1163 23.05.2017

Ўзларини Аллоҳнинг динини йўқ қилишга, йўқ қилолмаган тақдирда уни чигаллаштириб, қориштиришга, бузишга қаратилган кучлар ва уларга билиб-билмай қурол бўлганлар ўртага чиқарган, бандаларнинг хоҳишига мос ҳолда Ислом мафкураси таъсирида қадрсизланиб бошлаган рамазон тушунчасига муқобил ҳақиқий Рамазоннинг ва рўзанинг нима эканини тушуниш учун дастлаб Рамазоннинг қандай ой эмаслигини англамоғимиз лозим бўлади.

1. Рамазон – ифтор ойи эмас

Рамазон ойи – дунё неъматлари қўлида бўлатуриб, Роббининг буйруғига биноан емай, ичмай, шаҳватларини тийиш билан сабр имтиҳонида муваффақият қозонишга ғайрат қилган мўминларнинг ойидир. Дабдабали исроф шоусига айланган ифтор дастурхонлари Раббоний васфдан бенасиб дастурхонлардир. Бир соат кейин ўқиладиган таровиҳ намозининг қийинлашишига олиб борган ифтор дастурхони Рамазонга оид эмасдир. Рамазондан олдин ҳам макруҳ бўлган исрофли бозор-ўчарларни Рамазон соясида мубоҳ қилиб олиш хатодир. Рамазон очлик тарбияси экан, уни очлик адабиётига айлантиролмаймиз. Куни кеча ароқ ичиш бемалол бўлган меҳмонхоналарда бугун ифтор дастурхонларининг ёзилиши, камига унинг “Аллоҳ розилиги учун ифтор бериш”, деб номланиши кулгулидир. Мусулмонлар дастурхонларига эгалик қилишлари лозим. Ичилиб-ичилмаслиги, ейилиб-ейилмаслиги шубҳали бўлган нарсалар ўрин олган ифтор дастурхонига қандай ўтириш мумкин?

Ифторларимиз “кимлар”нингдир чўнтакларини тўлдиришига сабаб бўлмасидан, Рамазон кунида овқатланмоқ миқдорича ундан узоқ турмоқ ва бунга ҳаракат қилмоқ керак.

Рамазон – саҳарлик ойи, рўза ойидир 

Бизнинг ифторга бўлган эътиборимиз саҳарликдадир. Рўзанинг бошланиши саҳарлик, тугаши ифторликдир. Рўзанинг тугаши бўлган ифторга қаратилган эътибор, боши бўлган саҳарликка қаратилмаса, бу яхшилик аломати эмас. Рўза ойи бўлган Рамазон, ифтор ойига айлантирилмаслиги даркор. Ҳатто “ифтор” сўзининг маъноси ҳам нотўғри қўлланилмоқдадир. Ифтор (тўйгунича ейиш эмас) фақат “оғизни очиш” демакдир.

2. Рамазон – исроф ойи эмас

Шубҳасиз, мол билан вақт исрофи ҳеч қачон хуш кўрилмайди. Рамазон ойида эса мол ҳамда вақт исрофига йўл қўйиш асло мумкин эмас. Истеъмол қилинмасдан ташланган егуликлар, бир кўришиб ҳол-аҳвол сўрашиш баҳонаси билан ўктазиб юборилган соатлар, умрлар Рамазоннинг пучга чиққанининг нишонанасидир. Овқатланиш вақтининг икки баравар камайишига қарамай, ошхона харажатларининг ортиши нимадан дарак бериши мумкин?

Кечаси ярим соатга камайган уйқу сабабли унга соатларча уйқуни илова қилиш, кундузлари уйқу билан вақтларни беҳуда ўтказиш Рамазонда юзага келган ишлардир. Молу вақтда исроф бор экан, Рамазон туби тешик бир пақирга айланиши мумкин.

Рамазон – зуҳд ва барокат ойи

Рамазон таом истеъмол қилишни ва иккинчи даражали эҳтиёжлар рўйхатини камайтириш ҳамда охират учун тайёргарлик кўриш фурсатидир. Рамазонда молимиз ҳамда вақтимиз баракали бўлиши, ўтган ўн бир ойда қилолмаган савобли амалларимизни қилиш имкони, вақти бўлмоғи лозим.

Аёлларимиз (оналаримиз, хотинларимиз, қизларимиз) муборак кунларни ошхонада овқат тайёрлаш ва идиш-товоқ ювиш билан ўтказмасликлари керак. Шунингдек, мўмин киши ҳам вақтини чойхонада ўтказиши тўғри эмас.

Бу ойда молимиз, вақтимиз, ибодатимиз, шууримиз, ухувватимиз (исломий ака-укалигимиз) баракали бўлиши лозим. Рамазон ойига киргандаги ҳолимиз яхши томонга ўзгарган ҳолда Рамазондан чиқмоғимиз керак.

3. Рамазон  – асабийлашиш ойи эмас 

Рўзадор бўлгани учун асабийлашган, бақириб-чақирган, уриб-синдирган мусулмон хатокордир. Ифторга етишолмагани, таровиҳга боролмагани учун бировларга азият етказадиган, беадаб сўзларни ишлатадиган мўмин, Рамазонини қўлдан бой берган мўминдир. Оила аъзоларидан бирини ранжитган, ҳамкасбларини ёхуд масжиддаги биродарларини хафа қилган мўмин синовини таҳликага қўйган мўминдир. Рамазонда асабийлашиб, бошқа пайтлар эса сабрли бўлган мусулмон, тузалиши қийин бўлган даъво эгасидир.

Рўзани бузувчи егулик-ичгуликлар сингари сўзлар ҳам тийилишимиз керак бўлган рўйхатдан ўрин олиши шарт.

Рамазон сабр-матонат ойидир

Рамазон фақатгина очликка эмас, нафсга оғир келган барча нарсаларга чидамли бўлиш ойидир. Тилга, қўлга, кўзга, ҳамёнга эгалик қила олиш ойидир. Гапиролган ҳолда гапирмаслик, еёлган ҳолда емаганчалик муҳимдир.

Саҳар ва ифтор соатларидаги Рамазон ва рўза аҳамиятини кун давомида давом эттира олиш, Рамазон руҳи билан яшашнинг исботидир. Рамазон сабр қилиш осон бўлмаган бир пайтга тўғри келиши мумкин. Чунки у бошқа бирор пайтда қўлга киритиш мумкин бўлмаган савоб ва барокат манбаларини ўзида мужассам қилган ойдир. Гулни яхши кўрган, тиканига ҳам чидашни билиши керак.

Қуйидагиларга чидашга мажбурмиз:

* гуноҳлардан тийилишнинг қийинлигига;

* ибодатларни бажаришдаги машаққатларга;

* мол, фарзанд ҳамда баданларимизга етган мусибатларга;

* уммати Муҳаммаднинг бошига тушган офатларга.

4. Рамазон – саёҳат ойи эмас

Шаҳарма-шаҳар айланиш Рамазонга алоқаси бўлмаган ишлардандир. Одатда мусулмонлар учун таътил ва саёҳат сезонига айлантирилган Рамазон тушунчаси руҳсиз ва ихлоссиз бир тушунчадир.

Масжидларнинг катталигию тарихийлигини кўраман дея айланмоқ, унинг минорасини, бунинг асарини суратга олмоқ Аллоҳ таоло ибодат ҳисоблаган ишлардан бўлмагани учун мўмин киши Рамазоннинг барокатли дамларини саёҳатларда, зиёратларда ўтказмасликка эътибор бериши лозим.

Бирор-бир кўча-кўй йўқки, кўз, қулоқ ҳамда дил офатга тушмасин, шундай экан, Рамазон ойида қайси кўча-кўйда сайру саёҳат қилиш мумкин?! Шундай экан...

Эътикоф қаерда-ю, сайру саёҳат қилиш қаерда?

Рамазонда тавсия қилинган нарса эътикофдир. Эътикоф эса масжидга бекинмоқдир.

Масжидга бекиниш билан масжидларни айланиб сайр қилиш бир хил нарса эмас.

Рамазонда тавсия қилинган бирдан-бир саёҳат умрадир. Рекламасиз, риёсиз, гўзал адо қилинган умра улкан ибодатдир.

5. Рамазон ўн икки ой эмас, бор-йўғи бир ойгинадир 

Рамазоннинг илк кунларини ҳаяжон билан бошлаб, ҳали ҳайит келмасидан ярмига келиб ташлаб юбормоқ, (савоб ишларда) секинлашмоқ, ибодатларни ва узоқ туриш лозим бўлган нарсаларни поймол қилмоқ энг камида ишни бошлаб, охирига етказмаслик ҳисобланади. Рамазоннинг охириги кунларида бўшашмоқ, бозор-ўчар сингари бирор мақсад билан бўлса-да, шайтоннинг кескин тузоқлари қўйилган бозорларда бу муборак соатларни сарфламоқ, кейинчалик афсус-надомат қилинадиган хатолардир. “Болажонлар учун ҳайитлик” номи остида катталарнинг ўзлари учун байрамга сарф-харажат қилиши яхшими?!

Охири бошидан аҳамиятли – савоб дарёси охиридадир

Бунинг учун Рамазоннинг охирги ўн кунини илк ўн кунидан-да ҳаяжонлироқ, савоб умидида ҳарис ҳолда ўтказмоқ таҳсинга лойиқ. Мусулмон кишининг на ҳайит бозор-ўчари ва на сайру саёҳат учун фидо қиладиган бирор соати бўлмаслиги керак. Рамазоннинг ҳар бир кечаси янги бир умид, ҳар тонги янги бир фурсатдир. Дастлабки кунларига қараганда охирги дамларида ҳаяжоннинг йўқолишини, ичимизни қоплаган гуноҳлардан покланмай, Рамазоннинг файзи барокатидан бебаҳра қолиш, деб тушунишимиз мумкин. Агар ҳайит байрами учун бозор-ўчар қилиш зарур бўлса, уни Ррамазондан олдин қилиб қўйиш ақлли инсоннинг иши бўлади.

6. Бўшашган намоз – намоз эмас

Таровиҳнинг дастлабки кунларида чиройли бажариб, Рамазон ойида кўп намоз қилинади дея охирига бориб, намознинг (қироат, рукуъ, сажда, қаъда, хотиржамлик каби) асосий қуроллари бўшаштирилмаслиги керак. Рамазон мўмин учун аҳамияти юксак бир ой бўлса, унинг ибодатларга қараган кўзи, азонни эшитган қулоғи, ўқиган тили бу аҳамиятга кўра кўриши, эшитиши ва гапириши лозим.

Таровиҳ кеча қиёмидир

Таровиҳ намози қўлдан бой берилмаслиги лозим, иложи бўлса, Қуръон хатми билан ўқилиши керак. Агар бунинг иложи бўлмаса, қироати дуруст имомнинг ортида ва ҳақиқий намоздек ўқилиши даркор. Таровиҳларни қўлдан бой бериш надомат манбаидир.

7. Қадр кечаси – имконият ўйини эмас

Дастлаб Қадр кечасини бир кунга чекладилар. Ҳолбуки, у Рамазон ичида яширилган бир хазина эди. Кейин эса ўша кечани одамлар ўзларича ўйлаб топган маросим ва “ибодат” ниқобли намойишлар орқали асарини ҳам қолдирмадилар. Қадр кечаси бир имконият ўйинига айланди-қолди. Бир дона ширин тешиккулча тарқатиш билан беэътибор ўтказиб юбориладиган бўлди. Эртанги кунга таъсири бўлмаган, фақат ўтмишнинг муваффақиятли қилиб кўрсатилишига ишонилган бир “қадр кечаси” ишлаб чиқилди. Ҳатто Қадр кечасининг мусиқаси ҳам ижод қилинадиган ҳолга келиб қолди...

Қадр – истиғфор кечаси, Аллоҳга қайтиш кечасидир

Қадр кечасининг бизга берилишининг сабаби гуноҳларимиздан покланишимиз учундир. У шундай кечаки, Рамазоннинг барча кечалари Қадр бўлиши эҳтимоли бўлган кеча, Аллоҳга қайтиш қароримизни берган, Қуръон ва Суннатга зид ҳаракатларимиздан қутулган ва бандаларнинг ҳақларидан узоқ бўлган кеча бўлиши керак!

Рамазоннинг 27-кечаси келиб, бизни топган Қадр кечаси эмас, бизнинг бутун Рамазон бўйича ортидан елиб-югурганимиз Қадр кечаси, бир умрга бадал бўладиган кечадир...

8. Рамазон – жиҳозлар орқали Қуръон ўқиттириладиган ой эмас

Рамазон мусулмонлар учун Қуръон ойидир. Ҳақиқий маънода Қуръон ойидир. Турли технологик жиҳозларга юкланган Қуръон сураларини эшитиш билан Қуръон тинглаган, яъни Рамазонга ярашган бир иш қилган бўлмаймиз. Қуръон кимга нозил бўлган бўлса, уни у ўқиши лозим. Қуръон инсонга нозил қилинган китобдир. Уни ўқиб, тинглашни инсон амалидан чиқарган татбиқотлар билан Қуръон ўқилган ҳисобланмайди.

Тижорийлаштирилмаган мажлисларда Қуръон ўқиб, тинглаш савиясига эришмоқ лозим.

Қанча Қуръон, шунча Рамазон!

У ҳолда Рамазон ойида алоҳида Қуръон ўқишга, англашга ғайрат қилмоғимиз лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ойда Қуръон ўқишни кўпайтирганларига қаралса, биз ҳам Қуръонни кўп ўқишимиз керак бўлади.

Ҳар кун эрталаб ва кечқурун маълум миқдор(масалан, ўн саҳифа)ни мунтазам ўқишимиз муносиб бўлади. Қироатимиз имкон борича овозли бўлсин. Аҳли оиламизда тинглаш имкони бўлса, улар ҳам тингласинлар. Бундан ташқари уларнинг ҳам Қуръон ўқишларини таъминлашимиз даркор.

Қуръонни эшитиш ҳам худди ўқиганчалик савобли ибодат ҳисобланади. Чиройли ўқиган қорини тинглашимиз айрича савобдир.

Қуръон ўқишдаги суннат, овозни чиқариб, маъносини билмаган тақдирда ҳам унинг теранр маъноларини тафаккур қилишга уриниб, маҳзун ҳолатда ўқишликдир.

Шунингдек, Қуръон ўқиганда фаришталарнинг ўқиган ҳарфларимизни битта-битта ҳисоблаб, ҳар бири учун савоб ёзиб боришларини англаган ҳолда ўқишимиз керак.

9. Закот – Рамазон ибодати эмас

Мусулмонлар янада кўпроқ савоб олиш мақсадида закотларини Рамазон ойида беришга ҳаракат қиладилар. Бу аслида, тўғри. Лекин Рамазон ойида закот бериш билан чекланиб, бошқа бирон-бир садақа бермаслик, садақа бўладиган ишлардан йироқ бўлиш – савоб имкониятини қўлдан бой беришдир. Бахилликдан узоқлашиш учун қулай бир фурсат бўлган Рамазонни шу боис ҳам нотўғри тушунмаслик керак.

Закот, садақа, зикр, илм, ибодат бизнинг йўл кўрсатувчи ишоратларимиздир.

Рамазон учган қуш мисоли хайр-эҳсонлар фурсатидир 

Рамазонда садақа бериш ва саховатпешалик, Исломга хизмат чексиз даражада бўлиши лозим. Бирни мингга, мингни миллионга кўпайтириб олувчи Аллоҳ таоло эканини билган ҳолда садақа йўлларида елиб-югурмоқ керак...

10. Рамазон – кўнгилхушлик ойи эмас

Уммати Муҳаммаднинг энг бебаҳо қадриятларидан бири бўлган Рамазон рўзаси, сиёсий ва тижорий мақсадларини қурол қилиб, “Рамазон кўнгилхушлиги”ни ишлаб чиққанлар, ғафлатлари боис бу каби ташкилий ишларга қўшилганлар, Исломий қадриятларнинг мусаффолигини бузишдек улканр гуноҳга қўл урган ҳисобланадилар.

Ўқилаётган газетадан тортиб, кўрилаётган телевизор, эшитилаётган радиога қадар бизни кимлар нималар билан машғул этаётганини англаб, ажратиб олишимиз шарт.

Рамазон – кўзёшлар ойидир

Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом шундай қилдилар. У зот алайҳиссаломнинг саҳобалари, уларнинг йўлларидан борганлар кўзёш тўкдилар. Улар кўнгилхушлик қилмадилар, абадий ҳаётларини ўйлаб, маҳзун ўтдилар...


 

Рамазоннинг (рисоладагидек) бир куни:

– Бомдод намози мутлақо масжидда жамоат билан ўқилади. Иложи бўлса, намоздан кейин ишроқ вақти (қуёш чиққандан 20-25 дақиқа кейин)гача кутилиб, кейин икки ракаат намоз ўқилади ва уйга ёки ишга кетилади. Бу орада (бомдоддан ишроқ вақтигача) тонгги зикрлар ўқилади ва Қуръон қироат қилинади (сўнг ишини орқага сурмайдиган миқдорда қисқа вақт ухласа, бўлади).

– Уйга ва ишга кетиш асносида йўлда кўз, қулоқ ва тилнинг манҳиётлари-қайтариқларига эътибор беради. Қуръондан ёд билган жойларини ўқийди.

– Намозлар мутлақо масжидда ўқилади. Азондан олдин таҳорат олинади, суннат намозларга аҳамият берилади.

– Барча бўш вақтлар зикр ёки Қуръон ўқиш билан ўтказилади. Зинапоя одимларини ҳам тасбеҳ қилинади (яъни ҳар бир одимда тасбеҳ айтади).

– Оила аъзоларидан бири ошхона ва шунга ўхшаш уй юмушларида вақтининг аксарият қисмини ўтказмаслиги учун уларга ёрдамлашиладики, уларда ҳам ибодат ва зикр учун вақт қолсин. Овқат пиширган ва идиш-товоқ ювган аёл ҳам зикрсиз қолмасин, Қуръондан ёд билган жойларини ўқисин.

– Ифтор вақти ҳаяжон билан кутилади. Бу дамлар болажонлар учун жозибадор ҳолатга келтирилади. Ифторга бир неча дақиқалар қолганда дуонинг энг залворли эшиклари очилгани сабаб дуо қилишга ўтилади. Оила аъзолари дуога “омин” деб турадилар. Ифтор қилинар-қилинмас шом намози ўқилади. Ифтор сабабли шом намози вақти чиқиб кетмаслигига эътибор берилади.

– Таровиҳ учун алоҳида тайёргарлик кўрилади. Тўйга кетаётгандай таровиҳга борилади. Уйдан таровиҳга кузатилаётган киши шаҳодатга кузатилаётгандек кузатилади. Дуо қилиши талаб қилинади.

– Таровиҳдан олдин ва кейин мўминлар орасидаги муҳаббатни орттирувчи суҳбатларга қатнашиши мумкин. Бу суҳбат ғийбат, чақимчилик, беҳуда гаплар бўлмаган суҳбат бўлиши керак.

– Таровиҳдан сўнг уй ичида қолмоқ энг яхшисидир. Саҳарликка осон тура олиш учун уйқуни қочирадиган таому ичимликлардан сақланиш керак.

– Саҳарликка албатта, турилади. Оила аъзолари ҳам турғизилади. Чиройли саҳарлик дастурхони тайёрлашда барака бор бўлиб, рўзанинг ҳам фазилатини оширади. Саҳарлик дастурхонини дуо дастурхонига айлантириш гўзал ҳамда мукаммал иш бўлади.

– Саҳарликдан кейин вақт қолган бўлса, таҳажжуд намозини ўқиш мумкин.

– Бомдод намозини ўқимасдан олдин ухламасликка аҳамият бериш керак. Бомдод намозига жамоатга чиқиш керак.

– Ҳар дуода Рамазон ойида қилган ибодатларининг қабул қилинишини ва кейинги Рамазонга саломат етиштиришини Аллоҳ таолодан сўраш лозим.