328 29.04.2017

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башарият ичидан Ўзига ҳабиб этиб танлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматлари учун маҳбуб ва мушфиқ бўлган Муҳаммад мустафога салавоту дурудлар бўлсин!

Аллоҳга шукрки, бизларни энг афзал дин – Ислом динида қилиб қўйди, бизларга энг афзал китоб Қуръони каримни нозил қилди, бизларни набийларнинг энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилди.

Албатта, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли эканини таъкидлайди. Бироқ, у бу муҳаббат қандай муҳаббат эканини билармикин? Унинг «муҳаббат» деб атаётган туйғуси ҳақиқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларига лойиқ муҳаббатмикин?

Буни англаш учун аввало муҳаббатнинг ҳақиқий маъносини билиб олиш зарур. Одатда ўзимизда бирор нарса ёки шахсга мойиллик сезсак, қизиқиш туйсак, кўнгил уни истаса, бу ҳисларни «муҳаббат» деб атаймиз. Асли муҳаббат бу ҳислардан анча юксакдир. Ҳақиқий муҳаббат маҳбубни юракдан севиш, уни рози қилишга интилиш, уни ўзидан устун кўриш, керак бўлганда унга жонни ҳам фидо қилишдир. Муҳаббат «Мен фалончини яхши кўраман», деб қўйиш ёки уни онда-сонда эслаб қўйиш билан ҳосил бўлмайди.

Умматнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати ҳам ақлий, ҳам эҳсосий бўлиши даркор. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизларга қилган яхшиликлари ва билдирган муҳаббатлари муқобилида, у зотдаги камолот сифатлари мужассамлигидан келиб чиқиб яхши кўрамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг ўзи нажотдир. Ҳар қандай нарсанинг ҳақиқатини англаш учун у ҳақдаги намуналарни ўрганиш катта ёрдам беради. Келинг азизлар, биз ҳам бу борада ўтган улуғларимиз, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва табаа тобеинларга бир назар солайлик, улардан ўрнак олайлик.

Ҳар гапида «Отам-онам ҳам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», дея мурожаат қиладиган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севгиси ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Ҳижрат йўлида эдик. Жуда ҳам чанқаб кетгандим. Сув қўшилган сутни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узатдим. У зотга: «Ичинг, эй Аллоҳнинг Расули», дедим. Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам сутни ичар эканлар, менинг чанқоғим босилди».

Муҳаббатни қаранг! Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳижрат сафарида бораркан, аслида баробар йўл юриб, баробар чанқашган. Ичимлик топилганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзи ҳар қанча ташна бўлишига қарамай, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тутибди. Ажабланарлиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувга қонишлари билан ҳали бир қултум суюқлик ичмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чанқоқлари босилмоқда.

Макка фатҳи куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага зафар билан кирар эканлар, кўпчилик Исломни қабул қилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳудек буюк саҳобанинг отаси Абу Қуҳофа ҳам шу пайтгача мусулмон бўлмаган эди. Ўша куни Абу Қуҳофа ҳам Исломга кирди. Унинг кўзи кўрмай қолганди. Абу Бакр Сиддиқ отасининг мусулмон бўлганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириш ва уни байъат қилдириш учун қарияни Расули акрамнинг ҳузурларига олиб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб: «Эй Абу Бакр, қарияни уйда қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: «Ҳузурингизга келишимиз ҳақлироқ, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Абу Қуҳофа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида шаҳодат калималарини келтириб, мусулмон бўлганини изҳор қилганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди. Одамлар унга: «Бугун шодлик куни, отанг мусулмон бўлди, дўзахдан нажот топди, нега йиғлайсан?» дейишди. Аммо Абу Бакрнинг кўз ёшлари қувонч ёшлари эмас, армон ёшлари эди. Биласизми, у киши нима деб жавоб берди? «Мен учун отамнинг исломи ва байъатидан кўра, Абу Толибнинг исломи ва байъати севиклироқ эди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни шу кўпроқ саодатманд этарди», деди.

Фидоийликни қаранг! Ўз хурсандчилигидан маҳбубнинг хурсандчилигини афзал кўриш, ўз манфаатидан унинг манфаатини устун қўйишнинг буюук намунаси бу! Маълумки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибнинг тарбиясида улғайган эдилар, уни ўз оталаридек суярдилар, ҳатто вафот этган йилини «маҳзунлик йили» деб эълон қилган эдилар. Абу Толибнинг мусулмон бўлишини жуда-жуда истаган ва узоқ кутган эдилар.

Савбон розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга келмай анча узоқ қолиб кетдилар. Уйга қайтганларида Савбон у зотга: «Сизни соғиниб кетдим, эй Аллоҳнинг Расули», деди ва йиғлаб юборди. У зот: «Шунга йиғлаяпсанми?» дедилар. Савбон: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули, балки мен жаннатдаги сизнинг маконингизни ҳамда ўзимнинг маконимни эсладим ва ундаги соғинч азобини ўйладим», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ўшалар қандай яхши рафиқдирлар», оятини нозил қилди. (Нисо сураси, 69-оят).

Муҳаббат ва боғланиш ортгани сари қалбда маҳбубдан айрилиб қолиш қўрқуви, соғинч ҳам ортиб боради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кун бўйи кўра олмаган Савбон розияллоҳу анҳу маҳбубнинг соғинчида ўйга берилиб кетган экан. Албатта, чин мўмин ҳар қандай вазиятда охиратини ўйлайди. Савбон розияллоҳу анҳу ҳам дарҳол хаёлан охиратга сафар қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомлари юксак бўлишини ва ўзининг у мақомга ета олмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқда қолишини ўйлаб, ундаги соғинч нақадар қаттиқ бўлишини дилдан ҳис қилиб йиғлабди.

Уҳуд куни. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарни тартибга соляптилар. Ҳамма бир саф бўлиб туришига буйруқ бердилар. Ҳамма тўғри турибди. Фақатгина Савод ибн Азийя сафга турмади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Савод, тўғри тур», дедилар. Савод: «Хўп, эй Аллоҳнинг Расули», деди-ю, тўғри турмади. Шунда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам келиб мисвоклари билан Саводнинг қорнига ниқтаб: «Тўғри тур, эй Савод!» дедилар. Шу пайт Савод: «Оғритдингиз, эй Аллоҳнинг Расули. Аллоҳ сизни ҳақ ила юборган, энди сиздан ўчимни оламан», деб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қоринларини очиб: «Қасосингни ол, эй Савод», дедилар. Савод энгашиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қоринларидан ўпди-да, «Истаганим шу эди. Эй Аллоҳнинг Расули, бугун шаҳидлик куни. Хоҳладимки, Сиз билан сўнгги учрашувим терим терингизга тегиши бўлсин», деди...

Савод розияллоҳу анҳу ўша куни шаҳид бўлди. Киши ўлимга юзланиб турган пайтда қай ҳолатда бўлишини бир тасаввур қилинг. Шундай вазиятда Савод розияллоҳу анҳунининг бор ташвиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан видолашиб олиш, бир он бўлса-да, тўйиб хайрлашиш эди. Инсон одатда ўлимидан аввал энг яқин кишиларини эсга олади. Савод розияллоҳу анҳу ўлими олдидан фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўйлаган эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин Билол розияллоҳу анҳу азон айтмай қўйди. Чунки азондаги «Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимасига келганда ўзини тута олмай қоларди. Билол розияллоҳу анҳу нафақат азон айтмай қўйди, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Мадинада тура олмай ҳам қолди. Шунинг учун халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан изн олиб, Шом юртларига чиқиб кетди. Орадан икки йил ўтиб, бир кеча тушида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибди. У зот Билолга: «Бу қандай жафо? Келиб бизни зиёрат қилмайсанми?» дебдилар. Билол розияллоҳу анҳу уйқуларидан йиғлаб уйғонди. Дарҳол отланиб, Мадина томон йўл олди. Муборак шаҳарга йиғи солиб кириб борди. У ердаги ҳар бир нарса у кишига маҳбубни эслатарди. Билол розияллоҳу анҳуни кўриб ҳамма хурсанд бўлди. Унинг азонини – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларини эслатувчи азонни ҳамма соғинган эди. Аммо у азон айта олмади. Халифа азон айтиб беришини илтимос қилса ҳам, кўнмади. Ниҳоят, бу илтимос Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо тарафларидан бўлгач, рад этолмади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил муаззинлик қилган Билолнинг овози яна Масжиди Набавий узра янгради. Мадина аҳлига гўё Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтиб келгандек туюлиб кетди. Ёшу қари, эркагу аёл азон эшитилган тарафга қараб югура бошлади. Ҳамма йиғларди. Мадина ҳеч қачон бу кундагичалик ларзага тушмаган. «Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ» калимасига келганда Билол розияллоҳу анҳунинг бўғзига нимадир тиқилиб, азонни давом эттиролмай қолди. Масжид йиғи-сиғига тўлди.

Билол розияллоҳу анҳуга ўлим пайти келганида аҳли аёллари йиғлашди. Шунда у киши: «Йиғламанглар. Эртанги кунда маҳбуб билан кўришаман, иншоаллоҳ», деди.

Маҳбубга етишиш иштиёқида ўлим келганидан шодланиш муҳаббатнинг юқори даражасидир.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниган, билган саҳобалар у зотни шундай севишарди. Бу намуналар саҳобаи киромларнинг ҳаётларидан озгинагина мисол, холос. Аммо бу мисоллар тирик жонзотлардан – инсонлардан бўлган намуналар. Жонсиз тўнканинг муҳаббатига нима дейсиз?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга минбар ясалишидан аввал бир хурмо танасининг ёнида уни ушлаб туриб хутба қилардилар. У зотга минбар қўйиб берилгач, тўнкани тарк қилдилар. Тўнка Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фироқларига чидолмай инграб йиғлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб тўнканинг ёнига келдилар, уни силадилар ва унга: «Мана шу ерда дафн қилиниб, мен билан жаннатда бирга бўлишга рози бўлмайсанми?» дедилар. Шунда тўнка жим бўлди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу қиссани кўзда ёш билан эсга оларди ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, бир ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳр қўйди. У зотга Аллоҳнинг ҳузурида бўлган мартабалари туфайли муштоқ бўлди. Сизлар у зотга кўпроқ муштоқ бўлишингиз керак», дерди.

Булар саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидан баъзи мисоллар. Энди ижозатингиз ила тобеин ва табаа тобеинларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидан ҳам намуналар келтирсак.

Буюк муҳаддис, мазҳаббоши Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Мадинада яшаб ўтган. У киши сафарни ёқтирмас эди. Умр бўйи Мадинадан ташқарига деярли чиқмаган. Бунинг сабаби сўралганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадлари бор шаҳардан чиқишни истамаслигини айтарди.

У киши Мадина кўчаларида ҳеч улов минмас, доим пиёда юрар эди. «Ҳабибимнинг пок жуссалари қўйилган шаҳарда улов минмоқни истамайман», дерди. Ҳадис айтиш учун намозга қилгандек таҳорат қилар, энг яхши либосларини ва бошкийимларини кийиб, соқолларини тараб, хушбўй сепиб чиқар эди. Виқор билан, астойдил ўтириб олиб, кейин ҳадис айтишни бошларди. Бу у кишининг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати ва таъзимидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганларида Имом Моликнинг ранглари ўзгариб кетар, қадлари букилиб қолар эди. Ҳатто ҳаммажлисларига бу ҳолат оғир келарди. У кишидан бунинг сабаби сўралганда, «Мен кўрган нарсани кўрганингизда, кўрганингизни инкор этмаган бўлардингиз», деган экан.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан: «Айюб Сахтиёнийдан қачон ҳадис эшитгансиз?» деб сўралаганида, у киши: «У икки марта ҳаж қилган. Ўзи ундан ҳадис эшитмасдим. Бироқ, ўшанда мен уни кузатиб юрдим. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганларида шундай йиғлар эдики, ҳатто унга раҳмим келиб кетарди. Унда шу ҳолатни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлашини кўргач, ундан ёза бошлаганман», деган экан.

Вакиъ ибн Жароҳ ҳадис айтаётганда бирор киши гапирмасди, қалам тутмасди, табассум ҳам қилмасди, тик турмасди, намоздагидек ҳолда бўлишарди. Агар бунга хилоф иш бўлиб қолса, Вакиъ кавушини кийиб, кетиб юборарди.

Ўтган солиҳларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан тик турган ҳолда, юриб кетаётганда, ён бошлаган ҳолда ҳадис айтишмасди.

Қориларнинг саййиди бўлган Муҳаммад ибн Мундакир раҳматуллоҳи алайҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганларида одамнинг раҳми келадиган даражада йиғлар эди.

Жаъфар ибн Муҳаммад эса сертаббасум, мутойибали киши бўлишига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганларида ранги сарғайиб кетарди. У фақат таҳоратли ҳолда ҳадис ривоят қиларди.

Абдурраҳмон ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларида гапирар экан, ҳайбатланганидан юзи қонталаш бўлиб қизариб кетар, тили қуриб қолар эди.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдида Расули акрам зикр қилинсалар, йиғлайверарди-йиғлайверарди, ҳатто кўзёши тугаб қоларди.

Зуҳрий одамларнинг энг улфатнишини, энг хуштаъби эди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, сен ҳам танимайдиган, сени ҳам танимайдиган кишига айланиб қоларди.

Сафвон ибн Салим Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилга олинганда йиғига тушиб кетарди. Тўхтамай йиғлайверарди, ҳатто одамлар унинг олдидан туриб кетишарди.

Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаётлик чоғларида қандай улуғлаб, ҳурмат қилган бўлсалар, вафотларидан кейин ҳам худди шундай улуғлаб, ҳурматлашарди. У зотнинг масжидларида овоз кўтаришмас, шовқин қилишмас эди. Бошқаларни ҳам бундай қилишдан қайтаришарди. Соиб ибн Язиддан қилинган ривоятда айтиладики, Масжиди Набавийда икки киши шовқин қилганида Умар розияллоҳу анҳу уларни олиб келишни буюрган экан. Келишгач, иккаласига: «Сиз икковингиз кимсиз, қаердан келдингиз?» дебди. Улар: «Тоиф аҳлиданмиз», дейишбди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Агар ерликлардан бўлганингизда, жонингизни оғритган бўлардим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалланинг масжидларида овозингизни кўтарасиз-а?!» деган экан.

Бу одоб саҳобалардан сўнг кейинги авлодларга ҳам ўтган. Улар масжидда овоз кўтаришни худди Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овоз кўтаришдек кўришар эди.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати, эҳтироми ҳам тилларда достон бўлган. Бу ҳақда бир қисса машҳур. Имом Аҳмад аббосийлар халифалиги даврида яшаб ўтган. Аббосийлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, улуғ саҳобий Аббос ибн Абдулмутталибнинг зурриётларидир. Бинобарин, улар аҳли байтдандир. Уч аббосий халифа: Маъмун, Муътасим биллоҳ ва Восиқ биллоҳнинг даврида улкан фитна юз берди: «Қуръони карим махлуқдир», деган даъво авж олди. Мўътазилийлар бу бузуқ эътиқодни халифаларга сингдиришга эришишган эди. Натижада бу ақида сиёсий аҳамиятга эга бўлиб қолди. Бунга унамаган олимлар таъқиб қилинди, азобланди. Имом Аҳмад ҳам бу синовга дучор бўлиб, икки йилдан ортиқ маҳбус қилинди, қийноқларга солинди. Аммо Имом Аҳмад ўз пок ақийдасида собит турди. Кунларнинг бирида у кишини қўлларидаги кишанлар билан судраб, халифа Восиқнинг ҳузурига олиб келишди. Имом Қуръони каримни махлуқ дейишларига қарши қатъий мунозара олиб борди. Ҳужжат-далилларни келтирди. Уларни мот қилиб, ҳийлаларини пучга чиқарди. Восиқ ҳам ҳақиқатни англаб, тавба қилди. Инсофга келиб, Имом Аҳмаднинг сўзларини қабул қилди. Кейин у кишининг қўлларидан кишанларни ечиб юборишга буйруқ берди. Ҳибсчи кишанларни ечиб бўлиб, оламан деганида, Имом Аҳмад кишанни ушлаб олиб, бермай талашди. Буни кўриб турган халифа ҳибсчига кишанни Имом Аҳмадга беришни буюрди ва у кишидан кишанларни нима қилмоқчилиги ҳақида сўради. Имом Аҳмад Қиёмат куни кишанларни Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб бориб, у кишига зулм қилганларга қарши даволашишни ният қилганини айтди ва: «Эй Роббим, манави бандангдан сўра, нега мени кишанлади, нега аҳлимни, бола-чақамни, биродарларимни менинг устимдан қилган ҳақсизлиги билан қўрқитди?» дейман», деб туриб, йиғлаб юборди. Восиқ ҳам йиғлади, мажлисдаги ҳамма йиғлади. Кейин халифа Восиқ ўз қилмишлари учун Имомдан кечирим сўради. Шунда Имом Аҳмад Халифа Восиққа: «Эй мўминлар амири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳлларидан экансиз, у зотнинг ҳурматларидан мен сизни биринчи кунданоқ кечирганман», деди.

Юқорида айтилган гаплар ўтган солиҳларимизнинг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларидан баъзи намуналардир. Бу силсилани жуда узоқ давом эттириш мумкин.

Энди ўзимизга бир назар солайлик. Ўзимизда борлигини даъво қилётганимиз муҳаббатни ушбу қолипга солиб кўрайлик-чи? Салафларимиз қайда-ю, биз қайда! Уларнинг муҳаббатлари қандай эди-ю, бизнинг муҳаббатимиз қай аҳволда?

Балки, биз саҳобаларга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганмизда, деб баҳона қилармиз. Йўқ, гап кўзнинг кўришида эмас, қалбнинг кўришидадир. Шу билан бирга, биз шундай умматмизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг иймонларимизни энг ажойиб иймон деб баҳолаганлар. Иймон комил бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-оналаримиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, жамики одамлардан, ҳатто ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўришимиз лозим. Бунинг учун эса у зотни танишимиз, таниш учун эса ҳаётлари билан тўла танишиб чиқишимиз, энг муҳими, суннатларини ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишимиз даркор. Ўзимиз амал қилибгина қолмай, бу суннатларни жамиятда тирилтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тез-тез ёд этишимиз, ёд этганда ҳам тил учида эмас, қалб тубидан, шуур билан, улуғлаб, ҳайбат ва виқорларини ҳис этиб эслашимиз керак, у зотга ўрнига қўйиб салавоту саломлар айтишимиз лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат бўлиш бахтига муяссар қилсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг салавоту саломлари бўлсин!

 

Одинахон Муҳаммад Юсуф