1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонга кирган кишилар учун дарслар (12-дарс)

17:15 / 17.06.2017 3496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сеҳр ва коҳинликка эргашиш ҳукми

Айрим инсонлар мусибат ёки касаллик етганида Аллоҳ таолога таваккулни унутадилар, дуодан ғафлатдан қоладилар. Динини тарк этиб, ёлғончи фолбину табибларга  югурадилар. Зеро, улар сеҳр аҳлларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳрга эргашишдан қайтариб: «Етти ҳалок қилувчи нарсадан узоқлашинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар нималар?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр...», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда икки фаришта – Ҳорут ва Морутга нозил қилинган нарсага эргашдилар. Икковлари токи: «Биз синовмиз холос, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмас эдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандай ҳам ёмон!» (Бақара сураси, 102-оят).

Кўпчилик сеҳргар ва коҳинни фарқлай олмайди. Кимки қуйидаги белгиларни: шахс уни исмини ва онасини исмини сўраса; бирор кийимини ёки мато бўлагини сўраса; тушунарсиз нарсаларни ўқиса; уни ёқиши, осиб юриши ёки уни сақлаб қўйиши учун қоғоз берса; кийиши ёки осиб қўйиши учун бирор нарса берса; ҳайвон ёки қушни сўйишини ва оғриқ жойига қонини сачратишини сўраса,  ҳайвонни айнан бир рангини, масалан, фақат қораси, деб сўраса; ҳайвон ёки паррандани Аллоҳ таолонинг зикрисиз сўйишни сўраса; қоғозга ҳарфлар ёки турли шакллар ёзса; исмини, шаҳар номини, уни келишига сабаб бўлган муаммосини ёки унга тегишли бирор воқеани айтиб берса; соч толасини, тирноғини ёки бошқа бирор нарсасидан сўраса... ва шу кабиларни билса ёхуд ундан шу белгилардан бирортасини топса, уни кўзбойлағич, сеҳргар ёки шайтоннинг хизматчиси эканини билиб, ундан эҳтиёт бўлсин!

Эй биродарим! Дунё − Аллоҳ таолонинг қадаридаги беморликлар, ғам-андуҳлар ва бало-мусибатлар жорий бўладиган имтиҳон ҳовлисидир.

 Аллоҳ таоло: «Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер»(Бақара сураси, 155-оят) деб, огоҳлантирган ва сабр қилганларга мукофот ваъда қилган.

Мусулмон қадаридаги нарсалар бошига тушса, сабр қилади ва ажру савобга эришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонга касаллик, кулфат, ғам-ғусса, озор-мусибатдан етган нарса ва ҳатто тикон киришида Аллоҳ уни гуноҳларига каффорот қилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Ким бемор бўлса, унга мусибат етса, шаръий шифосини қидирсин. Дардни берган шифосини ҳам беради. Мусулмон Аллоҳ таолога чиройли гумонда бўлиши, у дуо қилса, ижобат қилувчи Зотга яқин эканини билиши лозим. Дуосини тазарру билан ёлвориб сўрасин, ҳожатини бошқа барча ишлардан олдин Роббисига айтсин. Дуо қабул бўладиган вақтларга интилсин, дуо ижобатини ман этадиган нарсалардан узоқлашсин.

Эй биродарим! Сабр қилишда жазавага тушиб, ғазабнок бўлманг! Аксинча, уларни тарк этиб, розилик ва савобни умид қилинг!

Эй биродарим! Сеҳрга тушиб қолишдан эҳтиёт бўл, чунки у динингни бузувчи нарсалардандир. Сеҳр қилиш, унга сарфлаш, унга рози бўлиш ҳам куфрдандир. Сеҳрнинг энг катта таъсири заиф қалбларга бўлади. Шу сабаб у кўпинча аёлларга, болаларга ва илмсизларга таъсир кўрсатади. Чунки ифлос руҳлар унга йўлиқишга тайёрланмаган руҳларда жонланади.

Дуо эса, энг яхши шифодир. У мўминнинг қуролидир. У балоларнинг ашаддий душмани бўлиб, ҳимоя қилади, тузатади. Мусибат тушишини ман қилади, тушганини эса даф этади, тўсади.

Мусулмон биродарим! Орамизда тумор тақиб юрувчи кимсалар ҳам кўп. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай амаллар қилишдан умматни қайтарганлар. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: «Тумор тақиб юрган киши, дарҳақиқат, ширк келтирибди» (Имом Аҳмад ривояти).

Аҳли оиланг қўлига, бўйнига ёки кичик болаларингга жоиз бўлмаган тумор тақишдан ҳазир бўл. Зарар ҳам, фойда ҳам Аллоҳ азза ва жаллада бўлишини  қалбингга сингдир.

Ким ғайб илмини даъво қилса, куфр келтирибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам умматни огоҳ этдилар: «Кимки фолбин ва коҳинга бориб, у айтган нарсани тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди» (Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривоятлари). Келажакни биламан, деб даъво қилувчилар, ғайб ишларини айтгувчи кимсалар биздан эмас. Аллоҳ таолодан бошқа бирор кимса ғайб ишларини билмайди.

Аллоҳ таоло ундай кимсаларга таҳдид ила дейди: «Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Ундан бошқа ҳеч ким билмас. У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир. Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир»(Анъом сураси, 59-оят).

Эй биродарим! Ўзингга сеҳр ва шайтонни таъсир эттирмаслик Қуръони Карим тиловати ва зикр билан бўлади. Ўзинг ва аҳли оиланг учун  Қуръони Карим ўқи. Тонгда, кундузда, кечда маълум зикрларни ўқишинг зарур. Расулуллоҳ  алайҳиссалом набиралари Ҳасан ва Ҳусайн учун паноҳ сўрардилар. Тавҳидни татбиқ қилишга ҳарис бўл, уни таҳқирлайдиган нарсалардан узоқ бўл, шунда бахтлилардан бўласан.

Аллоҳим, сўзимизда, амалимизда тавҳидни амалда қўлловчилардан қил! Ширк ва куфрдан четлаштир. Бизни, ота-оналаримизни, зурриётларимизни ва барча мусулмонларни ширк ва куфрдан сақла. Омин.


Ҳумайро тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳилолнинг, янги ойнинг чиқишидаги фарқлар борлигида ихтилоф йўқ. Икки юртнинг ораси узоқ бўлса, янги ҳилол бирида кўриниб, бирида кўринмаслиги мумкин. Масалан давоми...

2902 12:06 / 30.05.2017
Ислом динида мусулмонлар бирбирига душманлик, хафагарчилик ва қўполлик қилишлари қораланади. Айниқса бугунги кунимизда биз жуда эътиборли бўлмоғимиз керак. давоми...

3228 19:17 / 08.06.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

5604 12:45 / 18.06.2017
Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади Унинг шартлари қандайНақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим1. Пул нисобга давоми...

5466 12:40 / 18.06.2017
Аудиолар

120114 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41781 14:35 / 11.08.2021