186 07.03.2017

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

ҳаётларини ўрганиш)


Вафодорлик

 

Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотга эргашган мусулмонларни иқтисодий қамал қилиб, одамларни улар билан алоқада бўлишдан ман қилиб қўйишгач, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлдилар. Уч йил давом этган иқтисодий қамалдан барчаларининг тинка-мадорлари қуриди.

Хадича онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари рози бўлган ҳолда бор мол-мулкини инфоқ қилиб юбордилар. Қалблар сабр ва фидойиликда тобланди. Мана энди мўминларнинг онаси ўз манзилига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтар эдилар. Бироқ келган пайтларидагидек бой-бадавлатликдан асар ҳам қолмаган эди.

Олтмиш беш ёшга бориб қувватдан қолган замонларида мушрикларнинг жафо ва таъқиб қилишлари онамизнинг тинка-мадорини қуритди. Натижада хасталикдан ётиб қолганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларидан жилмай қолдилар. Шу ҳолатда уч кун ётганларидан сўнг Охират сафари яқинлашиб қолганини сезиб қолдилар. Аммо Хадича розияллоҳу анҳонинг Ислом дини нажот ва зафар қозониб, гуллаб-яшнашига иштиёқи жуда ҳам баланд эди.

Кўзининг қувончи бўлган қизи Умму Гулсумга шивирладилар:

– Қанийди умрим етиб, машаққатларимизнинг роҳатини лоақал бир бора кўриб қолсам эди, кўзларим қувончга тўлиб, армоним қолмай, рози бўлган ҳолатда жонимни топширар эдим.

– Ундай деманг, онажон! Ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди Умми Гулсум розияллоҳу анҳо.

Мўминларнинг онаси ҳаёт балан видолашар экан: “Ҳа, қизгинам, Аллоҳга қасамки, менга ташвишланишга ҳожат йўқ. Қурайш аёлларидан ҳеч бири мен кўрган мўл-кўлчиликни кўрмади. Нафақат Қурайш, балки дунё аёлларидан ҳеч бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етишганимдек улуғ бахтга мушарраф бўлмади. Менинг Ҳабиб ул-Мустафога хотин бўлишлигим дунёлигим учун кифоя. Охиратим учун эса энг аввал имон келтирганим ва мўминларга она бўлганим кифоя!” деди.

Кўзлари юмила бошлар экан лаблари пичирлади: “Эй Аллоҳ! Мен Сенга сано айтиб адо қила олмайман. Эй Аллоҳ! Мен Сенга рўбарў бўлишдан ташвишланмайман, лекин хоҳлар эдимки, фидойилигим яна давом этса, шоядки менга берган неъматларингга муносиб бўлсам!..”

Дунёни тарк эта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамизга жон топшириш аччиқлигини енгиллатиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мўминларнинг онасига мустаҳкам имони учун, Ислом динига ёрдам қилгани ва бор мол-мулкини Аллоҳ йўлида саховат ила нисор қилиб юборганлиги учун жаннатда неъматлар ҳозирлаб қўйганлигининг башоратини берар эдилар:

 

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * آخِذِينَ مَا آتَاهُمْ رَبُّهُمْ إِنَّهُمْ كَانُوا قَبْلَ ذَلِكَ مُحْسِنِينَ * كَانُوا قَلِيلًا مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ * وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ * وَفِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ *

“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир” (Зориёт сураси, 15–19 оятлар).

Ниҳоят, Раббул иззатга покиза руҳларини топширдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича розияллоҳу анҳога ўта вафодор эдилар. Бир куни ҳовлиларида синглисининг шарпасини сезиб қолдилар. Овози Хадича онамизнинг овозларига ўхшаб кетганлигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Бу унинг шарпасими?” деб юбордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп эслаб юрганларидан ҳатто Оиша розияллоҳу анҳо қалбидаги ҳиссиётларни тута олмасдан:

– Қурайш кампирларидан бўлган бир оғзи қизил кампирни бунча эсламасангиз! Ўтиб кетган бўлса, Аллоҳ таоло сизга ундан яхшироғини бермабдими? – деб юборган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ранглари ўзгариб, ғазаблари келиб:

– Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло унинг ўрнига менга ундан яхшироғини бермади! Одамлар инкор қилиб турганларида менга имон келтирган эди! Одамлар ёлғончига чиқарганда у мени тасдиқлаган эди! Одамлар мендан молларини дариғ тутганларида мол-дунёсини менга сарфлаб юборган эди! Аллоҳ таоло менга бошқа хотинларимдан эмас, ундан фарзандлар ато этган! – деган эдилар.

 

Нубувват ахлоқларидан

 

         Ямома аҳлининг саййиди Самома ибн Асол Ҳанафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонликни ирода қилган ҳолда Мадина кўчаларида кетаётган эди. Муҳаммад ибн Маслама бошқариб келаётган қўшин уни тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига олиб келишди. Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бу асрга яхши муомала қилинглар, – дея илтифот қилдилар.

Сўнг уйларига кириб аҳлларига:

– Бор таомларингизни ҳозирлаб, Самомага чиқариб юборинглар, – дедилар. Яна бир туяни топиб келтирдилар. Эрталаб ва кечки пайтда сутини соғиб беришга буюрдилар. Кейин унинг олдига кириб:

– Хўш, Самома! Аллоҳ сенга имкон бердими? – дедилар.

– Эй Муҳаммад! Агар ўлдирмоқчи бўлсанг, қоним учун ўлдирақол! Мабодо афв қилмоқчи бўлсанг, шокирлик ила афв қилақол! Агар молимни олмоқчи бўлсанг, сўра, хоҳлаганингча берай! – деди Самома.

Учинчи куни бўлганида афв қилиб қўйиб юбордилар. Самома чиқиб кетиб, яқин орадаги сув бор жойга борди. Ғусл қилиб покланди. Кийимларини поклади. Кейин масжидга кириб:

– Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сенинг юзингчалик нафратли юз йўқ эди. Энди эса сенинг юзинг ҳамма юзлардан ҳам кўра ёқимлироқ бўлиб қолди. Мен учун динларнинг ичида сенинг динингдек нафратлироқ дин йўқ эди, энди эса сенинг дининг мен учун ҳамма динлардан ҳам кўра маҳбуброқ бўлиб қолди. Мен учун шаҳарлар ичида сенинг шаҳрингдан нафратлироқ шаҳар йўқ эди, энди эса сенинг шаҳринг мен учун энг маҳбуб шаҳар бўлиб қолди, – дея ҳақ шаҳодатни келтириб, мусулмон бўлди. Сўнг умра учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўради.

Самома Маккага келганида одамлар унинг мусулмон бўлганини билишди.

– Ҳой, Самома! Динингдан кечдингми? – сўрашди улар.

– Мен Исломга кирдим. Муҳаммаднинг динига эргашдим! – жавоб берди у.

Уни ўлдирмоқчи бўлишди, бироқ унинг қавмидан қўрқишди. Чунки буларни ғалла билан асосан Ямома халқи таъминлар эди.

– Аллоҳга қасамки, мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермагунларича зинҳор буғдой донини бердирмайман! – деди Самома.

Дарҳақиқат Ямомага қайтгач, Макка аҳлига буғдой соттирмай қўйди. Бу эса маккаликларнинг очарчиликда қолишларига сабаб бўлди. Чорасиз қолган Макка аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одам жўнатиб Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, қариндошчиликнинг ҳурматларидан Самома қилаётган ишни тўхтатишини илтимос қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Самомага буғдой беришни сўраб, хат ёзиб бердилар.

 

Аҳдимизни бузмаймиз

 

Макка шаҳрида Абу Басир исмли бир бечораҳол бор эди. У Маккадан Мадинага қочиб кетди. Қурайш мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ўзинг яхши биласан – бизлардан бирор кимса сен томонга қочиб борса, қайтариб беришликка аҳдимиз бор. Бизларга ўша қочоқни қайтариб юбор”, деб хат ёзиб юбордилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Басирни чақириб:

– Бизлар ҳақиқатан ҳам у қавм билан аҳдлашганмиз. Бизнинг динимизда аҳдни бузишлик тўғри бўлмайди, – дея вакил билан бирга қайтариб юбордилар.

– Мушриклар менинг динимига фитна қилсалар ҳам қайтариб юбораверасизми? – сўради Абу Басир.

– Бизлар хиёнат қила олмаймиз. Сен боравер. Аллоҳ таоло мушкулотларингни очиб юборгай!

 

Нарсани эгаси кўтаради

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга шалвар сотиб олгани бозорга кирди. Сотувчи уларни кўриб ўрнидан турди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ўпа бошлади. Ҳазрат қўлларини тортиб олдилар ва:

– Бу ажамларнинг подшоҳларига қиладиган амаллари. Мен подшоҳ эмасман. Мен ҳам сизлар каби бир оддий кишиман, – дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларидан шалварни олмоқчи бўлди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Нарсани эгаси кўтариб олиши лозим, – дедилар.

 

Ўтин қилиб сот

 

Ансорлардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб бир егулик сўради.

– Уйингда бирор нарса йўқми? – сўрадилар жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – жавоб берди аъробий.

– Уларни менга олиб кел, – дедилар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Олиб келгач, қўлларига олиб:

– Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.

– Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.

– Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди иккинчиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанисига сотиб, икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:

– Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб ол-да, менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:

– Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилиб келди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ-овқат, қолганига кийим-кечак сотиб олди.

– Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 

Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!

 

Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келиб ибодатлари ҳақида сўрашди. Қандай ибодат қилишларининг хабарини берганларидан сўнг уларга оздек туюлди. Ўзларича: “Бизлар қаёқда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар. Ваҳоланки, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлсалар!” дейишди.

Бири айтди: “Мен энди кечаси бутунлай ухламай ибодат қилиб чиқаман”. Иккинчиси: “Умрим бўйи рўза тутиб юраман, рўзасиз бўлмайман!” деди. Учинчиси эса: “Аёлларга яқин бўлмайман!” деди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб бу сўзлардан хабардор бўлгач, масжидга одамларни йиғиб хутба қилдилар:

– Одамларга нима бўлдики, шундай-шундай дейишади! Аллоҳга қасамки, мен одамларнинг ичида Аллоҳга энг яқинроғиман! Энг қўрққувчироғиман! Лекин рўза тутаман, тутмай ҳам юраман. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга яқин ҳам бўламан. Кимки менинг суннатимдан ўзини олиб қочса, мендан эмас!

 

Меросхўрларинг бой бўлсин

 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бой-бадавлат инсон эди. Айни ёшлик палласида анчагина оғир бетоб бўлиб қолди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг молим жуда ҳам кўп. Мерос олишга иккитагина қизим бор, холос. Молимнинг учдан иккисини васият қилсам, бўладими? – деб сўради.

– Йўқ, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ярми-чи?

– Йўқ, – дедилар яна.

– Учдан бири-чи? – сўради Саъд.

– Учдан бири... Учдан бири ҳам кўп. Меросхўрларингни бой ҳолда қолдиришинг, одамларга тиланчилик қиладиган камбағал ҳолда қолдирганингдан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

 

 Садақа йиғувчига берилган ҳадя

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибн Латибани Бани Салимдан садақларни йиғиш учун тайинладилар. У садақаларни йиғиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келгач:

– Мана бу – сизларга. Буни эса – менга ҳадя қилиб беришди, – деди.

– Агар айтган гапларинг рост бўлса, отангнинг ёки онангнинг уйида ўтирмабсан-да, ўша ҳадяларинг сенга келиши учун? – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадлари – унинг олган нарсалари мансаби ва вазифасидан эканлигини англатиш эди).

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

Қабасотун мин ҳаётир-Росул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.