969 29.05.2017

Аллоҳ таоло инсонни икки олам орасида яратди. Уларнинг биринчиси руҳоният олами бўлиб, бу фаришталар дунёсидир. Чунки фаришталар овқат емайдилар, ичимлик ичмайдилар, Аллоҳ буюрган нарсага осийлик қилмайдилар ва буюрилган нарсани амалга оширадилар.

Иккинчиси моддият олами бўлиб, у тилсиз ҳайвонлар дунёсидир. Ҳайвонларда еб‑ичиш ва лаззат олишдан бошқа ғам йўқ.

Инсон эса ушбу икки оламнинг ўртасидадир. Чунки Аллоҳ таоло уни икки табақа оламда яратган.

Инсонда ақл ва руҳ бор. Ана шу икки нарса орқали у аброр фаришталар мавқесига кўтарилади.

Инсонда тана ва шаҳват бор. Инсон бу иккиси сабабли ҳайвон даражасига тушиб қолади.

Инсон ушбу икки мувозанатни сақлаб, руҳоният олами ва моддият олами орасида мос бўлиб яшаса, у яхшилик узра ҳаёт кечиради. Агар бирининг ҳаққига иккинчиси тажовуз қилган ҳолда яшаса, мувозанат бузилиб, Аллоҳ инсонни вакил қилган мажбурияти издан чиқади. Чунки Аллоҳ одамни ердаги халифаси этиб тайинлаб, ер куррасини обод қилишга ва уни ибодат билан зийнатлашга масъул этган. Исломнинг вазифаси ушбу мувозанатни сақлаб, энг афзал бўлган йўлга йўналтиришдир. Инсон бу билан гўёки фаришталардек тоат‑ибодатда яшаб, нафсига қарши курашиб, нажот ва яхшиликка эришади.

Рўза – инсонни ерда туриб, руҳоният оламига етказувчи муҳим ибодатлардан биридир. Чунки банда рўза тутиш билан ўзидаги моддий шаҳватдан халос бўлиб, нафсида йўқотган фаоллик, ҳаракат ва кучни тиклаб, иймоний ҳамда руҳоний қувватини ошириб олади. Бу билан энди ҳаётдаги мўътадиллик ва мувозанатини ҳам тиклайди.

Рўзада инсон Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунган ҳолда шаҳватларидан тийилади. Бу нарса ўз‑ўзидан чегарада туришни, Аллоҳ буюрган нарсаларда тақвога яқинлашишни ва ман этганларидан узоқлашишни таълим беради.

Шунингдек, ушбу ман қилиш инсондаги шаҳвоний ҳукмронликни бошқаради. Шунга бу рўза инсонни гуноҳлардан мусаффо қилиб ушлаб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза пардадир», деб айтганлар. Яъни, рўза шахс ёки жамиятни бузувчи нарсалардан сақловчидир.

Имом Ғаззолий «Иҳёу улумиддин» номли китобларида рўзани Аллоҳнинг душмани бўлмиш шайтонни енгувчи, деб атаганлар. Чунки шайтоннинг енгувчи воситаси эса шаҳватдир. Шаҳват овқат ва ичимлик ҳисобига кучаяди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, шайтон одам боласининг қон юрадиган жойида юради. Сизлар уни очлик билан сиқиб чиқаринглар», деб айтганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганлар.

Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтатолмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.

Рўза инсонга инсонлигини эслатади. Чунки инсон доим овқат ва ичимликка муҳтож бўлиб туради. Инсон қачонки башарий эҳтиёжи бўлган овқат ва ичимликдан ўзини тийса, ушбу нарсаларга нақадар муҳтож эканини ҳис қила бошлайди. (Шу билан бирга ейиш ва ичишдан ташқари бошқа ишлар ҳам борлигини, дунёга нима учун келганини яна бир бор эслатгандай бўлади… – муҳарр.) Гўёки рўза инсоннинг заиф ва ҳожатманд эканини ёдга солиб, бошқаларга тажовуз қилишдан огоҳ этиб туради. Шахс ҳар қандай муҳитда яшамасин, у баъзи зулм ва туғёнга дуч келади. Рўза тутганда нафсининг қайта‑қайта овқат ва ичимликка муҳтож эканини ҳис қилдирса, у яна расо инсонга айланаверади.

Агар биз рўзанинг фойдалари ва шахс ҳамда жамият олдидаги сирларини кузатсак, ушбу улкан ибодат «абадий ахлоқ мактаби» эканини билиб бораверамиз. Ушбу мактабни кўплаб солиҳ ва фозил инсонлар битириб, ердаги Аллоҳнинг халифаси деган шарафга мушарраф бўлиб боришаверади.

Муҳйиддин Мистунинг «Рўзанинг фиқҳи ва сирлари» 

номли китоби асосида Анвар АҲМАД таржимаси