1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўза ва тақво

05:00 / 13.01.2017 2901 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, сизларга ҳам худди аввал ўтган (қавм)ларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди. Шояд тақво қилсаларингиз” (Бақара, 183).


Рўза араб тилида “совмун” ёки “сийамун” деб юритилади. Луғатда бу сўз “бирон феъл ёки сўздан ўзини тийиб туриш” маъносини англатади. “Лисанул-араб” луғатида “сийамун” сўзи шаръий истилоҳда “таом, ичимлик, жинсий яқинлик ва фойдасиз сўзлардан тийилиш” мазмунига эга экани айтилган. Шундан ҳам билиш мумкинки, рўза фақат овқат, ичимлик ёки бошқа ейиладиган нарсалардан сақланишгина эмас, балки рўза аввало номаъқул ишлар, ножоиз ҳатти-ҳаракат ва қайтарилган сўзларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади. Рўзани фақат моддий тарафлама тушуниш нотўғри. Аслида рўзадан кўзланган мақсад банданинг руҳий покланишидир.


Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло бандалар эътиборини рўзанинг муҳим жиҳатига қаратиб, “шояд тақво қилсаларингиз” демоқда. Бу рўзадан кўзланган асосий мақсад тақво қилиш, қайтарилган ишлардан қайтиш эканига далолат қилади. Бунга кўплаб ҳадиси шарифларда алоҳида урғу берилган.


 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رُبَّ صَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ صِيَامِهِ إِلاَّ الْجُوعُ وَرُبَّ قَائِمٍ لَيْسَ لَهُ مِنْ قِيَامِهِ إِلاَّ السَّهَرُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Шундай рўзадор борки, унинг рўзаси фақатгина очликдан бошқаси нарса эмас. Кечаси туриб намоз ўқувчи (шундай банда) борки, унинг (намозда) туришидан фақатгина уйқусизлик қолади, холос” (Насоий ва Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).


Ушбу ривоятга кўра, банда рўза тутиб, қайтарилган ишлардан тийилмаса, Аллоҳга тақво қилмаса, унинг кун бўйи оч юриб, ташна бўлгани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди.


وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: رُبَّ صَائِمٍ حَظُّهُ مِنْ صِيَامِهِ الْجُوعُ وَالْعَطَشُ وَرُبَّ قَائِمٍ حَظُّهُ مِنْ قِيَامِهِ السَّهَرُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Шундай рўзадор борки, унинг рўзадан насибаси фақат очлик ва ташналик. (Кечаси) қоим бўлувчи яна шундай (банда ҳам) борки, унинг қоим бўлишидан насибаси фақат уйқусизликдир” (Аҳмад, Ҳоким, Табароний, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).


Амалларда ният, ихлос ва тақво бўлмаса, ундан кўзланган асл мақсад ҳосил бўлмайди. Ихлос ва тақвосиз амал қанча чиройли ва кўп кўринса-да, у на соҳиби ва на ўзгаларга фойда беради. Ривоятда айтилишича, қайси банда рўза тутиб, Аллоҳга тақво қилмаса, унинг кун бўйи оч-наҳор юрганигина қолади. Унга ҳеч қандай ажр-савоб берилмайди. Кечаси ибодат қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан сақланмайдиганлар ҳам шундай. Уларнинг кечаси туриб, уйқусиз бўлганлари қолади. Уларга ҳеч қандай мукофот ҳам, савоб ҳам берилмайди.


 وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَعَرَفَ حُدُودَهُ وَتَحَفَّظَ مَا يَنْبَغِي أَنْ يَتَحَفَّظَ كُفِّرَ مَا قَبْلَهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَأَبُو يَعْلَى وَأَبُو نُعَيْمٍ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.


Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Кимки Рамазон рўзасини тутиб, унинг ҳадларини билса, сақланиш лозим бўлган нарсалардан сақланса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий, Абу Яъло ва Абу Нуайм ривояти. Ривоят санади заиф).


Рўза гуноҳларга каффорат бўлишини ҳаммамиз биламиз. Аммо барча рўза тутувчиларнинг ҳам гуноҳлари кечирилавермас экан. Бунинг учун рўзани ихлос билан, Аллоҳга тақво билан тутиш талаб этилади.


وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ للهِ حَاجَةٌ فِي أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَابْنُ حِبَّانَ.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким (рўзадор ҳолида) ёлғон сўз ва унга амал қилишни ташламаса, Аллоҳ таоло у банданинг таом ва ичимлигини тарк қилишига муҳтож эмас” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий[1], Ибн Можа, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти).


Аллоҳ банданинг кун бўйи оч юришига ҳам, бир қултум сув ичмай ташналик машаққатини тортишига ҳам муҳтож эмас. Аллоҳ бандаларга шундай меҳрибонки, рўза орқали улар кўпроқ савоб тўплашлари ва қалбларини поклаб олишларини хоҳлайди. Аслида бизнинг рўза тутишимизу руҳан покланишимизга Аллоҳ асло муҳтож эмас. Бу нарсалар фақат ўзимизга фойда. Аллоҳ рўзани фарз қилган экан, деб рўза тутгандан кейин ўзимизни Аллоҳга бирон нарса ўтказиб қўйгандек тутмаслигимиз керак. Аслида нима амал қилсак, барчаси ўзимиз учун. Аллоҳ эса бандаларга фақат ва фақат яхшиликни раво кўради, бахт саодатга эришишлари, охиратда нажот топишларини хоҳлайди.


Юқоридаги ривоятда банда энг кўп содир этадиган гуноҳ алоҳида зикр қилинмоқда. Қўл ёрдамида гуноҳ қилишдан кўра тил билан гуноҳ қилиш кўп учрайди. Тил билан қилинадиган гуноҳлар ичида энг кўп учрайдигани бу шубҳасиз ёлғондир. Қайси банда рўза тутиб, ёлғончиликни ташламас экан, бундай банданинг оч юриши Аллоҳга керак эмас.


Аллоҳ бандалар ибодатини қабул қилишда асосан ботиний жиҳатга, банданинг қалб ҳолатига назар солади. Баъзи рўзадорлар борки, улар рўза тутиб, кун бўйи ғийбат, чақимчилик, туҳмат, бўҳтон ва шу каби гуноҳлар кўчасидан бери келмайдилар. Бундай “рўзадорлар”нинг рўза тутгани фақат ифтор маҳалда эсларига келади.


Биз тонгда оғзимизни ёпганимизда уни ёлғон ва ҳаром сўзлардан, кўзимизни номаҳрамларга боқишдан, қўлимизни зулмдан, оёғимизни маъсиятга қадам босишдан тўсишни унутмаслигимиз лозим. Шундагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади.


Шундай ҳоллар бўладики, банда рўзадор бўла туриб ўзи хоҳламаган тарзда ўзгалар билан тортишишга, ўзини ҳимоя қилишга тўғри келиб қолади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишни бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар.


 وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَصْبَحَ أَحَدُكُمْ يَوْمًا صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنْ امْرُؤٌ شَاتَمَهُ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي صَائِمٌ إِنِّي صَائِمٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَاللَّفْظُ لَهُ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَابْنُ مَاجَهْ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو يَعْلَى.


Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сизлардан кимки рўзадор бўлса, бас, уят сўзларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин! Агар биронтаси у билан сўкишмоқчи ё уришмоқчи бўлса, бас у: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий[2], Ибн Можа, Молик, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Табароний ва Абу Яъло ривояти).


Ҳақиқий рўзадор бошқалар билан тортишиб, ўзининг ҳам, бировнинг ҳам асабини бузиб, рўзаси савобини камайтириб, вақтини зоеъ кетказмайди. Балки орада жанжал чиққан тақдирда ўзининг рўзадор экани, шу сабаб жанжаллашиб ўтиришни лойиқ кўрмаслигини маълум қилади.


Бошқа тарафдан олиб қараганда, банда рўза тутганда, унда тақводорлик ҳисси, руҳий комиллик белгилари пайдо бўлади. Рўза тутган банда Аллоҳни яхшироқ танийди, ибодатларга эътибори ортади, намозда хушуъ пайдо бўлади. Зеро, ихлос билан рўза тутган бандани Аллоҳ тақвога бошлайди.


Рўза пайтида банда таом ва ичимликни тарк қилади. Мана шу иккиси истеъмолида ҳаддан ошиш бандани нафс қулига айлантиради. Рўзадорлик чоғида нафақат таом, балки маънавий жиноятлар, гуноҳлардан тийилишга ҳам ҳаракат қилинади.


Иккинчи тарафдан, рўзадан мақсад тақво ва рўза тутган бандага тақво сари йўл очилар экан, қайси банда рўза тутиб, фақат моддий жиҳатга эътибор берсаю, маънавий рўзани эсдан чиқарса, унинг рўзаси нуқсонли бўлади.


Хулоса қиладиган бўлсак, банда рўзадор ҳолида овқатдан тийилиш билан бир қаторда тили, кўзи, қулоғи ва қўл-оёқларини ножоиз ишлардан сақлаши, тақвога эътибор бериш керак бўлади. Банда рўза тутмаган пайтида ҳам ушбу аъзоларини ҳаром ишлардан тийиши шарт. Аммо, рўзадорлик пайтида бу нарсага кўпроқ эътибор бериш талаб этилади. Зеро, рўзадан мурод тақводир.


[1] Насоий ушбу ривоятда “Ас-сунанул кубро”да келтирган.

[2] Насоий ушбу ривоятни “Ас-сунанул кубро”да келтирган.


Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойида суҳбатдошининг рўза тутган ё тутмаганини билиш ниятида рўзамисиз, ё кўзамисизrdquo, деган саволга дуч келишингиз мумкин. Айниқса, хозиргидек кун узун, давоми...

2733 05:00 / 14.01.2017
Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният давоми...

3643 05:00 / 11.01.2017
Ҳаётда кимлардир улуғ неъмат иймон неъмати билан насибадор бўлса, кимлардир бу неъматдан маҳрум бўладилар. Кимлардир Роббисини таниб, У зотнинг буйруқларини давоми...

4608 05:00 / 14.01.2017
Гуноҳлар мағфират қилиниши мавзуси оламнинг яратилиш вақтидан бери кўтарилган масала. Ўша пайтда Аллоҳ Одам алайхиссаломни халқ қилганда фаришталарга Одамга давоми...

5543 03:30 / 09.04.2023