1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

05:00 / 06.01.2017 4299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойларида юз берган муҳим воқеалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида

Ҳижратдан аввалги 15 йил, рамазон ойи (мил. 608 йил август-сентябр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 38 ярим ёшларида халқдан узилиб, Ҳиро ғорида “таҳаннус”[1] ва “муроқаба”[2] ибодатларини адо эта бошладилар.
Ҳиж. ав. 14 йил, рамазон ойи (мил. 608 йил август-сентябр)
– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 39 ярим ёшларида Ҳиро ғоридаги ибодатларини давом эттирдилар.
Ҳиж. ав. 13 йил, рамазон, душанба кечаси (мил. 610 йил август)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 40 ярим ёш (шамсий 39 ёш-у уч ойлик) бўлганларида пайғамбар бўлдилар ва Қуръони карим нозил бўла бошлади.
Ҳиж. ав. 9 йил, рамазон ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июн-июл)
– Машҳур “Ғарониқ” воқеаси бўлиб ўтди.
Ҳиж. ав. 4 йил, рамазон ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил апрел-май)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ибн Абдулмутталиб оламдан ўтди[3];
– Хадича онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшларида вафот этди.
Ҳижрий 1 йил, рамазон ойи (мил. 623 йил март)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу бошчилигида ўттиз кишилик муҳожирлар жамоасини Қурайшнинг Шомдан келаётган Абу Жаҳл бошлиқ уч юз кишилик карвонини қарши олиш учун юбордилар (бу ҳарбий юриш Ислом тарихида “Сийфул баҳр” сарияси[4] деб номланган);
– Бир ривоятга кўра, азон ҳам мана шу ойда жорий қилинган.
Ҳижрий 2 йил, рамазон ойи (мил. 624 йил 25 феврал)
– Мусулмонлар илк бор Рамазон рўзасини тутдилар.
Ҳижрий 2 йил, 17 рамазон (мил. 624 йил 12 март)
– Катта Бадр ғазоти бўлди (бу ғазотга яна “Иккинчи Бадр” ҳам дейилади);
– Бадр жангидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи қизлари Руқайя розияллоҳу анҳо вафот этди.
Ҳижрий 2 йил, рамазон ойи охири (мил. 624 йил)
– Рамазон ҳайити намозини ўқиш ва уни байрам қилиб, нишонлаш буюрилди.
Ҳижрий 3 йил, рамазон ойи (мил. 625 йил феврал охири ёки март боши)
– Бир ривоятга кўра, Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо туғилган.
Ҳижрий 5 йил, рамазон ойи (мил. 627 йил феврал)
– Аҳзоб жангига тайёргарлик қилиш мақсадида, хандақ қазиш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳижрий 6 йил, рамазон ойи (мил. 628 йил январ-феврал)
– Қурғоқчилик йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан истисқо яъни, ёмғир сўраб, дуо қилганларида, ёмғир ёғди;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ (ёки Зайд ибн Ҳориса) розияллоҳу анҳумо бошчилигидаги сарияни Қуро водийсига юбордилар.
Ҳижрий 7 йил, рамазон ойи (мил. 629 йил январ)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғолиб ибн Абдуллоҳ Лайсий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 130 кишилик сарияни Майфаъадаги Бану Увол ва Бану Абд ибн Саълаба қабилаларига (ёки Жуҳайнадаги Ҳурақотга) юбордилар.
Ҳижрий 8 йил, 1 рамазон (мил. 629 йил 22 декабр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Қатода ибн Рибъий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги саккиз кишилик сарияни Мадинадан уч барид (66,528 км) узоқликдаги Батни Изом деган жойга юбордилар (бу Маккани фатҳ қилиш учун юриш йўналишини атрофдагилардан яшириш ва одамлар диққатини бошқа тарафга буриш мақсадида қилинди. Ушбу сария йўлга чиқиб, айтилган томонга етиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккага қараб йўлга чиққанларини билдилар ва йўлни ўзгартириб, у зотнинг ортларидан етиб олдилар).
Ҳижрий 8 йил, 10 рамазон (мил. 629 йил 31 декабр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Мадинаи мунавварадан Маккага қараб йўлга чиқдилар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу оила-аъзолари билан Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида, Макка билан Мадинанинг қоқ ўртасидаги Жуҳфа деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашди.
Ҳижрий 8 йил, 17 рамазон (мил. 630 йил 7 январ)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанбага ўтар кечаси Макка чегарасидан ўн икки мил (22,176 км) узоқликда жойлашган Марруз Заҳронда тунаб, лашкарга гулхан ёқишни буюрдилар ва ўн мингта гулхан ёқилди;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага киришларидан олдин Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳаким ибн Ҳизом ва Будайл ибн Варқо розияллоҳу анҳумлар мусулмон бўлишди;
– Эртаси тонг пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Марруз Заҳрондан Маккага қараб йўл олдилар ва Маккага кириб, уни фатҳ қилдилар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъба ичига кириб намоз ўқидилар, сўнг Қурайш олдига чиқиб, хутба қилдилар;
– намоз вақти бўлганида, ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари билан Каъба устига чиқиб азон айтди;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка мушрикларининг барча қилмишларини кечирдилар ва улар ёппасига Исломни қабул эта бошлашди.
Ҳижрий 8 йил, 25 рамазон (мил. 630 йил 15 январ)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни ўттиз отлиқ билан Қурайш ва барча Бану Киноналикларнинг Уззо номли энг катта бутини бузиш учун Нахлага юбордилар;
– шу ой охирларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Макканинг шимоли-шарқидаги 150 км узоқликда Риҳот деган ерда жойлашган Ҳузайл қабиласининг Сувоъ номли бутини бузиб келиш учун юбордилар;
– шу ойнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Зайд Ашҳалий розияллоҳу анҳуни йигирма отлиқ билан Авс, Хазраж, Ғассон ва бошқа қабилаларнинг Манот номли бутини бузиш учун Қудайднинг Мушаллал деган жойига юбордилар.
Ҳижрий 9 йил, рамазон ойи (мил. 631 йил)
– Тоиф шаҳрининг аҳолиси Сақиф қавми Исломни қабул қилиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига элчиларини жўнатди.
Ҳижрий 10 йил, рамазон ойи (мил. 631 йил декабр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан ҳар йили рамазонда бир бор ўтказганлари ҳолда, ушбу охирги рамазон ойида икки марта ўтказдилар.
Ҳижрий 10 йил, 11–30 рамазон (мил. 631 йил 10–29 декабр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу охирги рамазон ойида йигирма кун эътикофда ўтирдилар (ҳолбуки, олдин ҳар йили рамазон ойида фақат ўн кун ўтирар эдилар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин

Ҳижрий 11 йил, рамазон ойи (мил. 632 йил ноябр-декабр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичик қизлари Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳо оламдан ўтди.
Ҳижрий 13 йил, рамазон ойи (мил. 634 йил ноябр)
– Ироқда Мусанно ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бошчилигидаги мусулмон қўшини билан Форс мажусийлари ўртасида Бувайб жанги бўлиб ўтди. Натижада, мажусийларнинг шавкати синиб, Ироқ ва Форс давлатлари фатҳ қилинди.
Ҳижрий 15 йил, рамазон ойи[5] (мил. 636 йил октябр-ноябр)
– Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги мусулмон қўшини Ироқда форслар устидан Қодисия жангида ғалаба қозонди ва Форс саркардаси Рустам ўлди.
Ҳижрий 20 йил, рамазон ойи (мил. 641 йил август-сентябр)
– Мисрнинг қадимги пойтахти Фустот шаҳрида фотиҳ Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу масжиди қуриб битказилди.
Ҳижрий 37 йил, рамазон ойи (мил. 658 йил феврал-март)
– Сиффин жангидан сўнг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафидан ҳакамликка тайинланган Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу билан Муъовия розияллоҳу анҳу тарафидан ҳакамликка тайинланган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Давматул Жандал номли жойда учрашишди;
– Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумони Мисрга волий этиб тайинлади.
Ҳижрий 40 йил, 17 рамазон (мил. 661 йил 23 январ)
– Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу вафот этди;
– Эртаси куни имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумога байъат берилди.
Ҳижрий 48 йил, рамазон ойи (мил. 668 йил октябр-ноябр)
– Шимолий Африка волийси Уқба ибн Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ ҳозирги Тунис давлатидаги Қайравон шаҳрини Рум ва салбчиларнинг ҳужумларига қарши мустаҳкам қўрғон қилишга фармон берди.
Ҳижрий 49 йил, рамазон ойи (мил. 669 йил октябр)
– Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу вафот этди.
Ҳижрий 50 йил, рамазон ойи (мил. 670 йил сентябр-октябр)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Сафия онамиз розияллоҳу анҳо Мадинаи мунавварада вафот этди.
Ҳижрий 51 йил, рамазон ойи (мил. 671 йил сентябр-октябр)
– Шимолий Африка волийси Уқба ибн Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида Қайравон масжиди қурилди.
Ҳижрий 53 йил, рамазон ойи (мил. 673 йил август-сентябр)
– Ўрта Ер денгизидаги Рум империясига қарашли Родос ороли саркарда Жунода ибн Абу Умайя Аздий бошчилигида фатҳ қилинди.
Ҳижрий 58 йил, 17 рамазон (мил. 678 йил 12 июл)
– Оиша онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш олти ёшида Мадинаи мунавварада вафот этди ва Бақиъ қабристонига дафн қилинди.
Ҳижрий 65 йил, рамазон ойи (мил. 685 йил апрел-май)
– Умавий халифаларнинг тўртинчиси Марвон ибн Ҳакам раҳматуллоҳи алайҳ Дамашқда вафот этди ва ўғли Абдулмалик ибн Марвон раҳматуллоҳи алайҳга байъат берилди.
Ҳижрий 91 йил, рамазон ойи (мил. 710 йил июл)
– Саркарда Тариф ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида Андалус давлатини фатҳ қилиш ҳаракати бошланди.
Ҳижрий 92 йил, рамазон ойи (мил. 711 йил июн-июл)
– Испаниянинг жануби-ғарбида жойлашган Шазуна шаҳри саркарда Ториқ ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида фатҳ қилинди. Натижада, мусулмонлар учун Андалус давлатининг эшиклари очилди.
Ҳижрий 93 йил, рамазон ойи (мил. 712 йил июн-июл)
– Саркарда Мусо ибн Насир раҳматуллоҳи алайҳ Ишбилия (Севилья) ва Тулайтила (Толедо) шаҳарларини фатҳ қилди. Натижада, Андалус давлати тўлиқ фатҳ этилди.
Ҳижрий 95 йил, рамазон ойи (мил. 714 йил май-июн)
– Ироқ волийси золим Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 54 ёшида ўлди.
Ҳижрий 96 йил, рамазон ойи (мил. 715 йил май-июн)
– Синд ўлкаси (Покистон) машҳур саркарда Муҳаммад ибн Қосим раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида фатҳ қилинди.
Ҳижрий 181 йил, рамазон ойи (мил. 797 йил октябр-ноябр)
– Имом Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ вафот этди.
Ҳижрий 223 йил, рамазон ойи (мил. 838 йил июл-август)
– Аббосий халифаларнинг саккизинчиси Муҳаммад Мўътасим биллоҳ ибн Ҳорун Рашид раҳматуллоҳи алайҳимо Туркиянинг Аммурия шаҳрини бир юз эллик мингдан иборат қўшини билан фатҳ қилди.
Ҳижрий 361 йил, рамазон ойи (мил. 972 йил июн-июл)
– Қоҳирада “Азҳар” масжиди қуриб битказилди ва биринчи намоз ўқилди.
Ҳижрий 532 йил, рамазон ойи (мил. 1138 йил май-июн)
– Шомнинг шимолий қисмида салбчи босқинчиларга қарши саркарда Имодуддин Зинкий раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида илк ғалаба қўлга киритилди.
Ҳижрий 648 йил, рамазон ойи (мил. 1250 йил ноябр-декабр)
– Мисрнинг Мансура шаҳрида мусулмон қўшини Франция подшоҳи қиддис Луис IX бошчилигидаги салбчи босқинчиларга қарши қақшатқич зарба берди (подшоҳ билан бирга тирик қолган қўшин асир олинди. Натижада, подшоҳ асирликдаги мусулмонларни озод қилиши, қўлга киритган Димёт шаҳрини қайтариши ва аввал тўрт юз минг динор кейин яна тўрт юз минг динор[6] бериши эвазига озод қилинди)[7].
Ҳижрий 658 йил, 25 рамазон (мил. 1260 йил 2 сентябр)
– Миср султони Музаффар Сайфиддин Қутуз раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигидаги мусулмон қўшини мўғул татар қўшинини Фаластиннинг Айни Жолут шаҳрида бутунлай тор-мор этди.
Ҳижрий 675 йил, рамазон ойи (мил. 1277 йил феврал-март)
– Салбчи босқинчилар тамоман тор-мор этилди.
Ҳижрий 1275 йил, 22 рамазон (мил. 1859 йил 24 апрел)
– Мисрда Сувайш каналини қазиш ишлари бошланди.
Ҳижрий 1351 йил, 7 рамазон (мил. 1933 йил 3 январ)
– Арабистон ярим оролининг Ҳижоз ва Нажд ўлкалари бирлашиб, Саудия Арабистони давлати ташкил топди...

Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, бўлиб ўтаётган бу гапсўзлар ўша вақтда худолик даъвосини қилган подшоҳга етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага давоми...

3288 14:00 / 02.02.2019
Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ китобларининг бирида Амир Темурнинг Ислом динига муносабати ҳақида ажойиб бир ривоятни давоми...

3023 16:00 / 25.12.2020
Ҳарра воқеъаси ҳижрий 63йилда бўлиб ўтган. Ҳарра ndash Мадийнаи Мунавваранинг ташқарисидаги қора тошли жойнинг номидир. Ўша вақтдаги халийфа Язид ибн Муовия ўз давоми...

3503 05:00 / 06.01.2017
Абдуллоҳ атТАРЖУМОН каталонча Ансельмо Турмеда 1355 ndash 1423 ndash малоркалик насроний руҳоний. Кейинчалик Исломни қабул қилади ва Тунисга кўчиб ўтади. Араб ва лотин давоми...

2799 10:30 / 23.08.2021
Аудиолар

118789 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40740 14:35 / 11.08.2021