286 29.04.2017

Расулуллоҳ давриларидаги ғазот ва сарийялар

Биз Исломдаги ғазот ва сарийяларга алоҳида бир назар ташлаб чиқишимиз лозим. Бу масалада тўғри англашимиз зарур бўлган нарсалар мавжуд. Агар сийрат китобларини яхшилаб ўрганадиган бўлсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари фақат ғазотларда ўтганга ўхшаб кўринади. Сийрат китобларимизнинг кўп саҳифалари айнан ғазот ва сарийяларга бағишланган. Бунинг устига, алоҳида «Китобул Мағозий» – «Ғазотлар китоби» номли алоҳида китоблар борлигини, барча ҳадис китобларимизда ҳам худди шу номли китоблар борлигини эътиборга олсак, юқоридаги фикр яна ҳам кучаяди. Лекин бир ўйлаб кўрайлик-чи, ҳақиқатан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрлари ғазотларда ўтганми? Ҳақиқатан ҳам у зот ва саҳобалар жанг ишқибозлари бўлганмилар?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ ёшларигача, яъни Пайғамбар бўлгунларича тинч-осойишта ҳаёт кечирдилар. Пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам Ислом даъватининг ўн уч йиллик Макка босқичида бировга қўл кўтариш на у зотнинг ва на саҳобаларнинг хаёлларига ҳам келмади. Балки улар доимий равишда мушрикларнинг босқини остида эзилиб яшадилар. Фақатгина ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди» (Ҳаж сураси, 39-оят).

Ҳа, мусулмонлар ўзларига кофирлар томонидан бўлаётган зулмни қайтариш учунгина урушга мажбур бўлдилар. Ўша пайтдаги мусулмонлар икки умумий қоидага асосланиб уруш қилишлари мумкин эди, холос.

Биринчиси:  «Фитна қатлдан ёмонроқдир» (Бақара сураси, 191-оят) оятига асосланган қоида. Бунда мусулмонларга қарши фитна қўзиб, уларни динларидан қайтаришга уринганларга қарши урушилди.

Иккинчиси: «Қасос олишда сизларга ҳаёт бор, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 179-оят) оятига асосланган қоида. Бунда мусулмонларни ўлдирганлардан қасос олиш учун урушилди.

Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан иштирок этган ҳарбий юришни ғазот деб атайдилар. У юришда жанг бўлганми, бўлмаганми, фарқи йўқ. Худди ана шу эътибордан тарихчиларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида йигирма олтита ёки йигирма еттита ғазот бўлганлигини таъкидлайдилар. Келинг, ўша ғазотларнинг рўйхатини бўлиб ўтган санаси тартиби асосида кўриб чиқайлик. Уруш бўлган ғазотларни алоҳида таъкидлаб ўтамиз.

1. Вуддон ёки Абво ғазоти.

2. Бувот ғазоти.

3. Ашийра ғазоти.

4. Биринчи Бадр ғазоти.

5. Катта Бадр ғазоти. Уруш бўлган.

6. Бану Сулайм ғазоти.

7. Сувайқ ғазоти.

8. Ғатафон ғазоти.

9. Баҳрон ғазоти.

10. Уҳуд ғазоти. Уруш бўлган.

11. Ҳамроул Асад ғазоти.

12. Бану Назир ғазоти.

13. Зотир-риқоъ ғазоти.

14. Охирги Бадр ғазоти.

15.  Давматул Жандал ғазоти.

16. Хандақ ёки Аҳзоб ғазоти. Уруш бўлган.

17. Бану Қурайза ғазоти. Уруш бўлган.

18. Бану Лиҳён ғазоти.

19. Зи Қарад ғазоти.

20. Бану Мусталақ ғазоти.

21. Ҳудайбия ғазоти.

22. Хайбар ғазоти. Уруш бўлган.

23. Фатҳ ғазоти. Уруш бўлган.

24. Ҳунайн ғазоти. Уруш бўлган.

25. Тоиф ғазоти. Уруш бўлган.

26. Табук ғазоти.

Рўйхатдан яққол кўриниб турибдики, фақатгина саккизта ғазотдагина уруш бўлган. Қолганлари урушсиз ҳарбий юришдан иборат бўлган, холос. Энди уруш бўлган ғазотлар бўйича баъзи маълумотларни ўрганиб чиқайлик.

 

Ғазот

Сана

Мусулмонлар

Душман

Лашкар сони

Йўқотишлар

Лашкар сони

Йўқотишлар

1.

Бадр
2 ҳ.й. 17 Рамазон

312

14 шаҳид

900 - 1000

70 киши ўлган

70 асир

2.

Уҳуд
3 ҳ.й. 15 шаввол

1000

70 шаҳид

3000

22 киши ўлган

3.

Хандақ
5 ҳ.й. 3 шаввол

3000

6 шаҳид

1000

-

4.

Бану Қурайза
5 ҳ.й. шаввол

900

2 шаҳид

-

3 киши ўлган

5.

Хайбар
7 ҳ.й. 3 муҳаррам

1400

15 шаҳид

Барча аҳоли

-

6.

Фатҳ
8 ҳ.й. 20 Рамазон

10000

-

Номаълум

-

7.

Ҳунайн
8 ҳ.й. Рамазон

12000

4 шаҳид

Номаълум

70 киши ўлган,

6000 асир

8.

Тоиф
8 ҳ.й., 3 шаввол

12000

12 шаҳид

Барча аҳоли

 

 

Уламоларимиз Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари шахсан иштирок этмаган ҳарбий юришларни «сарийя» деб атайдилар.

Тарихчиларимиз ана шундай сарийялар йигирма еттита бўлгани ҳақида маълумот берадилар. Уларнинг кўпчилиги ёки сарийянинг бошлиғи, ёки қаерга юборилган бўлса, ўша ернинг номи билан аталади. Асосан сарийялар душмандан хабар олиш ёки устидан ўлим ҳукми чиққан жиноятчини жазолаш учун бўлган. Баъзиларида икки тараф тўқнашиб жанг бўлган ҳоллари ҳам бор.

1. Убайда ибн Ҳорис сарийяси.  Ҳижоздаги баъзи қишлоқларга юборилган.

2. Ҳамза ибн Абдулмуттолиб сарийяси. Ийс тарафдаги денгиз соҳилига юборилган.

3. Саъд ибн Аби Ваққос сарийяси. Ҳижознинг Хурроз деган жойига юборилган.

4. Абдуллоҳ ибн Жаҳш сарийяси. Ботни Нахла деган жойга юборилган. Бунда мусулмонлар бир неча мушрикни ўлдирганлар.

5. Зайд ибн Ҳориса сарийяси. Нажднинг Қирада номли сувхонасига юборилган.

6. Ғолиб ибн Абдуллайсий сарийяси. Бану Маллуҳ қабиласига юборилган.

7. Зайд ибн Ҳориса сарийяси. Жузом номли жойга юборилган.

8. Зайди Туваф сарийяси. Нахл томондаги Туваф номли жойга юборилган.

9. Зайд ибн Ҳориса сарийяси. Водил Қуродаги Бану Хузора қабиласига юборилган.

10. Абдуллоҳ ибн Равоҳа сарийяси. Юсайр ибн Ризомни қатл этиш учун юборилган.

11. Ибн Утабак сарийяси. Хайбарга юборилган.

12. Абдуллоҳ ибн Унайс сарийяси. Холид ибн Суфённи қатл этиш учун юборилган.

13. Зайд ибн Ҳориса сарийяси. Шомга юборилган. Уч минг кишилик бу сарийяни тарихчиларимиз ғазот деб ҳам номлайдилар. Бу сарийя одамлари Мўъта номли жойда румликларнинг икки юз минг кишилик аскари билан қаттиқ жанг қилганлар. Мусулмонлардан ўн тўрт киши шаҳид бўлган, кофирлардан кўпчилиги ўлган.

14. Каъб ибн Умайр Ғифорий сарийяси. Шом томонга юборилган.

15. Уяйна ибн Ҳузор сарийяси. Бану Тамим қабиласига юборилган.

16. Ғолиб ибн Абдуллоҳ сарийяси. Бану Мурра ерларига юборилган.

17. Амр ибн Ос сарийяси. Бану Узра ерларидан бўлган Зотис-Салосилга юборилган.

18. Ибн Аби Ҳудуд сарийяси. Изм номли жойга юборилган.

19. Ибн Аби Ҳудуд сарийяси. Рифоъа ибн Қайс Жушамийни қатл этиш учун юборилган.

20. Абдурраҳмон ибн Авф сарийяси. Давматул Жандалга юборилган.

21. Абу Убайда ибн Жарроҳ сарийяси. Сийфил Баҳрга юборилган.

22. Солим ибн Умайр сарийяси. Абу Итикни қатл этиш учун юборилган.

23. Зайд ибн Ҳориса сарийяси. Мадянга юборилган.

24. Алқама ибн Мажзар сарийяси.

25. Умайр ибн Адий Хуттомий сарийяси.

26. Караз ибн Жобир сарийяси. Жубайрни қатл этиш учун юборилган.

27. Али ибн Абу Толиб сарийяси. Яманга юборилган.

Муҳаққиқ уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ғазот ва сарийяларда икки томондан ҳаммаси бўлиб бир минг ўн саккиз киши ҳалок бўлган. Агар бу ҳисобни ҳозирги кунимиз ҳисоблари билан солиштириб кўрадиган бўлсак ҳеч нарса эмас. Тасаввур ҳосил қилиш учун иккинчи жаҳон урушида 70 миллион кишининг ёстиғи қуриганини эслашнинг ўзи кифоя бўлса керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги урушлардаги йўқотишлар ҳозирги кундаги футбол ишқибозлари орасида келиб чиққан тўқнашувлардаги йўқотишларга тўғри келади, десак муболаға қилмаган бўламиз.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Тарих китобидан)