1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Райён ҳам рўзадорлар учун

05:00 / 14.01.2017 3514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рўзанинг фазилатлари

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир[1]”, деган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

“Ким иймонла, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса ва тунларини бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқади[2]”, деган Ҳабибимизга салавоту саломлар бўлсин!

Ёлғиз Аллоҳгагина қулликни шараф деб билган, дунёни иззат ва нусратга тўлдирган саҳобалардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин!

Қиёматга қадар ушбу муҳташам карвонга қўшилган иймон аҳилларига Аллоҳнинг нусрати ва нажоти бўлсин!

Аммо баъд;

Рўза ибодатларнинг энг улуғларидан, қурбатларнинг энг шарафлиларидан бири бўлиб, бу муборак ибодатнинг ҳозирда ва келажакда эришиладиган юксак самаралари мавжуддир. Рўза тутиш билан кишининг нафси покланади, қалби ислоҳ бўлади, аъзолари ва ҳиссиётлари гуноҳлардан жиловланиб,  ахлоқи гўзаллашади. Рўза орқали киши улуғ ажр ва савобларга мушарраф бўлади. Уни ҳалок этиши мумкин бўлган гуноҳлардан қутулади. Банда бошқа ибодатларда ета олмайдиган юксак даражаларга рўза орқали эриша олади. Аллоҳ таоло ҳадис қудусийда бошқа барча амаллардан рўзани ажратиб, уни Ўзига хос эканини эълон қилади:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим бераман”, деган...[3]”, дедилар”.

Рўзанинг шарафига, ажрининг буюклигига ва Аллоҳнинг наздидаги унинг мақомига  Аллоҳ таолонинг: “Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим бераман”, дейиши кифоя қилади.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

Одам боласининг барча амали (савоби) бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача кўпайтиририлади. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман”, деган”.  

Бутун оламларни яратган, барча хазиналар қўлида бўлган Зот сизнинг тутаётган рўзангиз учун мукофотни “Ўзим бераман”, деб турса, рўзани тутаётганлар хурсанд бўлмай яна ким хурсанд бўлсин!?

“Сен: «Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт”[4].

‑ Рўза тақво жамғармасидир.

Бошқа амаллардан кўра рўзада кишининг ихлоси яққол намоён бўлади. Рўза банда билан унинг Роббиси орасидаги сирдир. Бу сирни фақат банда ва унинг Роббисигина билади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани фарз қилганлигини эслатиб, ортидан: “Шоядки тақводор бўлсангиз”, деган. “Шоядки” калимаси бандаларга нисбатан орзу ёки умидни билдирсада, лекин буни Аллоҳ таоло айтса, у “албатта” маъносини ифода қилади. Шунга кўра рўза тутган инсон албатта тақводор бўлади. Рўзадор имконият топганда ҳам одамлардан беркитиб бирор нарса еб ёки ичиб олмайди. Аллоҳ кўриб турибди деган туйғу уни бундай қилишига имкон бермайди. Бу эса айнан тақвонинг ўзидир. Агар инсонда тақво шаклланса у дунёда қўлга киритиши зарур бўлган энг катта ютуққа эга бўлибди. Аллоҳ таоло наздида амалларнинг қабул бўлиши тақвога боғлиқдир.

“Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади[5]”.

Кишида тақво ҳосил бўлар экан, у тақво сабабли ҳар қандай мушкулотлардан чиқиб кета олади:

“...Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўяди. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради”[6].

Ҳар қандай амалнинг қандай якун топиши маълум эмас, лекин тақво билан бошланган амалнинг оқибати албатта ютуқдир:

Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришгувчилардир”[7].

Рўзанинг самараларидан бўлмиш тақво инсоннинг икки дунё саодати кафолати ҳисобланади. Шундай экан бу имконитдан оқил инсон фойдаланиши лозим. Бундай ғаниматни қўлдан чиқариш надоматларнинг энг каттасидир.

‑ Рўза сақловчидир.

Кишининг ҳалокатга ундайдиган асосий омиллардан бири унинг ўз нафси бўлиб, агар эҳтиёжлар жиловланмаса, улар инсонни дунё ва охиратда бадбахт бўлишига олиб боради. Уларни жиловлаш эса тўсатдан содир бўлмайди. Албатта бунинг учун ҳам тажриба ва малака керак. Ушбу малаканинг ҳосил бўлишида энг қулай тажриба имкони рўзада вужудга келади. Рўза тутаётган инсон ўз эҳтиёжларини жиловлашни ўрганади. Бу тажрибани бир ой мобайнида амалга оширгач унда мустаҳкам ирода юзага чиқади. Энди у нафси нима деса эргашиб кетавермайди. Рўзада орттирган малакаси уни нафс кўйига тушиб қолишдан асрайди, ҳимоя қилади.  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”[8].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта рўза сақловчидир. Банда у сабабли дўзахдан сақланади”[9].

‑ Рўза дуолар ижобат бўлиши сабабларидан биридир.

Аллоҳ таоло Ўз каломида рўза борасидаги оятларни нозил қилгач, уларнинг ортидан: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Шундай экан, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар[10]”, деган. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишини эслатган  ушбу оятга энг яқин амал рўзадир. Банда Аллоҳнинг айтганини қилиб рўза тутса ва унинг ортидан Роббисидан нимани сўраса У Зот уни албатта беради.

‑Рўза гуноҳларга каффоратдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Беш вақт намоз, жума жумагача, рамазон рамазонгача агар кабиралардан сақланса орасидаги нарсаларга каффоротдир”[11].

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Арафа кунги рўза тўғрисида сўралди. Шунда у зот: “Ўтган ва келаси бир йилга каффорот бўлади”,  дедилар. Ашуро куни рўзаси тўғрисида сўралди. Шунда у зот: “Ўтган бир йилга каффорот бўлади”,  дедилар”[12].

‑Рўза ўз соҳибини қиёмат кунида шафоат қилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон Қиёмат куни банда учун шафоатчи бўлишади. Рўза: “Эй Роббим, буни кундузи таом ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Эй Роббим, буни тунда уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Шунда улар шафоатчи бўлишади”[13]

‑Рўза ўз соҳибига икки дунё хурсандчилигини ато қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Рўзадорга икки хурсанчилик бордир. У иккисини ҳам бошидан ўтказади. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади ва қачон Роббисига йўлиқса, рўзаси ила хурсанд бўлади[14]».

Бу дунёдаги хурсандчилик Аллоҳнинг фазли ва марҳаматининг инъикосидир. Ушбу хурсандчиликни таърифлаш жуда қийин, балки буни фақат яшаб кўриш, хис этиш мумкин! Охиратдаги хурсандчиликни эса энг тўғри сўз зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бермоқдалар. Рўзадор инсон Роббисига йўлиққанда Ҳақ таолонинг ўзидан рози эканини кўриб хурсанд бўлади. Бу хурсандлик ҳар бир мўъминниг орзусидир. Аллоҳ таоло барчамизни ўша сурурга ҳам етказсин!

‑Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоғ таоло наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир.

Рўзадор инсоннинг бир муддат ҳеч нарса емаслиги, унинг меъдасидан ҳид чиқишига сабаб бўлади. Лекин бу ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир[15]”.

Шунинг учун ҳам фуқаҳоларимиз рўзадорнинг кун ярмидан сўнг мисвак ишлатмаслигини тавсия этадилар. Чунки агар мисвак ишлатилса Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра хушбўй саналган ҳидни кетказиб қўйган бўлади. Гарчи бу ҳид дунёда бадбўй туюлсада, Аллоҳ таолонинг ибодатида ҳосил бўлгани учун қадрлидир. Бу ҳадиснинг далолатига кўра рўза тутган кишининг қиёматда оғзидан ўта хушбўй ҳид таралиб туради. Унинг хушбўйлиги Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг хушбўйлигидан кўра муаттарроқ бўлади. Бу мақомдан қиёмат куни рўзадорлардан бошқа фақат  шаҳидларгина баҳраманд бўлишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Аллоҳ йўлида жароҳатланган киши албатта қиёмат кунида жароҳати қонаган ҳолда келади. Унинг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади”[16].

Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид эса мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқ бўлади!

‑Рўзадорларнинг жаннатга кириш эшиклари ўзлари учун хосдир!

Жаннатда фақат рўзадорларгина кирадиган бир эшик бўлиб, унинг номи Райён дейилади. Рўза тутганларни эҳтиром қилиб, уларнинг шарафини улуғлаб шу эшикдан киришлари айтилади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаннатда бир эшик бўлиб, уни “Райён” дейилади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорларгина киришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар кириб бўлишгач (эшик) ёпилади, ундан бошқа ҳеч ким кира олмайди”[17] 

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг рўзаларимизни қабул қилсин! Ўзининг ибодатига муваффақ қилганидан масрур бўлганимиздек, Ўзига йўлиқадиган кунда ҳам розилиги ила бизларни хурсанд қилсин! Ўзимиз сўнгида Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин!

Аброр Мухтор Алий.  Ҳижрий 1434 йил, 7 рамазон.

 

 

 

 

[1] Бақара сураси 184 оят.

[2] Муттафақун алайҳ.

[3] Бухорий ривояти.

[4] Юнус сураси 58 оят.

[5] Моида сураси 28 оят.

[6] Талоқ сураси 2‑3 оятлар.

[7] Нур сураси 52 оят.

[8] Муттафақун алайҳ.

[9] Аҳиад ибн Ҳанбал ривояти.

[10] Бақара сураси 186 оят.

[11] Муслим ривояти.

[12] Муттафақун алайҳ.

[13] Имом Аҳмад ривояти.

[14] Муттафақун алайҳ.

[15] Муттафақун алайҳ.

[16] Бухорий ривояти.

[17] Муттафақун алайҳ.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Инсоннинг йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки давоми...

2979 05:00 / 11.01.2017
Шарият истилоҳида .Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир,.Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий давоми...

2840 05:00 / 11.01.2017
Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси ndash қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар.Иккинчиси ndash фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.Қазо ва каффорат давоми...

17596 18:39 / 21.05.2018
Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно. Бу ҳолатларда бирон нарсанинг давоми...

1936 13:08 / 26 март