277 14.01.2017

Рамазон ойи кириб келар экан баъзи кишилар масъул бўлмаган нарсалар ҳақида бошқотириб, ўзлари билмаган ҳолда ўзаро кўнгилсизликлар келтириб чиқарадилар. Рамазон ойи бошида безовталаниб, бир-бирларига: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар. Ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқаларчи, энди нима бўлади?” деган турли хил гаплар тарқатиб юришлари қулоқларимизга чалиниб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Лекин бу каби гаплар фақат рамазон ойининг бошланишида эмас, балки охирида ҳам давом этади. “Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса рўзамиз, ёки бугун бизда ҳайит бўлса, фалон давлат рўзаларини очмабдилар”. 

 Тўғри,  баъзида бу каби гаплар кимгадир тасалли бўлиши мумкин, лекин бора-бора бу “тасаллилар” фитна эшиги очилишига сабаб бўляпти, мусулмонлар ўртасида тарафкашлик, тарқоқлик ҳамда ихтилофни келтириб чиқаряпти. Натижада, мусулмонлар ўртасида ака-укачилик ришталари узилиб, ўзаро бирликлари йўқолиб боряпти. 

Қанча-қанча кишилар борки, шариат масалалари борасида масъул бўлган кишилар томонидан рамазон ойининг тугаганлиги ва эртага ҳайит намози эканлиги ҳақида эълон қилиганини эшитсаларда, бундай фатво билан қониқмай ўзаро рўзаларини давом этишга келишиб оладилар. Яна шундайлари борки, диний масъуллар томонидан рамазон ойини бошланиш куни эълон қилинганини эшитадилар-у, лекин ўзга мамлакатларда бошқа кун эканини билиб, қалбларида юқоридаги фатвога қониқиш ҳосил бўлмаганидан эртаси куни ҳам ўзаро рўза тутмай юраверадилар.

Афсуски, бу ҳолат ҳар йили юз беряпти, тўхтагани йўқ!  

Бундай ҳолатда нима қилишимиз керак?... 

Яхшиси келинг, барчамиз бир ҳақиқатга эътиборимизни қаратайлик. 

Азизлар! Шариат масалалари борасида масъул бўлмаган, шу билан бирга илмсиз бўлган кишилар бундай ишга аралашишлари, ёки ўзларидан келиб чиқиб ёхуд бошқа мамлакатларга қараб турли хил фикрларни билдиришлари ва бу орқали инсонлар орасида шак-шубҳаларни пайдо қилишлари беҳудага вақтни сарфлаш ҳамда ўринсиз чираниш ҳисобланади. Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб айтганлар: “Киши исломининг гўзаллиги – уни ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилишидир” (Ибн Мажжа саҳиҳлари, Абу Ҳурайра ривояти: 3966 - ҳ). 


Аллоҳ таоло бандаларига вожиб қилган нарсалар икки қисмдир.

       1.   Аллоҳ таолонинг ҳар бир шахс бевосита тўғридан-тўғри ўзи бажарадиган буйруқлари. Бу қисмда ҳар бир киши ўзига буюрилган вожибларни адо қилиши ҳақида масъул бўлади.

      2.     Аллоҳ таолонинг бандаларига билвосита яъни, мусулмонларнинг ишбошилари – муфтийлар, имомлари томонидан буюрадиган вожиботлари. Ушбу қисмдаги масъулиятни ана шу ишбоши – раҳбар ўз зиммасига олади. Чиқарган фатвоси тўғри бўлса, нур устига..... Мабодо хато қилиб қўйса ҳам унинг гуноҳи барчани қамраб олмайди, балки ўзига тегишли бўлади, халос. Мана шу иккала ҳолатда ҳам яъни, тўғри топиши ёки хато қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолатда ҳам барча инсонлар ўзларининг пешвосига эргашишлари, улар йўллаган йўлдан юришлари лозим бўлади. 

Бу эса Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиш демакдир. 

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”. (Нисо: 59)

Демак, бир юртнинг диний раҳбари “Бу кеча рамозоннинг сўнги куни, эртага ҳайит” деб эълон қилар экан барчамизга ушбу буйруққа амал қилишимиз лозим бўлади. Аксинча, бу фатвонинг зиддига амал қилиб бу мавзуни кимларгадир “тасалли” қилиб олмоғимиз ёхуд ҳар қандай йиғилиш, ўтириш қилиб ўзаро фитна ўчоғини ёқиб фалон-фалон мамлакатларни бир-бирига қиёслашимиз, шунингдек юқорида таъкидлаганимиздек: “Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса рўзамиз ёки бугун бизда ҳайит бўлса, фалон давлат рўзаларини очмабдилар” шу каби мусулмонларнинг қалбларида ўзларининг диний раҳбарларига нисбатан ёмон кўриш, нафратланиш ҳис-туйғусини уйғотадиган турли хил фитна гапларни тарқатишимиз жоиз эмасдир. Чунки, бу нарсалар фақат ва фақат мусулмонлар орасида парокандаликни олиб келади. Бу нарса шайтон очган эшик ҳисобланади. Бу эшикнинг ортида фақат тарқоқлик, ўзаро ихтилофликлар ётибди. Аллоҳ таоло ушбу эшикнинг ортидан киришга биз мусулмонларга буюрмаган, қолаверса, бу иш борасида бошни қотиришимизга масъулиятни юкламаган. Бу иш инсоннинг вақтини, умрини беҳудага суворадиган, Аллоҳ таоло унга киришишимиздан қайтарган ишлардандир. Аллоҳ таоло неча йиллардан буён давом этиб келаётган, баъзи инсонлар наздида одат тусига кирган бу ишларга барҳам берсин!     

     Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ижтимоий ишларни Аллоҳ таоло ёлғиз шахслар, фуқороларга боғлаб қўймаган. Балки, бундай ишларни мусулмонлар раҳбарларига топширган. Тўғри, гоҳида ишбоши ҳам хато қилиши мумкин. Лекин уларнинг йўл қўйган хатолари ҳақида қиёматда бизлар сўралмаймиз. Балки бизлар Қуръони каримдаги ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифларда келган буйруғ-у ўгитларга амал тариқасида раҳбарларимиз фатволарига эргашмоғимиз лозимдир. 

Азизлар! Мабодо эртанги кунда юқорида айтганимиздек, бирор кишиларни ўзаро йиғилишиб олиб, шу каби фитналарни тарқатаётганини кўриб қолсак, ёки эшитиб қолсак, бу очилган эшикни ёпиб қўймоғимиз, айтаётган сўзлари-ю, қилаётган ишлари бекордан-бекорга вақтларини зойеъ қилиш, беҳудага ўзларини машаққатга солиш эканини уқтиришимиз, бу ишнинг лағв эканини айтиб, мусулмонларнинг якдиллиги, бирлигини сақлаб қолишимиз лозим бўлади. Унинг ўрнига атрофимизда эртанги кун - қиёмат куни саволга тортилишимиз мумкин бўлган, ўзимизга таъаллуқли қанча-қанча қилишимиз лозим нарсалар бор, яхшиси мана шу  нарсалар билан машғул бўлиб, камчиликларимизни ўнглашимиз зарурдир. 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу!   


 Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ