1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ризқ масаласи

15:43 / 13.09.2017 5218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида: «Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир».

Аллоҳ таоло оқил ва оқил бўлмаган, катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар манфаатланадиган емиш, ичимлик, кийим ва маскан уларнинг ризқидир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида шундай марҳамат қилади:

«Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳларини ҳам, сақланиб турадиган жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобда бордир» (6-оят).

Ер юзидаги жонзот – одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқалардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиғлиқ ҳамдир.

Ризқ икки қисмга тақсимланади: ҳалол ризқ ва ҳаром ризқ. Бунга далил Бақара сурасидаги қуйидаги оятдир:

 «Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз» (172-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи мўмин бандаларига ризқ қилиб берган нарсаларидан покини еб, лаззатланган бандалар ризқ берган Зотга – Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлиги таъкидланмоқда.

Мўмин инсон, Аллоҳнинг амрига биноан, доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Пок озуқа билан озуқаланган инсон соғ-саломат бўлади.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ беради. Ва У эшитувчидир, билувчидир» (60-оят).

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризққа муҳтож бўлганида, уни тановул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановул қилади, холос. Аммо бирортаси ризқ тополмасдан, очидан ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб, еб юраверади.

Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган кўпгина одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат деб ўйлайдилар. Улар ўзларича: «Ризқни ўзимиз топяпмиз», деб гумон қиладилар.

Аслида эса

«Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ беради».

Яъни ўз ризқини ўзи кўтара олмайдиган ўша жонзотларга ҳам, инсонларга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради.

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур...» (2−3-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар «Ризқу рўзим сероб бўлсин» деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйланмаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Одам ишлаб топиб, ўзи манфаат олмаган нарсалар унинг ризқи бўлмайди. Мисол учун, кишининг ўлимидан кейин меросхўрларига қолган нарсалар унинг ризқи эмас, ўша нарсалардан манфаат оладиган меросхўрларнинг ризқидир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Сарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Махлуқотларнинг сенга назарини Ҳақнинг сенга назари ила ғойиб қил ва уларнинг сенга юзланиши мавжудлигидан У Зотнинг сенга юзланиши ҳозирлиги ила ғойиб бўл.Ибн давоми...

3295 19:46 / 18.01.2018
Ким У Зотга Ундан орзу қилаётган нарсаси учун ёки уқубат келишини тоати ила ўзидан даф қилиш учун ибодат қилса, У Зотнинг сифатлари ҳаққини адо қилмаган давоми...

4365 19:07 / 11.02.2018
.Бандаларни ҳисобкитоб қилишнинг сабаби нима Банда дунёда оз нарса учун ҳам ҳисоб қилинади, охиратда эса унга кўп нарса ҳисобсиз берилади,, деб сўрабсан.Билгинки, давоми...

4484 15:33 / 01.10.2017
Аллоҳ таолога муҳаббат банданинг энг олижаноб хислатларидан биридир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар эса руҳни озиқлантиради ва қалбни давоми...

5141 17:08 / 01.10.2017
Аудиолар

120143 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41807 14:35 / 11.08.2021