Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Таровеҳ намози
САВОБ: Таровеҳ намозининг ҳукми нима?
ЖАВОБ: Таровеҳ намозини Рамазон ойида Хуфтан намозидан сўнг Бомдод намозигача ўқиш баъзилар мустаҳаб деган бўлса-да, аслида, суннати муаккададир. Уни эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўқишларига бутун аҳли суннат вал-жамоатнинг уламолари иттифоқдирлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таровеҳни ўқиганлар. Бу умрларининг охирги йилидаги Рамазон эди. Кейин ўқимай қўйганликларига узр ҳам айтганлар:
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ойша онамиз разийаллоуҳ анҳодан ривоят қиладилар: Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан қўшилиб, намоз (таровеҳ) ўқидилар. Сўнг эртаси куни яна ўқидилар. Одамлар кўпайиб кетди. Кейин учинчи кеча одамлар жамъ бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқмадилар. Эрталаб бўлганда, ул зот: “Мени сиз билан чиқиб намоз ўқишдан фақат сизларга бу фарз бўлиб қолишдан қўрқув манъ қилди”, дедилар.
Асҳоби сунан (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) Абу Зар ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларига қараганда, ўша вақтда таровеҳ намози қироат чўзилганлиги ҳисобига одамлар саҳарлик қилолмай қолишдан қўрқиб ҳам қолишган эканлар.
Ана шундай сабабларга кўра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ўқимай қўйдилар.
Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим уни ўқишга одамларни тарғиб қилар эдилар. Ул зоти шариф бундай деганлар:
من قام رمضان ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه
“Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”. (Асҳоби сунан Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривояти).
Имом Термизий Абу Умома разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:
عليكم بقيام الليل فانه دأب الصالحين قبلكم وهو قربة لكم الى ربكم ومكفرة للسيئات ومنهاة عن الاثم
“Ўзингизга кечалари қойим бўлишни лозим тутинг. Зеро, у сиздан олдинги солиҳ зотларнинг одатидир. У Парвардигорингизга сизни яқинлаштирадиган, ёмонликлар учун каффорат бўладиган, гуноҳлардан қайтарадиган амалдир”.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса:
افضل الصلوة بعد المفروضة صلوة فى جوف الليل
“Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир”, дейилади.
Имом Байҳақий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қори Қуръонларни ва кечалари қоим бўладиганларни умматнинг энг шариф зотлари деб мадҳ қиладилар:
اشراف أمّتى حملة القرآن واصحاب الليل
“Умматимнинг энг шарофатлилари Қуръонни кўтарганлар ва кечаларнинг соҳибларидирлар”.
Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أيها الناس أفشوا السلام وأطعموا الطعام وصلوا الأرحام وصلوا بالليل والناس نيام تدخلوا الجنة بسلام
“Эй одамлар! Саломни ошкора қилинглар, (бир-бирларингизга, очларга) таом беринглар, қариндошларга силаи раҳим қилинглар ва одамлар ухлаётганда кечаси намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар!”.
Фақатгина Пайғамбаримиз кечки намозларни мадҳ қилган эмас, кечки намозларга тарғиб қилган эмас, балки Аллоҳ таолонинг ўзи Раҳмоннинг суюкли бандаларини бундай тавсиф қилган:
والذين يبيتون لربّهم سجّدا وقياما
“Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 64-оят).
Бошқа ўринда эса Аллоҳ таоло имонли бандалари ҳақида мана бундай дейди: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида жамоат бўлиб ўқилмай қолган таровеҳ намози Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида ҳам жамоат бўлиб ўқилмади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалигининг аввалги йилларида ҳам ҳеч ким буни ўзгартиришга журъат қилолмади. Кейинги воқеалар Имом Бухорий ҳамда Ибн Ҳиббон ва Байҳақийлар саҳиҳ иснод билан ривоят қилганларидек бўлди:
Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссалом халифаси Умар ибн Хаттоб разийаллоҳу анҳу, халифаликларининг иккинчи йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқияпти экан. Ҳазрати Умар: “Буларни бир қорининг орқасига жамъласам, яхши бўлар экан”, деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъбнинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиганларини кўриб: “Бу қандай ҳам ажойиб бидъат бўлди! Ҳар ким ўзи уйида кечанинг охирида ёлғиз ўқиганидан кўра, масжидда жамоат билан кечанинг аввалида ўқиб олгани яхшироқдир!”, дедилар.
Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қодирмасдан ўқиб келмоқдалар.
Аёллар уйларида ўқиганлари яхшироқ. Чунки, Имом Абу Довуд Ибн Умар разийалллоҳу анҳудан қилган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
بيوتهنّ خير لهن
“Аёлларнинг уйлари улар учун яхшироқдир”, демишлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари, хусусан, Ойша ва Умму Салама оналаримиз разийаллоҳу анҳумолар таровеҳни қолдирмай ўқишар эдилар. Ойша онамиз Заквон разийаллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқисалар, Умму Салама онамиз ўзи аёллар билан жамоат бўлиб ўқиб берар эдилар .
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни ташкил қилганларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йўқ эканлар. Бир куни масжидга келсалар, масжидда қандиллар осилган, ҳаммаёқ чароғон, одамлар жамоат бўлиб таровеҳ ўқишмоқда. Буни кўриб Ҳазрати Али: “Масжидларимизни нурга тўлдирганидек, Аллоҳ Умарнинг жойини нурга тўлдирсин!” дея мадҳ қилган эканлар.
САВОЛ: Нима учун бу намоз таровеҳ деб аталади?
ЖАВОБ: Таровеҳ сўзи арабча “тарвеҳа” сўзидан олинган. Унинг маъноси “истироҳат, ором олиш” дегани бўлиб, бу намоз ҳар тўрт ракъатдан сўнг озроқ дам олиб, истироҳат олиб, бироз танаффуслар қилиб ўқилгани учун шу ном билан аталган.
Таровеҳда ҳар тўрт ракъатдан сўнг ором олиб ўтириш салафи солиҳинлардан қолган одатдир. Имом Ҳасан ибн Зиёд Ҳазрати Абу Ҳанифадан қилган ривоятлари бўйича ҳар икки ракъатдан ўқиб, икки салом берилгандан сўнг ором олиб ўтириш керак. У ҳар жойнинг урфига мувофиқ амалга оширилади. Баъзилар бунда саловотлар айтиб ўтиришади. Ҳарамдагилар эса Каъбани тавоф қилиб ҳам олишади. Баъзилар жим ўтирадилар. Баъзилар имомнинг маърузасини тинглайдилар. Мазҳабимиз уламоларидан Иброҳим ибн Юсуф ҳар тўрт ракъатдан сўнг ҳар ким ўзи алоҳида намоз ўқиган яхшироқ ва гўзалроқ, деганлар. Мадина аҳли шундай қилиб, йигирма ракъат жамоат билан, ҳар ким ўзи ўн олти ракъат намоз ўқиб, таровеҳни ўттиз олти ракъат ўқишган эканлар .
Бизда эса махсус таровеҳ тасбиҳлари бор бўлиб, ўша тасбиҳ уч мартадан такрорланади.
САВОЛ. Таровеҳнинг нияти қандай?
ЖАВОБ. Ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканлиги: “Иннама-л-аъмолу би-н-нийёт” ҳадиси билан маълум. Шунинг учун таровеҳ намози ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди, албатта. Маълумки, ният қалбда адо этиладиган амалдир. Бироқ, уламоларимиз тил қалбнинг таржимони эканлигини инобатга олиб, дилга тил билан ният қилишни қўшиб адо этиш афзаллигини айтадилар.
Таровеҳ намози таровеҳ ёки суннати вақт ёхуд қиёми лайл деб ният қилинади. Мутлақ намоз ёки нафл деб таровеҳга ният қилишни олдинги уламолар жоиз эмас, дейишган бўлса-да, лекин кейинги уламолар буни дуруст деганлар.
Таровеҳда имомга иқтидо қилаётган одам имомга иқтидо қилаётганини ҳам ният қилиши лозим. Бусиз таровеҳга қўшилмай қолиши мумкин.
“Хониййа” ва “Сирожиййа” фатво китобларида таровеҳ бошланишида ният қилиб олса бўлгани, кейинги икки ракъатларда ният қилмаса ҳам бўлади, дейилган. Чунки таровеҳнинг ҳамма ракъатлари бир намоз ҳисобланади. Бироқ, “Хулоса”да таровеҳ бир намоз бўлгани билан ҳар бир икки ракъат алоҳида ҳисоб-китоб қилинади, шунинг учун ҳар икки ракъатга алоҳида ният қилиш керак, дейилган. Мана шу эҳтиёт юзасидан ҳам жуда тўғри, чунки, ракъатлар орасида у ёқ, бу ёққа қараш, ёнидаги билан сўзлашиш мумкин. Шу боисдан ниятни ҳар сафар янгилаб олган маъқул.
САВОЛ: Таровеҳни ҳамма одамлар масжидда адо этишлари лозимми?
ЖАВОБ: Таровеҳ намозини ўқиш суннати муаккада бўлиб, уни ҳар бир одам Рамазон кечаларида ўқиши керак. Аммо, масжидда жамоат бўлиб ўқишни уламоларимиз суннати кифоя дейишган. Яъни, бир қанча одамлар масжидда жамоат бўлиб ўқисалар, қолганларга ҳам шу кифоя қилади. Аммо, масжид ёпилиб, ҳар ким ўз уйида ёки масжиддан бошқа бирор жойда тўпланишиб таровеҳни адо этсалар, суннатни тўлиқ бажармаган бўладилар ва барча гуноҳкор бўлиб қолади.
Масжидга чиқмасдан уйида таровеҳ ўқиш мумкин. Чунки, Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар ҳамда Урва разийаллоҳу анҳумо Рамазонда имом билан таровеҳ ўқимас эканлар. Тобеъинлардан Иброҳим ан-Нахаъийдан ҳам шундай иш нақл қилинган. Шунинг учун Имом Таҳовий Имом Абу Юсуфдан нақл қилишича, таровеҳни ҳар ким ўз уйида ўқиши яхшироқ .
Демак, бирор сабаб ва узр билан таровеҳни уйида ўқиш мумкин.
Аммо, бунда билиб олишимиз лозим бўлган бошқа бир нарса бор. Хуфтан намозининг жамоати масжидда ҳар кимга суннати айндир. Бу жуда ҳам улуғ фазилатдир. Яъни, эркаклар бирор узр бўлмаган вақтда хуфтанни масжидда жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Зеро, хуфтаннинг жамоатига чиқишга оид алоҳида тарғиблар айтилган:
والذى نفسى بيده لو يعلم احدهم انه يجد عرقا سمينا او مرماتين حسنتين لشهد العشاء
“Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, агар бирларингиз (масжиддан) семиз (гўштли) суякни ёки чиройли туёқни топадиган бўлганларингизда хуфтанга келган, хуфтан намозига ҳеч иккиланмасдан ҳозир бўлган бўлардингизлар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоятлари).
Кимки азонни эшитиб, намозга масжидга чиқмаса, уйида ўқиган намозининг қабул бўлмаслигига ишора қилинган ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Абу Зар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки имом билан намоз ўқиб, уйига қайтса, бутун кечаси намоз ўқиб чиққани каби савобга ноил бўлади”, деганлар.
Ҳатто, шунинг учун ҳам, ватандошларимиздан улуғ фақиҳ Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний ўзининг “Бадойиъ ус-санойиъ” асарларида бундай деб фатво берган:
ومن صلاها فى بيته وحده او بجماعة لا يكون له ثواب سنة التراويح لتركه ثواب سنة الجماعة والمسجد
“Кимки уни (таровеҳни) уйида ёлғиз ёки жамоат билан ўқиса, таровеҳ суннатининг савобини топмайди, чунки бу жамоат ва масжидга бориш суннатини тарк қилгани учундир”.
Демак, таровеҳни имом билан ўқимаган тақдирда ҳам хуфтан намозини масжидда имом билан ўқишни қолдирмаслик керак экан.
Ҳаммамизга суннатларга оғишмай амал қилишга муяссар айласин!
САВОЛ: Таровеҳ намози йигирма ракъатми? Бировдан Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликларини эшитиб қолдим. Унда саккиз ракъат ўқисак бўлмайдими?
ЖАВОБ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда саккиз ракъат ва яна уч ракъат витр ўқиганлар. Кейин умматга Фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, узр айтиб, умуман ўқимай қўйганлар.
Таровеҳни жамоат бўлиб йигирма ракъат ўқишликка уммат ижмоъ қилган. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бошлиқ саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқишган. Убай ибн Каъб, Тамим ад-Дорий, Зайд ибн Собит, Ҳазрати Усмон ибн Аффон, Ҳазрати Али каби энг улуғ саҳобалар, қорилар таровеҳни масжидда жамоат бўлиб йигирма ракъат қилиб ўқишган.
Тўрт мазҳаб имомлари ҳам шунга иттифоқ қилганлар. Имом Молик бир ривоятида таровеҳни саккиз ракъат ўқиган маъқул, деганлар холос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:
فعليكم بسنتى وسنة الخلفاء الراشدين المهديين تمسكوا بها وعضوا عليها بالنواجذ
“Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи ва тўғри йўлга солгувчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг! Уларни маҳкам ушланг ва уларни озиқ тишларингиз билан тишлаб олинг!”. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можжа ривоятлари).
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу насиҳат қиладилар: “Кимки йўл танламоқчи бўлса, иймону илму амал билан вафот этганлар йўлини танласин. Зеро, тирик юрган одам фитнага йўлиқишдан сақлана олмайди. Ана ўшалар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидирлар. Улар бу умматнинг энг афзаллари, қалби энг яхшилари, илми энг чуқурлари, такаллуфи энг озларидирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбарининг суҳбати учун, динини қоим қилиши учун уларни ихтиёр қилган. Бас, уларнинг фазлини танинг, илму амалда уларнинг изларидан эргашинг. Қодир бўлгунингизча, уларнинг хулқлари ва сийратларини маҳкам ушланг. Зеро, албатта улар тўғри йўлдадирлар”. (Имом Разин ривояти).
Аслида, таровеҳни саҳобаи киромлар иттифоқ қилиб йигирма ракъат ўқишлари бизга кифоядир. Бироқ, таровеҳни йигирма ракъат ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам жуда заиф ҳадисда бўлса ҳам ривоят қилинган. Имом Табароний ва Байҳақий ҳамда Ибн Аби Шайбалар ўз ҳадислар тўпламида Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда витрдан бошқа йигирма ракъат ўқиган эдилар. “Фатовойи Таторхониййа”да ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан уч кун ўн салом билан йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликларини, сўнг таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни фарз бўлиб қолишдан қўрқиб тарк қилганларини қайд қилинган .
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг давридан бери таровеҳ намози ракъатлари ҳар хил бўлганлиги ҳам бор гап:
1).Таровеҳ йигирма ракъат бўлган. Буни Имом Байҳақий саҳиҳ иснод билан ас-Сойиб ибн Язиддан ривоят қилган.
2).Таровеҳ йигирма уч ракъат бўлган. Буни Ибн Аби Шайба Язид ибн Румондан ривоят қилган. Бу витр билан бирга бўлса керак.
3).Таровеҳ ўн бир ракъат бўлган. Буни Имом Молик “Муватто” асарида ас-Сойиб ибн Язиддан нақл қилган. Унинг айтишича, қори икки юз оятни ўқиганда, қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолар эканлар. Уйларига одамлар саҳардан сал олдин қайтар эканлар. Охирги уч ракъати витр бўлган бўлса керак.
4).Таровеҳ саккиз ракъат бўлган. Пайғамбаримиз одамлар билан биринчи куни ўқиган намозларининг ракъати шундай бўлган. Кейин витр ҳам ўқиганлар.
5).Таровеҳ йигирма олти ракъат бўлган. Бу ривоятларни жамълаб, Имом Моликнинг айтган гапларидан бири. Кечанинг аввалида ҳамма билан масжидда йигирма ракъат ўқийди, кечанинг охирида витрдан бошқа олти ракъат ўқийди.
6).Таровеҳ витрдан ташқари ўттиз олти ракъат бўлган. Ривоятларни жамълаб, Имом Молик таровеҳ ўттиз олти ракъат, дейдилар. Кечанинг аввалида йигирма ракъат ўқилади, кечанинг охирида эса ўн олти ракъат ўқилади. Кўпчилик саҳобалар шу йўлни танлаган эканлар.
7).Таровеҳ қирқ бир ракъат бўлган. Охирги ракъати витрдир. Буни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал маъқул топганлар.
Қироати оз, енгил бўлганда таровеҳ ракъатларини кўпайтиришни барча мазҳаб уламолари таъкидлайдилар. Буни Ибн Таймиййа ҳам тан олган.
Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики, оз ракъатдан бошланган таровеҳ йигирма ракъатда ўз камолига етди ва бутун мусулмонлар аҳли йигирма ракъатдан ўқий бошладилар. Ибодатга майл қўйганлар эса уйларига келиб, яна ракъатларни қўшиб ўқиганлар.
Мадинаи мунаввара қозиси Муҳаммад Солимнинг “Масжиди набавийда минг йилдан кўпроқ вақтда таровеҳ” номли мақоласи Мадинадаги Олий Маъҳад мажалласининг 1-7 сонларида эълон қилинган. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб, то бизнинг давримизгача Пайғамбар алайҳиссалом масжидлари (Масжиди Набавий)да таровеҳ намозини ўқиш тартиботлари, адади ҳақида батафсил, тарихий далиллар асосида тўхталинган. Таровеҳ намозларига имомлик қилган машҳур имомлар ҳақида, хатми Қуръон маросимлари тўғрисида ҳам гапирган. Таровеҳ намозларига имом бўлган тўрт мазҳаб уламолари ҳақида ҳам тўхталган. Ушбу мақоладан англашилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошлаб то бизнинг давримизгача хуфтандан кейин ўқиладиган таровеҳ йигирма ракъатдан ўзгармаган. Фақат кўп даврларда одатда таҳажжуд ўқиладиган вақтда яна қўшимча равишда ўн олти ракъат таровеҳ намози жамоат бўлиб ўқилган. Баъзан тўлиқ юз йилликларда эса таровеҳ шундай қилиб, яъни йигирма ракъат хуфтандан сўнг, таҳажжуд вақтида яна йигирма ракъат қўшимча қилиб қирқ ракъатга етказилган.
Саккиз ракъат ўқиш керак, дейдиганлар ибодатни ёқтирмайдиган, дангаса одамларнинг гапларидир. Зотан, Пайғамбаримиз саккиз ракъат ўқиганликлари умматга фарз бўлиб қолишидан қўрқиб, заруратан бўлганлиги боисдир. Шунингдек, ул зоти шариф таровеҳдан бошқа, Рамазон ойидан бошқа ойларда кечки намозларини, таҳажжуд намозини саккиз ракъат ва кейин уч ракъат витр қилиб ўқишлари жуда кўп ривоятларда зикр этилади. Хуллас, Расули акрамнинг таҳажжудлари аксар вақтларда ўн бир ракъат бўлган. Рамазон эса қўшимча ибодатлар қиладиган ой, намозларни кўпайтирадиган ой, Рамазонда кечалари ибодат қилиш Аллоҳ ва унинг расули томонидан алоҳида буюрилган ой... Демак, таровеҳ саккиз ракъат эмас, йигирма ракъат ўқилиши энг афзал, энг савобли ва суннатга энг мувофиқ амалдир. Демак, йигирма ракъат ўқиш ижмоъи уммат билан собит бўлган таровеҳ ададидир.
Шу билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам заиф ривоят билан бўлса-да, йигирма ракъат таровеҳ ўқиганликлари Имом Байҳақий томонидан ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умари одилдек халифа бошчилигида саҳобаи киромлар таровеҳни йигирма ракъат ўқидилар. Агар саккиз ракъат ўқиш афзал бўлганида, албатта, шундай қилган бўлардилар.
Демак, бир минг тўрт юз йилдан бери таровеҳ йигирма ракъат қилиб ўқиб келинаётган экан, энди ҳам йигирма ракъат ўқийвериш керак!
Жамоатдан бошқа пайтда, шошилинч вақтда юқорида кўрсатилган ривоятларга биноан таровеҳ ракъатларини озайтириш мумкин. Ибодатга бўйин сунган, майл кўргизган ва намоз ўқишни ёқтирадиганлар эса унинг ракъатларини кўпайтиришлари ҳам мумкин.
САВОЛ: Имом таровеҳни чўзган ёки ракъатларини кўпайтирган вақтда саккиз ракъат ўқиб, масжиддан чиқиб кетиш мумкинми?
ЖАВОБ: Рамазон ойининг кечаларида намоздан ҳам муҳимроқ иши бор одам масжиддан чиқиб кетиши мумкин, албатта.
Бироқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мана бу ҳадиси шариф ҳам бор:
و عن أنس رضى الله عنه: انّ النبى صلى الله عليه وسلم حَضّهم على الصلوة ونهاهم ان ينصرفوا قبل انصرافه من الصلوة. رواه أبو داود
“Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят: Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга қизиқтирар, тарғиб қилар эдилар ва уларни ўзлари намоздан қайтмагунларича қайтишдан манъ қилар эдилар”. (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан имом намоздан қайтмагунча заруратсиз қайтишнинг мумкин эмаслиги очиқ баён қилинмоқда.
Шунингдек, ушбу ҳадиси шарифни билиб қўйиш ҳам керак:
من (اذا رجل) قام مع الامام حتى ينصرف حسب (كتب) له قيام ليلة
“Кимки имом билан то у қайтгунча бирга намозда турса, унга кечаси қоим бўлганнинг савоби ёзилади”. (Имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можжалар ривояти).
Бинобарин, имом намозу дуоларни тугатиб, масжиддан чиқиб кетмагунча масжиддан узрсиз кетиб қолиш макруҳ бўлади. Бу нарсадан эҳтиёт бўлмоқ даркор!
САВОЛ: Ҳар йили Рамазонда таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинади. Бу амалнинг ҳукми нима? Хатмни қандай ўқиган афзал?
ЖАВОБ: Қуръони карим илк бора Рамазонда нозил қилина бошлаган.
Аллоҳ таоло ўз Қуръонини ўқувчиларни бир қанча оятларида васф қилган ва Қуръон ўқишга тарғиб қилган. Шулардан бирини келтирамиз:
انّ الذين يتلون كتاب الله وأقاموا الصلوة وأنفقوا ممّا رزقناهم سرّا وعلانية يرجون تجارة تبور ليوفيهم أجورهم ويزيدهم من فضله انه غفور شكور
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчи (савобли ишга кўпгина мукофот ато этгувчи)дир”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқийдиган, тиловат қилиб турадиган мўъминни апельсинга ўхшатганлар, унинг ҳиди ҳам, таъми ҳам ширин бўлади. Қуръон ўқимайдиган мўъминни эса хурмога қиёслаганлар. Унинг ҳиди йўқ, таъми мазали. (Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий р.а.дан ривоятлари).
Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳудан Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилган эканлар:
أفلا يغدو أحدكم الى المسجد فيتعلم او فيقرأ من كتاب الله عزّ وجلّ خير من ناقتين، وثلاث خير له من ثلاث، وأربع خير له من أربع ومن أعدادهنّ من الابل
“Аё, сизлардан бирларингиз масжидга бормайдимики, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан икки оят ўқиса ёки таълим олса, унга иккита туядан яхшироқ-ку?! Уч оят унинг учун учта туядан яхшироқ, тўрт оят унинг учун тўрттасидан яхшироқ. Оятлардан нечта адад бўлса, шунча адад туялардан яхшироқ...”.
Рамазонда бир марта хатми Қуръон қилиш энг саҳиҳ фатвога кўра суннатдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар йили Рамазонда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга бир марта ўқиб берар эканлар. Вафот қилган йиллари эса икки марта ўқиб берган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган таровеҳларида қироатнинг узунлигидан ибодат саҳарликкача давом этганлиги саҳиҳ ривоятларда зикр этилган.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи, таровеҳнинг ҳар ракъатида ўн оят атрофида ўқиб борилса, Қуръонни бир марта хатм қилишга улгурса бўлади, деган эканлар.
Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу тавсияларига биноан ҳар ракъатда ўттиз оятдан ўқилса, Қуръон уч марта хатм қилинади.
Хатмни лайлат ул-қадр кечаси тугатиш мустаҳаб деган эканлар Бухоро фақиҳлари. Аксар уламоларнинг наздида бу муборак кеча Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидир. (“Муҳит”). Шунинг учун Бухоро фақиҳлари Қуръонни беш юз қирқ рукуъга бўлган эканлар, мусҳафларига ҳам белги қўйишган экан. Шунда хатм қадр кечаси тугайди .
Одамларнинг дангасалиги туфайли хатми Қуръон қилиш тарк этилмайди.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Ҳазрати Умарнинг қориларга таровеҳни жамоат бўлиб ўқишлари ҳамда уч мартадан хатм қилишларини йўлга қўйдирганларини эслаб: “Аллоҳ таоло Умарнинг қабрини нурга тўлдирсин, чунки у масжидларимизни нурга тўлдирди”, деган эканлар.
Хатми Қуръон ўқишда аввалги ракъатларда узун-узун қироат қилиб, кейинги ракъатларда оз-оздан енгиллатиб бориш мустаҳабдир. Чунки, Пайғамбаримизнинг кечки намозлари тартиби мана шундай бўлганлигини саҳиҳ ҳадиси шарифлар зикр қилади.
Таровеҳларда қорилар қироатда бир-икки оят қолдириб кетсалар, кейинги ракъатларда эсига тушганда аввал ўша қолиб кетган оятларни ўқийдилар, сўнг қироатни келган жойидан давом эттирадилар .
Таровеҳнинг бир-икки ракъати мабодо фосид бўлса, кейин ўша ракъатларни қазо сифатида ўқишда қироатини ҳам айнан қайтариш керак. Чунки хатм саҳиҳ таровеҳда бўлмоғи даркор.
САВОЛ: Хатмларда намозда узоқ туриш жуда оғир бўлади. Шунда ўтириб ўқиш мумкинми?
ЖАВОБ: Суннат ва нафлларни ўтириб ўқиш мумкин. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари охиридаги нафл намозлари ўтириб адо қилинар эди. Ўтириб адо қилинганда, ташаҳҳудда ўтиргандек ўтирилади. Имом Муҳаммад чордона қуриб ўтирса ҳам бўлади, деган эканлар.
Шуни билмоқ керакки, ўтириб ўқилган намознинг савоби туриб ўқилган намоздан оз бўлади. Имрон разийаллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўтириб намоз ўқийдиган киши ҳақида сўрадим. Ул зоти шариф марҳамат қилдилар:
من صلى قائما فهوأفضل ومن صلى قاعدا فله نصف أجر القائم ومن صلى نائما او مضطجعا فله نصف أجر القاعد
“Кимки туриб намоз ўқиса, у афзалдир. Кимки ўтириб намоз ўқиса, бас, унга туриб ўқиганнинг ярим савобидир. Кимки ухлаб ёки ётиб намоз ўқиса, бас, унга ўтириб намоз ўқиганнинг ярим савобидир”. Буни “Сиҳҳоҳи ситта” соҳибларидан Имом Муслимдан бошқа ҳаммалари ривоят қилганлар.
Имом Муслим эса Ибн Умардан мана буни ривоят қилган:
صلوة الرجل قاعدا نصف صلوة القائم
“Кимсанинг ўтириб ўқиган намози туриб ўқиган намознинг ярмидир”.
Юқорида айтганимиздек, бу ўтириб ўқиш нафлларда дурустдир. Фарз намозларда қиём-тикка туриш фарз бўлгани учун узрсиз ўтириб ўқиш асло мумкин эмас. Фарзларни ўтириб ўқилганда эса савоблар асло камаймайди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда касал бўлса ёки мусофир бўлса, муқим ва саҳиҳ ҳолида амал қилгандек ажру савоб ёзилади”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти).
Аммо, таровеҳни дангасалик юзасидан ўтириб ўқишни Ҳанафий мазҳаби аҳллари макруҳи танзиҳий бўлади, дебдилар. Шунингдек, тикка туриб намозни бошласа-ю, кейин ўтириб давом қилдирса ҳам макруҳ бўлади. Шунга ўхшаш қироатнинг оғирлигидан ўтириб намозни бошласа-ю, имом рукуъ қилиши олдидан тикка туриб олиши ҳам макруҳдир. Ибн Обидийн ҳазратлари мана шуни макруҳи таҳримий, деганлар. Чунки, бу аниқ дангасаликка далолат қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда деган:
اذا قاموا الى الصلوة قاموا كسالى
“Улар намозга турсалар, дангасалик билан турадилар”. (Нисо сураси, 142-оят).
Бироқ, оёғи оғриётгани ёки ёши улуғлиги сабабли қандай қилиб ўқиса ҳам макруҳ бўлмайди, албатта. Зотан, бу дангасаликка кирмайди. Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида “Нафл намозини ўтиб ўқиётган кимса рукуъ қилишдан олдин туриши ва бир неча оят ўқиб, сўнг рукуъ қилиши афзалдир” дейилган. Бу иш суннатга ҳам мувофиқ келади. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтадилар: Жаноби Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васлламни кечаси ўтириб намоз ўқиганларини кўрганман. Ўтириб такбир айтиб, ўтириб қироат қилар эдилар, ўқиётган сурадан ўттиз ёки қирқ оят қолганида туриб қироатни давом қилдирар эдилар. Ана ундан кейин рукуъ қилар эдилар”. (Имом Бухорий ривояти).
Имоми бирор узр билан ўтириб ўқиса, қавм тикка туриб иқтидо қилаверадилар .
САВОЛ: Одамлар орасида хатми Қуръонга қатнашган одам кейинги кунлари таровеҳ ўқимаса ҳам бўлади, деган гап юради. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: Масжидларда таровеҳ намозларида хатм қилиш суннати кифоядир. Масжидларда жамоат бўлиб, таровеҳ ўқишнинг ўзи ҳам суннати кифоядир.
“Таровеҳ ўқиш хатми Қуръонга тобеъ суннатми ёки таровеҳ алоҳида суннат, унда хатм қилиш алоҳида суннатми?” деган масъала жавобида уламолар ихтилоф қилишган. Бу икковини бир суннат дейдиган уламолар таровеҳларда ўқилган хатми Қуръонларга тўлиқ қатнашганлар кейинчалик таровеҳларни ўқимаса ҳам бўлади, дейдилар.
Шунга кўра, бир марта хатми Қуръонга тўла қатнашган одам кейинги таровеҳларга қатнамаса ҳам бўлади. (“Жомиъ ур-румуз”).
Таровеҳ билан хатмни алоҳида иккита суннат дейдиган уламолар Рамазон ойининг ҳар бир кечасида таровеҳ ўқишни суннат, дейдилар. Мана шу қавлни “Фатовойи Оламгириййа”да энг саҳиҳ қавлдир, дейилган. (“Мажмуат ул-фатово”).
Аммо, таровеҳни ўқимаса ҳам бўлади дегани, умуман, хуфтаннинг жамоатига бормаса бўлади, дегани эмас! Чунки, унинг жамоатига масжидга бориш таъкидланган суннат ва улуғ фазилатли амаллардандир. Буни ҳар ким қилиши лозим ва лобуддир, дегани. Уйда ўқилган намозлардан кўра йигирма беш ёки йигирма етти даража ортиқ, деганидир. Хуфтаннинг жамоатига бориб, кейин таровеҳга қолмасдан уйига кетса бўлади, деганидир.
Яна бу дегани, умуман, таровеҳни ўқимаса ҳам бўлади, дегани эмас! Чунки, Рамазон ойининг ҳар бир кунида таровеҳни ўқиш, бутун ой давомида таровеҳни ўқиш суннатдир. Саҳобаи киромлар уни асло тарк қилмаганлар. Демак, бу масжидга бориб, хуфтаннинг жамоатидан сўнг масжидда қолмасдан уйига келиб, албатта, таровеҳни ўқиб олади, деганидир.
Шунинг учун фуқаҳоларимиз бундай фатволар беришган: “Агар хатми Қуръон ўн тўққизинчи кеча ёки йигирма биринчи кеча тугаса ҳам ойнинг қолган кунлари таровеҳ тарк қилинмайди. Чунки, у суннатдир”. (“Жавҳарат ун-наййира”). “Энг саҳиҳ қавл шуки, уни бир кун ҳам тарк қилиш макруҳ бўлади”. (“Сирож ал-ваҳҳож”). Ушбу икки мўътабар фиқҳий китобдан келтирилган фатво, юқорида айтганимиздек, “Фатовойи Оламгириййа”да ҳам зикр этилган.
САВОЛ. Таровеҳ намозини ўқимай қолдирилса, унинг қазоси ўқиладими?
ЖАВОБ. Аслида, таровеҳ суннат бўлгани учун унинг қазоси ўқилмайди. Чунки, бомдоднинг суннатигина вақти ўтса ҳам заволгача (бир ривоятда асргача) қазо қилиб ўқиб олиш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилганлар. Пешин намозининг аввалги суннати қолса, фарзидан кейин ўқиб олинади. Бу аслида пешин вақтида бўлаяпти. Мана шу икки суннатдан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. Қазоси лозим эмас.
Бироқ, таровеҳ бир ой давомида кечалари одат бўлган, бўладиган суннат экани учун, Пайғамбаримиз томонидан роса тарғиб қилинган суннат бўлгани учун, ҳатто, баъзи фақиҳларимиз таровеҳни тарк қилган одам кейинги таровеҳгача унинг қазосини ўқиб олсин, деганлар. Агар Рамазонда ўқий олмаса, кейинги Рамазонгача ўқиб олади, деган гап ҳам бор. Бу фикр “Жомиъ ур-румуз”да ҳам келтирилган. Имом Нававий ҳам шуни маъқул кўрган. Уларнинг бундай фикрга келишига мана булар сабаб бўлган:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одат бўлган амални энг афзал, дея мадҳ қилганлар:
احبّ الأعمال الى الله أدومها وان قلّ
“Аллоҳ таолога гарчи оз бўлса ҳам амалларнинг энг севимлиси уларнинг давоматлироғидир”. (Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Ойша р.а.дан ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай кечки одати қолиб кетса, уни кундузи ўрнини тўлдиришни таклиф қилганлар:
من نام عن حزبه او عن شيئ منه فقرأه فيما بين صلوة الفجر وصلوة الظهر كتب له كانما قرأه من الليل
“Кимки ўзининг вазифасидан ёки унга ўхшаш бир нарсадан ухлаб қолса, бас, уни бомдод намози билан пешин намозининг орасида ўқиб олса, худди унга уни кечаси ўқигандек ёзилади”.(Имом Муслимнинг Ҳазрати Умар р.а.дан ривояти).
Абул Лайс ас-Самарқандий ҳазратлари: “Кимки суннатни узр билан тарк қилса, маъзурдир, кимки узрсиз тарк қилса, манмандир”, деган эканлар.
САВОЛ: Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафлдир. Энди, аксар ҳолатларда бир қори таровеҳда одамларга хатм қилиб бергандан сўнг бошқа масжидга бориб, ҳали хатм қилинмаган, хатмда қатнашмаган қавмга имом бўлиб, хатм қилиб беради. Бу ҳолатда хатм қорига нафл-мустаҳаб, бу ердаги масжид аҳлига эса ҳали суннатлиги адо бўлмай турибди. Шу ҳолатда хатм суннат бўлган қавмга хатм қилиши мустаҳаб бўлган қори имом бўлмоқда. Аслида, кучли заифга иқтидо қилиши дуруст эмас эди. Худди бу нафл ўқиётганга фарз ўқиётган иқтидо қилиб бўлмаганидек. Бу ҳақда нималар дейиш мумкин?
ЖАВОБ: Айни масъала мутааххирийн уламолар тарафидан ихилофлидир. Лекин, энг саҳиҳ ва фатво берилган қавл шуки, бу ҳолатларда қори неча марта хатм қилса ҳам, бирор марта хатм қилмаган қавмга имом бўлиши мумкин ва қавм суннат хатмнинг савобини олади.
Таровеҳ ва хатми Қуръоннинг иккови бир суннат ёки иккови иккита суннат эканлигида ҳам ихтилофлар бор. Таровеҳда хатм қилган ёки унда тўлиқ қатнашган одам кейинчалик таровеҳ ўқимаса ҳам бўлади, дейишади баъзи уламолар. Бошқа фақиҳлар эса хатм алоҳида суннат таровеҳ эса Рамазон ойи давомида ҳар куни ўқиладиган алоҳида суннат, дейдилар.
Шунга кўра, баъзилар бир марта хатм қилган қори ҳали хатм қилмаган қавмга бориб имом бўла олмайди, дейдилар. Бу гап мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бири “Хизонат ур-ривоёт” асарида алоҳида таъкидланган. Унда зикр қилинишича, Имом ас-Сиғноқийнинг фатвосига биноан, бир имом таровеҳда хатм қилгандан сўнг ҳали хатм қилмаган бошқа қавмга бориб имомлик қилса, қавмдан суннат бўлмиш хатм соқит бўлмайди, улар фақат нафл савобини топадилар, холос. Ҳиндистон уламоларининг аксарияти ҳам шу фикрга қўшилганлар. Бундай ихтилофдан қочиш учун имом иккинчи марта хатм қилаётган бўлса, ҳар куни ўқийдиган қироатини: “Бугунги таровеҳда ўқийдиган оятларимни ўзимга назр қилдим”, деб шубҳалардан сақланиши мумкин. Шунда қавмнинг суннат хатмидан унинг назри устун бўлади.
Аммо, юқорида айтганимиздек, бу фикр жуда ихтилофлидир. Аслида суннат намозлари ҳам нафлдир. Шунга кўра нафл нафлга иқтидо қилиши мутлақо жоиз. Рамазон ойининг ҳар кунида таровеҳ ўқишни суннати муаккада, дейдиган уламолар айнан шу фикрга қўшилиб, хатм борасида ҳам бир хил суннат, дейдилар. Яъни, имом ҳам, қавм ҳам суннатни адо қилган бўладилар. Мазҳабимизнинг энг улуғ фиқҳий асарларидан бири “Фатҳ ул-қадийр”да суннат ниятида Қуръонни эшитиш билан суннат адо бўлади, дейилган. Демак, қорига суннати муаккада бўлмагани билан эшитувчи уни суннат сифатида ихлос билан эшитар экан, буюрилган суннатни адо қилган бўлади. Бу фикр “Канз ул-фатово”да сароҳатан тасдиқланган. (“Мажмуат ул-фатово”).
САВОЛ: Ўзининг масжидида хатми Қуръон қилинмаётган бўлса, бошқа масжидларга борса бўладими?
ЖАВОБ: Аслида ҳар ким ўз маҳалласидаги ёки энг яқин масжидда намоз ўқиши керак. Бу салафларимиздан қолган энг яхши одатдир. Агар ўз маҳалласидаги масжид қолиб, бошқа масжидларга чиқса макруҳ амални қилган бўлади. Зотан, масжидининг жамоати озайишига сабаб бўлмоқда.
Аммо, Рамазон ойида таровеҳларда хатми Қуръон қилиш ва хатмни эшитиш суннатдир. Бинобарин, ўз масжидида хатм қилинмаётган бўлса, бошқа хатм қилинаётган масжидларга бориши мумкин. Лекин, бормаса гуноҳкор бўлиб қолмайди. (“Мужмуат ул-фатово”).
САВОЛ: Қорилар йўқ жойлар бўлса, таровеҳда қироатни қандай қилган маъқул?
ЖАВОБ: Қорилар йўқ жойлар бўлса, ораларида қорилар етиштиришлари, Рамазонда бошқа ердаги қориларни жалб қилишлари даркор. Агар бунга бепарволик қилиб, тарк қилинса, суннат дейилган хатми Қуръонни тарк этганлари учун қавмнинг барчаси гуноҳкор бўлиб қоладилар.
Қорилари йўқ жойларда ёки бир марта хатм қилингандан сўнг Қуръоннинг охирги ўн сурасини йигирма ракъатда икки қатла ўқиш уламоларимиз томонидан тавсия қилинган. (“Жомеъ ар-румуз). Бизнинг юртларда ана шунга амал қилинади.
Аммо, баъзи уламолар шом намозига қироат қилингандек қироат қилаверади, деганлар. Диёримизнинг мутааххирийн уламолари эса бир оят узун ёки уч оят қисқадан ўқийди, деб фатво берганлар. (“Зоҳидиййа”). Сураи Ихлосни, яъни “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ҳар ракъатда замсура қилиб ўқиса ҳам бўлади. (“Сирожиййа”).
Фиқҳий матн китоблар жумласидан бўлган “Мухтор”нинг шарҳи “Ихтиёр”да жамоатда қавмга малол келмайдиган қилиб қироат қилаверади, дейилган.
САВОЛ: Имом таровеҳда адашиб учинчи ракъатга туриб кетса нима қилади?
ЖАВОБ: Имом таровеҳ намозида учинчи ракъатга туриб кетса, эслаган онида (гарчи қироат қилаётган бўлса ҳам) ўтиради ва аттаҳийёт ўқиб, бир тарафга салом бериб, саждаи саҳв қилади. Агар у учинчи ракъатга рукуъ қилганидан сўнг эсига келса, қайтмайди ва намозни тўрт ракъат қилиб тугатади. Саждаи саҳв қилмайди. Чунки, таровеҳни тўрт ракъат қилиб ўқиш мумкин.
Агар имом уч ракъат қилиб таровеҳни ўқиб қўйса, салом берганидан сўнг эсига келса ёки унга шундай қилиб ўқиганлигини эслатсалар, унда у одамлар билан бирга кейинги бир ракъат учун икки ракъат нафл ўқиб қўяди. Чунки, уч ракъатли ихтиёрий намоз йўқ: аввалги икки ракъати таровеҳ ҳисобига ўтади, кейинги бир ракъати учун икки ракъат нафл қазо сифатида ўқиган бўлади. Сўнг таровеҳни келган жойидан давом эттиради.
САВОЛ: Телевиденияларда таровеҳ намозларида хатми Қуръон қилинаётганини Маккаи мукаррамадан тўғридан тўғри олиб кўрсатилади. Шунда баъзи бировларнинг Қуръонни кўтариб турганларини, имомнинг қироатини намозда туриб, Қуръонга қараб кузатиб боришаётганини кўриб қоламиз. Биздаги таровеҳларда бундай нарсалар кузатилмаган. Айтингчи, шу амални қилиш мумкинми?
ЖАВОБ: Бу амал Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг наздида намозни бузади: Имомнинг қироатини ёки ўзининг қироатини Қуръонга қараб кузатиб бораётган одамнинг намози бузилади. Агар имомга шу ҳолатида луқма берса, ундан луқма олган имомнинг ҳам ва унга иқтидо қилаётганларнинг ҳам намози бузилади. Чунки, имом ташқаридан таълим олган бўлади. Бу масъала мазҳабимизнинг энг мўътабар асарларидан бўлмиш “ал-Ҳидоя”нинг шарҳларида, хусусан, Мавлоно ал-Ҳаддоднинг ҳошиясида батафсил изоҳланган.
Имомайнлар наздида, яъни, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздида намозда қироатни мусҳафга қараб ўқиш намозни бузмайди, балки макруҳ бўлади. Чунки, бу амал ғайри дин – китобийларнинг ишига ўхшайди. Улар ўзларидан олдин ўтган тобиъинларнинг гапларига эргашганлар. Имом нахаъий, Саид ибн Мусаййаб, Шаъбий, Ҳасан Басрий, Сулаймон ибн Ҳанзала, Мужоҳид, Ҳаммод, Қатода каби зотлар макруҳ, дейишган экан. Агар буни қасдан қилса, намозни бузади, деган қарашда бўлган тобиъинлар ҳам бор. Саид ибн Мусаййаб, Ҳасан Басрий, Шаъбий, Абу Абдураҳмон ас-Суламий каби зотлар шу қарашда бўлишган.
Имом Шофиъий наздида эса мусҳафга қараб ўқиш намозни ҳам бузмайди, макруҳ ҳам бўлмайди. Унинг далили шуки, Қуръонга қараб қироат қилишнинг ўзи ибодат. Бу ерда ибодатга ибодат қўшилиб, нур устига нур бўлади. Макруҳ эмаслиги шунданки, аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам муқаддас китобларига қараб ибодат қилавермайди. Баъзилари ёддан, қалбидан ҳам ўқишади. Аҳли китобга ўхшаш макруҳ бўлса, Қуръонни ёддан ўқиш ҳам макруҳ бўлиши керак эди. Бу мумкин эмас. Демак, намозда Қуръонни юзидан ўқиш ҳам макруҳ эмас.
Имоми Аъзам бу зотнинг қарашларига жавоб бериб айтадики, аҳли китобга ҳамма ҳолатларда ўхшаш макруҳ эмаслиги тўғри. Ташаббуҳнинг ўзи, ўхшаш ва ўхшатишнинг ўзи макруҳ эмас. Қайси нарсада биз ҳам ночор қолсак, ўшани қилиш бизга мумкин бўлади. Ейиш-ичишда ёки баъзи зарурий ишларда аҳли китобга ўхшашимиз мумкин. Аммо, намозда Қуръонга қараб қироат қилиш зарурат эмас. Бинобарин, уни биз жоиз эмас, деймиз.
Бундан ташқари Имом Шофиъийнинг далилида намозда Қуръонга қараб ўқиш ҳақида ҳадиси шариф ҳам бор. Буни Имом Шофиъийнинг ўзлари ўз муснадида, Имом Абдурраззоқ эса ўз мусаннафотида келтирган. Ҳатто Имом Бухорий ҳам буни ривоят қилган. Ўша ривоят шуки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо мавлолари (озод қилган қуллари) Заквонга имом бўлишга буюрадилар ва у Қуръонга қараб намоз ўқиган. Ойша онамиз инкорсиз унга иқтидо қилган.
Мазҳабимизнинг таниқли олими Имом аз-Зайлаъийнинг таъбирича, бу ҳадисдаги маъно шуки, Заквон ҳар икки ракъатдан кейин Қуръонни очиб, Қуръон оятларини ва тартибини эсга солиб олган. Бундай қилиш ҳозирги қориларимизда ҳам кузатилади. Ровий эса намозни Заквон мусҳафдан орада кўриб-кўриб ўқиб берди, деб келтирмоқчи бўлган.
Агар қори Қуръон оятларини мукаммал ҳифз қилган бўлсаю, олдида очиқ турган Қуръонга қараб, унинг тартиби, саҳифаларда жойлашишини фаҳмлаб олса, меҳробда ёзилганини фаҳмлаб олса, намоз бузилмаслиги мазҳабимиз китобларида ҳам зикр этилган. (“Хулосат ул-фатово”). Заквоннинг амали ана шу тариқада бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, уламоларимиз Қуръонни намозда кўтариб туриш, уни варақлаш, унга назар солиб туриш амали касир, дейдилар. Амали касир эса намозни бузади. Амали касир бу – уни қилаётган одамни ташқаридан қараган одам намоз ўқимаяпти, деб ўйлашидир. Демак, бу ерда Қуръонни бир қўлда кўтариб турса ҳам намоз бузилади, деганидир. Агар Қуръони кўтармасдан, варақламасдан, балки, олдида очиб қўйиб, унга қараб ўқиса ҳам ундан талқин қилганлиги, таълим олганлиги боис намоз бузилади. (Мавлоно Алий ал-қори “Шарҳ ан-Ниқоя”да бу қарашни ҳам зикр қилган).
Қуръонни кўтариб туриб, унга қараб қироат қилишда, бошқа суннатлар ҳам тарк қилинади. Масалан, иккала қўлни намозда такбири таҳримада кўтариш, қироат пайтида қўлларни қовуштириб туриш, рукуъда тиззаларни ушлаш, қаъдада ўтирганда, ишораи саббоба қилиш кабиларни тарк қилишга тўғри келиб қолади.
Мусҳафдан, Қуръондан қараб қироат қилиш намознинг бузилишига олиб келишига Шамс ул-аимма ас-Сарахсий, Ҳофизиддин ан-Насафий, Имом аз-Зайлаъий каби фақиҳлар жазм қилишган. Ҳатто фиқҳ китобларимизда биров Қуръон оятларидан бирортасини ёддан билмаса, фақат Қуръоннинг ўзига ёки оятлар кўчирилган варақларга қараб ўқишни билса, у намозларини ёд олгунча қироатсиз ўқийверади, деб фатво берилади. (“Заҳириййа”, “Хулосат ул-фатово”). Чунки буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар. Имом Абу Довуд ва Термизийлар ҳасан деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига намозни ўргатганларида унга бундай деганлар: “Ўзинг билан бирга Қуръон бўлса, (яъни Қуръондан оятлар ёд олган бўлсанг), уни қироат қил. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳга ҳамду сано айт, такбир айт ва таҳлил айт. Сўнг рукуъ қилгин!”. Абдуллоҳ ибн Аби Авфо разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Мен Қуръондан ҳеч нарса олишга қодир бўла олмаяпман. Менга жоиз бўладиган нарсаларни ўргатинг” дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга калимаи тамжидни ўргатиб қўйибдилар. Бу ҳадисни Аҳмад, Абу Довуд, Насоий, Дорақутний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким каби муҳаддислар ривоят қилган. Агар Қуръондан қараб ўқиш мумкин бўлганида эса, ўша кишига оятларни ёздириб берилган бўлар эди.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг қавлини Имом Абу Довуд Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоят қувватлайди:
نهانا أمير المؤمنين ان نؤمّ الناس فى المصحف
“Амир алмўъминин (Ҳазрати Умар) бизни одамларга мусҳафга қараб имом бўлишимиздан қайтардилар”.
Мазҳабимиз фиқҳининг мумтоз даврининг энг сўнгги вакилларидан бири Мавлоно Абдулҳай Лакнавий намозда имомга луқма бериш ва луқма олиш ҳукмлари, шунингдек, Қуръондан қараб қироат қилиш ҳукмлари борасида иккита рисола ёзганлар. Ушбу рисолаларида Абдулҳай Лакнавий Имоми Аъзамнинг гапларини қувватлаган.
Шундай қилиб, бизнинг юртларда азалдан Имоми Аъзам мазҳабига муҳаббатли қориларимиз, намозхонларимиз намозларида Қуръондан қараб қироат қилишмаган, балки, Қуръони ҳифз қилишга, иложи борича, ўзлари ҳам одамларга ҳам намозни бешубҳа ўқиб беришга интилиб келганлар.
САВОЛ: Хатми Қуръонлар охирида Ихлос сурасини уч марта ўқилади. Бу савобли амалми?
ЖАВОБ: “Шарҳ ал-Муниййа” ва “Мажмуат ал-фатово”ларда бу ҳақда айтилган. Гарчи Ихлос сурасини уч марта ўқишни баъзи уламолар ёқтиришмаган бўлса-да, аммо Фақиҳ Абул-лайс ас-Самарқандий ҳазратлари аҳли Қуръон ва жами мусулмонлар жамоаси буни маъқул топганларини қайд этадилар. Демак, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни уч марта қайтаришнинг зарари йўқ.
“Мен Қул ҳуваллоҳу аҳадни яхши кўраман”, деган кимсага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенинг бу муҳаббатинг сени жаннатга олиб киради”, деган бўлсалар, намозларда ушбу фазилатли сурани доим ўқиб юрадиган саҳобийга ул зот: “Сен шу сурани яхши кўрганинг учун Аллоҳ сени яхши кўради”, деганлар. (Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос ва Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳумолар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:
وقل هو الله احد تعدل ثلث القرآن
“Қулуваллоҳу аҳад сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”. (Имом Термизий ривояти).
Аммо, уни фарз намозларда бир марта ўқиган афзалдир. Чунки, фиқҳий китобларда фарз намозларда сурани такрор ўқишни макруҳ бўлади, дейилган.
Нафл намозларда оятларни такрор ўқиш Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам содир бўлган. Жумладан, ул зоти шариф Моида сурасининг 118-оятини эрталабгача такрор-такрор ўқиганларининг хабари саҳиҳ ҳадиси шарифдан бизгача етиб келган. Бинобарин, чиройли овозли қориларимиз раҳмат оятларини, баъзи насиҳатомуз оятларни, дилларимизни юмшатадиган ояти карималарни такрор-такрор ўқиб, дилларимизни хушнуд айласалар яхши бўлади.
САВОЛ: Таровеҳни одатда икки ракъатдан ўқилади. Аммо, бизнинг қишлоқда тўрт ракъатдан ўқишади. Шундай қилиб ўқиса, бўладими?
ЖАВОБ: Мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлган “Ҳидоя”да таровеҳнинг ҳар тўрт ракъатида икки салом билан адо қилинади, дейилган. Чунки, таровеҳни саҳобаи киромлар икки ракъатдан ўқишган.
Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам алоҳида таъкидланган:
صلوة الليل مثنى مثنى
“Кечки намоз икки-икки ракъатдандир”.
Бу Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир. Аммо, асҳоби сунан ва Ибн Ҳиббонлар ривоятида эса бунга кундузги нафллар ҳам қўшилган.
Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечасидаги ўқилган икки ракъат дунёдан ва ундаги бор нарсалардан яхшироқдир”, демишлар.
Шунга кўра Имом Шофиъий, Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда бизнинг мазҳабимиз имомлари Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний наздида кечки намозларнинг ҳаммасини, жумладан, таровеҳни ҳам икки ракъатдан салом бериб ўқиш керак. Ҳатто Ҳанбалий мазҳабида тўрт ракъатдан ўқиш макруҳдир. Абу Юсуф ва Муҳаммадлар таровеҳ икки ракъатдан қилиб ўқилса, такбири таҳрима, саловоту-дуо ва саломлар кўпроқ бажарилади, деган фикрдалар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида эса кундуз куни ҳам, кечаси ҳам нафл ибодатларни тўрт ракъатдан салом бериб ўқиш афзалдир. Чунки, битта такбири таҳрима билан намоз ўқишда машаққат кўпаяди, машаққати кўпайган ибодатда савоб ортади. Бинобарин, бир одам тўрт ракъат намоз ўқишни ўзига назр қилса, тўрт ракъатни бирданига ўқиши керак, агар у икки ракъатдан қилиб ўқиса, назрининг уҳдасидан чиқмаган бўлади . Шунинг учун “Мухтасар ул-Виқоя”нинг баъзи нусхаларида таровеҳнинг ҳар тўрт ракъатини икки салом билан ўқилади, деган жумла ўрнига фақат тўрт ракъатнинг ўзи зикр этилган.
Имоми Аъзамнинг далилини Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо келтирганлар:
انّ النبى صلى الله عليه وسلم كان يصلى بالليل أربعا لا تسأل عن حسنهن وطولهن ثم يصلى أربعا لا تسأل عن حسنهن وطولهن ثم يصلى ثلاثا
“Албатта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!... Сўнг уч ракъат (витр) ўқир эдилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Муҳаддислардан Абу Яъло ривоят қилишича, Урва раҳматуллоҳи алайҳи Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз кундузги зуҳо намозини бир салом билан тўрт ракъат қилиб ўқиганликларини эшитган экан.
Юқорилардан маълум бўлмоқдаки, кечки нафл ибодатларни тўрт ракъатдан ўқиш мумкин бўлса-да, аммо таровеҳни аждодларимиз, салафи солиҳинларимиз, саҳобаи киромлар икки ракъатдан ўқиганликлари учун уни икки-икки ракъатдан ўқиган афзал бўлиб қолаверади. Бинобарин, таровеҳларни ҳамма жойда, шунингдек, сизнинг қишлоқда ҳам икки ракъатдан ўқиган яхшироқ.
Шуни билмоқ керакки, таровеҳни тўрт ракъатдан ўқиган тақдирда ҳам унинг ҳар икки ракъати орасида қаъдада ўтирмоқ, “аттаҳийёт”ни ўқимоқ лозим бўлади, акс ҳолда бил-иттифоқ уламоларимиз фатволарига кўра макруҳ бўлади.
Ҳатто фиқҳ китобларимизда таровеҳнинг йигирма ракъатини охирида икки салом билан, ҳар икки ракъатида қаъдада ўтирган ҳолда адо қилса, жоиздир, дейилган. Баъзи олдинги уламолар жоиз эмас, балки бу икки ракъат ёки тўрт ракъатга ҳисоб қилинади, деган эканлар . Аммо, қаъдаларда ўтирилмаса, Имом Аъзам ва Имом Муҳаммад наздида намози намоз бўлмайди. (“Бадойиъ”).
Таровеҳни тўрт ракъатдан қилиб ўқилганда, тўрт ракъатда ҳам қироатни жаҳрий қилинади.
САВОЛ: Таровеҳ намозининг вақти қачон? Уни хуфтандан аввал ўқиса, бўладими? Масалан, хуфтанга кечикиб келдим. Масжидга келсам, одамлар таровеҳни аллақачон бошлаб юборишибди? Дарҳол уларга қўшиламанми? Шунингдек, таровеҳни кечанинг охирида саҳарликка турган вақтда ўқисам бўладими?
ЖАВОБ: Жами мазҳаб уламолари таровеҳни хуфтандан кейин ўқилишига келишиб олишган. Гарчи айрим олимлар таровеҳни хуфтандан аввал ўқиса бўлади деган бўлсалар ҳам.
Шунинг учун мазҳабимизнинг фиқҳий матн китобларида таровеҳ хуфтандан сўнг, витрдан аввал ёки кейин ўқилади, дейилади.
Саҳобаи киромлар таровеҳни витрдан аввал ўқишган. Зотан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятида кечки намозларнинг охиргиси витр бўлишини Пайғамбаримиз тавсия қилганлар. Лекин бу тавсия афзалиятни ифода қилишини, яъни амри истиҳбобиййа эканлигини уламоларимиз таъкидлашган. Бинобарин, таровеҳни витрдан сўнг ўқишнинг ҳеч қандай кароҳияти йўқ. Мазҳабимиз фақиҳларидан Абу Али ан-Насафий шундай деганлар.
Масжидга келганда, одамлар хуфтанни ўқишиб, таровеҳга туришган бўлса, кечикиб келган одам бир чеккага ўтиб аввал ўзи (ёки кечикиб келганлар билан бирга) хуфтаннинг фарзи ва суннатини ўқиб олади, (суннатни ўқимаса ҳам бўлади) сўнг одамларга қўшилади. Одамлар билан витрни ҳам ўқиб бўлгандан кейин таровеҳдан қолгани бўлса, ўқиб олади.
Хуфтандан олдин ўқилган таровеҳ таровеҳ бўлмайди. Зеро, унинг вақти хуфтандан кейиндир.
Таровеҳни бомдод вақтигача ўқийверса бўлади. Аммо одамлар билан бирга кечанинг аввалида ўқиб олгани маъқулроқ.
САВОЛ: Бизнинг қишлоқда таровеҳ ўқиб берадиган имом етишмай қолади. Ҳар йили Рамазонда имом масъаласи муаммо. Шунда бир жамоатга таровеҳ ўқиб бериб келиб, иккинчи жамоатга ҳам имом бўлиб ўқиб берса бўладими?
ЖАВОБ: Имомларнинг етишмай қолиши жуда катта мусибат, ниҳоятда оғир балодир!
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можжалар Саломат разийаллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни мана бундай деб огоҳлантирдилар:
انّ من أشراط الساعة ان يتدافع اهل المسجد لا يجدون اماما يصلى بهم
“Масжид аҳлининг уларга намоз ўқиб берадиган имом топалмасдан имом ахтариб юришлари, имом топишга ўзаро ҳаракат қилишлари қиёматнинг аломатларидандир”.
Бунинг олдини олишга ҳаракат қилиш, ҳар бир қавм, ҳар бир қишлоқ аҳли ўзлари ичидан беш вақт намозларга, таровеҳларга, жанозаларга имом бўлишга лаёқатли имомлар етиштирмоқлари фарздир. Аллоҳ фарзларимизни адо қилишимизга муваффақ айласин!
Бир жамоатга имом бўлиб, бошқа жамоатга яна имом бўлиш фарз намозларда ҳам, вожиб намозларда ҳам, суннат намозларда ҳам мумкин эмас. Чунки, мазҳабимиз ихтиёрига кўра биринчи ўқилган намоз ўз ўрнида бўлиб, кейингиси нафлга айланади. Кейинги ўқиётган қавмга эса ҳали у намоз нафл эмасди. Даражаси паст нафл даражаси юқори фарз, вожиб ёки суннатга муқаддам бўла олмайди.
Демак, сизнинг қишлоқлардаги имомлар фақат бир жойдагина имом бўла оладилар. Қолган жойларда иқтидо қилишлари мумкин. Чунки, биринчи таровеҳ унинг учун суннатдир. Кейингиси нафлдир. Кейинги қавмга таровеҳ ҳали суннат эди. Улар нафл таровеҳ ўқиётганга иқтидо қила олмайдилар.
САВОЛ: Рамазон ойида витр намозини жамоат бўлиб ўқилишини биламан. Нима учун бошқа вақтларда жамоат бўлинмайди? Витрнинг ҳукмларини айтиб берсангиз?
ЖАВОБ: Витр намози уч ракъат бўлиб, бир салом билан ўқилади. Буни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ривоятидаги Пайғамбаримиз уч ракъат қилиб витр ўқиганликлари билан далилланади. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Витрни ўқиш тартиби: Икки ракъатдан сўнг ўтириб “аттаҳийёт” ўқигандан кейин учинчи ракъатга турилади ва учинчи ракъатда қироат қилиб бўлгандан сўнг такбири таҳримадаги каби қўл кўтариб такбир айтилади ва рукуъдан аввал дуои қунут ўқилади.
Имом Насоий ва Ибн Можжалар Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қунутни рукуъдан олдин ўқир эдилар.
Ҳозирда одатда ўқиб юрган дуои қунутни ўқиш суннатдир. Билмаса, ўргангунча бошқа билган дуоларидан ўқиб туради.
Витр намози Имоми Аъзам наздида вожибдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:
الوتر حق على كلّ مسلم
“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир”. (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:
انّ الله أمركم بصلوة هى خير لكم من حمر النعم وهى الوتر فجعلها لكم فيما بين العشاء الى طلوع الفجر
“Албатта Аллоҳ таоло сизларга бир намозни ўқишни буюрдики, у қизил туядан ҳам яхшироқдир. У витрдир. Бас, уни хуфтан орасида бомдодгача қилинади”. (Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа ва Ҳокимлар саҳиҳ деб ривоят қилган).
Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ва бошқа мазҳабларда витр намозини ўқиш суннати муаккададир.
Шунинг учун ҳам витрни фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Зеро, фақат Рамазонда баъзи суннатлар (масалан, таровеҳ намози) жамоат бўлиб ўқилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамлар билан таровеҳ ўқиганларида уларга витрни ҳам ўқиб берган эдилар. Бу Ибн Ҳиббон саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадисда аниқ қилиб айтилган. Хулафои рошидийнлар ҳам шундоқ қилганлар. Хусусан, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзлари имом бўлиб, одамларга витрни ўқиб берганлари нақл қилинган. Витрни жамоат бўлиб ўқилганда, унинг дуосини махфий ўқилади, албатта. Зеро, дуоларни махфий қилиш машруъ бўлган.
Витр намози, аслида, фарзларга зиёда қилинган намоз бўлганидан, Пайғамбаримизнинг “Охирги намозингиз витр бўлсин”, деганларини инобатга олиб, туришга кўзи етадиган одам бўлса, витрни уйда кечанинг охирида, саҳарликка турганда, саҳарликдан олдин ўқиб олгани афзалроқдир. “Фатовойи Ятима”да айтилишича, Абул Фазл Бухорий ҳазратлари витрни кечанинг аввалида жамоат бўлиб ўқиш имконият бўлса, уни кечанинг охирига таъхир қилиш яхши эмас, яхшиси, жамоат билан адо қилиш керак, деган .
САВОЛ: Кўп жойларда таровеҳни жуда тез ўқилишини кузатамиз. Қироатлари ҳам жуда тез, сажда ва рукуъларини ҳам тез-тез адо қилиб ўқилади. Имомга иқтидо қилганлар тасбиҳларни ҳатто уч мартадан ҳам айтиб улгура олишмайди, “аттаҳийёт”ни ўқишса ҳам, саловатларни айтиб улгура олмайдилар. Бундай қилиб таровеҳ ўқиш мумкинми?
ЖАВОБ: Таровеҳни сиз айтгандек қилиб ўқиш макруҳи таҳримий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зеро, таъдили аркон, яъни, рукуъ ва саждаларда ҳамда уларнинг орасида аъзолар бир тин олгунча туриш мазҳабимизда вожибдир. Буни фиқҳ китобларимизда “тумонина” ҳам дейилади. Бошқа мазҳаблар наздида таъдили арконни бажармаслик намознинг фасод бўлишига олиб келади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъдили аркон, тумонина қилмасдан намоз ўқиётган кимсани уч марта намозини қайта ўқишига мажбур қилганлар.
Сажда ва рукуъда ақалли уч марта тасбиҳ айтиш суннатдир. Тасбиҳларни уч мартадан айтилиши, рукуъ ва саждада ва улар орасида тумонина қилиш ҳамма намозларга – фарзу вожибу суннату нафлларга тегишлидир.
Фиқҳий китобларда таровеҳда қироатни тез ва секиннинг орасида, ўртача ўқилади, дейилган. Нафлларда мутлақо тез ўқиш, мумкин. Буни Шамсиддин Қуҳистоний “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳида айтган. Бу ўтган баъзи уламоларнинг, салафи солиҳинларнинг бир кунда, ҳатто бир ракъатда Қуръонни хатм қилиш одатлар бўлгани билан изоҳланади. Аммо, қироатнинг махражларида шошилмасдан, тартил ва тажвидларига амал қилиб ўқиш лозим. Чунки, бир ҳарф махражи нотўғри чиқса, ёки калималарни маъно ўзгарадиган қилиб айтса, намоз бузилиб кетади.
Шунингдек, Қуръон оятларини тафаккур ва тадаббур билан ўқиш лозим. Намозни тез тугатиб олай, деб ўйлаб туриб қироат қилинмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳозирда биз ўқийдиган саловотни намозлар охирида саломдан олдин ўқишга буюрганлар. Бинобарин, уни мазҳабимиз уламолари суннати муаккада, дейдилар. Бошқа мазҳабдагилар, ҳатто саловот ўқишни фарз ҳам деганлар.
Шунингдек, намозлар охирида саловотлардан сўнг, саломдан аввал ўқийдиган бир қанча дуоларни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар.
Баъзи уламоларимиз, қавм ичида қарилар, ҳожатмандлар кўп бўлса, таровеҳда фақат дуоларни тарк қилишга рухсат берганлар.
Шуларни эътиборга олиб “Фатовойи Сирожиййа”да таровеҳларда қироатни шошилиб ўқиш, рукнларни шошилиб адо этиш макруҳ, деб фатво берилган.
Тўғри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қавм ичида заифлар, ёши улуғлар, ҳожатмандлар ва аёллар бўлишини инобатга олиб, имомларнинг намозларни енгил ўқиб беришларига катта эътибор берганлар. Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аммо, енгил ўқиб бериш жуда тез қироат қилиш ёки вожибу суннатларни тарк қилиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Балки, кичкина сураларни ўқиб бериш, қироатни жуда чўзмаслик билан бўлиши керак, холос. Шунинг учун “Фатовойи Ҳужжа”да рукуъ ва сажда тасбиҳларини таровеҳларда учтадан кам айтилмайди, дейилган. Чунки, суннат намозида суннатлар тарк этилмайди .
Юқорида ўтган баёнотларга кўра, имом ва муллаларимиз таровеҳларни шошилмасдан, қисқа суралар ҳисобига енгил қироат билан ўқиб беришлари афзалдир.
САВОЛ: Баъзи одамлар имомнинг таровеҳнинг қироатини чўзиб юборганликда айблаганини эшитиб қоламиз. Ўша даврада ўтирганларнинг баъзиси эса аксинча гапиришади. Таровеҳда ўзи қироатнинг маълум миқдори борми?
ЖАВОБ: Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари ўн бир ракъат намоз (шундан учтаси витр) ўқиганлари кўплаб ривоят қилинади. Ана шу намозларида ул зоти шариф қироатни узун-узун қилар эдилар. Ҳатто ул зоти шариф бир марта бир ракъатда тартил ва тажвид билан Қуръоннинг беш порасини ўқиган эдилар.
Ҳузайфа разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбаримиз бир кеча тўрт ракъат намоз ўқиганлар. Унда Қуръондан Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида ёки Анъом сураларини қироат қилганлар. Буни Имом Абуд Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз ўша намозларида намоз арконларини ҳам, яъни рукуъ ва саждаларини ҳам узун-узун қилар эдилар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Расули акрам кечки намозларида рукуъ ва саждаларини биз эллик оятлар ўқигунимиз миқдорича қилар эканлар. Буни Имом Муслим ривоят қилган.
Ҳазрати Умар таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни жорий қилганларида бир Рамазонда уч марта хатми Қуръон қилинар эди. Ўша пайтда у зот ҳар ракъатда Сураи Бақарадан ўттиз оятдан ўқишни қорига тавсия қилган. Бу тўрт-беш саҳифага боради, дегани.
Имом Молик “Муватто” асарида ас-Сойиб ибн Язиддан нақл қилишича, таровеҳда қори икки юз оятни ўқиганда, қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолар эканлар. Уйларига одамлар саҳардан сал олдин қайтар эканлар ва шошилиб саҳарлик еб олар эканлар.
Яна Имом Молик ал-Аъраждан ривоят қилган. Унинг айтишича, қори Сураи Бақарани саккиз ракъатда ўқиган, агар ўн икки ракъатда ўқиса, одамлар қироатни енгил ўқиди, деб ҳисоблашар экан.
Рамазон ибодат ойи. Намозларни, ракъатларни, қироатларни кўпайтирадиган ой. Шошилмайдиган, ибодатлардан зерикмайдиган ой. Ғанимат ойи!
Яна шуни билмоқ керакки, қорига бир савоб берилса, уни ихлос билан эшитганга икки савоб берилади. Имом Доримий ўз муснадида ривоят қилади:
انّ الذى يقرأ القرآن له أجر، وانّ الذى يستمع له أجران
“Шак йўқки, Қуръон қироат қилганга, бир савоб, уни эшитган кимсага икки савобдир!”.
Агар мазкур ҳадисни Қуръон тиловатининг ҳар бир ҳарфига ўнтадан савоб берилиши ҳақидаги ҳадисга қиёс қилсак, демак, ихлос билан Қуръон тиловатини эшитувчига ҳар бир ҳарфига йигирматадан савоб берилар экан, инша Аллоҳ!
САВОЛ: Мен ўзимизнинг маҳалла масжидимизда таровеҳни ўқиб оламан. Одатда ундан сўнг хатми Қуръон қилинаётган бошқа масжидларга бориб, яна таровеҳ ўқийман. Бундай қилишим дурустми? Бунда нималарга аҳамият беришим керак?
ЖАВОБ: Сизга Аллоҳ ажру савобларни кўпайтириб берсин, ҳимматингизни янада баланд айласин!
Уйда ёки бошқа ерда хуфтанни, таровеҳ ва витрни жамоат бўлиб ўқигандан сўнг яна бир жамоатга боришда қуйидагиларга аҳамият бериш керак бўлади.
Кейинги жамоатдагилар ўша кунги хуфтан, таровеҳ, витр намозларини биринчи марта ўқиётган бўлсин. Чунки, иккинчи марта ўқилган намоз мутлақ нафл бўлиб, нафлни жамоат бўлиб ўқиш макруҳдир.
Сиз келиб, кейинги жамоатда хуфтан фарзига иқтидо қилишингиз мумкин, албатта. Аммо бундай қилмаганингиз маъқул. (“Бадойиъ”).
Сиз кейинги жамоатга, ҳар қандай ҳолатда, хуфтанга ҳам, таровеҳга ҳам, витрга ҳам имом бўла олмайсиз.
Сиз кейинги жамоатда витрга иқтидо қила олмайсиз. Чунки, сиз витрни ўқигансиз. Кейинги ўқишингиз эса нафл бўлади. Нафл эса уч ракъат бўлиши мумкин эмас. Агар сиз витрни ўқимасдан келган бўлсангиз, витрга иқтидо қилишингиз мумкин.
САВОЛ: Имомимизнинг ўзи рўза тутмаса, у таровеҳларимизга имомлик қила оладими? Ундан бошқа имом топа олмасак-чи?
ЖАВОБ: Таровеҳ Рамазон кечалари учун суннат қилинган бўлса ҳам, унинг рўза билан алоқаси йўқ. Яъни, рўза тутган-тутмаганларнинг ҳаммаси мусулмон бўлса бўлди, таровеҳ ўқийверадилар. Бу суннатдир.
Сизнинг имомингизнинг икки ҳолати бор. Агар у бирор бир шаръий узри сабабли рўза тутмаётган бўлса, демак, сизларга имом бўлаверади. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўз имомларингиз таровеҳни ўқиб бергани, бошқа имом таровеҳни ўқиб берганидан яхшироқдир.
Аммо, имом беузр, ҳеч қандай сабабсиз, фисққа, нафсига эргашиб, рўза тутмаётган бўлса, демак, имом бўлишга ҳаққи йўқ. Унинг орқасида, умуман, ҳар қандай фосиқнинг орқасида намоз ўқиш барча мазҳаблар фатвосига кўра макруҳи таҳримийдир. Чунки, ундай одамни имом қилиш уни улуғлаш бўлиб, бу билан бир нави унинг фисқу фужурига бепарволик ҳам бўлиб қолади.
Фосиқ деб шариатга ошкора амал қилмайдиган, шариат ҳукмларига бепарво, ҳаром ва ҳалолларнинг фарқига бормайдиган одамга айтилади. Балки, Имом Молик ва Имом Аҳмад наздларида, бир ривоятида фосиқнинг намози дуруст бўлмайди. Шунинг учун тақводор, парҳезгор, билганига амал қиладиган имомнинг орқасида намоз ўқишга ҳаракат қилиш керак. Шундай имомни топиб, тайёрлаб, имом қилиб қўйиш керак.
Бошқа муносиб имом топилмаса, ўшандан бошқа “билимли” бўлмаса, у имом бўлаверади. Чунки, намоз макруҳ бўлгани билан қабул бўлиши Аллоҳдан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:
صلوا خلف كلّ بَرّ وفاجر وصلوا كلّ بَرّ وفاجر...
“Ҳар бир яхши ва ёмоннинг орқасида намоз ўқийверинг! Ҳар қандай яхши ва ёмон одамга намози жаноза ўқинг!”. (Имом Дорақутний Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривояти).
Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:
والصلوة واجبة عليكم خلف كلّ مسلم بَرّا كان او فاجرا وان عمل الكباير والصلوة واجبة على كلّ مسلم بَرّا كان او فاجرا وان عمل الكباير
“Намоз сизларга ҳар бир яхши бўлган ёки ёмон бўлган мусулмоннинг орқасида ўқиш вожибдир. Гарчи у гуноҳи кабираларни қилган бўлса ҳам. Ҳар бир мусулмон одамга, хоҳ у яхши бўлсин, хоҳ ёмон бўлсин, жаноза ўқиш вожибдир. Гарчи у гуноҳи кабираларни қилган бўлса ҳам”.
САВОЛ. Имом таровеҳда уч ракъат ўқиб қўйгани борасида тортишув бўлди. Шунингдек, тўрт тасбиҳ (ўн олти ракъат) бўлди, деган ихтилоф ҳам юз бериб туради. Бу ҳолатларда нима қилинади?
ЖАВОБ. Қавм имонинг уч ракъат ўқиганини, баъзилар эса икки ракъат ўқиганини айтаётган ҳолатда имом ўзининг ғолиб раъйини олиши керак, бошқаларнинг гапига эътибор бермайди. Агар ўзи иккиланиб қолса, тўғрисўз одамнинг гапига қараб амал қилади. Мабодо у ёки имомнинг ўзи уч ракъат ўқилди деса, кейинги бир ракъат учун икки ракъат намоз ўқилади ҳамда таровеҳ келган жойидан давом эттирилади.
Агар тасбиҳлар, аниқроғи ракъатлар нечта бўлгани борасида ихтилоф чиқса имом аввало ўз раъйига қарайди. Агар ўзи ҳам иккиланиб қолса, бир тасбиҳ қўшиб жамоат бўлиб ўқишади. Баъзилар ҳар ким ўзи ёлғиз-ёлғиз икки ракъатдан тўрт ракъат ўқийди, деган .
САВОЛ: Қуръони каримни хатм қилишнинг кунлик миқдори борми? Яъни, бир-икки кунда хатм қилса бўладими?
ЖАВОБ: Баъзи уламолар, хусусан аҳли ҳадислар бир-икки кунда Қуръони каримни хатм қилишни макруҳи таҳримий деб билишади. Уларнинг далиллари будир:
Биринчидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бир-икки кунда Қуръонни ўқиш содир бўлмаган, демак, бу кейин чиққан бидъатдир, бидъат бўлганда ҳам бидъати саййиадир.
Иккинчидан, Расули акрам алайҳиссаломнинг ибодатлари ҳақида гапирганда, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечада тўлиғича қоим бўлган эмаслар, бир кечада ҳаргиз Қуръонни хатм қилган эмаслар. Рамазондан бошқа бирорта ойда тўла рўза тутган эмаслар. Қачон намоз ўқиб қолсалар, уни давомий ўқир эдилар”. Бу ҳадисни Имом Абу Довуд ривоят қилган. Имом Муслимда ҳам шу хилда ривоят бор. Ибн Можжа ривоятида эса: “Қуръоннинг ҳаммасини тонггача ўқиб чиққанларини билмайман”, дейилган. Имом Бухорий ривоятида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки намозларини Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам ўн бир ракъатдан ўтказмаган эканлар.
Учинчидан, ҳадис китобларининг рўза бобида келтирилган Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳунинг воқеаси далил бўлади. Бу ҳадиси шариф маъноси Имом Бухорий ва Имом Муслим бошлиқ қарийб барча муҳаддислар ривоятида мавжуддир. Унда айтилишича, Ҳазрати Абдуллоҳ умр бўйи рўза тутар ва ҳар кеча Қуръонни хатм қилар эканлар. Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганида, уни чақиртириб: “Ҳар ойда уч кун рўза тут, агар зиёдасига тоқатинг етса, Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидек, яъни бир кун рўза тут ва бир кун очиқ юр. Ҳар ойда бир марта хатми Қуръон қил, агар зиёдасига тоқатинг етса, йигирма кун, ўн кун ёки етти кунда хатм қил. Ортиқча уринма!” деган маънодаги илоҳий иршодларини кўрсатганлар.
Тўртинчидан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоятида Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан келтирилган машҳур ҳадис бор. Унда айтилишича, баъзи саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатларини сўраб билиб олишиб, ул зотнинг ибодатлари ўзига яраша эканлигини, ўзларига эса бу кам бўлишини ўйлаб, баъзилари умр бўйи рўза тутишга, баъзилари умуман гўшт емасликка, баъзилари уйланмасликка, баъзилари умуман тўшакда чўзилиб ётмасликка қасд қилиб турганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бировлар мана шундай гап-сўзлар айтаётган экан, мен эса намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза ҳам тутаман, очиқ ҳам юраман. Хотинларга ҳам уйланганман. Кимки менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, деб марҳамат қилганлар.
Бешинчидан, Имом Абу Довуд ва Термизий ҳамда бошқа муҳаддисларнинг Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбар алайҳиссалом мана бундай иршод қилмишлар:
لا يفقه القرآن من قرأ فى أقلّ من ثلث
“Кимки Қуръонни уч кундан озроқда ўқиса, ҳеч нарса тушунмайди”.
Аслида, юқорида келтирилган бешта ва ундан зиёда далиллар ҳам барчаси тўғри. Аммо, улардан чиқарилган ҳукмнинг мутлақ қўйилиши унчалик тўғри эмас.
Чунки, биринчидан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида бўлмаган, кейин бўлган ҳар бир нарса бидъат бўлавермайди. Иккинчидан, биз кўраётган бу масъалада, яъни Қуръонни бир-икки кунда ўқиш борасида саҳобаи киромлар, хусусан, хулафои рошидийндан саҳиҳ хабарлар собит бўлган. Учинчидан, тобиъийни изомлар, табъа тобиъийнлар бир-икки кунда хатми Қуръон қилишни инкор қилмасдан, қабул қилганлар. Тўртинчидан, кейинги даврларнинг мўътабар ва ишончли уламо ва муаррихлари ҳамда тазкиранавислари бир-икки кунда хатм қиладиган машойих ва уламоларни мадҳ қилишган. Биз буларни батафсил кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатлари борасидаги хабарлари ғолиб ҳолатга, аксар вақтларга ишорадир. Зотан, севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кечалари қоим бўлар эдилар. Жуда қаттиқ ибодат қилар эдилар. Жумладан, Имом Бухорийнинг Ойша онамиздан қилган ривоятларига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари қоим бўлиб, намоз ўқийверганларидан оёқлари шишиб кетган. Бу ҳақда айтилганда, ул зоти шариф: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!”, деганлар. Бу маънодаги ҳадиси шарифларни Имом Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва Насоийлар ҳам ривоят қилишган.
Имом Муслим ва Абу Довуд каби муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом баъзида кечалари қоим бўлиб, тонггача ибодат қилиб чиққанлар. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ул зоти шариф кечаларини тирилтирар, ҳатто аҳлларини ҳам уйғотар ва ибодатга белбоғ боғлаб қаттиқ киришар эдилар.
Яна Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ўзларидан Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ҳайратга тушган ибодатлари ҳақида сўралганда айтганлар: Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени тарк қилинглар, мен билан ишларинг бўлмасин. Роббимга ибодат қилмоқчиман”, деб туриб таҳорат олдилар. Сўнг намоз бошладилар. Шундай йиғладиларки, муборак кўз ёшлари кўкракларига тушар эди. Сўнг йиғлай-йиғлай рукуъ ва сажда қилдилар. Бошларини кўтарганларида ҳам йиғлар эди. Шу тарзда намоз ўқирдилар, ҳатто Ҳазрати Билол келиб, бомдодга азон айтгани эшитилди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, нимага бунчалик ибодат қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло сизнинг ўтган ва келаси гуноҳларингизни кечирган-ку!”, деб сўраганимда, ул зоти шариф: “Шукр қилгувчи банда бўлмайинми?!”, дедилар. Бу ҳадиси шарифни Ибн Ҳиббон ўз саҳиҳида, ал-Исбаҳоний “ат-Тарғиб ват-тарҳиб” китобида, Ибн Асокир ва Ибн Абиддунё каби зотлар ўз асарларида ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳунинг ҳадисларида эса Жаноби Расули акрам алайҳиссалом Абдуллоҳнинг ҳолини, бундай машаққатли ибодатда доимий тура олмаслигини билганликлари учун унга шундай буюрганлар ва рухсат тарафига иршод қилганлар. Аҳли аёли, ўз нафси ва танида ҳам ҳақ борлигини айтганлар. Шунинг учун Имом Нававий ҳазратлари Имом Муслимнинг саҳиҳи шарҳида мазкур ҳадис таҳтида, саҳобаларнинг ҳолатлари ҳар хил бўлганлигини ёзади. Баъзи саҳобалар ҳар ойда хатми Қуръон қилиб турган бўлсалар, баъзилари йигирма кунда, баъзилари бир ҳафтада, кўпчилиги уч кунда, айримлари бир кеча-кундузда, баъзилари эса ҳатто бир кеча-кундузда уч марта хатми Қуръон қилганлари, айрим саҳобаи киромлар эса бир кеча-кундузда ҳатто саккиз марта хатми Қуръон қилганликларини қайд қилади. Имом Суютий ҳам ўзининг машҳур асари “ал-Иттиқон фий улум ал-Қуръон” асарида буларни батафсил зикр қилган.
Саҳобаи киромлар билан бўлган воқеада қайтариқнинг сабаби эса улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатларини кам кўрганлигида эди. Шу билан бирга, ўзларига Аллоҳ вожиб қилмаган нарсани вожиб қилиб олганларида эди. Шу билан бирга, шариат осон қилиб қўйган йўлдан юз ўгирганларида эди. Шунинг учун ҳам улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан зажрга ва танбиҳга учрадилар.
Бу ҳадиси шарифлардан инсон тоқати етадиган амалларда бидъат бўлишлиги, номашруъ иш бўлишлиги чиқмайди. Зотан, инсоннинг ўзига малол келмайдиган амалга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буюрганлар. Чунончи, Имом Абу Довуд Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом мана бундай деб марҳамат қилганлар:
أكلفوا من العمل ما تطيقون فانّ الله لا يملّ حتى تملوا فانّ احبّ العمل الى الله ادومها وان قلّ
“Амалдан тоқатингиз етганига киришинглар. Зеро, албатта Аллоҳ сиз малолланмагунча малолланмас. Бас, шак йўқки, Аллоҳга амалларнинг яхшиси, гарчи оз бўлса ҳам, давомийроғидир”.
Шу маънодаги ҳадиси шарифни Имом Бухорий ҳам ривоят қилган:
عليكم ما تطيقون من الأعمال فانّ الله لا يملّ حتى تملّوا
“Сиз ўзингизга амаллардан тоқатингиз етганича лозим тутинг. Зеро, албатта Аллоҳ ўзингиз малолланмагунингизгача малолланмас!”.
Шндай экан, банда ибодатидан малолланмагунча ибодатни давом қилдиравериши мумкин экан. Ибодат қилишдаги ҳолат инсоннинг тоқатига яраша бўлар экан. “Иршод ус-сорий шарҳи Саҳиҳ ал-Бухорий”да Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари шишиб кетгунча ибодат қилишларида инсон малолланмагунча ибодат қилишнинг машруълиги, жоизлиги қайд қилинган.
Абу Нуайм, Ибн Касир, Имом Заҳабий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Ҳажар Маккий, Имом Жалолиддин ас-Суютий, Зайниддин ал-Ироқий, Имом ал-Ёфиъий, Имом ас-Самъоний, Мавлоно Алий ал-қорий, Шамс ул-аимма ал-Кардарий, Имом ан-Нававий, Абдулваҳҳоб аш-Шаъроний ва Абдулҳайй ал-Лакнавий каби асарлари Ислом оламида тан олинган зотларнинг салафи солиҳинлар ҳаётларидан ёзишларига қараганда, улар умри давомида кечалари қоим, кундузлари соим бўлишган. Бу ривоят ва нақллар саҳиҳ санадлари билан келтирилган бўлиб, мутавотир даражасига етган.
Жумладан, саҳобалардан Ҳазрати Усмоннинг ҳар куни хатми Қуръон қилиши барча муаррихлар тарафидан нақл қилинган. Имом Абу Нуайм ал-Исбаҳонийнинг ривоятига қараганда, Ҳазрати Усмон бир ракъатда Қуръонни хатм қилганлар. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу уй қамоғида турганларида, уни қатл қилиш учун оломон ёпирилиб уйга кирганларида, унинг аёли: “Ахир кечалари қоим, бутун умри давомида рўзадор, ҳар куни битта хатми Қуръон қиладиган зотни ҳам ўлдирасизларми?!”, деб нола чеккан экан. Буни ҳам тарихчилар, жумладан муҳаддис Абу Нуайм нақл қилган.
Таниқли саҳобалардан Тамим ад-Дорий ҳам ҳар куни Қуръонни хатм қилар эдилар. Имом ас-Самъоний “Ансоб”да айтишича, Тамим ад-Дорий кечалари ухламас, бир ракъатда Қуръонни хатм қилиши бир неча бор кузатилган эди. Ибн Ҳажар Маккий ҳам “Арбаъийн” шарҳида шуни айтган.
Саҳиҳи Бухорийнинг баъзи шарҳларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ҳатто бир кунда саккиз марта Қуръонни хатм қилиши зикр этилган!
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу кечалари ухламасдан ибодат қилиб чиқишлиги унинг маноқибларида доим эсланади.
Умайр ибн Ҳониъ, Увайс ал-Қараний, Омир ибн Абдуллоҳ, Масруқ ибн Абдурраҳмон каби тобиъийнлар ҳар кеча минг ракъат намоз ўқишлари нақл қилинган!
Тобиъийнларнинг энг улуғларидан бўлмиш Саид ибн Мусаййаб эллик йилгача хуфтан таҳорати билан бомдодни ўқиган.
Тобиъийнлардан бўлмиш Асвад ан-Нахаъий Рамазон ойида Қуръонни ҳар икки кечада бир хатм қилар эдилар. Шом билан хуфтан орасида ухлаб олар эдилар. Рамазондан бошқа ойларда ҳар олти кунда бир хатм қилар эдилар.
Имом ал-Ёфиъийнинг айтишига қараганда, саҳобалардан Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳу Байтуллоҳда бир ракъатда Қуръони каримни хатм қилганлар. Ул зотнинг Рамазон ойларида бир ўтиришда Қуръонни хатм қилишлари машҳур бўлиб кетган экан.
Шамс ул-аимма ал-Кардарий айтишига қараганда, Ҳазрати Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ўттиз йилдан кўпроқ хуфтан таҳорати билан бомдодни ўқиганлар. Рамазондан бошқа ойларда ҳар куни икки мартадан хатм қилар эканлар. Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг эслашича, ул зот икки ракъатда бир хатм қилган эканлар. Ўша пайтларда одамлар Ислом тарихида тўртта зот икки ракъатда Қуръонни хатм қилишлари кўп бора эсланар экан. Улар Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Тамим ад-Дорий разийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳу ва Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдирлар. Ислом оламининг энг таниқли алломаларидан Имом Заҳабий ва Имом Суютий, шунингдек, Ибн Халликонлар ўз даврида буни тан олиб, мадҳ ва фахр қилиб ёзиб қолдирган.
Имом аш-Шофиъий ҳазратлари ҳар Рамазонда олтмиш марта Қуръонни хатм қилар эканлар! Буни Имом Абу Нуайм ёзиб қолдирган.
Ҳазрати Аҳмад ибн Ҳанбал ҳар кеча-кундузда уч юз ракъат намоз ўқир эканлар. Саксон ёшларига борганида нафллари ракъати бир кунда бир юз элликтани ташкил қилганини асҳоблари зикр қилиб қолдирган.
Имом Кафавий “Иълом ал-ахёр”да келтиришига қараганда, Вакиъ ибн Жарроҳ ҳазратлари ҳам ҳар кеча бир марта хатм қилар эканлар.
Муҳаддислардан Абу Довуд ат-Таёласий ҳазратлари ҳам ҳар кеча Қуръонни хатм қилишлари унинг маноқибларида баён этилган.
Имом ан-Нававий ўзининг “Китоб ал-Азкор” ва “ат-Табйин” асарларида Қуръон хатм қилишда ўтган салафи солиҳийнларнинг одатлари ҳар хил бўлганини зикр этади. Улар тоқатлари ва иқтидорлари етгунча ибодат қилаверганлар, Қуръонни хатм қилаверганлар. Баъзилари икки ойда бир хатм қилсалар, баъзилари ҳар ойда, йигирма кунда, ўн кунда ёки ҳар ҳафтада хатм қилиб турганлар. Кўпчилиги уч кунда хатми Қуръон қилишни одат қилишган экан. Айримлари бир кунда уч мартагача хатм қилган. Ҳатто баъзиси бир кеча-кундузда саккиз мартагача Қуръонни хатм қилиш иқтидорига эга бўлган. Баъзилари Рамазони шарифда шом билан хуфтаннинг ўртасида хатми Қуръон қилишга улгурган экан. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!
Биз юқорида келтирган нақллар ва ривоятларнинг барчасини силсилали иснодлар билан ривоят қилингани, шунингдек, Ислом оламининг тан олган мўътамад уламолари зикр қилганликлари мазкурларнинг барчаси бўлиб ўтган ҳодисалар эканлигини аниқ ва равшан билдиради. Мана шуларни ўқиган ҳар бир инсофли мусулмон бир неча важҳлардан кўп ибодат қилиш бидъат эмаслигини англайди.
Аввало, саҳобаи киромлар, тобиъини изомлар, табъа тобиъийнлардан ҳеч ким инкор қилмасдан тоқатлари етгунча кўп ибодат қилишлари кузатилган.
Иккинчидан, кўп ибодат қилишлар Ҳазрати Умар, Усмон ва Алий каби хулафои рошидийнлардан ҳам нақл қилинган. Бинобарин, уларнинг амаллари ҳам биз умматга суннат ёки мустаҳаб амал эканлигини барча якдиллик билан тан олади. Зотан, суннат фақат Пайғамбар алайҳиссаломнинг амаллари билангина собит бўлмайди.
Учинчидан, кўп ибодат қилиш улуғ фақиҳлар, муҳаддислар, мужтаҳид имомлар тарафидан бажарилган. Агар бидъат дейилса, Ислом оламининг шундай зотларини мубтадиъга чиқаришдек бўлмағур иш юзага келади. Бу билан эса мусулмонлар ижмоъси ботил бўлиб қолади.
Тўртинчидан, юқоридаги нақллар ишончли зотлар тарафидан ишончли санадлар, сиқотли ровийлар томонидан келтирилган. Бинобарин, бу нақлларни қабул қилмасдан иложимиз йўқ.
Инсоннинг тоқати ва иқтидори ҳар хилдир. Юқоридаги ҳодисалар, яъни бир кечада бир неча марта Қуръонни хатм қилиш, неча йиллар давомида эрталабгача ухламасдан намоз ўқиб чиқишлар, ҳар куни минглаб ракъатларда намоз ўқиш – буларнинг ҳаммасини биз авомлар ва жоҳиллар бажара олмаслигимиз, ақлга сиғдира олмаслигимиз таъйин. Аммо, Аллоҳнинг севимли қуллари, авлиёуллоҳлар, Пайғамбар ворислари бўлмиш уламои киромлар бажаришлари эҳтимолдан холи эмас. Бу Парвардигори олам ўзининг севимли бандаларига берган каромати, хориқи одати эканлигига шубҳа йўқдир.
Бинобарин, бир кунда хатми Қуръон ўқиш авомлар, Қуръонни юзаки ўқиб ўтадиганлар, Қуръонни кўп ўқиса, зерикиб кетадиган, малолланиб қоладиган мусулмонларга макруҳдир. Фиқҳий манбалардан бири бўлмиш “Фатовойи таторхониййа”да бундай ҳолатда хатмни ҳатто ўн бир кунда ёки ундан олдин тугатишни ҳам макруҳ дейилган . Қуръонни қанча ўқиса, шунча роҳат оладиган қорилар, Қуръон ўқиб, таъсирланиб, тадаббур ва тафаккури зиёда бўлиб борадиган муҳибблар, тез ора Қуръонни ёд олиш, ҳифз қилишни кўзлаётган Қуръонхонларга макруҳ бўлмайди, албатта.
Шунга кўра, Қуръонни бир кечада ўқишда, агар юртда бошқа қорилар йўқ бўлса, кўп масжидларда Қуръон хатмига улгуришни кўзлаётган бўлса, қироатда тажвид қоидалари ва қироат одобларини бузмайдиган бўлса, шу билан бирга ўзи ва қавм малолланиб қолмаса, бир кечада Қуръонни хатм қилишлари қориларга зарари йўқдир.
Юқорида биз муфассал тўхталган масъала энг ўртача йўлдир. Яъни, иқтидори етганга Қуръонни хатм қилиш қанча вақтда бўлса ҳам дуруст, аммо иқтидори йўқ ва тез малолланиб қоладиганга бир-икки кунда хатм қилиши мумкин эмас, яъни макруҳдир.
Шунингдек, одамларга таровеҳларда хатм қилиб беришда ҳам шу йўлни тутган маъқул. Одамлар малолланиб қолмаслиги даркор. Акс ҳолда макруҳ бўлади.
Биз баён қилган масъалани тафсилотлари билан хабардор бўлишни истаган одам Умдат ул-мутааххирийн Абулҳасанот Абдулҳай ал-Лакнавийнинг “Иқомат ул-ҳужжат” асарига мурожаат қилсин.
САВОЛ: Таровеҳда имом бўлган баъзи қорилар баъзи оятларни такрор-такрор ўқишади ёки баъзида одамларнинг йиғлаб турганларини кўрамиз. Шунингдек, орқадагилар оятлар орасида дуолар ўқиб турганлигини ҳам сезиб қоламиз. Бу нарсалар жоизми?
ЖАВОБ: Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда ушбу амаллар суннат ва нафл намозларда (фарзларда эмас) мутлақо жоиздир. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан буларнинг ҳаммаси ворид бўлган.
Имом Насоий ва бошқа муҳаддислар Абу Зарр разийаллоҳуанҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кечаси тонггача намозда мана бу ояти каримани такрорлаб oқиб чиққанлар:
ان تُعَذبْهُم فانهم عبادك وان تغفر لهم فانك أنت العزيز الحكيم
“Агар уларни азобласанг, албатта, улар (Ўз) бандаларинг. Борди-ю, уларни кечирсанг, албатта, Сен Ўзинг қудрат ва ҳикмат эгасидирсан”. (Моида сураси, 118-оят).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Масъуднинг тиловатини эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан дув-дув ёш оққан. Саъд ибн Молик разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда эса, ул зоти шариф: “Албатта бу Қуръон ҳазинлик ила нозил бўлган. Бас, қачон уни қироат қилсангизлар, йиғлангизлар. Агар йиғлай олмасангизлар, йиғлагудек бўлингизлар!”.
Қироат асносида имомнинг ёки иқтидо қилувчиларнинг ҳар хил дуоларни ўқишлари бор гап: Имом Муслимнинг Ҳузайфа разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки намозларида қироат асносида тасбиҳ оятларидан ўтсалар, тасбиҳ айтар эдилар, сўровга тарғиб бўлган оятлар ўтса, дуо қилардилар, паноҳ тилаш керак бўладиган оятлар ўтса, паноҳ сўрардилар.
Шунинг учун ҳам тўрт мазҳаб аҳли жаннат васфи қилинган оятларда: “Аллоҳумма асъалука-л-жаннат!” деб жаннатни сўраш, дўзах, ёмонлик ҳақидаги оятларда эса: “Аллоҳумма инний асъалука-л-ъофията!” деб офият сўраш мустаҳаб дейдилар. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг поклиги ёки буюклиги ҳақидаги оятлар ўтса, “Таборакаллоҳу ва таоло”, “Субҳоналлоҳ!” кабиларни айтиш ҳам мақбулдир.
Аъло сурасининг биринчи оятидан сўнг: “Субҳона раббийа-л-аъло” дейиш, Ваттийн сурасининг охирги оятидан сўнг: “Бала, ва ана ъала золика мин аш-шоҳидийн” дейиш, Аъроф сурасининг 185, Жосия сурасининг 6 ва Мурсалот сурасининг 50 оятларидан сўнг эса: “Оманту биллоҳ!” дейишни уламоларимиз мандуб амаллардан санашган.
Имомга иқтидо қилаётганлар бундай ишни имомнинг қироатига халал бермайдиган бўлсалар ва, асосийси, махфий тарзда айтадилар.
САВОЛ. Таровеҳларда қори бўлган ёш болалар имом бўлиб беришади. Мана шу жоизми?
ЖАВОБ. Ҳанафий мазҳабида (ва бошқа мазҳабларда ҳам) фарз намозларига ёш болалар имом бўла олмайдилар. Чунки, уларга ҳали намоз фарз қилинмаган, ўқигани нафл бўлади. Фарз ўқиётганлар нафл ўқиганга иқтидо қила олмайдилар.
Хуросон уламоларининг кўпчилиги ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз десалар, Ироқ уламолари жоиз эмас, дейдилар.
Насир ибн Яҳё ўн яшар бола таровеҳга имом бўлса бўлади, деган. Муҳаммад ибн Муқотил бу таровеҳгагина хос, деган. Чунки, Ҳазрати Ҳасан ибн Али разийаллоҳу анҳу бола пайтида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога таровеҳда имом бўлиб берар эканлар . Шунинг учун Абу Али ан-Насафий ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз деб фатво берган. Абдулҳай Лакнавий бола пайтида қори бўлиб, ўн яшар пайтида отаси уни таровеҳга ўтказаверганлигини ёзиб қолдирган.
Ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини Муҳаммад ибн Салама ҳамда Шамс ул-аимма ас-Сарахсий ҳазратлари жоиз эмас, деганлар. “Фатовойи Қозийхон”, “ал-Мунтақий” ҳамда “Ҳидоя”да шуни саҳиҳ ривоят деган. Зотан, имом зоминдир, гўдак жавобгарликка лаёқатли эмас. Бинобарин, эҳтиёт юзасидан балоғатга етмаган ёш болаларни таровеҳларга имом қилиш яхши эмас.
Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган