696 17.07.2017

Абу Нуъайм ўзининг «Ҳулятул авлиё»сида Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Ҳошимдан ривоят қилади:

«Зуннун Мисрий ўз дуосида қуйидагиларни айтганини эшитдим:

«Аллоҳим! Рағбатим Сенигина қасд қилур. Ҳожатимни Сендангина сўрарман. Талабим нажотини Сендангина ражо қилурман. Сўровларим калитлари фақат Сенинг қўлингдадир. Яхшиликни Сендан бошқадан сўрамасман ва Сендан ўзгадан ражо қилмасман. Фазлингни билганимдан кейин раҳматингдан ноумид бўлмасман».

Имом Шофеъий ўлимлари олдидаги беморликларида:

«Қалбим моғор босиб, мазҳабим тор бўлганда,

Ражони Сенинг афвингга нарвон қилурман», деган.

Суфён Саврий: «Ким бир гуноҳ қилса ва уни Аллоҳ таоло тақдир қилганини билиб, У Зотнинг мағфиратини ражо қилса, Аллоҳ унинг гуноҳини мағфират қилур», деган.

Шоҳ Кирмоний: «Ражонинг тўғрилиги аломати тоатнинг гўзаллигидадир», деган.

Ражонинг фойдаларидан:

1. Ражо банданинг ўз Роббига нисбатан қуллигини ва Ундан сўрайдиган ҳожатини изҳор қилишидир.

2. Ражо банданинг ўз Роббидан эҳсон кутиши ва Унинг фазлидан кўз очиб-юмгунча ҳам беҳожат бўла олмаслигини ҳис қилишидир.

3. Ражо банда учун Аллоҳ томон юришида карвонбошидир. Ражо бўлмаса, ҳеч ким юра олмасди.

4. Ражо бандани муҳаббат остонасига келтиради. Банданинг ражоси қанча кучли бўлса, унинг ражо қилган нарсаси шунча кўп рўёбга чиқади ва Аллоҳ таолога муҳаббати ва шукри шунча зиёда бўлади.

5. Ражо бандани энг олий мақомларга кўтаради. Бу шукр мақомидир. Шукр мақоми бандаликнинг хулосасидир. Банданинг ражо қилган нарсаси ҳосил бўлса, шукри ҳам юзага чиқади. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)