549 08.08.2017

АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШ

(давоми)

* وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى  *

“Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат (унга) жой бўладир” (Назиъаат сураси, 40−41-оятлар).

 

Гуноҳимдан қўрқяпман

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жон таслим қилаётган кишининг олдига кириб сўрадилар:

Ўзингни қандай сезяпсан?

Гуноҳларимдан қўрқяпман, лекин Тангримнинг раҳматидан умидворман, – деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бердилар:

Қайси банданинг қалбида бу иккиси жам бўлар экан, Аллоҳ таоло унинг умид қилганини бериб, қўрққанидан омонлик бермай қўймас.

Ўзингизни ҳисоб қилинг!

Мурод қабиласидан бир киши Увайс Қароний раҳимаҳуллоҳдан сўради:

Қандай тонг оттирдинг?

Аллоҳ таолога ҳамд билан тонг оттирдим.

Замон сенга қандай бўляпти?

Эй муродий биродарим, замоннинг ўзи ҳам, унинг зикри ҳам бу ер юзида мўминнинг қалбига шодлик олиб келмагай. Аллоҳ таолонинг Китобидан унинг нималигини билган инсон уни дўст тутмагай, олтин ва кумушга ҳарис бўлмагай.

Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислардан айтиб бер.

Эй биродарим, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганман, лекин у зотнинг ушбу ҳадисларига амал қилсанг, икки дунёинг учун ҳам манфаатли бўлгай: “Ҳисоб қилинмаслигингиздан аввал ўзларингизни ҳисоб қилиб олинглар. Бас, Аллоҳ таоло дунёни охират учун кўприк қилган. Шундай экан, ундан ибрат олинглар!”

Аллоҳга нима деб жавоб берасан?

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир киши келиб:

Менга фалончи зулм қилди. Унга чора кўриб қўйинг! – деди.

Ҳазрат Умар дарраси билан унинг бошига уриб:

Умарни мусулмонларнинг ишлари билан шуғулланишга чорлайсизлар-да, олдига келиб: “Унга чора кўриб қўйинг! Бунга чора кўриб қўйинг!” дейсизлар, – деди.

Келган киши норизо ҳолатда чиқиб кетди.

Уни чақиринглар! – деди Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу. Сўнг унга чилчўпни берди ва: –  Қасосингни ол! – деди.

Йўқ, мен уни Аллоҳга ва ўзингизга ҳавола қилдим!

Йўқ! Ундай бўлмайди. Уни ё Аллоҳга, ё ўзимга ҳавола қил.

Уни Аллоҳга ҳавола қилдим, – деб киши чиқиб кетди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хонасига кириб икки ракат намоз ўқиди. Кейин ўзига ўзи: “Эй Хаттобнинг ўғли! Сен тубан эдинг, Аллоҳ сени кўтарди. Залолатда эдинг, ҳидоят қилди. Хор эдинг, азиз қилди. Сўнг сени инсонларнинг бўйнига юклаб қўйди. Сенинг олдингга бир киши келиб, зулм қилган кишига чора кўришингни сўраса, уни урдинг! Эртага Аллоҳнинг ҳузурига борганингда нима деб жавоб берасан?!” деб йиғлади.

Эй Раббим! Сендан қўрқдим

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мармаҳат қилдилар:

“Сизлардан аввалгилардан бир киши гуноҳ қилишда ҳаддан ошган эди. Сўнг ўғилларини тўплаб, уларга:

Мен вафот этсам, жасадимни ёқинглар. Сўнг янчиб, денгизга  ташланглар. Аллоҳ таолога қасамки, агар У Зот менга қодир бўлса, биронта ҳам инсон жазоланмаган азобни берур, – деди.

У киши вафот этганида уни ўшандай қилишди. Сўнг Аллоҳ таоло ерга: Олганингни қайтар!” деб буюрди. Шундай қилиб, у Аллоҳ таолонинг ҳузурида турди. Аллоҳ таоло сўради: “Бундай қилишингга сени нима ундади?” У: “Эй Раббим! Сендан қўрқишим” деб жавоб берди. Аллоҳ таоло уни мағфират қилди.

Аллоҳ таоло мени сўроқлагай

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига кириб салом берди. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ эса негадир саломга алик олмади, Ҳазрат Умар Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси мендан ғазабланиб қолдими, деб қўрқаман, – деди.

Абдураҳмон ибн Авф Ҳазрат Абу Бакрга бу ҳақда айтган эди, у:

Умар кирганида олдимда икки хусуматчи бор эди. Аллоҳ таоло ҳузурида мен ва улар ҳар бир гапимиз учун сўроқ қилинишимизни билганимдан, бор эътиборим билан – кўзим, қулоғим ва вужудимни уларга жалб қилган эдим... – деб жавоб берди.

“Аллоҳ” калимаси озод қилди

 Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг аҳволларини ўрганиш учун айланиб юрган эди. Шу пайт олдидан қўй подасини етаклаб бир киши ўтиб қолди. Ҳазрати Умар синаб кўриш учун унга савол берди:

Қўйларингдан бирини менга сот.

Бу қўйлар ҳожамники, меники эмас. Мен бир қулман, – жавоб берди қул.

Бу ерда бизни ҳожанг кўрармиди. Биттасини сот, ҳожангга бўри еб кетди деб қўяверасан.

 Чўпон бир сесканиб, ғазабнок деди:

Эй араб биродарим! Аллоҳ кўрмайдими?!

Эртасига ҳазрати Умар унинг ҳожасини топтирди. Қулни ундан сотиб олди ва озод қилди. Сўнг унга шундай деди:

– “Аллоҳ” калимаси сени бу дунёда қулликдан озод қилди.  Умид қилурманки, охиратда дўзах азобидан ҳам озод қилса.

Неъматлардан сўраласизлар

Абу Ҳозим айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. У мени кўрибоқ таниди, мен эса бир кўришда танимадим.

 Эй Абу Ҳозим! Менга яқинроқ кел, – деди у. Яқинроқ борган эдим, мен ҳам уни танидим.

 Сенмисан, мўминларнинг амири? – сўрадим.

 Ҳа, – жавоб берди у.

 Кеча кечқурун Мадинада бўлмадингми?

 Шундоқ.

 Маркабинг учқур, кийиминг покиза, юзинг кўркам, таоминг лаззатли экан. Сен мўминларнинг амири бўлганингдан кейин нима нарса сени бунчалик ўзгартириб юборди?

У йиғлаб юборди. Сўнг:

 Эй Абу Ҳозим! Вафот этиб қабрга қўйилганимдан сўнг уч кун ўтгандан кейин кўрсанг эди? Қорачиқларим лунжларимга оқиб тушган, қоринларим ёрилган, қурт-қумирсқалар баданимда ўрмалаб юрган бўлса ҳолим нима кечар экан?... Эй Абу Ҳозим! Менга Мадинада айтиб берган ҳадисни яна бир қайтар, – деди. Мен унга ўша ҳадисни эслатдим:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитганман, у айтар эди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг рўпарангизда машаққатли ва ҳалокатли тўсиқ бор. Ундан фақат ориқ ва қотмаларгина ўта олур” деганларини эшитганман”.

Умар ибн Абдулазиз яна йиғлади. Сўнг айтди:

 Эй Абу Ҳозим! Мени маломат қилавергин, токи бу маломатларингдан озиб кетай. Шоядки ўша кунда тўсиқ ҳалокатидан нажот топсам. Бўлмаса “Неъматдан албатта сўралажаксизлар” оятидаги каби сўралганимда нажот топаман деб ўйламайман”.

Абу Саъдун

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бир кеча Байтни тавоф қилаётган эдим, кўзимни уйқу элтиб қолди. Шу пайт бир киши илдамлаб, менинг олдимдан ўтиб қолди. У: “Эй Раббим! Мен бир бошпанасиз сарсон-саргардон мискин бандангман. Мен Сендан Сенга яқинлаштиргувчи амалларни сўрайман. Ўзинг танлаб олган мукаррам пайғамбарларинг ҳурматидан муҳаббатинг шарбатидан ичиришингни ва завқу шавқ қанотларини боғлаб, Сенинг гулшанинг сари парвоз қилишлигим учун қалбимдан жаҳолат пардасини олиб ташлашингни сўрайман” деди ва йиғлади. Кейин кулди. Сўнг кулди ва йўлида давом этиб кетди”.

Зуннун унинг ортидан эргашди. Масжиддан чиқиб, унинг ортидан Макка харобаларигача борди. Шунда у:

– Сенга нима керак? Бошқа ишинг йўқми? Қайт ортингга! – деди.

 –  Аллоҳ сенга раҳм қилсин, исминг нима? – сўради Зуннун.

 –  Абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси)

 – Отангни исми нима?

  – Абдуллоҳ.

– Тўғри, ҳамма инсонлар ҳам Аллоҳнинг бандалари. Уларнинг оталари ҳам Аллоҳнинг бандалари. Ўзингни исминг нима?

– Раббим мени Абу Саъдун деб номлаган.

– Сен Аллоҳга кимларни васила қилдинг?

–Улар шундай зотларки, забонийларнинг азоблашларидан қўрққан, қалблари тўла муҳаббат ила Аллоҳ таолонинг розилигига ошиққандурлар!

Ҳомиланинг хуни

Ким Аллоҳ таолодан қўрқса, бошқа барча нарсанинг олдида у ҳайбатли бўлур. Шунинг учун ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолодан қанчалар қўрққан бўлса, ундан ҳам барча инсонлар ҳайиқар эди. Ҳатто “Ҳажжожнинг қиличидан кўра Умарнинг дарраси маҳобатлироқ эди”,  деганлар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эл ичида ҳар хил гап-сўзи тарқаган бир аёлни чақиртирди. Уни олиб боргани вакиллар келган эди, аёл қўрқиб кетди. Йўлда қўрқув ичида ҳомиласи тушиб, нобуд бўлди.

Буни эшитган ҳазрат Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларини йиғиб, улардан бунинг ҳукми нима бўлишини сўради. Улар: “Кўриб турибмизки, сен уни тартибга солмоқчи бўлган эдинг. Яхшиликдан бошқа ҳеч нарса истамаган эдинг. Шунинг учун сенга бок йўқ” дейишди.

Фақат  ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу индамай ўтирар эди.

– Эй Абу Ҳасан, сенда қандай фикр бор? – сўради ҳазрат Умар.

– Булар нима деганини эшитиб турибсан, – деди ҳазрат Али.

– Сенинг ўзингда қандай фикр бор?

– Одамлар сен эшитган нарсани айтдилар.

– Аллоҳга қасамки, ўз фикрингни айтасан!

– Унинг хуни сенинг оилангиннг зиммасига бўлади. Чунки боланинг хатоан ўлдирилиши сенга тааллуқли бўлди.

– Аллоҳга қасамки, уларнинг орасида сен менга тўғри сўз айтдинг. Энди мен боланинг хунини Бани Адий жамоасига жорий қилмагунимча кетмай тур!

Раббим мендан сўрагайдур!

Халифа Сулаймон ибн Абдумалик вафот этди. Унинг жанозасидан фориғ бўлишганларидан сўнг Умар ибн Абдулазиз хафа бўлиб уйига қайтди. Бу ҳолни кўриб, унинг мавлоси:

– Нега хафасиз? – деб сўради. Умар ибн Абдулазиз жавоб берди:

– Нега хафа бўлмай? Ҳолбуки бутун умматнинг ҳаққини адо этиш масъулиятини ўз зиммамга олишга рози бўлган бўлсам!

Шу он Умар ибн Абдулазиз йиғлаб юборди. Аёли ҳузурларига кириб йиғининг сабабини сўради.

 – Мен бу умматнинг барча ишлари учун раҳбар бўлдим. Менинг тасарруфимдаги қишлоғу шаҳарлардаги барча фақирлар, очлар, хаста-беморлар, чорасиз қарздорлар, ўксик етимлар, бева қолган туллар, жабрдийда мазлумлар, ғариблар, асирлар, мункиллаган қариялар, камбағаллар ва шу кабилар ҳақида тафаккур қилиб билдимки, Аллоҳ таоло қиёмат кунда мендан улар ҳақида албатта сўрагайдур! Шунга йиғламоқдаман, – жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.

 

         Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

 Асака туман бош имом хатиби таржимаси