1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Ризқнинг торайишига сабаб бўлувчи омиллар

05:00 / 17.02.2017 3883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга маъсият қилиш

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради” (Имом Аҳмад, имом Табароний “Кабийр”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадис юқорида шарҳ қилинган эди. Бу ўринда мазкур ривоят гуноҳлар банда ризқининг камайиши, унинг бебарака бўлишига сабаб эканига далил қилиб келтирилмоқда. Эслатиб ўтамизки, бу ҳадисдаги “банда”дан мурод “мўмин банда”дир. Зеро, кофир ва мушрикларнинг гуноҳ қилишлари уларнинг ризқи кўп ёки кам бўлишига таъсир қилмайди. Уларга бу дунёда жамики имкониятлар берилади. Мўмин эса қилган гуноҳига каффорат бўлиши учун бирон мусибатга учрайди.


Зино



Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Зино камбағалликка сабаб бўлади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Зино энг ёмон фаҳш ишдир. Табиийки, унинг зарари ҳам катта. Аввало, зино киши соғлиги, жисмоний ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Демак, зино ва унга олиб борувчи ишлар ризқ-насибанинг камайиши, бунинг акси ўлароқ зинодан тийилиш ва номаҳрамларга қарашдан сақланиш унинг баракали бўлишига сабаб бўлади.


Ёлғон сўзлаш



Абу шайх Ибн Ҳиббон “Табақот”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилади: “Ёлғон (сўз) ризқни камайтиради”.

Ёлғон сўзлаш тил офатларининг энг каттасидир. Ёлғончилик мўминга мутлақо ёт нарса, балки мунофиқнинг сифати саналади. Ёлғон сўзлаш, каззоблик банданинг охиратини барбод қилувчи иллатдир. Саҳиҳ ҳадисларнинг бирида “албатта банда ёлғон гапириб юришда давом этиб, (охир-оқибат) “каззоб” деб ёзиб қўйилади”, дейилган.

Банда бирон сабабга кўра ёлғон гапиради. Аксарият ҳолатда манфаатга эришиш, фойда топиш ёки зарарни даф қилиш, зиёндан осонгина қутилиб қолиш учун ёлғон гапиради. Зоҳиран олиб қараганда, банда ёлғон туфайли мақсадига эришгандек туюлса-да, аслида у охиратини куйдириб, дунёда эса ризқидан баракани учиради. Зеро, ёлғончилик хиёнатдир. Хиёнат эса камбағалликни жалб қилади.

Ҳаётда ёлғончилик билан ишини битириб, ошиғи “олчи” бўлиб юрган одамларни кўп учратамиз. Улар кўзимизга бой-бадавлат, фаровон ва мазмунли ҳаёт кечираётгандек бўлиб кўринади. Аслида эса ҳаётларида барака йўқ, ҳеч қачон бири икки бўлмайди. Уларнинг ҳоли ҳавас қиларлик даражада эмас. Зеро, ёлғоннинг умри қисқадир.

Ҳақиқий мўмин Аллоҳ таоло розилиги учун рост сўзлаб, ёлғондан буткул тийилиши лозим. Шунда у дунёю охиратда катта ютуқ эгаси бўлади.


Кибр, ғурур ва куфрони неъмат



Қуйида Қуръони каримдаги қиссалардан учтасини келтирамиз. Қиссада бойлик ва беҳисоб неъматлар эгаси бўла туриб, кибр-ҳаво қилиш ва бойлиги билан мағрурланиш қандай оқибатларга олиб келиши таъсирли услубда баён қилинган.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоага ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: “Ховлиқмагин. Чунки Аллоҳ ховлиқма кимсаларни суймас. Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират диёри(нинг ободлиги)ни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам инфоқ-эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кишиларни суймас”, деганларида, у: “Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим туфайли ато этилгандир”, деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмадими?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам! Сўнг қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ қани эди, бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу дунё бўлса?! Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир!” дедилар. Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! Унга фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар”, дедилар. Бас, Биз Қорунни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади. Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилиб турган кимсалар: “Воажаб! Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаган бандаларнинг ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (Ерга) юттирган бўлар эди. Воажаб! Кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да!” деб қолдилар” (Қасас, 76-82).

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло бойлик билан ғурурга кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда мўминларга зулм қилган Қурайш қабиласининг киборлари диққатини мол-дунё ва бойликнинг ўткинчи нарса экани, Аллоҳ даргоҳида заррача қиймати йўқ экани, соҳиби имонсиз бўлса, мол-дунё унинг зиёнига ишлашига мисол қилиб Қорун қиссасини келтирмоқда.

“Албатта Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмидошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоага ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: “Ховлиқмагин. Чунки Аллоҳ ховлиқма кимсаларни суймас”, (дедилар)”.

Қорун бани Исроил қавмидан эди (баъзи муфассирларнинг айтишича, у Мусо алайҳиссалом қариндоши бўлган). Аллоҳ унга жуда кўп миқдорда бойлик берган. Хазинасининг калитлари оғирлигидан ҳатто бир гуруҳ куч-қувватга тўлган кишилар ҳам кўтаришга ожизлик қилар экан. Қорун Парвардигорига шукр қилиш ўрнига туғёнга тушди, кибру ҳаво қилди ва бойлиги билан ғурурланди. Шунда қавми унга: сен ўзингдаги неъмат ва бойлик билан хурсанд бўлса, такаббурлик қилма! Чунки Аллоҳ берган неъматларига шукр қилмайдиган, охиратни унутган мутакаббир ва шошқалоқ кишиларни яхши кўрмайди, – дея насиҳат қилишди.

Улар насиҳатларида давом этиб яна шундай дедилар: “Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират диёри(нинг ободлиги)ни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам инфоқ-эҳсон қил. Ерда бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кишиларни суймас”.

Яъни, Аллоҳ сенга берган беҳисоб бойлик ва неъматларни охиратинг ободлиги йўлида сарфла. У Зотнинг тоати йўлида бойлигингдан унумли фойдалан. Шу билан бирга, дунёдаги насибангни, ейиш, ичиш, кийиш ва шу кабиларни ҳам унутиб қўйма. Зеро, Аллоҳнинг сенда ҳаққи бор. Нафсингнинг ҳам сенда ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақдорнинг ҳаққини адо этгин. Аллоҳ сенга мол-дунё бериб яхшилик қилган. Сен ҳам Аллоҳнинг бандаларига инфоқ-эҳсон қилиш билан яхшилик қилгин. Аммо, ният ва мақсадинг Ер юзида бузғунчилик қилиш, Аллоҳнинг махлуқотларига зарар етказиш бўлмасин. Зеро, Аллоҳ бузғунчи кимсаларни яхши кўрмайди!

Қорун қавмининг насиҳатига қулоқ солмади. Қавмининг насиҳатларига муҳтож эмаслигини билдириб шундай деди: “Менга (бор молу давлатим) фақат ўзимдаги билим туфайли ато этилгандир”.

Қорун муносиб кўрилгани ва Аллоҳ уни яхши кўргани учун мол-дунёга эришганини даъво қилди. Унинг бу гапига Аллоҳ таоло жавоб тариқасида дейди:

“Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Аллоҳ ҳалок қилганини билмадими?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам!”

Қорундан аввал куч-қувват ва мол-дунё соҳиби бўлган қанчадан-қанча қавмлар ўтди. Аллоҳ яхши кўргани учун уларга бойлик бергани йўқ. Балки имонлари бўлмагани боис Аллоҳ бу қавмларни ҳалок қилди. Охиратда эса ношукр ва кофир кимсалар дунёда қилиб ўтган гуноҳлари ҳақида сўралмай туриб жаҳаннамга улоқтириладилар.

“Сўнг қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан эди, ҳаёти дунёни истайдиган кимсалар: “Эҳ қани эди, бизлар учун ҳам Қорунга ато этилган молу дунё бўлса?! Дарҳақиқат, у улуғ насиба эгасидир!” дедилар”.

Кунларнинг бирида Қорун қавми олдига чиройли кийимларни кийиб, зийнатланган ҳолда чиқди. Дунё ҳаётининг зийнатига мойил бўлган кимсалар Қорунга ҳавас қилиб: эҳ, қани бизларга ҳам Қорунга ато қилинган бойлик берилса эди. Ҳақиқатан, Қорун кўп ризқли ва насибаси улуғ кишидир! – дедилар.

“Илм-маърифат ато этилган кишилар эса: “Ўлим бўлсин сизларга! Имон келтирган ва яхши амаллар қилган кишилар учун Аллоҳ берадиган ажр-савоб яхшироқ-ку! Унга фақат сабр-қаноатли кишиларгина эришурлар”, дедилар”.

Илм соҳиблари бўлган зотлар ўзларига ҳам худди Қорунники каби бойлик ато этилишини орзу қилиб турган кишиларга қарата: сизларга ҳалокат бўлсин! Нимани хоҳлаяпсизлар ўзи?! Ахир Аллоҳ охират диёрида солиҳ бандалари учун тайёрлаб қўйган мукофоти сизлар кўриб турган мана шу ўткинчи матоҳлардан яхшироқ-ку?! Охират куни жаннатни қўлга киритиш Аллоҳ таолога ибодат ва итоат этишда сабр қилган кишиларгагина насиб қилади, дедилар.

Шундан сўнг Қоруннинг оқибати қандай бўлгани айтилади: “Бас, Биз Қорунни ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади”.

Қорун зийнатга бурканган, чиройли кийимларни кийиб, ўзини қавми олдида мағрур тутиб турган ҳолида Аллоҳ уни ва уй-жойларини Ерга юттирди. Унинг ўзидан ҳам, ҳовли-жойи, мол-дунёси ва хазиналаридан ҳам ном-нишон қолмади. Қорун учун Аллоҳнинг жазоси ва азобидан қутқариб қоладиган бирон ёрдамчи топилмади. Унга бойликларию хазиналари ҳеч қандай наф бергани йўқ. Уларнинг ҳеч қайсиси ундан Аллоҳнинг азобини қайтариб қололмади.

“Ва куни кеча унинг мартабасини орзу қилиб турган кимсалар: “Воажаб! Аллоҳ бандаларидан ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилиб, (Ўзи хоҳлаган бандаларнинг ризқини) танг қилиб берар экан-да?! Агар Аллоҳ бизларга марҳамат қилмаганида, бизларни ҳам (Ерга) юттирган бўлар эди. Воажаб! Кофир бўлган кимсалар нажот топмас экан-да!” деб қолдилар”.

Кечагина Қоруннинг бойлиги ва мартабасига ҳавас қилиб турган кишилар у гирифтор бўлган ҳодисанинг шоҳиди бўлишгач: кўрмайсизларми, Аллоҳ хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилиб, хоҳлаган бандасиникини тор қилиб қўяр экан? Агар Аллоҳнинг марҳамати, лутфу карами бўлмаганида, У Зот бизларга ҳам худди Қорунники каби мол-дунё бериб, сўнг у каби Ерга юттирган бўлар эди. Шубҳасиз, Қорун Раббига кофир бўлди, имон йўлини тутмади. Кофирлар эса Аллоҳнинг азобидан қутулолмайдилар, охиратда нажот топмайдилар.

Энди, иккинчи қиссага ўтасиз. Уни ўқиб, Од қабиласининг нонкўрлиги қандай оқибатларга олиб келганини билиб оламиз.

Аллоҳ таоло айтади: “Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар Ер юзида ноҳақ кибр қилдилар ва: “Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?” дедилар. Ахир улар ўзларини яратган Зот – Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлдилар. Бас, Биз уларга мана шу ҳаёти дунёда хор-расво қилувчи азобни тотдириб қўйиш учун шум кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса, шак-шубҳасиз, янада хор қилгувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас” (Фуссилат, 15-16).

Од Ҳуд алайҳиссалом қавми бўлиб, Нуҳ алайҳиссалом қавми кучли тўфон билан ҳалок қилингач, Аллоҳ тарафидан Ер юзида ўринбосар қилиб қўйилган эди. Аллоҳ ушбу қавмга мўл-кўлчилик, куч-қувват, мол-мулкда кенгчилик ва фаровон ҳаёт ато этди. Аммо улар Парвардигориларига шукр қилиш ўрнига туғёнга кетиб, Аллоҳга осий бўлдилар. Имкониятларини юқори баҳолаб, ғурур билан: куч-қувватда бизга тенг келадигани йўқ.! Ҳеч ким бизни ўзига бўйсундира олмайди. Биронтаси бизга зулм қила олмайди! – дедилар. Лекин Аллоҳ уларни тергаш маъносида қуйидагича жавоб қайтарди: улар кимга қарши адоват қилаётганларини ўйлаб кўрмайдиларми?! У улуғ Зотдир. У барча нарсани яратган, чексиз куч-қувват эгаси бўлган Зотдир. Унинг азоби қаттиқдир, хоҳлаган бандасини азоблашга Қодирдир!

Од қавми пайғамбарларга берилган мўъжиза ва аломатлар Аллоҳ тарафидан эканини, унинг ҳақлигини билар эдилар. Бироқ билиб туриб инкор қилдилар. Пайғамбарларига осий бўлдилар. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг устига тез эсадиган совуқ шамолни – шиддатли бўронни юборди. Бу уларнинг қилмишларига яраша дунё ҳаётида тотиб кўришлари учун туширилган азобнинг бир кўриниши эди, холос. Бироқ охират азоби бундан қаттиқроқ ва дунё азобидан кўра кўпроқ хорликка олиб борувчидир. Улар Қиёмат куни азобдан қутқарувчи ва азобни қайтариб қолувчи бирон ёрдамчи топа олмайдилар.

Учинчи қиссада ҳар томонга неъматларга буркаб қўйилган Сабаъ қабиласи ҳақида сўз боради.

Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз максанларида бир аломат бор эди – ўнг томон ҳам, чап томон ҳам боғ бўлиб, (Биз уларга:) “Парвардигорингиз ризқидан баҳраманд бўлинглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳардир, (Парвардигорингиз) мағфират қилувчи Парвардигордир”, (деган эдик). Бас, улар юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазорлар “боғлар”га айлантириб қўйдик. Кофир бўлганликлари сабабли уларни мана шундай жазоладик. Биз фақат кофир бўлган кимсаларнигина жазолаймиз!” (Сабаъ, 15-17).

Сабаъ қабиласи Яманда истиқомат қиларди. Од қабиласи каби фаровон ҳаёт кечирарди. Водийнинг ўнг ва чап тарафида уларнинг мевали боғлари бўлиб, ўша водийга бир тўғон бино қилган эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориб, улар орқали берган ризқ-рўзлардан хоҳлаганча фойдаланиб, неъматларига шукр қилишлари ва Ўзигагина ибодат қилишлари лозимлигини амр қилди. Яшаб турган шаҳарлари покиза ва фаровон шаҳар, ризқ бераётган Парвардигорлари эса гуноҳларни кечирувчи Зот экани маълум қилинди. Лекин Сабаъ қабиласи Аллоҳга ибодат қилиш ва неъматларга шукрни адо этишдан бўйин товладилар, неъматларга нонкўрлик қилдилар. Бу қилмишлари жазосиз қолиб кетгани йўқ. Аллоҳ улар барпо қилган тўғонни вайрон қилди. Натижада сув тошиб, унумдор ерларни ва ғарқ пишиб турган боғларни бир зумда пайҳон қилди. Улар учун фахр бўлиб турган, кўзларини қувонтираётган хушманзара ва сўлим боғлари завол топди. Мевалари аччиқ ва мазасиз қилиб қўйилди. Дарахтлари қуриди.

Берилган неъматларга нонкўрлик қилганликлари учун Аллоҳ Сабаъ қабиласини шундай жазолади. Бу нарса фақат мазкур қабилага хос эмас. Аллоҳга ва неъматларига нонкўрлик қилувчи, кофир бўлувчи ҳар қандай қавм мана шундай жазога муносибдир.

Демак, бойлиги билан ғурурланиш, манманлик қилиш, одамларни писанд қилмай, туғёнга кетиш ўша неъматнинг завол топиб, неъмат эгасининг аламли азобга мубтало бўлишига олиб келар экан.


Бахиллик



Қуйида камбағал ва ҳожатманд кишиларнинг ҳаққини адо қилмасликни ният қилган бахил ака-укалар бор будидан маҳрум бўлганликлари ҳақидаги қисса келтирилади.

Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз уларни имтиҳон қилдик. Илгари боғ эгаларини ҳам шундай имтиҳон қилган эдик. Ўшанда улар, албатта уни эрта тонгда ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар. Бас, улар уйқуда бўлган чоғларида унинг устида Парвардигорингиз томонидан бўлган айланувчи бир айландию, у узилгандек бўлиб қолди. Улар эса тонгда туришиб: “Агар узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар”, (деб) бир-бирларини чақирдилар. Сўнг: “Бугун у (вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да, (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар. Улар ёмон ният билан қодир бўлган ҳолларида тонг саҳарлаб бордилар. Энди қачонки уни кўришгач, (аввал): “Шак-шубҳасиз, бизлар йўлдан адашиб қолдик”, дедилар. (Сўнгра:) “Йўқ, бизлар маҳрум бўлибмиз!” дедилар. (Шунда) уларнинг энг адолатлиси: “Мен сизларга тасбеҳ айтмайсизларми, демаганмидим?” деган эди, улар: “Эй Раббимиз, (Сен ҳар қандай нуқсондан) Покдирсан. Албатта, бизлар зулм қилувчи бўлдик”, дедилар. Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар. Улар дедилар: “Эй, ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат, бизлар ҳаддан ошувчи бўлдик. Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар, албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат қилувчидирмиз”. Мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, Охират азоби, шак-шубҳасиз, янада каттароқдир. Албатта, тақводор зотлар учун Парвардигорлари ҳузурида (ноз-)неъмат боғлари бордир” (Қалам, 17-34).

Қадимда бир солиҳ киши ўтган бўлиб, унинг ҳосилдор боғлари бор эди. Ҳосил йиғиб олинадиган пайт келганида у бева-бечора ва фақир кишиларни чақириб, уларга ўз улушларини берар эди. Бу билан молнинг ҳаққини адо этиб келарди. Ўша солиҳ киши вафот этиб кетгач, боғ унинг ўғилларига мерос бўлиб қолди. Аммо улар солиҳ отанинг муносиб ўринбосарлари бўла олмадилар. Балки бахиллик қилиб, қайси йўл билан бўлса-да, камбағалларга ҳосилдан улуш ажратмасликни ўйладилар. Одатга кўра, ҳосилни йиғиштириш бошланганда ҳосилни тезроқ узиб олиш пайида бўлдилар. Шу мақсадда эртаси куни тонгдаёқ меваларини териб олишга қасам ичдилар ва ўзаро келишиб олдилар. Бироқ оталари шунча йиллар давомида қилиб келган ишини жинлари суймай камбағалларнинг ҳаққини беришни истамадилар. Тунда ҳаммалари ухлаб ётганларида боғ устидан Аллоҳ таоло юборган нарса бир айландию, боғ мевалари худди узиб олингандек шип-шийдам бўлиб қолди. Эрта тонгда ака-укалар бир-бирларини чақириб: агар ҳосилни териб олмоқчи бўлсангизлар, бас, экинзорларингизга тезроқ бора қолинглар! – деб  хитоб қилдилар. Улар боғ томон ҳовлиқиб келар эканлар, биров эшитиб қолмаслиги учун пичирлаб гаплашиб, бир-бирларига: бугун боғингизга биронта ҳам мискинни йўлатманглар! – деб уқтирдилар. Уларнинг асосий мақсади камбағалларни боғга яқинлаштирмаслик эди.

Улар боғларига яқинлашиб қарасалар, серҳосил ва чиройли боғдан асар ҳам қолмабди. Буни кўриб аввалига: бизлар йўлдан адашибмиз. Бошқа боғга кириб қолибмиз, шекилли, дедилар. Лекин бироз ўтиб, кўрган боғ ўзлариники эканига амин бўлишгач: биз боғимиздан, ундаги мевалардан маҳрум бўлибмиз! дедилар. Шунда ака-укалар ичидаги энг ақлли ва фикри соғлом бўлгани уларга қарата: мен сизларга Аллоҳга шукр қилинглар, Унга тасбеҳлар айтинглар, У Зотдан мағфират сўранглар, демаганмидим?! деди. Натижада улар қилмишларига пушаймон бўлиб: Парвардигоро, Ўзинг нуқсон ва камчиликлардан Поксан! Биз боғимиз меваларидан мискинларнинг ҳаққини ман қилиш билан ўзимизга зулм қилдик, дедилар. Шундан сўнг бир-бирларини маломат қилишга тушиб, айбни бир-бирига тўнкай бошлади. Охир-оқибат барчалари айбини тан олиб: биз исён қилдик. Туғёнга кетувчи бандалардан бўлдик. Шу сабаб бошимизга бу кўргиликлар тушди. Энди хато ва гуноҳларимизни тан олиб, тавба қилганимиздан сўнг шояд Раббимиз бизларга бундан ҳам яхшироқ боғни ато қилса. Зеро, биз Аллоҳга рағбат қилувчимиз, Унинг авф ва мағфиратидан умидвормиз! дедилар.

Шундай сўнг бандаларга хитобан Аллоҳ айтади: Менинг амримга хилоф иш тутган, Ўз фазлимдан берган нарсани инфоқ қилишга бахиллик қилган ва мискинларнинг ҳаққини поймол қилган нобакор кимсаларнинг жазоси шу! Аммо охират азоби дунёникидан кўра қаттиқроқ ва машаққатлироқдир. Бироқ буюрган амрларимни адо этган ва ҳаром ишлардан қайтган тақводор бандалар учун жаннатлар бордир. Улар у ерда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган турли неъматлар билан мукофотланадилар.


Закотни адо қилмаслик



Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан  ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни қурғоқчиликка гирифтор қилади” (Имом Табароний “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳокимнинг ривоятида: “Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ улардан ёмғирни ман қилади”, дейилган. Ҳоким: “Бу ҳадис Муслим шартига кўра саҳиҳдир, аммо иккиси уни ривоят қилишмаган”, деган).

Маълум турдаги молдан закот бериш учун унда бир неча шартлар бўлиши лозим. Ана ўша шартларнинг аввалида молнинг нисобга етиши туради. Хуллас, закот бериши лозим бўлган банда Аллоҳ розилиги учун ушбу ибодатни ихлос билан адо этадиган бўлса, аввало катта савобга эришади, қолверса, молини поклаган, унинг ўсиши ва кўпайишига замин тайёрлаган бўлади.

Нима сабабдан, закот молни поклайди, деб айтаяпмиз. Сабаби шуки, мол нисобга етганда, ўша молда камбағал ва ҳақдор кишиларнинг маълум миқдордаги ҳаққи бўлади. Агар уларнинг ўша улуши молдан чиқариб, фақирларга закот сифатида берилса, мазкур молда бировнинг ҳаққи қолмайди. Бу билан ўша мол покланади ва яна ўсишда давом этади. Агар аксинча бўлса-чи? Камбағалларнинг ҳаққи молга қўшилиб, унинг ҳаммасини барбод қилади. Бировнинг ҳаққини бермай, фақат ўзини ўйлайдиган бахил кимсалар Аллоҳ тарафидан турли балоларга дучор бўладилар. Ушбу ҳадисда шундай офатларнинг бири келтирилмоқда. Унда айтилишича, закотни бермаслик қурғоқчилик, сувнинг кам бўлиши, ёмғир ёғмаслиги, оқибатда ризқ-насибанинг камайиши, очарчилик ва қийинчиликларга сабаб бўлар экан.


Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш нарса сабабли беш нарса бўлади!” – дедилар. Шунда (одамлар): “Эй Расулуллоҳ, беш нарса сабабли содир бўладиган беш нарса нима?” – деб сўрадилар. У зот: “Агар бир қавм аҳдни бузсалар, уларнинг устидан душманлари ғолиб қилинади. Агар улар Аллоҳ туширган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилишса, уларнинг орасида камбағаллик кенг ёйилади. Агар уларнинг орасида фаҳш ишлар очиқ-ойдин қилинадиган бўлса, ораларида ўлим тарқалади. Агар улар тарозидан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар. Агар закотни бермасалар, улардан ёмғир ман қилинади”, дедилар” (Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига қулоқ солмаслик қандай оқибатларга олиб келиши хусусида сўз боради. Демак, бандалар бошларига нима кўргилик ва қийинчиликлар тушса, бунга фақат ўзлари қилган гуноҳлар сабаб бўлар экан. Хусусан, закотни адо қилишдан бош тортиш бандалар ризқининг торайиши, турли бало-офатларнинг ёғилишини келтириб чиқаради. Бу ҳолат турли мол навларида ҳар хил кўринишда кечади. Масалан, деҳқончиликда қурғоқчилик, чорвачиликда касаллик ёки бошқа сабаб билан ҳайвонларнинг ҳалок бўлиши, савдо-сотиқда молнинг касодга учраши ёки ўғирланиши ва ҳоказо.


Торозидан уриш



Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар”, дедилар” (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Имом Насоий Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда: “Агар (одамлар) ўлчов ва тарозидан уриб қолсалар, қурғоқчилик ва озуқа танқислигига учрайдилар”, дейилган.

Бундан олдинги икки ҳадисда закотни адо қилмаслик бандалар бошига оғир мусибатларнинг ёғилишига сабаб экани айтилган бўлса, бу ҳадисда тарозидан уриб қолиш, бировга ўлчаб ёки тортиб бераётганда кам қилиб бериш каби ҳолатлар ҳам ёмон оқибатларга олиб келиши таъкидланмоқда. Бундан маълум бўладики, бировнинг ҳаққини ейиш, ҳаром йўллар билан бошқалар молини ўзлаштириш ризқнинг камайиши, бараканинг кўтарилиши ва турли хил оғир ҳолатларнинг келиб юзага келишига омил бўлар экан.


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таърифи .Ғарар, луғатда хатар маъносини билдирадиПайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғарар савдосидан қайтарганлар. Муслим ривояти. 10157.Фиқҳий истилоҳга кўра, давоми...

3377 05:00 / 17.02.2017
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бозорга кирганда .Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва давоми...

33599 05:00 / 17.02.2017
.Салам, луғатда .таслим қилиш,, .бериш, каби маъноларини англатади.Шариатда эса, зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади. Бундоқ давоми...

3168 05:00 / 17.02.2017
Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур quotБаҳр арроиқquot, quotалАшбоҳ ванназоирquot асарлари муаллифи Зайн алобидин Зайниддин Ибн Нужайм алМисрий алҲанафий 15191563нинг давоми...

7229 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

120077 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41742 14:35 / 11.08.2021