29 18.04.2017

Рад луғатда: қайтариш маъносидадир. Аллоҳ таолонинг сўзига ўхшаш

 ﴿…فارتدّا علي آثارهما قصصا ﴾ 

яъни: «Сўнг (Хизрни қидириб) изларига қайтдилар».(Каҳф-64)

Рад Авлнинг зиддидир. Чунки Авл бу масаланинг аслига зиёда қилишлик, рад эса масаланинг аслидан туширишдир.

Истилоҳда эса: Фарз эгаларининг улушларидан ортиб қолганини агар улар ичида асаба бўлмаса, ўзларига қайтариш. Бу қайтариш эса уларнинг ҳақлари миқдорича бўлади ва шунинг учун ҳам Сажовандий (р.а.): «Рад-Авлнинг зидди, фарз эгаларидан ортиб қолган нарсани, агар бунга ҳақли одам топилмаса ўзларининг ҳақлари миқдорича фарз эгаларига қайтарилади, фақатгина эр-хотин бундан мустасно, чунки уларга қайтарилмайди» деб айтганлар.

Бизнинг замонимизда байтулмол йўқлиги сабабли,мерос тақсимотидан ортиб қолган улушни насабий фарз эгалари ва завил арҳомлар бўлмаган ҳолда эр-хотинга қайтарилади.

Ортиқча улушни фарз эгаларига Рад (қайтариш) борасидаги мазҳабларнинг фикри:

1. Зайд ибн Собит (р.а.) айтдилар: Ортиб қолган улуш фарз эгаларига қайтарилмайди, балки байтулмолга қўйилади. Бу Имом Шофеъий ва Молик (р.а.) сўзлари ҳамдир.

2. Кўпчилик саҳобалар ва ҳанафий уламоаларининг фикрига кўра эса, қолган молни фарз эгаларига қайтарилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини далил қиладилар:

 

 ﴿ وأولوا الأرحام بعضهم أولى ببعض في كتاب الله إن الله بكلّ شيء عليم ﴾ (75) –  أنفال

Аллоҳнинг Китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўрбўлишгаҳақдорроқдирларАлбаттаАллоҳ ҳамма нарсанибилгувчидир.(Анфол сураси-75)

 Чунки Аллоҳ таоло қариндошликни байтулмолдан  олдин зикр қилди. Агар фарз эгаларидан ва асабалардан ҳеч ким топилмаса, қариндош бўлган завил-арҳамларга берилади ва байтулмолга қўйилмайди. Шунингдек агар фарз эгалари бор бўлсалар уларга қайтарилади ва байтулмолга қўйилмайди.

 

РАД БОБИДАГИ ТЎРТ ҚОИДА

1. Қоида: Масалада уларга рад қилинадиган кишилардан бир навъ бўлса, уларга рад қилинмайдиган меросхўрлар (эр-хотин) йўқ бўлса, масала уларнинг сонларидан эътибор қилиб олинади. Мисол: бир киши ўлиб иккита қиз ёки иккита сингил ёки икки бувиларни қолдирди, бу суратларда масала 2 дан қилинади ва улардан ҳар бирига ярим берилади.

2. Қоида: Агар масалада уларга рад қилинадиган меросхўрлардан икки навъ ёки уч навъ жамланса, уларга рад қилинмайдиган меросхўрлар йўқ бўлса, бунда масала уларнинг улушларининг сонини эътибори билан бўлади. Мисоллар:

а) Бир киши ўлди ва буви, она бир опа ёки сингилни қолдирди. Масаланинг асли 6 дан ва лекин бошқа меросхўр йўқ бўлгани учун масала 2 дан қилинади, бу эса уларнинг улушларининг сонидир ва улар орасида тенг тарқатилади, агарчи улардан ҳар бирининг насибаси Рад қилишдан олдин 1/6 бўлса ҳам.

б) бир киши ўлиб она ва онанинг болаларини қолдирди. Онага 1/6 бўлади. Онанинг болаларига 2/3. Демак масала 6 дан бўлади, лекин бошқа меросхўр йўқ бўлганлиги учун масала 3 дан қилинади: 1/3 онага ва 2/3 онанинг болаларига берилади.

в) майит қиз ва ўғилнинг қизи ва онани қолдирса, қизга 1/2 ярим, ўғилнинг қизига 1/6, онага 1/6 демак улушлар 5 бўлади ва 1 улуш ортиб қолади, (масаланинг асли 6 дир) ва шунинг учун масала улушларнинг сонини эътибори билан бўлади: 3 улуш қизга, 2 улуш ўғилнинг қизи ва опага биттадан берилади.

3. Қоида — рад қилинадиган меросхўрларнинг бир навъи билан рад қилинмайдиган меросхўрлар бўлса, аввало рад қилинмайдиган  меросхўрнинг  фарзи берилади. Сўнгра эса қолгани рад қилинадиган меросхўрларга тарқатилади.

Масалан: бир аёл вафот этиб, ундан эр (у рад қилинмайдиган меросхўр) ва 3та қиз қолди. Масала 12дан ҳисобланади, чунки масалада 1/4 билан 2/3 бирга келган. Эрга (масалани 4га рад қилиб бўлганимиздан кейин) 4 дан 1 улуш берилади ва 3 қолади, 3 улушни эса, учта қиз орасида тарқатилади ва агар рад қилинмаганда эди 3 қизлар  8 улуш олар эдилар ва 1 эса ортиб қолган бўларди.                                         

4. Қоида: рад қилинадиган меросхўрларнинг икки ёки уч навъи билан рад қилинмайдиган меросхўр бўлса, унга рад қилинмайдиган меросхўр улушининг махражидан қолган нарсани унга рад қилинадиган меросхўрнинг масаласига тақсимланади. Масалан: Маййит ўлиб хотин, буви ва 6 та она бир опа-сингил қолдирди. Хотинга 1/4, бувига 1/6 ва опа сингилларга 1/3. Демак масала 12дан: 1/4=3 хотинга берилади. 9 қолади бошқа меросхўрларга, агар 1/6=2 бувига берилса ва 1/3=4 опа-сингилларга берилса, жами берилган улуш 6 бўлади. Масала аслидан 3 ортиб қолади. Лекин биз рад қилдик ва қолган ҳаммасини буви билан опа-сингилларга ҳеч нарсани қолдирмай тарқатдик: Агар хотинга 1/4нинг энг кичик махражи (4)дан ўз улушини берсак, 3 қолади ва буви билан опа-сингиллар орасида тақсимланади: 1/3 бувига, 2/3 эса опа-сингилларга берилади.

          Мавзуга оид таянч сўзлар: авл, рад, махраж, улуш.

       

          Мавзуга оид адабиётлар:

 

1. Муҳаммад Анвар Бадахшоний, «Тавзихул-фароиз ас-сирожия».        Мадина Мунаввара, 1992-й.

2. Муҳаммад Али Собуний, «Ал-маворис фиш-шариатил-исломия», Лубнон

3. Носир ибн Муҳаммад Ғомидий, «ал-Хулоса фи илмил-фароиз» , Макка Мукаррама, 1996-й.

4.    Муҳаммад Амин ибн Обидин, «Раддул мухтор алад-дуррил-мухтор», Қоҳира, 1966-й.

5.    Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий, «Ал-Мабсут» Қоҳира, 1900-й.

6.    Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий, «Туҳфатул-фуқаҳо», Дамашқ, 1956-й.

7.    Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад ал-Косоний, «Бадоиус-саноиъ фи тартибиш-шароиъ», Қоҳира, 1910-й.

8.    Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд ибн Мадуд-дин ал-Мавсилий, «ал-Ихтиёр литаълилил-мухтор», Қоҳира, 1951-й.

9.    Бурҳониддин ал-Марғиноний, «ал-Ҳидоя шарҳ Бидоятил-мубтадий», Қоҳира. 1996-й.

10. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий ар-Раҳабий, «ал-Фароиз ар-Раҳабия», Дамашқ, 1903-й.

11. Сирожуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдуррашид Сажовандий», «ал-Фароиз ас-Сирожия», Деҳли, 1860-й.