2767 09.04.2017

91. (87). Абу Усайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:  «Ҳа! Тўрт нарса қолди: Уларга дуо қилмоғинг, уларга истиғфор айтмоғинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилмоғинг», дедилар. 

Шунда ҳалиги одам: «Бу қандай ҳам улуғ!» ёки «Бу қандай ҳам яхши, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

«Бас, унга амал қил!» дедилар». 

Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.

Ана ўша йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.

Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этгандан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.

1. Дуо қилиш. 

Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

2. Истиғфор айтиш. 

Ота-онасининг гуноҳини кечишни Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.

3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш. 

Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларини икром қилиш. 

Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савобларни етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон фарзандлар ота-оналарига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлганлари.

2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.

3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши кераклиги.

4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.

5. Фарзанд вафот этган ота-онасининг аҳдига вафо қилиб туриши кераклиги.

6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.

Бундан тушуниб оламизки, ота-она ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилишнинг эшиклари очиқдир. Мана шу ривоятда келганидек, боланинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта ҳаққи қолар экан. Уларни қилиб туриш боланинг вазифаси экан.

92. (98). Ҳаммамдан ривоят қилинади:

«Каъбга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.

«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди». 

Шарҳ: Ровий Ҳамам Каъбул Аҳборга ўзини қийнаб юрган масалани дилидан чиқариб баён қилди. «Ота-онамга қилолмай қолган яхшилигим учун Аллоҳнинг ўзидан сабр сўрайман», деди.

Мана шу гап уни доимо қийнар эди. Ота-онаси тирик чоғида уларга кўнгилдагидек хизмат қила олмади. Улар ўтиб кетганларидан кейин қадрларини тушуниб етди. Энди афсус-надомат чекмоқда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу экан-да. Ота-она тирик чоғида, олдида турганларида уларнинг қадрини тушуниб етмабди. Дунёнинг ташвишини қилибди. Болам-чақам, дебди.

Мана, энди афсус қилмоқда. Қани эди, ҳозир ота-онаси тирик бўлсалар-у, у кечаю кундуз ихлос билан хизматларини қилиб, дуоларини олса. Афсус, афсус! Энди иложи йўқ. Улар қайта тирилиб келишмайди. Ҳамам уларга яхшилик қила олмайди. Бутун умри афсус билан ўтади.

Каъбул Аҳбор кутилмаганда Ҳамамнинг хаёлида йўқ гапни айтиб қолди.

«Уларга яхшилик қилишинг ўтгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».

Ҳа, ота-онангга яхшилик қилолмай қолганинг йўқ. Улар вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсанг бўлаверади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ота-оналаримизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун сен уларнинг икковларига истиғфор айтиб тур. «Аллоҳим, отамни мағфират қил, онамни мағфират қил, гуноҳларини кечир», деб тур.

Ота-онангга намозингда дуо қилиб тур. Рўзангдан ҳам уларга насиба ажрат. Савобини уларга бағишла. Уларни йўқлаб, садақа қилиб тур. Ўша садақанинг савобини уларга бағишла. Бу ишларинг ота-онангга худди тириклик чоғларида яхшилик қилганингдек бўлади.

Демак, инсон ота-онасининг ортидан дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, намозидан, рўзасидан, садақасидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриш билан ҳам ота-оналарига қиладиган яхшилигини давом эттириши мумкин экан.

Фарзанднинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилиши ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар билан чекланиб қолмайди. Балки булардан бошқа ишлар билан ҳам ота-онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик қилиш мумкин. Ана шундай ишлардан баъзилари кейинги бобларда келади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)