1443 18.12.2017

Ислом оламида, хусусан, Саудия Арабистонида яқиндагина содир бўлган нохуш воқеалар порахўрлик масаласи ўта муҳимлигини кўрсатиб берди.

Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишда тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончи йўқолиши, одамларнинг ўз ҳаётларини ўзгартиришга қаратилган ташаббуслари йўққа чиқиши сингари ўта салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. 

Таассуфки, аксарият мусулмон мамлакатларида Шариат аҳкомларига юзаки амал қилинаётгани туфайли порахўрлик касали жиддий тус олган. Эътиборингизга ҳавола этилаётган пайғамбарлар Сайиди суюкли Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган 15 та ҳадиси шариф Ислом дини ҳақиқатдан порахўрликка қарши курашишини  амалда кўрсатмоқда ва ҳар бир мусулмонни, жамиятни бу касалликдан халос этиш учун жидду-жаҳд билан ҳаракат қилишига ундамоқда.     

Элга хизмат қилмок улкан масъулиятдир.

  • Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини эшитганман:

“Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир. Имом ҳам бошлиқдир. У қавмига масъулдир. Эр киши ўз аҳлига бошлиқдир. У аҳлига масъулдир. Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У болаларига масъулдир. Хизматкор хожасининг мол-мулкига бошлиқдир. Ва қўл остидагиларга  масъулдир” (Муттафақун  алайҳ).

Яна у зот алайҳиссолату васаллам:

“Эр киши отасининг мол-мулкига бошлиқдир ва унга масъулдир. Ҳар бирингиз омонат учун масъулсиз” деганлари эшитганман (Имом Бухорий ривояти).

2. Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Агар Аллоҳ қайси бир қулини халққа бошлиқ этса-ю, у ўлаётган пайтида ҳам халқни алдаган ҳолида ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади”.

3. Бир куни Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мени ҳам бирор ерга волий қилиб юбормайсизми?”, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг елкасига бир уриб: “Эй Абу Зарр! Дарҳақиқат сен заифсан. Валийлик эса омонатдир. Омонатни адо этмаган волийлар Қиёмат кунида иснод ва ҳасрат-надоматни топадилар”, – дедилар (Имом Муслим Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Порахўрликка қарши курашиш жамиятнинг ҳар бир аъзосининг бурчидир.

4. Абу Саид Худрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлардан бирортангиз инкор этиладиган нолойиқ ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Аммо мана шу қалби билан қайтаргани иймоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти).

5. Нўъмон бин Башир розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Аллоҳнинг қайтарганларидан қайтувчига ва қайтмайдиган кишилар мисоли кемага чиққан қавмга ўхшатилади. Уларнинг баъзилари кеманинг юқори қисмига, баъзилари эса пастки қисмига жойлашишган. Кеманинг пастки қисмидагилар сув ичмоқчи бўлса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эди. Шунда пастдагилар агар ўзимизга шу ердан тешик тешиб олсак, юқоридагиларга азият бермас эдик, дейишди... Шу вазиятда агар тепадагилар пастдагиларни кеманинг тагини тешишларига эътиборсиз бўлишса, барчалари ҳалок бўлади. Ва агар уларни бу ишдан қайтаришса, барчалари нажот топади” (Имом Бухорий ривояти).

6. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссолату васалламдан ривоят қилади: “Биродаринг золим ёки мазлум бўлсин, унга ёрдам бер деганларида, қандоқ қилиб золимга ёрдам бераман дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулмини даф қилиб монеълик қилишинг ана шу ёрдамдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Амали ва мансабидан ўз манфаати учун фойдаланиш хиёнатдир.

7. Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Баний Сулайм аҳлидан садақа (закот) йиғишда Ибн Лутбия исмли бири кишининг хизматидан фойдаландилар, у закот йиғиб келгач, Жаноб алайҳиссолату васалламга ҳисоб-китоб бераётиб: “Бу (закот) сизники, бунисини эса менга ҳадя қилишди”, – деди. Шунда Набий алайҳиссалом минбарга чиқиб: “Нега мен юборган хизматчи: “Бу сизга, буниси эса менга”, – деб айтади? Отаси ёки онасининг уйида қолганда, унга ҳадя улашишармиди? Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, кимки ўзига тегишли бўлмаган нарсани олса, у Қиёмат куни елкасида ҳанграётган туяни ёки маъраётган сигирни ёки баълаётган қўйни топади”, деб айтдилар”.   

8. Адий ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни бирор ишга бошлиқ қилсак-да у игнадек нарсани яширса Қиёмат куни омонатга хиёнат қилгани учун жавобга тортилади. Шунда ал-Ансор қабиласига мансуб қора танли бир киши Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менга топширган ишингизни қайтариб олинг (яъни закот ва садака йиғиш вазифасини)”, деб айтди. Расули акрам алайҳиссолату васаллам: “Сенга нима бўлди?”, деб сўраганларида ҳалиги одам: “Сиз шундай-шундай деганингизни эшитдим”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳозир яна қайтариб айтаман, кимни бирор ишга бошлиқ қилсак, ози ва кўпини яширмай олиб келсин. Нимани берсак, уни олсин. Нимадан қайтарсак, уни олишдан ўзини тийсин”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

9. Абу Хумайда ас-Саидия розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бошлиқларнинг ҳадя ва совғалар олишлари ҳаромдир”.

10. Бурайда ибн ал-Ҳусайб розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: “Биз бирор ишга бошлиқ қилиб тайинлаган одам унга белгиланган маошдан ортиқ мол топса, у учун ҳаромдир” (Имом Абу Довуд ривояти).

11. Хавлат бинт Амир розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти).

Порахўрлар ўзларини ўнглаб олишлари учун жиддий огоҳлантириш.

12. Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатлагандир” (Имом ибн Можа ривояти).

Маҳкамалардаги ҳукм чиқаришда бўладиган порахўрлик ҳаракатларининг олдини олиш.

13. Ибн Бурайда отасидан эшитиб Набий алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Қозилар уч хил бўлади. Иккиси дўзахда, бири эса жаннатда. Бир киши ҳақни танийди ва у билан ҳукм қилади. Бу турдагиси жаннатда. Бир киши ҳақни танийди-да, ҳукм этишда жабр қилади. Бу турдагиси дўзахдадир” (Имом Ҳоким ривояти).

14. Убайдуллоҳ ибн Абу Бакр Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурлурида эдик, шунда у зот: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми?” деб уч марта айтдилар кейин дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш...” Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдиларда: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” деб такрорлайвердилар, ҳаттоки биз: “Қанийди тўхтасалар эди, деб қолдик” (Имом Бухорий ривояти).

15. Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Маҳзум қабиласидан бўлган бир аёл қарзга нарса олиб уни қайтармас, тан олмас эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлини кесишни буюрдилар. Аёлнинг қариндош-уруғлари Усома ибн Зайднинг олдига келиб, у билан гаплашишди. Усома Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга аёл ҳақида гапирган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Усома, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳадларидан биронта ҳад борасида ҳам ўртага тушганингни кўрмайин”, дедилар. Сўнг туриб одамларга қарата шундай хитоб қилдилар: “Албатта, сизлардан олдин ўтганлар агар ораларида шарафли, обрўли киши ўғирлик қилса авф этиб, заиф киши ўғирлик қилса, қўлини кесганлари сабабли ҳалок бўлганлар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ўғри Муҳаммаднинг қизи Фотима бўлганида ҳам, албатта, қўлини кесган бўлардим”. Кейин ўғри аёлнинг қўли кесилди” (Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Насоий ривоятлари).