҳим жангни ўта зукколик ва улкан жасорат билан бошқара бошладилар. Саҳобалар у кишини беҳудага «чангали кучли арслон» деб атмаганлар эди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу лашкар ичида ваъз қилишга ва «Анфол» сурасини қироат қилишга амр қилди. Мусулмонларнинг қалблари жўш уриб, кўзларига ёш тўлиб сокинлик ҳолига келдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ўзлари асоссий ваъзни қилдилар. У киши розияллоҳу анҳу ўз ваъзларида «Батаҳқиқ, Биз зикрдан сўнг Забурда ҳам: «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик», оятини тиловат қилидлар ва: «Пешинни ўқиб бўлиб такбир айтаман. Биринчи такбирни айтганимда, сизлар ҳам такбир айтиб тайёргарлик кўринглар. Иккинчи такбирни айтганимда, сизлар ҳам такбир айтиб анжомларингизни кийинг. Учинчи такбирни айтганимда, сизлар ҳам такбир айтиб одамларни ҳаракатга келтиринг. Тўртинчи такбирни айтганимда, сизлар ҳам такбир айтиб душманингизга ҳамла қилинг ва «лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳи»ни айтинг», деди.
Уруш қаттиқ бўлди. Форсларнинг филлари мусулмонларни кўп қийнади. Мусулмонлардан Бани Асад қабиласи катта жасорат кўрсатди ва кўп талофат кўрди.

ИККИНЧИ КУН АҒВОС КУНИ

Саъд розияллоҳу анҳу шаҳидларни дафн қилишга ва ярадорларни даволашга одам қолдирди. Қолганларни кечагига ўхшатиб жангга таёрлади. Шу пайт Шомдан мадад кучлари ҳам етиб келди. Бу кучлар ичида мусулмонларнинг шавкатли баҳодирлари, жумладан, Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу бор эди. У ҳаммадан олдин етиб келди ва тўғри ўртага чиқиб форслардан ўзи билан муборза қилишга паҳлавон чиқаришни талаб қилди. Улар Зул Ҳожибни чиқардилар. Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу уни бирпасда ишини тўғрилади. Кун бўйи жанг бўлди. Ўша куни мусулмонлар ғалабага ишондилар.

УЧИНЧИ КУН АММОС КУНИ

Мусулмонлардан шаҳид ва ярадор бўлганларнинг адади икки мингга етган эди. Уларга дафн ва даволаш учун одам ажратилди. Ярадорларга аёллар қарар эдилар.
Ўша куни ҳам кун бўйи жанг бўлиб қоронғу тушганда икки тараф ажрашди.

МИЁВЛАШ КЕЧАСИ

Кечаси форслар кутилмаганда ҳужум қилиб қолишди. Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб улар томон ҳамла қилди. Бани асадликлар унинг кетидан душманга ташландилар. Хуфтонни ўқиб бўлиб Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу такбир айтдилар. Ҳамма жангга ташланди. Кечаси бўлгани учун мусулмонлар гапирмасдан бир-бирлари ила миёвлашиб хабарлашар эдилар. Шунинг учун бу кечанинг номи «миёвлашув кечаси» бўлиб қолган. Тонг отганда ҳам жанг давом этар эди.

ҚОДИСИЯ КУНИ

Тонг чоғи Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу одамларга қараб: «Қайси томон бир соат сабр қилса, ўша ғолиб бўлади. Бир соат сабр қилинглар. Ғалаба сабр биландир!» деб қичқирди. Бир гуруҳ одамлар унга қўшилди. Пешинга яқинлашганда форслар қочишга турди. Ҳилол ибн Уллафа Рустамни қатл қилди. Зўҳрата ибн ал-Ҳавияя Жолюнусни ўлдирди. Зирор ибн Хаттоб форсларнинг катта байроғини қўлга туширди. Форслар мағлуб бўлди.
Ўшанда 15 ҳижрий сананинг Шаъбон ойи эди.
Қодисия жанги мусулмон фотиҳларнинг музаффар лашкари қозанган тарихий ғалабаларидан энг катталаридан бири эди. Ушбу жангда ўша пайтда дунёнинг яримини эгаллаб турган Форс ипериясининг умртқа поғаниси синди. Бу империянинг асосий аскари ва қумондонлари ҳалок бўлди. Энди Ислом даъватини дунёнинг бир тарафига таратиш учун кенг йўл очилди.
Саъд розияллоҳу анҳу хушхабарни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етказиш учун чопар юборди.

ФОРС ФАТҲИ ДАВОМИ

Қодисиядаги шонли ғалабадан сўнг Саъд ибн Абу Ваққос Ҳазрати Умарнинг амрини икки ой кутиб турди. Мадоинни фатҳ қилиш ҳақида амр келганда ўша шаҳар томон юрди. Йўл йўлакай ал-Бурс, Бобил, Кусий ва соботларни фатҳ қилди. Сўнгра форсларнинг пойтахти Мадоинга яқинлашдилар.

МАДОИН ФАТҲИ

Форс империясининг пойтахти узоқдан кўринди. Мусулмонларнинг кўзлари Кисронинг оқ уйига тушди. Улар дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «менинг умматимдан бир тўпи оқ уйни, Кисронинг уйини фатҳ қилурлар», деган ҳадиси шарифларини эслаб шод бўлдилар.
Зирор ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳу акбар! Бу Кисронинг оқ уйи! Бу Аллоҳ ваъда қилган нарса, Унинг Расули тасдиқ қилган нарса! Аллоҳу Акбар!» деб наъра тортди. Ҳамма бир овоздан: «Аллоҳу Акбар!» деб осмонни такбирга тўлдирди.
Ҳамма Кисронинг қасрини фатҳ қилиш шавқи ила яшай бошлади.
Улар шаҳарни ўн бешинчи ҳижрий сананинг Зул Ҳижжа ойи давомида қамал қилдилар. Бу орада отлиқ гуруҳлар яқин атрофдаги қишлоқларни фатҳ қилдилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Ҳазрати Умардан асирга тушган деҳқонлар ҳақида маслаҳат сўради. У киши шуро мажлиси чақирди. Шуро уларни қўйиб юбориш ҳақида қарор чиқарди.
Шундан сўнг мусулмонларнинг ҳусни муомалаларини кў-риб Дажланинг ғарбий тарафидаги барча аҳоли мусулмонлар зиммасига ўтдилар.
Қамал кучайгандан кейин Форс подшоҳи Яздажир Мадоиннинг ғарбий қисмидан дарё оша шарқий қисмига қочиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шериклари билан маслаҳат қилиб, дарё кечиб Мадоиннинг шарқий қисмига ўтишга қарор қилдилар.
Форсларнинг қолган барча кучлари ўша ерган тўпланган эди. Тезроқ дарёни кечиб ўтилмаса улар яна ҳам кўпроқ куч тўплашлари хавфи бор эди. Бунинг устига ўша вақт айнан дарёнинг суви кўпайиб тошқин бўлаётган даврига тўғри келди.
Албатта, ҳар қандай қандай аскарбоши бундай ҳолатда нириги қирғоқда шай бўлиб турган душман томон дарё кечиб ўтишга қарор қилиши қийин. Аммо Саъд ибн Абу Ваққос ҳар қандай қўмондолардан эмас эдилар. У киши «чангали кучли арслон» эди. Саъд ибн Абу Ваққос шер қилган эса Аллоҳ таолога бўлган кучли иймонлари эди.
У киши ҳеч иккиланмай дарёни кечиб ўтишга тайёрлана бошладилар. Кечишга қулай жойни танлашга амр қилдилар. Одамлар анашундоқ жойни топдилар.
Дарёдан кечиб ўтиб қирғоқда турган душман билан жанг қилиш шароитини ҳисобга олиб лашкар ичидан алоҳида вазифалар бажарадиган гуруҳлар туздилар.
Ўшандоқ гуруҳлардан бирини «катийбатул аҳвол» деб номладилар ва унга Осим ибн Амрни амир этиб таъйинладилар. Иккинчи бир гуруҳни «Катийбатул харсаа» деб атадилар ва унга Қаъқоъ ибн Амрни амир қилдилар.
Режа бўйича ушбу икки гуруҳ қирғоққа олдин чиқиб асосий лашкарни дарёдан нариги қироғққа ўтишига қулай шароит яратиши лозим эди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг режалари билан танишган шериклари у кишининг заковатларига таҳсинлар айтдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бўлсалар қувониб кафтларини бир-бирига уриб:
«Албатта, Ислом янгидир! Уларга қуруқлик бўйинсунганидек, денгизлар ҳам бўйинсунур. Саломоннинг жони қўлида бўлган зот билан қасамки, унга (дарёга) тўп бўлиб тушганларидек, тўп бўлиб чиқурлар!» деди.
Осим ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигида олтмиш кишилик Бани тамимликлар гуруҳи олдин ўтиб душманнинг йўлини тўсиб турди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳу дуо қилдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос мусулмонларга «ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил»ни ўқиб ўтишни амр қилди. У кишининг ўзлари биринчи бўлиб Дажла дарёсига от солдилар. Одамлар у кишининг ортларида эргашдилар. Бирор киши ортда қолмади. Улар дарё устида худди текис ердагидек юриб борар эдилар. Отлиқлар ва пиёддалар зич юрганларидан дарё тўлиб суви кўринмай қолди. Улар сув устида бир-бирлари билан бемалол гаплашиб борар эдилар. Чунки уларнинг Аллоҳнинг ёрдамига, қўллашига ва нусрат беришига ишончлари комил эди.
Мусулмонлар унга (дарёга) тўп бўлиб тушганларидек, тўп бўлиб чиқурлар. Бирор нарсага зарар етмади.
Фақат бир кишининг ўқдони сувга тушиб кетди. Унинг шунча одам ичида ўқдонни йўқтган ягона киши бўлгиси келмади шекилли, шерикларидан уни сувдан олишда ёрдам сўради. Шунда тўлқин ўқдонни юқори кўтарди ва уни мусулмонлардан бир киши олиб эгасига берди.
Кўпчилик мусулмонларнинг Дажла орқали ушбу ўтишларини катта мўъжиза шаклида кўрадилар. Бу ҳодиса барча тарихчиларнинг ҳайратга солган ҳодисалардан биридир.
Форслар мусулмонларнинг дарёдан ўтганларини кўришлари билан улар оддий одамлар эмаслигини билиб тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Яздажир Ҳулвон тарафга қочди. Мусулмонлар шаҳарга ҳеч қандай қаршиликсиз кириб бордилар.
Шаҳарга биринчи бўлиб Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу ўз одамлари билан кирди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу оқ қасрга кириб намоз ўқидилар ва қироатига Аллоҳ таолонинг, «Улар ортларидан қанчадан-қанча боғу роғларни ва булоқларни. Экинзорларни ва яхши жойларни. Ва ўзлари ичида маза қилаётган нозу неъматларни қолдирдилар. Мана шундай! Биз у(нарса)ларни бошқа қавмларга мерос қилиб бердик», деган оятларини ўқидилар.
Ўшанда 16 ҳижрий сананинг Сафар ойи эди.
Қочганларни тутиш ва ўлжа тўплаш бошланди. Ҳамма қочганлар тутилди ва катта миқдорда ўлжа тўпланди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу шариат ҳукмига биноан адолат ила ўлжа беришни йўлга қўйдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўша ерда биринчи бор жума номозини ҳам қоим қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга суючилик хабар ила ўлжанинг бешдан бирини юбордилар. У киши ўлжаларга қараб туриб, буни адо қилган қавм, албатта, омонат эгаларидир, дедилар.

ФОРСДАГИ ФАТҲЛАРНИНГ ДАВОМИ

Форслар Мадоинни ташлаб Жалво номли томонга қочдилар. Улар бирлашиб ўзларига Меҳрон номли одамни бошлиқ қилдилар ва шаҳар атрофига хандақ қазиб ҳимояга ҳозирландилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг амрларига биноан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у томонга Ҳошим ибн Утба бошчилигида ўн икки минглик аскар юборди. Лашкарнинг аввалида Қаъқоъ розияллоҳу анҳу борар эди. Саксон кунлик қамалдан сўнг мусулмонлар яширин йўлни билиб қолиб ўша ердан ҳужум қилиб шаҳарни шиддатли жанглардан сўнг фатҳ қилдилар.
Подшоҳ Яздажир бўлса бу хабарни эшитиб Ҳалвондан Райга ўтди. Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу 16 ҳижрий сананинг Зул Қаъда ойида Ҳалвонни ҳам фатҳ қилди.
Ўша йили Тикрийт, Найнаво, Мувсил, Мосабозон, Ҳайт фатҳ қилинди.

КУФА ШАҲРИНИ ҚУРИШ

Мусулмонлар Кисронинг пойтахти Мадоин шаҳрини фатҳ қилганларидан кейин уни ўзларига марказ қилиб олган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у шаҳарда истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ранглари сарғайиб, ўзлари заифлашиб бораётганларини мулоҳаза қилди. У киши Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб, Салмони Форсий билан Ҳузайфа ибн Ямонни ер танлашга юбор. Ҳам қуруқлик, ҳам денгизга яқин, мен билан сизларнинг орангизда сув ҳам, кўприк ҳам йўқ ерни топсинлар, деб амр қилидлар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу икковларини ўша вазифани бажариш учун юборди. Улар икки томонган кетиб, ер танлаб келиб Куфа-тўгарак қумлик, деган жойда учрашдилар. У ерда намоз ўқиб, Аллоҳ бу ерни сабот манзили қилсин, деб дуо қилдилар. Кейин Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу олдига бориб хабар бердилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Қаъқоъ ва Абдуллоҳ ибн Мўътам розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, ўринларингизга бошқани қўйиб, ўзингиз ҳозир бўлинглар, деб амр қилди.
Сўнгра Мадоиндан чиқиб Куфанинг ерларига борди. Ўшанда ўн еттинчи ҳижрий сананинг Муҳаррам ойи эди. Кейин Умардан қамишдан уй қилишга изн сўрашган эди, у рози бўлди. Аммо режалаштириш пайтида қамиш уйлар куйиб кетди. Кейин ғиштдан қуришга келишилди.
Куфанинг бош меъмори Абу Ҳайёж ибн Молик эди. У биринчи бўлиб масжидга асос солди. Кейин шоҳ кўчанинг кенглигини кирқ аршин, унга яқинларини ўттиз, бошқаларини йигирма аршиндан қилди. Тор кўчаларни етти аршиндан қилди. Одамларга бериладиган қитъаларни олтмиш аршиндан қилди.
Куфа Фурот дарёсининг ғарбий қирғоғига қурилди. У билан дарёнинг орасида ярим фарсах масофа қўйилди. Шаҳар битганидан кейин хоҳлаганлар унга кўчиб ўтиши, хоҳламаганлар Мадоинда қолиши таклиф қилинди.

БАСРАНИНГ ҚУРИЛИШИ

Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди.
Шундоқ қилиб Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг давларида рўйи замининг сайқаллари бўлган Исломий шаҳарлар қуриш ҳам бошланди.
Куфа ва Басра шаҳарлари битгандан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша пайтда Ироқ номи ила аталган Ислом давлатининг шарқий бўлагини иккига бўлди.
Бирига Куфани марказ ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Волий этиб таъйин қилди.
Иккинчисига Басрани марказ ва Утбани волий қилиб таъ-йин қилди.
Шундай қилиб исломий шаҳар қуриш ишларига ҳам асос солинди. Бунда ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тадбиркорликлари ўз самарасини берди. Бу иш билан келажакда дунё меморчилик санъати саҳифаларининг зар варақларига олтин ила ёзиладиган ва заминнинг сайқали бўлажак мусулмон шаҳарлар қуриш тарихининг биринчи қадамлари анашундоқ бошланган эди.

НОҲАВАНД ЖАНГИ

Форснинг подшоси Ноҳавандга катта куч тўплади. У форс империясига қарашли ҳамма жойлардан аскар тўплаб Марв шаҳаридан ўз юришини бошлади.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бу ҳақда хабар берди. Шу билан бир вақтда Куфа аҳлидан бир гуруҳи Саъд розияллоҳу анҳуни айблаб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилидлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу шикоятни текшириш учун ўз тафтишчиларининг энг машҳури Муҳаммад ибн Масламани юборди. Саъдни ўз ҳузурига келишга амр қилди. Саъд ўрнига бошқа одамни қўйиб ўзи Мадинага йўл олди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг устларидан қилинган шикоятнинг ўзи кулгули эди. Шикоятчилар, у намозни яхши ўқимайди, дейишган эди.
Саъд ибн Абу Ваққос бу гапни эшитиб кулдилар ва:
«Аллоҳга қасамки, мен уларга Расулуллоҳнинг намозларини ўқиб бераман. Аввалги икки ракъатни узун, кейинги икки ракъатни қисқа ўқийман», дедилар.
Бу ҳақда имом Бухорий ўз саҳиҳларида келтирган ривоятда Қайс розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Мен Саъднинг тубандагиларни айтганини эшитдим: «Албатта, мен араблардан Аллоҳнинг йўлида биринчи ўқ отган одамман! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазот қилганимизда дарахтнинг баргидан бошқа таомимиз бўлмаган вақтлари бўлган. Ҳатто биримиз худи туя ёки қўйга ўхшаб қуруқ баргни чайнар эдик. Энди келиб Бану Асад Саъднинг Исломда айблар эканми!? Агар шундоқ бўлса ноумид бўлибман, амалим хато бўлибди!» улар Умарга, у намозни чиройли ўқимайди, деб шикоят қилишган эди».
Бу нарсадан Саъд ибн Абу Ваққос қаттиқ ғазабландилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хафа бўлма, бориб ишингни қилавер, деб қанча ёлборсалар ҳам кўнмадилар ва: «Нима, мени намозни яхши ўқимаслигимни даъво қилган қавмнинг олдига қайтиб боришимга амр қиласанми!?» деб туриб олдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига бўлган суиқасддан кейин аҳволлари оғирлашиб қолганда одамлар:
«Эй мўминларнинг амири васият қилинг, ўринингизга халифани танланг», дедилар. У киши
«Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози ҳолларида вафот этган кишилар; Али, Усмон, Зубайр, Саъд, Толҳа ва Абдурроҳман (ибн Авф)лардан бошқани ҳақли кўрмайман. Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ бўлади. Унинг ўзига амирликдан ҳеч нарса йўқ. Бу унинг учун таъзияга ўхшаган бир нарса. Агар амирлик Саъдга етса, яхши. Агар ундоқ бўлмаса, сиздан ким амир қилинса ундан ёрдам олиб турсин. Мен уни ожизлик ёки хиёнат юзасидан ишдан олганим йўқ», деди.
Шундоқ қилиб Умар розияллоҳу анҳу ўша пайтдаги мусулмонлар ичида энг афзал ҳисобланган олти кишидан шўро кенгаши туздилар улар кенгаш ўтказиб ўзларидан бирларини халифаликка намзод сифатида халққа тақдим қилишлари керак эди.
Ушбу жойда номзодлардан бири бўлмиш Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳақларида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг алоҳида мулоҳаза айтишлари ҳам у кишининг қачалар обрўга эга эканликларини кўрсатади.
У кишининг дафнидан фориғ бўлинганидан кейин ҳалиги гуруҳ тўпландилар. Бас, Абдурроҳман :
«Ишни ичингиздан уч кишига оширинг», деди.
Зубайр: «Мен ўз ҳақимни Алига ўтказдим», деди.
«Толҳа: «Мен ўз ҳақимни Усмонга ўтказдим», деди.
«Саъд» «Мен ўз ҳақимни Абдурроҳман ибн Авфга ўтказдим», деди.
Охири бориб Али ва Усмон розияллоҳу анҳумоларнинг номзодларигина қолганда Абдурроҳман ибн Авф одамлардан бир-бир иккисидан қай бири ихтиёр қилишини сўраб чиқдилар. Саъд ибн Абу Ваққосдан сўраган эди, у киши Усмонни ихтиёр қилди.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганларидан кейин Саъд ибн Абу Ваққосни яна Куфага Волий этиб таъйинладилар. У киши у ерда маълум вақт ишлаб турдилар. Кейин яна орадан ихтилоф чиқди. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу у кишини ишдан олдилар. Саъд ибн Абу Ваққос ҳеч нарсага аралашмай қўйдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос ҳазрати Усмон даврларидаги машҳур битна бошланганда, уйларидан чиқмай қўйдилар. Яқинлари ва бола чақаларига ўша ишлар ҳақидаги бирор гапни ўз ҳузурларида гапирмасликка амр қилдилар. У ёқда нима бўлса, бўлди.
Бир куни Саъд ибн Абу Ваққоснинг олдиларига жиянлари Ҳишом ибн Утба ибн Абу Ваққос кириб келди ва: «Эй амаки! Мана, юз минг қилич сизни бу ишга (халифаликка) сизни энг ҳақли одам демоқда!» деди.
Шунда Саъд ибн Абу Ваққос: «Мен юз минг қилич ичидан агар у билан мўминни ўрсам ҳеч нарса қилмайдиганини ва агар кофирни урсам кесадиган биргина қилични хоҳлайман», дедилар.
Чопар мақсадни англади-да, қайтиб кетди.
Эллик тўртинчи ҳижрий сана. Мадийнаи Мунавваранинг четидаги Ақиқ номли ноҳия. Саксон уч ёшли Саъд ибн Абу Ваққос сафарга ҳозирланмоқдалар. У кишининг ўғиллари бу ҳозирлик ҳақида ҳикоя қиладилар: «Отамнинг ғоши қучоғимда эди. У киши жон таслим қилмоқда эдилар. Мен йиғладим. У киши: «Нимга йиғлайсан, ўғлим? Албатта, Аллоҳ мени ҳеч азаобламайди. Мен аҳли жаннатларданман» дедилар.
Сўнгра у киши сандиққа ишора қилдилар. Уни очишди. Ичидан эскириб кетган ридони олишди. Саъд ибн Абу Ваққос ўз аҳлларина ўзларини ўша ридога кафанлашни амр қилилар ва: «Бадр куни мушириклар билан жанг қилганимда шуни кийган эдим. Мана шу кун учун сақлаб қўйган эдим», дедилар.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу кейин: «Менга лаҳад қазинглар. Устимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинганга ўхшаб ғишт қаланглар»-дедилар.
Одамлар у кишининг тобутларини кўтариб шаҳар ичига олиб боришди.
Абу Салама ибн Абдурроҳман розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саъд ибн Абу Ваққос вафот этганда Оиша: «Уни масжидга олиб киринглар, мен ҳам унга жаноза ўқийин», деди. Унинг бу гапи инкор қилинди. Шунда у: «Одамлар қандоқ ҳам тез унитадилар-а! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байзоънинг ўғиллари, Суҳайл ва унинг укасига масжидда жаноза ўқиганлар»-деди».
Саъд ибн Абу Ваққоснинг жанозаларига Марвон ибн Ҳакам ўтди. У кишининг пок жасадлари Жаннатул Бақийъга дафн этилди.
Жаннат башорти берилган ўнликдан охири вафот этганлари Саъд ибн Абу Ваққос эдилар. Баъзи уламоларимиз, муҳожирлардан охири вафот этганлари ҳам Саъд ибн Абу Ваққосдир, дейдилар.

Аллоҳ таоло Саъд ибн Абу Ваққосдан Ўзи рози бўлсин!