385 14.01.2017

الحَمد لله نَحمَدُهُ ونَستعينُهُ ونَستغفرُهُ، ونؤمن به ونتوكل عليه ونَعوذُ باللهِ مِن شرورِ أنفُسنا ومِن سيِّئاتِ أعمالِنا، مَن يَهدِهِ اللهُ فلا مُضلَّ لهُ، ومَن يُضِلل فلا هادِيَ لهُ وأشهَدُ أن لا إلهَ إلا اللهُ وَحدَهُ لا شريكَ لهُ وأشهَدُ أَنَّ سَيِّدَنَا وَسَنَدَنَاوَنَبِيِّنَا وَمَوْلَانَا مُحمَّداً عَبدُهُ ورسولُهُ صَلَّى اللَّهُ تَعَالَى عَلَيْهِ وعلى آله وأصحابه وبارك وسلم تسليما كثيرا.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).

Аллоҳ таолога иймон келтирганман. Буюк Мавлоимиз рост сўзлагувчидир ва Унинг расули Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам рост сўзлагувчидирлар. Биз бунга шоҳид ва шокирларданмиз. Икки оламнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

 

БАРАКОТЛИ ОЙ

 

Алҳамдулиллаҳ, муборак Рамазон ойи бошланди. Биз бу муборак ойнинг азамати ва баракатини биламизми? Афсуски, ҳатто кўпчилик мусулмонлар ҳам буни билмайдилар. Аллоҳ таоло ушбу ойни Ўзининг улуғ ибодати учун тайин қилди. Аллоҳ таоло ушбу ойда Ўз бандаларига кўплаб раҳматлар нозил қилади, бироқ сизу биз бу раҳматларни тасаввур ҳам қила олмаймиз.

Тўғри, бу ойда рўза тутиш фарзлигини ҳар бир мусулмон яхши билади. Алҳамдулиллаҳ, мусулмонларнинг аксарияти Аллоҳнинг тавфиқи билан бу ойда рўза тутади. Бу ойнинг гўзал суннатларидан бўлмиш таровиҳ намозларини жамоат билан адо қилиб, саодат ҳосил қиладилар. Лекин Рамазон ойи ва унинг фарз рўзаси билан боғлиқ бўлган, ҳар биримиз яхши билишимиз керак бўлган бошқа бир жиҳатларга ҳам назар солиш лозим.

Умумий тарзда Рамазон ойининг асосий хусусияти кундузи рўза тутиш, тунда эса таровиҳ намозларини ўқиш, деб тушунилади. Ҳа, бу ойда бажариладиган ушбу икки ибодат энг аҳамиятли ибодатлардан ҳисобланади. Лекин биз шу икки амал билангина чекланиб қолмаслигимиз лозим. Чунки Рамазон ойи биздан бундан зиёда нарсаларни талаб қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда инсониятни нима учун яратганини очиқ-ойдин баён қилиб, «Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим», деб марҳамат қилди.

 

ИБОДАТ ҚИЛИШГА ФАРИШТАЛАР КИФОЯ ҚИЛМАСМИДИ?

 

Юқоридаги оят ўқилгач, баъзи одамларда шундай савол пайдо бўлиши мумкин: «Аллоҳ таоло инсониятни фақат Ўзигагина ибодат қилиш учун яратган бўлса, инсу жинни яратишга нима ҳожат бор эди? Ахир фаришталар олдиндан бу вазифани пухта, бекаму кўст бажариб, Аллоҳ таолога тасбиҳ айтиб, Уни улуғлаш учунгина яртилган эдилар-ку?»

Бир қарашда гўё бу гапларда бироз жон бордек туюлади. Айниқса, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратишни ирода қилиб, фаришталарга: «Албатта, Мен ер юзида халифа қилувчиман»[1], деганини, шунда фаришталар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қиласанми? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени муқаддаслаб турибмиз»[2], деганларини ўқиган бугунги куннинг одамлари «Инсониятни яратишдан мақсад фақат ибодат бўлса, инсониятни яратишга не ҳожат? Бу ишни фаришталар аъло даражада адо қилиб келмоқдалар-ку», деб эътироз билдиришса, нима дейсиз?

 

ФАРИШТАЛАР КАМОЛАТГА ЕТИШМАЙДИЛАР

 

Шак-шубҳасиз, фаришталар Аллоҳ таолога муттасил тарзда ибодат қилиб, Унинг амрини сўзсиз бажариб келадилар. Лекин уларнинг ибодати тамоман ўзгачадир, чунки фаришталарда буйруқдан бўйин товлаш, итоатсизлик қилиш салоҳияти йўқ. Мабодо фаришталар ибодатни тарк қилишни хоҳлашса ҳам, уларнинг вужудида нафақат ибодатни тарк қилиш қобилияти, ҳатто буни хоҳлаш қобилияти ҳам йўқдир. Зеро, Аллоҳ таоло улардан гуноҳ қилиш салоҳиятини олиб қўйган. Тўқлик, очлик, шаҳват, гуноҳ, васваса, гуноҳ қилишга хоҳиш каби хислатлар уларга бегонадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло фаришталарнинг ибодатига ажру савоб бермайди. Зеро, гуноҳ қилишга хоҳиш йўқ экан, камолот топиш ҳам йўқдир. Камолот бўлмаса, мукофоти жаннат бўлган ажру савоб ҳам бўлмайди.

 

КЎЗИ ОЖИЗ КИШИНИНГ ҲАРОМ НАРСАНИ КЎРМАСЛИГИ КАМОЛОТ ЭМАС

 

Кўзи ожиз кишиларнинг кўриш қобилиятлари йўқ, шунинг учун улар кўриш бахтидан маҳрумдирлар. Улар бутун умр теварак-атрофни ҳам, ундаги жисмларни ҳам кўра олмайдилар. Айни пайтда, кўзи ожиз одам на бирор фильмни томоша қила олади, на телевизор кўра олмади ва на бирор номаҳрамга қарай олади. Хўш, кўзи ожиз кишининг ҳаром қилинган нарсаларни кўрмаслигини унинг камолот сифати дейиш мумкинми?

Демак, кўзи ожиз кишида кўз орқали қилинадиган гуноҳ ишларга салоҳият ва қобилият йўқ экан. Бунинг акси сифатида, оддий одамнинг кўзи ҳамма нарсани кўради. У нимани хоҳласа, шуни кўриши мумкин. Лекин кўриш қобилияти бор одамнинг дилида номаҳрамга, ман қилинган нарсага қараш истаги туғилса, Аллоҳ таолога тақво қилганидан нигоҳини ерга қаратиб олади. Зоҳиран олиб қаралса, юқоридаги икки киши ҳам кўз гуноҳидан тийилмоқдалар. Лекин уларнинг гуноҳдан қандай қилиб сақланишида осмон билан ерча фарқ бор. Биринчи шахс ҳам, иккинчи шахс ҳам гуноҳдан сақланмоқда, лекин аввалги кишининг гуноҳдан сақланишида бирор камолот йўқдир. Иккинчи кишининг гуноҳдан тийилишида эса камолот мавжуддир.

 

БУ ИБОДАТГА ФАРИШТАЛАРНИНГ ҚУРБИ ЕТМАЙДИ

 

Фараз қилайлик, фаришталар субҳдан шомгача овқат ейишдан тийилдилар. Бироқ, шунда ҳам уларга камолот насиб этмайди, чунки улар тўқликни, очликни ҳис қилмайдилар, овқатга ҳожатманд ҳам эмаслар. Шунинг учун уларнинг субҳдан шомгача овқат емаганлари, сув ичмаганлари учун ажр берилмайди. Инсон эса таомга ҳам, сувга ҳам ҳожатманддир. У қанчалар улуғ мақомга кўтарилмасин, ҳатто пайғамбарлик мақомига етиб борса ҳам, ейишдан, ичишдан беҳожат бўлмайдилар. Макка мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида нима дейишгани борасида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

مَالِ هَذَا الرَّسُولِ يَأْكُلُ الطَّعَامَ وَيَمْشِي فِي الْأَسْوَاقِ

«Бу не Расулки, таом еб, бозорда юрадир?!» (Фурқон сураси, 7-оят).

Мушриклар «Бу қандай расул эканки, овқатланади, бозорларда савдо-сотиқ қилиб юради» деб ҳайрон бўлишяпти, чунки улар ҳақиқий пайғамбар инсон эмас, фаришта сифатларига эга бўлади деб ўйлаган бўлишса керак.

Билингки, пайғамбарлар ҳам овқат ейишдан беҳожат эмаслар. Шунинг учун уларнинг ҳам қорни очади, улар ҳам чанқайди. Лекин инсон қорни жуда очса ҳам, Аллоҳнинг амри сабабли маълум вақт овқат емай турса, мана шу камолот ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидаги мазмунда гапирган: «Шундай маҳлуқ яратаманки, уларнинг қоринлари очади, чанқайдилар, нафсларида шаҳвоний хоҳишлар, гуноҳ қилиш истаги пайдо бўлади. Лекин ана шу гуноҳ қилишга чақирувчи нарса пайдо бўлган пайтда Мени эсга олиб, нафсини гуноҳдан сақлайди. Унинг бу ибодати ва гуноҳдан сақланиши Бизнинг ҳузуримизда улкан қадру қийматга эгадир. Бунинг учун унга ажру савоблар ваъда қилганмиз ва эвазига жаннатни тайёрлаб қўйганмиз. У жаннатнинг кенглиги осмону ерчаликдир.

Банданинг дилида гуноҳга ундовчи, хоҳиш-истаклар бўлади, лекин у Биздан қўрққанидан, Бизнинг азаматимизни тасаввур қилганидан Аллоҳим мендан рози бўлсин деб кўзи, қулоғи, тили ва оёғини гуноҳлардан сақлайди. Мана шу амал ибодат бўлади. Бу ибодатга фаришталарнинг қурби етмайди. Шу боис, бундай ибодат учун инсониятни пайдо қилдик».

 

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КАМОЛОТИ

 

Юсуф алайҳиссалом Зулайҳо фитнасига дуч келганлар. Афмумки, буни билмайдиган мусулмонлар ҳам учраб туради.

Қуръони каримда хабар берилишича, Зулайҳо Юсуф алайҳиссаломни гуноҳ қилишга чақирди. Ўша вақтда Зулайҳонинг дилида ҳам, Юсуф алайҳиссаломнинг дилида ҳам гуноҳ қилиш истаги пайдо бўлган эди. Оми одамлар бу борада Юсуф алайҳиссаломга эътироз ҳам билдиришади. Ваҳоланки, Қуръони каримда айтилганидек, хаёлига гуноҳ қилиш келиши билан бир қаторда Аллоҳ таолонинг азаматини ўйлаб, У Зотдан қўрқиб, хаёлига келган гуноҳни қилмади ва ўзини Аллоҳ таолонинг ҳукмига таслим қилди. Агар дилида гуноҳ қилиш истаги пайдо бўлмаганида, гуноҳ қилишга салоҳияти ҳам бўлмаганида ва гуноҳни тақозо қилувчи вазият пайдо бўлмаганида, Зулайҳо минг марта гуноҳ қилишга даъват қилса ҳам, Юсуф алайҳиссаломнинг ўзини тийиб туришлари камолот саналмаган бўлар эди.

Камолот шундай бўладики, гуноҳ қилишга чақириқ, шароит, ҳолат, дилда хаёл – барча-барчаси муҳайё бўла туриб, инсон Аллоҳ таолонинг ҳукмига таслим бўлади, «Аллоҳ асрасин, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрайман» дейди. Мана шу ҳақиқий ибодатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсониятни яратди.

 

ЖОНЛАРИМИЗНИНГ САВДОСИ

 

Юзаки қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсониятни ибодат қилиш учун яратган экан, у ҳолда инсон бу дунёда субҳдан то шомгача ибодатдан бошқа иш қилмаслиги керак бўлар эди, бундан бошқа иш қилишга рухсат берилмаслиги лозим эди. Бироқ, аслида ундай эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بِأَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ

«Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларга жаннат бўлиши эвазига уларнинг жонлари ва молларини сотиб олди» (Тавба сураси, 111-оят).

Аллоҳ таоло мўминларнинг жонлари ва молларини сотиб олиб, бунинг эвазига охиратда уларга жаннатни берар экан. Демак, бизнинг жонимиз ўзимизники эмас, балки буюртма қилинган мол бўлиб, қиймати ҳам белгилаб қўйилинган экан.

 

БУНДАЙ ХАРИДОРНИ ҚЎЛДАН ЧИҚАРМАСЛИК ЛОЗИМ

 

Аллоҳ таоло бизнинг жонимизни, молимизни харид қилиб олиб, эвазига мисли кўрилмаган нарх тайинлабди – битмас-туганмас роҳат-фароғат, абадий жаннатни ваъда қилибди. Шак-шубҳа йўқки, У Зот бу савдонинг қийматини тўлиқ қилиб беради. Бинобарин, шундай харидорни қўлдан чиқармаслик лозим. Бундай харидор қаерда бор? Жону молимиз эвазига жаннатни бериб, яна ўша жону молимизни бу дунёда ўзимига бериб қўйибди, яна еб-ичиш, дунё ишлари билан машғул бўлишга ҳам ижозат бериб қўйибди. Ҳа, Аллоҳ таолонинг раҳмати чексиздир.

Аллоҳ таоло бандаларига беш вақт намоз ўқиб, фалон-фалон ишлардан парҳез қилиб, қолган вақтда нимани хоҳласангиз, шуни қилинг, деб ижозат берди. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган улкан меҳрибончилигидир.

 

У ОЙДА АСЛ МАҚСАД ТОМОН ЮРИНГЛАР

 

Инсон бу дунё ишлари билан машғул бўлиб юргани сари, бора-бора дили қорайиб, уни ғафлат пардаси қуршаб олади. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўша ғафлат пардаларини кетказишга маълум бир вақтларни тайин қилди. Ўша вақтлардан бири муборак Рамазон ойидир. Инсоният ўн бир ой тижорат, зироъат, еб-ичиш, ўйин-кулги каби дунё ишлари билан машғул бўлиб, қалби қотиб, қорайиб қолади, ҳатто моғорлаб кетади. Шу боис Аллоҳ таоло инсон нима учун яратилган бўлса, бор имкониятини ўша мақсадга сарф қилиши учун бир ойни тайин қилди.

Биз нима учун яратилганмиз? Дунёга нима учун юборилганмиз? Фақатгина Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун юборилганмиз.

Рамазон ойини Аллоҳ таолога ибодатда ўтказиб, қолган ўн бир ойда содир бўлган гуноҳларга тавба қилиб, дилни тузалиш томон, ислоҳ томон мойил қилмоғимиз лозим. Дилимиздаги ғафлат пардаларини эса кўтариб ташлашимиз керак. Аллоҳ таоло инсониятга бу улуғ иш учун тўлиқ бир ойни тайин қилди.

 

«РАМАЗОН» СЎЗИНИНГ МАЪНОСИ

 

«Рамазон» сўзи «мим» ҳарфига фатҳа қўйиб ўқилади. Лекин баъзилар «мим»ни ҳаракатсиз қилиб, «рамзон» деб ҳам талаффуз қилишади. Бу мутлақо нотўғридир. Уламоларимиз «рамазон» сўзининг маънолари ҳақида кўп фикрларни айтганлар. Бу фикрларнинг энг мақбули шуки, араб тилида «рамазон» сўзи «қиздирувчи, куйдирувчи» деган маънони англатади. Ойларни номлаш вақтида Рамазон ойи айни жазирамага, энг иссиқ вақтга тўғри келгани учун ҳам одамлар бу ойни «рамазон» деб атаганлар.

 

ГУНОҲЛАРИНГИЗНИ АВФ ҚИЛДИРИБ ҚОЛИНГ

 

Баъзи уламолар «Аллоҳ таоло ушбу ойда Ўз раҳмати билан бандаларнинг гуноҳларини ёқиб, куйдириб ташлагани учун ушбу ой «рамазон» деб номланган» дейдилар. Ўн бир ой дунёвий ишлар билан банд бўлиш натижасида дилда ғафлат пайдо бўлади. Рамазон ойида ушбу гуноҳ ва хатоларни мағфират қилишини, ғафлат пардасининг кўтаришини сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилишимиз даркор бўлади. Агар банда Рамазон ойини ибодат ва истиғфор ойига айлантирса, ҳаётида янги бир давр бошланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» (Бақара 183 оят).

Ушбу ояти каримада Рамазон рўзаси мўминларда тақво ҳосил бўлиши учун фарз қилингани баён қилинмоқда. Рамазон ойидаги асл мақсад гуноҳларга истиғфор айтиб, ғафлат пардасини кўтариб, қалбда тақво ҳосил қилишдир. Айтайлик, автоулов маълум муддат ишлатилгач, унга сервис хизмати кўрсатиш керак бўлиб қолади. Худди шунингдек, Аллоҳ таоло Рамазон ойини инсоният учун сервис хизмати мавсуми этиб тайин қилди. Бу ойда инсонлар ўзларини поклайдилар, ҳаётларига янги бир тус берадилар.

 

БУ ОЙНИ ИБОДАТ УЧУН БЎШАТИБ ҚЎЙИНГ

 

Юқорида айтганимиздек, Рамазон ойида фақат рўза тутиш, таровиҳ ўқиш билан чекланиб қолмай, бу ойни тўлиқ ибодат билан ўтказишга бағишлаш лозим, чунки инсон ўн бир ойни дунёвий эҳтиёжларига бағишлайди. Инсон нима учун яратилган бўлса, бу ойни ўшанга сарфлаши лозим. Мўмин киши Рамазон ойини ҳаммасини ёки асосий қисмини, балки ундан ҳам кўпроғини Аллоҳ таолога ибодат қилиб ўтказиши лозим. Бунинг учун эса инсон ўзини аввалдан унга тайёрлаб бориши ва унга алоҳида кун тартиби ишлаб чиқиши керак.

 

РАМАЗОН ОЙИНИ КУТИБ ОЛИШ

 

Ҳозирги кунда мусулмонлар орасида Рамазон ойи келишидан аввал бир удум оммалашиб кетган. Дастлаб, ушбу удум Миср ва Шомда қилинар эди, кейинчалик бошқа минтақаларда ҳам ривожланиб, баъзи ҳудудларда ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда. Бу – «Рамазон ойини кутиб олиш байрами» деган ном остида тантана уюштиришдир. Рамазон ойи келишидан бир-икки кун аввал бир жойга тўпланиб, Қуръон тиловат қилинади, илмий маърузалар, панд-насиҳатлар қилинади. Бу байрамни ўтказишдан мақсад Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва халққа Рамазон ойининг келганини билдиришдир. Рамазон ойини бундай кўтаринки руҳда кутиб олиш жуда яхши. Лекин бундай тантаналар бидъат-хурофот аралашмаган ҳолда ўтказилиши шарт.

Аслида Рамазон ойи келишидан аввал кундалик иш тартибини бир кўриб чиқиб, унга керакли ўзгартиришлар киритиш, асосий вақтни ибодатга ажратиш ҳақида бош қотириш керак. Қанийди Рамазон ойини тўлалигича ибодатга ажрата олсак! Рамазон ойини бутунлигича ибодатга ажрата олмасак, зарур ишларни кўриб чиқиб, мумкин бўлганларини кейинги ойга ўтказиш, Рамазон ойида ибодат учун имкон қадар кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилиш керак.  Мана шу Рамазон ойини тўғри кутиб олиш бўлади. Шундай қилинса, иншаааллоҳ, Рамазон ойининг фазилат ва барокатидан тақво ҳосил бўлади. Рамазон ойининг кириб келишига эътибор берилмаса, бошқа ойлар каби бошланиб, ўтиб кетаверади, ундан ҳеч қандай фойда олинмайди.

 

РЎЗА ВА ТАРОВИҲНИНГ ЎЗИ БИЛАН ЧЕКЛАНИБ ҚОЛМАНГ

 

Рамазон ойини дунёвий ишлардан бўшатдик ҳам дейлик. Хўш, бу вақтни нимага сарф қилиш керак?

Рамазон ойининг рўзасини тутиш фарзи айндир. Таровиҳ намозини ўқиш эса суннатдир. Энди бошқа ибодатларга бир эътибор қаратайлик.

Кимнинг қалбида заррача иймон бўлса, унинг дилида Рамазон ойига ўзгача эҳтиром бўлади, бу ойда Аллоҳ таолога кўпроқ ибодат қилишга ҳаракат қилиб, нафл намозлар ўқийди. Кундалик беш маҳал намозни масжидда адо қила олмайдиганлар ҳам йигирма ракъатлик таровиҳ намозларига ҳозир бўладилар. Бу ҳам Рамазон ойининг баракотидандир. Бу ойда мўминлар ибодат, намоз, зикру истиғфор ва Қуръон тиловати билан машғул бўладилар.

 

БИР ОЙНИ ШУНДАЙ ЎТКАЗИНГ

 

Рамазон ойида нафл ибодатлар, зикру тасбиҳлар айтишдан ташқари гуноҳдан покланишга, айниқса бу ойда гуноҳ иш қилмасликка ҳам катта эътибор қаратиш лозим бўлади. Ушбу ойда кўзни ҳаром нарсага қарашдан, қулоқни ҳаром нарса эшитишдан сақлаш, ҳар қандай гуноҳлардан мутлақо тийилишга эътибор бериш керак.

Шундай бўлса-да, кўп нафл намоз ўқимаса ҳам, зикру тасбиҳлар билан машғул бўла олмаса ҳам, фақат гуноҳлардан сақланиб, буйруқларга итоатсизлик қилмай юриб Рамазон ойини ўтказган кишига Рамазон ойи муборак бўлсин!

Қолган ўн бир ой барчамиз турли ишларга мубтало бўламиз. Лекин мана шу Аллоҳ таоло томонидан ибодат учун тайин қилинган ойда озми-кўпми гуноҳларимиздан пок бўлиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиш, ёлғон, ғийбат, бадгумонлик, бадназарлик, ҳаром нарсаларга қулоқ тутиш, порахўрлик, судхўрлик каби иллатлардан сақланишнинг ўзи катта гап. Барчамизга ушбу Рамазон ойини шу тарзда ўтказиш насиб этсин.

 

ШУ ҲАМ РЎЗАМИ?

 

Рўзани барчамиз шавқу завқ билан кутиб олишимиз лозим. Рўзада асосан еб-ичиш, аёлларга яқинлик қилишдан тийилишга эътибор қаратилади. Аслида бу амаллар шариат рухсат берган, ҳалол ишлардир. Масалан, овқатланиш, ичимлик ичиш, никоҳидаги аёли билан бирга бўлиш шаръан ҳалолдир. Аллоҳнинг амри билангина рўза тутиш давомида бу уч амалдан сақланамиз. Лекин Аллоҳ таоло ҳаром қилган ёлғон, ғийбат, бадгумонлик, бадназарлик, ҳаром нарсаларга қулоқ тутиш, кўз солиш, порахўрлик, судхўрлик каби нарсалар ҳар қандай ҳолатда ҳаромдир. Рамазон рўзасини тутсак-да, юқоридаги ҳаром қилинган нарсалардан сақланмасак, вақтни беҳуда ўтказсак, ўйин-кулги қилсак, ҳар хил фильмлар томоша қилсак, у қандай рўза бўлди?

Ҳалол нарсалардан тийилиб, ҳаром нарсалардан тийилмасак, тутган рўзамиз нима бўлади? Бу ҳақда ҳадиси шарифларда шундай дейилган:

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ للهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ مُسْلِماً.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».

 

Ҳалол егулик, ичкиликни тарк қилсак-да, ҳаром қилинган амалларни тарк қилмасак, қандай ёмон? Тўғри, субҳдан шомгача емай, ичмай юрган одамнинг рўзаси рўза бўлаверади, зиммасидан соқит бўлаверади. Лекин рўзадан бошқа пайтда ҳам ҳаром қилинган, шариат макруҳ кўрган амалларда давом этиб юраверсак, бунда рўзанинг савоби, баракаси ва руҳияти барбод бўлади.

 

РЎЗАДАН КЎЗЛАНГАН МАҚСАД – ТАҚВО ЧИРОҒИНИ ЁҚИШДИР

 

Суҳбатимизнинг аввалида ушбу ояти каримани келтирган эдик:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин» (Бақара сураси, 185-оят).

 

Аслида рўза қалбда тақво чироғини порлатиш учун жорий қилинган. Қандай қилиб қалбда рўза сабабли тақво пайдо бўлади?

 

РЎЗА – ТАҚВОНИНГ ЗИНАПОЯСИ

 

Баъзи уламолар «Рўза инсондаги ҳайвоний қувватни синдиради», деганлар. Инсон оч қолса, ундаги ҳайвоний ҳоҳишлар қийналиб, гуноҳга чақирувчи ҳислар ортга чекинади. Лекин Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Рўза фақат ҳайвоний ҳоҳишнигина синдириб қолмайди. Саҳиҳ тарзда тутилган рўза тақвонинг муҳим зинапоясидир», деганлар. Аллоҳ таоло барча нарсани кўриб турибди деб, гуноҳ ишлардан тийилишнинг номи тақводир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса…» (Назиъат сураси, 40-оят).

 

«РОББИМ МЕНИ КЎРИБ ТУРИБДИ»

 

Рўза тақво ҳосил қилиш учун жуда яхши машқ ва тарбия услубидир. Рўза тутган одам қанчалар фосиқ, осий бўлмасин, жазирама иссиқда, қаттиқ чанқаган пайтда ёлғиз уйда қолиб кетса, музлаткичда совуқ сув бор бўлса ҳам, ўша сувдан ичмайди. Чунки у «Мени ҳеч ким кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турибди», деб ўйлайди.

 

РЎЗАНИНГ МУКОФОТИНИ ЎЗИМ БЕРАМАН

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: قَالَ اللهُ تَعَالَى: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلاَّ الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ وَالصِّيَامُ جُنَّةٌ وَإِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَصْخَبْ فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ  وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا إِذَا أَفْطَرَ فَرِحَ وَإِذَا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ. قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло шундай дейди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман».

Рўза сақловчидир. Қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин, бақир-чақир қилмасин. Агар бирор киши у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман», десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор бўлиб, иккисини ҳам кўради: ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Роббига учраганда рўзаси ила хурсанд бўлади».

Бешовлари ривоят қилганлар. Бошқа бир ривоятда:

«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим берурман. (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди» дейилган.

 

Инсон рўза тутаётганда иссиқдан томоқлари қуриб, олдида совуқ сув бўлса ҳам, «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган ишонч билан ундан ичмайди. Мана шу иш тақвонинг бир кўринишидир. Кимда шундай ҳис пайдо бўлса, демак унда тақво пайдо бўлибди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» деб марҳамат қилди.

 

АКС ҲОЛДА УШБУ ТАРБИЯ КУРСИ МУКАММАЛ БЎЛМАЙДИ

 

Рўза воситасида тақво ҳосил қилиб, сўнг уни ривожлантириш лозим. Рамазон ойи «Аллоҳ таоло кўриб турибди», деган ҳисда емай-ичмай ўтказилганидек, бошқа ойларда ҳам «Аллоҳ таоло кўриб турибди» деган ҳисда юриш, кундалик ҳаётда гуноҳ ва хатоларга дуч келинганда Аллоҳ таоло буюрган ишни қилиб, қайтарган ишлардан қайтиб, тақвони ривожлантириш керак бўлади. Аллоҳ таоло тарбияланиш, тақво кўчатини ўтқазиш учун Рамазон ойини тайин қилиб кўйди. Ушбу тарбия курси тўлиқ бўлиши учун бошқа ойларда ҳам Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиб, тақиқларига бўйсуниб яшаш талаб этилади. Рамазон тарбия курси тугаганидан кейин, уни давом эттирмай, кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар билан гуноҳ ишга қўл урилса, демак тарбия курси мукаммал бўлмапти.

 

РЎЗА КОНДИЦИОНЕР КАБИДИР

 

Касални даволаш учун муолажа қанчалик зарур бўлса, парҳез ҳам шунчалик зарурдир. Тақво неъмати гуноҳлардан парҳез қилиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилиш орқали ҳосил қилинади. Масалан, кондиционер ҳамма жойи ёпиқ хонани тезда совутиб қўяди. Лекин хонанинг эшиклари, деразалари очиқ бўлса, кондиционер ҳеч қандай фойда бермайди. Худди шунингдек, рўза қалбга ҳузур бағишлаши учун кўз, қулоқ, тил каби гуноҳ қилиш мумкин бўлган барча аъзоларни «ёпиб» қўйиш лозим. Агар улар очиқ турса, рўзанинг ҳам таъсири сезилмайди.

 

АСЛ МАҚСАД – ҲУКМГА ИТОАТ ҚИЛИШ

 

Рўза сабабли инсондаги ҳайвоний қувват кесилади. Лекин бу рўза тутишдан кўзланган асосий мақсад эмас. Асосий мақсад Аллоҳ таоло амр қилган ҳукмга эргашишдир. Аслида барча ҳукмларнинг ҳам мадори Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан жорий қилинган ҳукмларга эргашишдир. Аллоҳ таоло ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани истеъмол қилишга амр қилган бўлса, ўша нарсани ейиш диндир. Агар уни ейишдан қайтарган бўлса, емаслик диндир.

Аллоҳ таоло Ўзига итоат қилиб, ҳукмига эргашиш учун кун бўйи рўза тутишга ҳукм қилди ва бунинг учун улкан ажрлар ваъда қилди. Шунинг учун қуёш ботган заҳоти тездан ифторлик қилиш лозим бўлади, чунки ифторликни шошилтириш мустаҳабдир, узрсиз кечиктириш эса макруҳ ва ножоиздир. Нима учун ифторликни кечиктириш жоиз эмас? Чунки қуёш ботган заҳоти ифторлик қилишга ҳукм қилинган. Дин эса ҳукмга сўзсиз эргашишдир.

 

ҲУКМИМИЗНИ ТАРК ҚИЛДИ

 

Рўза тутган киши қуёш ботишидан бир минут олдин ҳам ҳеч нарса истеъмол қилмаслиги лозим. Агар бир одам «Рўзанинг очилишига бир минут қолди холос, энди рўзамни очсам ҳеч нарса қилмайди», деб бирор нарса истеъмол қилса, ҳам гуноҳкор бўлади, ҳам зиммасига рўзанинг каффорати тушади. Бу эса қасддан бузилган бир кунлик фарз рўза учун узлуксиз олтмиш кун рўза тутиб бериш деганидир. Қаранг, бир минут олдин ифторлик қилиб қўйгани учун олтмиш кун рўза тутишга маҳкум бўлди, гуноҳкори азим ҳам бўлди. Демак, гап рўзани бир минут олдин ёки бир минут кейин очишда эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳукмига эргашмаслик ва итоат қилмасликдадир. Аллоҳ таоло рўзани қуёш ботгандан кейин очишга амр қилди. Демак, қуёш ботгунича овқатланиш жоиз бўлмайди. Ҳукмга итоат қилмай, фарз қилинган рўзани қасддан бир минут олдин бузувчилар бу гуноҳнинг эвазига олтмиш кун узлуксиз рўза тутишлари вожиб бўлади.

 

ИФТОРЛИКНИ ТЕЗЛАШТИРИШ

 

Қуёш ботган заҳоти ифторликни тезлаштириш лозим. Акс ҳолда ҳукмга итоатсизлик сабабидан гуноҳкор бўлиб қолиш мумкин. Аллоҳ таоло рўза тутувчи киши қуёш ботган заҳоти ифторлик қилиши лозим деб ҳукм қилган.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لاَ يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: لاَ يَزَالُ الدِّينُ ظَاهِرًا مَا عَجَّلَ النَّاسُ الْفِطْرَ لأَنَّ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى يُؤَخِّرُونَهُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ  وَأَحْمَدَ: َ قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَحَبُّ عِبَادِي إِلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар», дедилар.

Бешовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг лафзида:

«Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган.

Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди» дейилган.

 

САҲАРЛИКНИ КЕЧИКТИРИШ АФЗАЛДИР

 

Ифторликка шошилиш ҳукм қилинган бўлса, саҳарликни кечиктириш афзал ҳисобланади. Тезда саҳарлик қилиб олиш суннатга хилофдир. Баъзилар саҳарликка туришдан эриниб, таровиҳ намозидан келиб, саҳарликни эртароқ еб, ухлашга ётадилар. Бундай қилиш ҳам суннатга хилофдир. Саҳобаи киромлар одатда саҳарликнинг сўнгги дақиқаларидан ҳам фойдаланиб қолар эдилар, яъни саҳарликни охирги лаҳзаларгача давом эттиришар эди. Зеро, саҳобалар Аллоҳ таолонинг ҳукмига итоат қилишни қойилмақом қилиб адо этишган. Узрли сабабсиз, ўзбошимчалик билан ёки «билимдонлик» қилиб саҳарлик вақти тугашидан олдин оғиз ёпиб олиш Аллоҳ таоло тайин қилган рўза вақтига ўзича вақт қўшиб қўйиш бўлади. Шунинг учун ҳам саҳарликни вақтидан аввал қилиб олишдан қайтарилганмиз.

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар.

Бешовларидан фақат Имом Абу Довуд ривоят қилмаганлар.

Аллоҳ таоло қачон овқатланишга амр этган бўлса, ўша вақтда овқатланиш савобли ва ажрлидир. Қачон овқатланишдан қайтарган бўлса, ўша вақтда овқатланмаслик ажру савобли ишдир. Бу борада Ҳакимул умма Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Аллоҳ таоло бандаларига «Овқатланинглар», деса, бандалар: «Овқатланмаймиз» ёки «Овқатни камроқ еймиз» дейишса, бандалик қилмаган, итоат қилмаган бўладилар.

Азизлар! Аллоҳ таоло овқатланишга амр этган экан, демак овқатланишимиз итоат ҳисобланади. Бу борада итоатсизлик қилиб, ўзимизча иш кўриш дуруст бўлмайди».

عَنْ عَمْرِو ابْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه أَنَّ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: فَصْلُ مَا بَيْنَ صِيَامِنَا وَصِيَامِ أَهْلِ الْكِتَابِ أَكْلَةُ السَّحَرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.

 

БИР ОЙНИ ГУНОҲСИЗ ЎТКАЗИНГ

 

Рўза тутганда кўз, қулоқ, тил каби аъзоларни гуноҳдан сақлашга эътибор қаратиш керак. Ҳазрати қуддисаллоҳу сирруҳу бу борада шундай деганлар: «Нафсингиздан рўза ойини гуноҳсиз ўтказишга аҳд олиб, «Эй нафсим! Шу бир ойни тоат-ибодатда, гуноҳ ишлардан тийилиб ўтказсам, нимани хоҳласанг, ўшани қиламан» денглар. Бир ойни гуноҳсиз ўтказгандан кейин Аллоҳ таоло нафсимизнинг ўзида гуноҳдан сақланишга ундовчи хусусият яратиб қўйса, деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан умид қиламиз».

Банда ўзига-ўзи: «Бу ой Аллоҳ таолонинг ойи, ибодат ва тақво ойи» деб, тақво ҳосил қилишга ва гуноҳ қилмасликка ўз нафсидан аҳд олиши лозим. Ҳар бир киши ўзига назар солиб, қандай гуноҳларга гирифтор бўлаётганини билиб, уларни қилмасликка аҳд қилиши лозим. Масалан, кўзни кўз зиносидан, қулоқни ғийбат эшитишдан, тилни лағв сўзлардан сақлаш керак.

 

РАМАЗОН ОЙИДА ҲАЛОЛ РИЗҚҚА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ

 

Рамазон ойида ҳалол ризққа эътибор қаратиш ҳам муҳим ҳисобланади. Чунки покланиш учун рўза тутиб, ҳаром ризқ билан саҳарлигу ифторлик қилинса, бу қандай рўза бўлади? Шунинг учун Рамазон ойида Аллоҳ таолодан ҳалол ризқ сўраб, ҳаром ризқдан сақлашини сўрашимиз лозим ва лобуддир.

 

ҲАРОМ ДАРОМАДДАН САҚЛАНИНГ

 

Кўпчилик ойлик маошни ҳалол йўл билан топади. Шунинг учун одатда ойлик даромаднинг манбаига эътибор қилмай қўяди. Бироқ, бирор сабаб билан ойлик маошга ҳам озми-кўпми ҳаром нарса аралашиб қолиши мумкин. Шунинг учун ойлик даромаднинг манбаини доимо назорат қилиб туриш керак экан. Шунда ризққа ҳаром аралашиб қолишидан сақланган бўламиз.

 

ДАРОМАДНИНГ ҲАММАСИ ҲАРОМ БЎЛСА-ЧИ?

 

Афсуски, шариатга хилоф йўл билан даромад топаётганлар ҳам бор. Бундай кишилар Рамазон ойида қандай қиладилар? Бу ҳақда доктор Абдулҳай раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бундай одам Рамазон келганда таътил олишга имкон бўлса, таътил олиб, шу ойда ҳалол йўл билан ризқ топишга уриниши керак. Агар бундай қила олмаса, Рамазон ойида харажатларига сарф қилиш учун бирор кишидан қарз олиб бўлса ҳам, бу ойда ҳалол даромаддан истеъмол қилишга уриниши керак».

 

ГУНОҲДАН ТИЙИЛИШ ОСОН

 

Кўпчилик Рамазон ойида нафл ибодатга киришиб кетиб, гуноҳдан сақланишни унутиб қўяди. Аслида Аллоҳ таоло ушбу ойда гуноҳлардан сақланишни осон қилиб қўйган. Бу ойда шайтонлар кишанланган бўлади, улар қиладиган васваса ҳам бўлмайди. Шунинг учун бундай имкониятдан фойдаланиб, гуноҳ ишлардан сақланишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

 

РАМАЗОНДА ҒАЗАБНИ ЖИЛОВЛАШ ЛОЗИМ

 

Рамазон ойида сақланиш керак бўлган нарсалардан яна бири ғазаб ва жанжаллашишдир. Ушбу ойда инсон ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ғазабни қўзғатадиган ишлардан сақлаши лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا أَصْبَحَ أَحَدُكُمْ يَوْمًا صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ شَاتَمَهُ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي صَائِمٌ إِنِّي صَائِمٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бирингиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман» десин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رُبَّ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلاَّ الْجُوعُ وَرُبَّ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلاَّ السَّهَرُ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзасидан фақат очлик насиб қилади. Баъзи тунни қоим қилувчилар борки, уларга тунги ибодатидан фақат уйқусизлик насиб қилади», дедилар».

Ибн Можа, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

 

РАМАЗОН ОЙИДА КАРАМЛИ БЎЛИШ

 

Рамазон ойида киши ўзининг аҳлу оиласига, қарамоғидагиларга меҳр-муҳаббатли ва кенгчиликда бўлиши кўплаб ажру савобга сабаб бўладиган ишлардандир. Рамазон ойида киши саховатли бўлишга уриниши ва бу ишларнинг суннат эканлигига эътибор қаратиши лозимдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан саховатли бўлиб кетар эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда, мулоқотларига Жаброил келганда бўлар эди...».

عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ غَيْرَ أَنَّهُ لاَ يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْئًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди», дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

 

РАМАЗОНДА НАФЛ ИБОДАТГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ

 

Рамазон ойи гуноҳлардан сақланиш ва ибодатга эътибор қаратиш ойи бўлгани боис, ҳар бир мусулмон Рамазоннинг рўзасини тутишга, кечалари таровиҳ намозини адо қилишга қаттиқ эътибор қаратади. Буларнинг барчаси яхши ва ажру савобли амаллардандир. Лекин шу билан бир қаторда Рамазон ойида Қуръони каримни тиловат қилишга кўпроқ вақт ажратиш ҳам зарур. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръони каримни тўлиқ ўқиб, ўтказиб олар эдилар. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنه قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍ فِي رَمَضَانَ حَتَّى يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْهِ النَّبِيُّ الْقُرْآنَ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ  فَإِذَا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلاَمُ كَانَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда, мулоқотларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Қачон Жаброил алайҳиссалом у зотга мулоқот қилса, эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар», дейилган.

Икки шайх ривоят қилган.

Рамазон ойида эртадан кечгача, юриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам ушбу учта калима ва истиғфорни тилдан туширмай, ўқиб юришга эътибор қаратиш лозим:

سبحان الله والحمد لله ولا اله الا الله والله اكبر

Субҳааналлоҳ вал ҳамду лиллаҳ валаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар.

Маъноси: Аллоҳ таоло покдир. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ таоло улуғдир.

Инсон нафл ибодатларни қанча қила олса, ўшанча қилиши лозим. Бироқ, Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ибодат қилиш керак, чунки Рамазонда бунинг учун қулай имкониятлар юзага келади. Масалан, бошқа ойларга нисбатан Рамазон ойида таҳажжуд намозларини ўқишга ҳам имкон туғилади. Чунки ҳар бир рўзадор саҳарлик қилиш учун саҳар пайтида уйғоқ бўлади. Шундан озгина эртароқ туриб, таҳажжуд намозини ўқишни одатга айлантириб олиши мумкин. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُرَغِّبُ فِي قِيَامِ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَأْمُرَهُمْ فِيهِ بِعَزِيمَةٍ فَيَقُولُ: مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ فَتُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَاْلأَمْرُ عَلَى ذَلِكَ ثُمَّ كَانَ اْلأَمْرُ عَلَى كَذَلِكَ فِي  خِلاَفَةِ أَبِي بَكْرٍ وَصَدْرًا مِنْ خِلاَفَةِ عُمَرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:

«Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иш шундайлигида вафот этиб кетдилар. Абу Бакрнинг халифалигида ҳам, Умарнинг халифалиги бошида ҳам иш шундоқ эди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

 

Рамазон ойида намозларни жамоат билан, хушуъ ила адо қилишга ҳаракат қилишлари даркор. Муҳими, ҳар бир мусулмон бу ойда гуноҳлардан сақланишга ҳаракат қилиши ва бу улуғ ишни одатга айлантириб олиши лозимдир.

Аллоҳ таоло юқорида айтилганларга амал қилиш тавфиқини барчамизга насиб этсин ва Рамазон ойини саҳиҳ тарзда ўтказиб, ундан манфаат олиш тавфиқини ато этсин. Амийн!

 

Абдуманнон Жаъфар

[1] Бақара 30 оят.

[2] Бақара 30 оят.