1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонга кирган кишилар учун дарслар (11-дарс)

10:13 / 16.06.2017 3567 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолодан қўрқиш

Аллоҳ таоло Ўз фазли ва улуғлигидан Ўзидан қўрқувчилар учун:

«Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор»(Ар-Роҳман сураси, 46-оят), дея ваъда қилди.Қуртубий айтадилар: «Қўрқишнинг маъноси, киши Роббиси ҳузурида ҳисобдан қўрқиб, маъсиятни тарк этишдир».

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида қайси бир қўрқиб турувчи Аллоҳни унга бўладиган ҳукмидан қўрқса, нафсини ҳавосидан қайтариб  Мавлосини тоатига буюрса:

«Бас, албатта, жаннат (унга)жой бўладир» (Назиъаат сураси, 41-оят).

Яъни, қайтадиган жойи кенг жаннатдир.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом мен ҳеч эшитмаган бир хутбани қилдилар. У зот дедилар: «Мен билган нарсани билганларингизда кам кулиб кўп йиғлардингиз».Асҳоблар юзларини беркитиб пиқиллаб йиғлашди» (Бухорий,Муслим ривоятлари).

Аллоҳ азза ва жалладан ҳақиқий қўрқув уни ёмон амаллардан тўсиб, яхши амалларга шоширади.

Аллоҳ таолодан қаттиқ қўрқуви бўлган Умар ибн Хаттоб Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан сўрадилар: «Аллоҳ учун ёлвориб сўрайман. Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлардан деганини эшитганмисан?»«Йўқ,сендан кейин бирортага айтмасман»,дедилар Ҳузайфа розияллоҳу анҳу».

Эй дўстим! Ҳавойи нафсга эргашишлик ва узун орзуда фасоднинг ҳар бир моддаси бордир. Ҳақни, маърифатни ва мақсадни қўйиб, ҳавою нафсга эргашишлик, узун орзулар қилиш охиратни унуттиради. Унга тайёргарлик кўришдан ҳам тўсади. Ҳақдан қўрқувчиларниАллоҳ таоло мақтади:

«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар» (Нур сураси, 37-оят).

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Оёқларида эллик минг йилтек турадиган кун ҳақида гумонинг қандай? У кунда на бирор егулик, на бир ичимлик ичарлар.Ҳатто чанқоқдан бўйинлари узилиб, очликдан қоринлари ёнади. Осий ва гуноҳкорлар дўзахга ҳайдаладилар ва қайнаб чиққан қайноқ сув билан суғориладилар.

«Ва берадиган нарсаларини албатта, Роббларига қайтувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлардир»(Муъминун сураси, 60-оят).

Уламолар бу оятни тафсир қилиб айтадилар: «Улар яхши амалларни қиладилар ва шафқатли бўладилар. Бу уларга Аллоҳ азза ва жаллани азобидан нажот беради.

Аллоҳ таолодан бўлган хавф ҳалок бўлувчига қўрғон ва қийин аҳволга тушишдан ҳимоядир. Хавфдаги вожиб бўлган ўлчовга фарзларни адо этиш ва ҳаромдан четланиш юкланса, агар хавф зиёда бўлса, нафсни нафл ибодатларга нозик макруҳ амалларни тўхтатишга чақиради. Хавфни бундан ҳам зиёда қилиш касалликни, ўлимни ва ғамни мерос қилади. Аллоҳ азза ва жаллага севимли матлуб фазилатлатларни касб қилишдан тўхтатади. Бунақа хавф мақталмайди».

Эй дўстим! Аллоҳ таолонинг ҳузури ва бандани ўртасида икки ўрин бордир.Уни ҳузурида намоз учун бўлган ўрин ва қиёмат куни унга рўпара бўладиган ўрин.Кимки аввалги ўрнида ҳақда туриб берса, унга кейинги ўрнида туриш ҳам осон бўлади. Ким олдинги ўрнига эътиборсиз бўлса, ҳаққа вафо қилмаса, унга охирги ўрни оғир бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ва тунда ҳам Унга сажда қил ва узоқ тунларда Уни поклаб ёд эд.Албатта, анавилар шошган(дунё)ни яхши кўрурлар ва оғир кунни ортларида қолдирурлар»(Инсон сураси, 26−27-оятлар).

Иброҳим Таймийдан ривоят қилинади: «Масжидимизга Абдуллоҳнинг дўстларидан олтмиштаси келди. Уларнинг энг кичиги Ҳарис ибн Сувайд эди. У Залзала сурасини ўқиб:

«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир»оятига етганида йиғлаб: «Албатта бу қаттиқ ҳисобдир»,деди.

Эй биродарим!Инсонлар яратилибдики, мусофир ҳолатда йўлларида давом этиб келмоқда. Уларнинг тўхташ манзиллари фақат жаннат ёки дўзахда бўлади. Оқил инсон сафар машаққат ва хатарлар устига бино қилинганини билади. Сафарда неъматни, лаззат ва роҳатни сўраш маҳолдир. Чунки булар сафарни охирида бўлади. Маълумки, машаққат ва қийинчиликлар сафарнинг аввалида келади. Сафарда вақт ҳам, сафар қилувчи ҳам тўхтамайди. Сафарда сафар қилувчи ўз таъминотини қилиб олиши лозим, тўхтаганида, ухлаганида ва дам олганида ўз таъминотидан фойдаланиб яна йўлида давом этиши учун.

Эй омонликда ғурурга кетувчи! Иблис алайҳил лаъна унга буюрилган биргина саждани тарк қилгани учун азиз манзилидан тушиб лаънатланди. Одам алайҳиссалом тановул қилган биргина луқмаси сабаб жаннатдан чиқарилди.

Ҳалол бўлмаган бармоқ учи миқдорича бўлган нарса кириш билан ҳам тубан зинокор тошбўрон қилишга буюрилди. Бир томчи маст қилувчи ичимлик учун ёки ҳақоратли бир сўз учун ҳам орқасига қамчиланишга буюрилди. Ҳар бир гуноҳдан узилиш аъзоларингдан бирини оловдан узоқ бўлишидир. Биргина гуноҳ билан дўзахдан омонда бўламан, деб умид қилма.

«Ва У Зот бунинг оқибатидан қўрқ­мас» (Шамс сураси, 15-оят).

Мушук сабаб бир аёл дўзахга кирди. Бир инсон унга балони йўлатмайдиган, мағрибу машриқ оралиғича дўзахни ундан узоқ қилиб ҳимоялайдиган бир сўзни айтади. Бир инсон олтмиш йил Аллоҳнинг тоатида бўлади, ўлим пайтида унга васият қилинган (қадарида ёзилган) нарса жорий бўлади. Унга ёмон амали билан хотима берилиб, дўзахга киради. Умр охири билан, амал хотимаси биландир.

 Абдурроҳман ибн Жобир Язид ибн Мазидга деди:

«Менга нима бўлдики, кўзингни ҳеч қуруқ кўрмайман».

«Нима учун сўраяпсан?»деди.

«Уни дунёда фойдали деб биламан!»деди.

У: «Агар ҳаммомга қамаб қўйсанг ҳам кўз ёшим қуриб қолмаслигига ҳаракат қиламан», деди.

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Хавф ва ражо мўминнинг минадиган уловидир. Шундай экан, бу икки ишни мўмин жамлаши лозим. Ўлим етакчилик қилишидан олдин хавфнинг ғолиб келиши тўғри. Аммо ўлим пайтида яхши гумон ва умидни кўпроқ бўлиши тўғридир.

Қалбнинг Аллоҳ таолога юриши қуш кабидир. Муҳаббат унинг боши. Хавф ва ражо икки қаноти. Боши ва икки қаноти омон бўлса, қуш энг яхши қушлардан бўлади. Боши кесилса, қуш ўлади. Агар икки қаноти бўлмаса, у ҳар бир овчи ёки йиртқичга ўлжа бўлади.

Аллоҳ таоло Ўз китобида кўп ўринларда хавф ва ражони биргаликда олиб борган кишини мақтади:

«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Биздан хокисорлик ила қўрқувчи эдилар» (Анбиё сураси, 90-оят).

Аллоҳ таоло руҳга, ўз ичига умид олган қўрқув билан мукаррам қилди. Усиз ноумид бўлиб қолади. Худди хавфни лозим қиладиган умидда хавф бўлмаса, хотиржамлик бўлмагани каби. Аллоҳ таолониниг хавф ва ражодаги аҳллари  У Зот мақтаган илм аҳлларидир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу совуқ сувни ичганида қаттиқ йиғлади. Унга: «Сизни нима йиғлатди?»дейишганида, «Аллоҳ таолонинг оятини эсладим:

«Ва улар билан ўзлари иштаҳа қилган нарсанинг ораси тўсилди» (Сабаъ сураси, 54-оят).Дўзах аҳлидан иштаҳа қилган нарсалари тўсилганини билдим. Уларни иштаҳа қилган нарсалари сув эди»,деди. Аллоҳ таоло айтади: «Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар...» (Аъроф сураси, 50-оят).

Абдуллоҳ ибн Умар  розияллоҳу анҳу қаттиқ йиғлаб касал бўлиб қолдилар.Укишини бориб кўришди.Ҳасан раҳимаҳуллоҳ йиғладилар. «Сизни нима йиғлатди?» дейилганида: «Мени дўзахга улоқтирилганида сиз бепарво бўлишингиздан қўрқаман», деганди.

Саид ибн Аҳром розияллоҳу анҳу деди: «Ибн Масъуд билан бирга кетаётган эдим. Темирчиларни олдидан ўтиб қолдик. Темирчилар темирни оловдан чиқардилар. Ибн Масъуд унга қараб туриб йиғлаб юбордилар».

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу бир куни кечаси намозда: «Ўшанда улар бўйинларида кишанлар ва занжирлар ила тортилурлар. Ўта қайноқ сувга, сўнгра оловда куйдирилурлар» (Ғофир сураси, 71−72-оятлар) оятларини қайта-қайта ўқиб, йиғлаб тонг оттирдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ўқиб бер»,дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули,Ўзингиз ўқинг.  У (Қуръон) сизга тушурилган»,дедим. «Мен бошқадан эшитишни яхши кўраман»,дедилар.Нисо сурасини ўқиб:

«Сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?!»оятига келганимда Расулуллоҳни кўзларидан ёш қуйилаётганини кўрдим»(Бухорий ривояти).

Матроф ибн Абдуллоҳ оталаридан ривоят қилиб айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, у зот намоз ўқиётган эканлар. Ўшанда у зотнинг қоринлари қозон қурқурагани каби қурқурар эди».

Суюкли биродарим! Мукаммал ҳолат умид,қўрқув ва муҳаббатнинг баробар бўлишидадир. Муҳаббат бир машина бўлса, умид уни бошқарув рўли, хавф эса ҳайдовчиси кабидир. Аллоҳга қасамки,шунда Аллоҳнинг миннати ва карамига етишасан.

Эй биродарим!ал‑Карим, ал‑Жаввод исмга эга раҳмли Роббинг эшиги олдида хушхабар ва умид қилиб турар экансан, Ибн Авфнинг сўзини эшит:«Киши бу дунёдаги мулклардан узилса, унга фойдали бўлади. Осмону Ер унинг остию устидаги барча нарсалар У Зотда бўлган ҳолида бу дунё мулкларидан қандай ҳам узилмасин?!»

Эй дўстим!Дунёда зоҳид бўлишинг, орзуни камроқ қилишинг керак.Чунки узун орзу тузалмайдиган сурункали дарддир. У қалбда ўрнашганида мижозни (табиат)ни бузади. Тузалиши қийин кечади. Ундан касаллик ажралмайди. Дорилар унга кор қилмайди. Инсон орзу қилишда давом этар экан, унинг амали ёмонлашади.

Суюкли дўстим!Сен вақтларингга эътиборли бўлишинг, яхшиликларга шошишинг, тавбага ҳарис бўлишинг, ўлимдан кейинги савол-жавобни, жаннат ва дўзахни эсда тутишинг керак. Аллоҳ  таоло бизни, ота-онамизни, суюклиларимизни, барча-барчамизни қиёмат куни шундай деб чақириладиганлар қаторида қилсин:

«Аллоҳ уларни раҳматига олмас», деб қасам ичганингиз анавиларми?! «Жаннатга киринглар! Сизга хавф йўқ ва сиз маҳзун ҳам бўлмассиз!» (Аъроф сураси, 49-оят).


Ҳумайро 

тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Моҳи Рамазон, сени бошимизга соябон деб улуғлаймиз. Чиндан ҳам сен бу дунёмиз учун ҳам, у дунёмиз учун ҳам, соябонсан. Биз мўминмусулмонлар ўттиз кун давомида давоми...

3107 12:51 / 12.06.2017
Ҳофиз ибн Ҳажар .Фатҳул Борий,да шундай деган .Ушбу ривоятда Умар ибн Хаттобнинг таровеҳ ҳақидаги амрлари келтирилган ривоятда Убай ўқиб берган намознинг неча давоми...

3558 18:18 / 16.06.2017
Рамазоннинг қазосини Рамазондан кейиноқ тутиб бериш вожиб эмас. Бунинг учун бир йил, яъни кейинги Рамазонгача муҳлат берилади. Қазо рўзани кетмакет эмас, давоми...

4496 23:36 / 07.06.2017
Жуда кекса ёшдаги, мункиллаб қолган чолкампирлар рўза тутишдан ожиз бўлса, рўза тутмайдилар. Агар ўзига тўқ бўлса, фидя беради, бўлмаса Аллоҳга истиғфор айтади. Бу давоми...

4103 18:56 / 21.06.2017
Аудиолар

118801 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40751 14:35 / 11.08.2021