1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонга кирган кишилар учун дарслар (5-дарс)

17:07 / 06.06.2017 3119 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоз

Ўзига итоат қилганларга остидан анҳорлар оқиб турадиган Адн жаннатини ваъда қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва барча саҳобаларига салоту саломлар бўлсин!

Ислом динида намозга бошқа ибодатлар тенглаша олмайди. Намоз диннинг устунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Исломда буйруқларнинг боши ва диннинг устуни намоз, чўққиси эса Аллоҳ йўлида жиҳоддир” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Намоз хавф пайтида ҳам қолдирилмайдиган доимий ва мутлақ фарз амалдир. Аллоҳ таоло айтади: “Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг. Агар хавфда қолсангиз, юрган ва минган ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда, билмаган нарсангизни қандоқ ўргатган бўлса, Аллоҳни шундоқ зикр қилинг” (Бақара сураси, 238−239-оятлар).

Намоз – биринчи вожиб қилинган ва биринчи ҳисоб қилинадиган ибодатлардандир.

Намоз – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига ўлим вақтларидаги охирги васияти эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоз, намоз (ни лозим тутинглар)! Қўл остингиздагилар (қул, чўри-хизматчиларингиз ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар” (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можжа ривоятлари). Саҳиҳ ҳадис.

Намоз динда охирги йўқ бўладигандир, у зое бўлса, диннинг барчаси зое бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ислом тугунлари кетма-кет тўзиб (титилиб) боради. Ҳар гал бир тугун тўзиб кетса, одамлар бошқасига ёпишади. Биринчи тўзиб (ечилиб) кетадигани ҳукм, охиргиси намоз бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳидоят ва тақвонинг асосий шартларини Аллоҳ азза ва жалла зикр қилган: “Алиф. Лаам. Мийм. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”  (Бақара сураси, 1−3‑оятлар).

Аллоҳ азза ва жалла намозларини муҳофаза қилувчиларни ёмон ахлоқдан ва ёмон сифатлилардан истисно қилди. “Албатта, инсон “ҳалуъ” қилиб яратилгандир. Агар унга ёмонлик етса, чидамсиздир. Ва агар яхшилик етса, кўп ман қилувчидир. Илло, намоз ўқувчиларгина мустаснодир. Улар намозларида доим бўладиганлардир” (Маориж сураси, 19−23‑оятлар).

Аллоҳ азза ва жалла дўзах аҳли ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Сизларни дўзахга нима киритди?” (деб) Улар: “Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик” (Муддассир сураси, 42−43-оятлар).

Намозни тарк қилувчиларга Аллоҳ таоло айтади: “Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир” (Маъун сураси, 4−5-оятлар).

Саҳв – намозни вақти чиққунга қадар тарк қилиб кечиктиради. Набий алайҳиссалом куфр ва Ислом ўртасида намозни тарк этишни чегара − ҳад қилдилар.

 “Биз билан уларнинг орасидаги аҳд – намоздир. Ким намозни тарк қилса, куфр келтирибди” (Имом Аҳмад, Имом Термизий, Ибн Можжа, Насоий ривоятлари).

Намозни зое қилганларга Аллоҳ таоло қаттиқ ваид қилди: “Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар” (Марям сураси, 59-оят).

Суранинг арабча матнида келган ва таржимада ёмонлик деб маъно берилган “ғой”  –  жаҳаннамнинг энг тубида бўлган бадбўй ҳидли бир водийдир. Кимки шаҳватларига эргашиб намозни зое қилса, шу водийга йўлиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга ҳарис бўлиб, уни муҳофаза қилардилар.

Асваддан ривоят қилинади: У киши деди: Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадим: “Набий алайҳиссалом уйда нима қилардилар?” Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Аҳли оиласини хизматида бўлардилар (яъни аҳли оиласини ишларида қарашардилар), агар намоз вақти кирса, намозга чиқардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Набий алайҳиссалом намозга эътиборли бўлиб, уни сақлаган кишига Аллоҳ таоло Ўз соясида соялантиришини башорат қилдилар. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Етти тоифа кишини Аллоҳ таоло Ўзини соясидан бошқа соя йўқ бўладиган кунда соялантиради” . Улар ичида “масжидга қалби боғланган киши”ни айтиб ўтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намозда ҳозир бўлмаслик мунофиқликнинг очиқ сифатидандир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Намозга келмасликни фақат нифоқи маълум бўлган мунофиқларда кўрардик”.

Баъзи одамлар масжидда намозни адо этишга енгил қарайдилар. Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” (Бақара сураси, 43-оят). Бу оят намозни жамоат билан, намозхон шериклар билан бирга ўқишликка далилдир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом айтадилар: “Батаҳқиқ, мен бир кишини одамларга намозга ўтиб беришини, намозга келмай, орқада қолаётганларга  ўзим бориб, уларнинг уйларига ўтин боғламларини қалаб туриб, устларидан ёқиб юборишларини амр қилишга қасд қилдим" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

“Саҳиҳ Муслим”да ривоят қилинган: Кўзи ожиз бир киши деди: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг масжидга етаклаб келадиган одамим йўқ. Менга намозимни уйда ўқишимга рухсат борми?” Набий алайҳиссалом дедилар: “Намозга айтиладиган азонни эшитасанми?” “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, лаббай деб намозга чиқ”, дедилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким нидо қилувчи, яъни муаззинни эшитса-ю, унга эргашишга узр монеълик қилмасдан намозга келмаса, ўқиган намози қабул бўлмайди”, дедилар. “Узр нимадир?” дейишди. “Хавф ва беморлик”, дедилар” ( Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар” (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Баъзи кишилар фақат  Рамазонда намоз ўқисалар, баъзилари жумъа намозини ўқийдилар. Улардан баъзилари аср намозини қуёш ботаётганида ўқиса, баъзилари бомдод намозини қуёш чиқаётганида ўқийди. Бошқалари бомдод намозини қолдириб қолган тўрттасини жамоат билан ўқийдилар. Баъзилари намозга чиқиб, ўғилларини ортларидан уйда қолдирадилар, намозга буюриб, мункардан қайтармайдилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Ким намозга чақириқни эшитса ва узрсиз жавоб бермаса, яхшиликни топмабди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Ким азонни эшитиб узрсиз унга жавоб бермаса, унга намоз йўқдир”.

Бир киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан сўради: “Бир киши кундузлари рўза, тунлари бедор бўлиб, жамоат намозига чиқмайди?” Ибн Аббос: “У дўзахда”, дедилар.

Битта намозни ҳам қолдирмаслик буйруғига амал қил. Набий алайҳиссалом айтадилар: “Аср намозини ўтқазиб юборган киши моли ва аҳли тортиб олинган киши кабидир” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Беш вақт намоз, жума намозидан кейинги жумагача, Рамазондан кейинги Рамазонгача, агар банда катта гуноҳлардан четланган бўлса, гуноҳларни ўчиради” (Имом Муслим ривояти).

Рамазондан кейинги Рамазонгача гуноҳлар ўчирилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳ кабиралардан четланишни шарт қилдилар. Эй инсон! Агар гуноҳ кабирадан сақланмасанг, намоз ҳам ўқимабсан, рўза ҳам тутмабсан. Намозни тарк қилишдан каттароқ гуноҳ кабира борми ўзи?! Намозни тарк қилиш куфрдир. Шундай бўлгач, рўзанг қандай қилиб гуноҳларингни ўчира олади?!  Намозни тарк қилишинг билан сенинг рўзанг ҳам қабул бўлмайди.

Эй дўстим! Роббингга тавба қилишинг ва Аллоҳ таоло сенга фарз қилган намозни қоим қилиб, кейин рўза тутишинг лозим. Набий алайҳиссалом Муозни Яманга жўнатаётганларида шундай дедилар: “Уларни чақирадиган нарсангни аввалида “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули, деб гувоҳлик беришлари бўлсин. Агар улар бунга жавоб берсалар, Аллоҳ уларга бир кеча кундузда беш вақт намозни фарз қилганини уларга ўргат”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

У зот икки шаҳодатдан кейин намоз, кейин закотга чақиришни бошладилар.

Аллоҳим, бизларни Ўзинг тўғри йўлга йўлла! Биздан рози бўладиган юзинг учун гўзал ибодатингга бизларни муваффақ эт.

Аллоҳим, ишларимизни осон қил, қалбларимизни покла.

Аллоҳим, бизларга турмуш ўртоқларимизни ва фарзандларимизни кўзимиз қувончи қилиб бер. Бизларни, ота-оналаримизни ва жамики мусулмонларни Ўзинг мағфират қил. Набиййимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, аҳли оилаларига ва барча асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Ҳумайро 

тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

9371 00:46 / 26.06.2017
Имом Муслим Каъб ибн Моликдан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташриқ кунлари мени Авс ибн Ҳадасон билан бирга жўнатганлар, мен .Жаннатга давоми...

4446 17:30 / 12.06.2017
Жуда кекса ёшдаги, мункиллаб қолган чолкампирлар рўза тутишдан ожиз бўлса, рўза тутмайдилар. Агар ўзига тўқ бўлса, фидя беради, бўлмаса Аллоҳга истиғфор айтади. Бу давоми...

4101 18:56 / 21.06.2017
Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза давоми...

4424 20:51 / 11.06.2017
Аудиолар

118735 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021