1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Омонатдор бўлайлик!

05:00 / 17.02.2017 6340 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Омонатдорлик чин мўминлик белгиси, мўмин кишининг асосий сифатидир. Аллоҳ таоло бизларни омонатдор бўлишга амр қилиб шундай деган: 

“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо, 58). Бошқа оятда эса бундай деган:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол, 27). 

Хўш, омонат нима? Омонат – бир кишига бошқа бир киши ёки бир Зот томонидан вақтинча ишониб топшрилган сўз, мол, амалдир. Омонатларнинг ичидаги энг каттаси – диндир. Аллоҳ таоло айтади: 

“Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир” (Аҳзоб, 72). 

Бу оятда зикри келган омонат дин омонатидир. Биз омонатни яхши тушунишимиз учун салафи солиҳларнинг ҳаётига мурожаат қилмай иложимиз йўқ. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлиб турган пайтларида халқнинг аҳволидан бевосита ўзлари хабардор бўлиш мақсадида шаҳар кўчаларини тунда айланар эдилар. Айланиб юрган чоғларида бир хонадонда олов ёқилганининг белгисини кўрдилар ва ўша ҳовлига яқин бордилар. Ҳовлида бир аёл катта қозонни тагига олов ёқиб қўйиб, кабгир билан ўша қозонни айлантираётган эди. Қозоннинг ичида эса сув қайнарди. Аёлнинг ёнидаги фарзандлари қоринлари жуда очиқиб кетганидан “Онажон, овқат пишдими?” деб тинмай парвона бўлиб йиғлашарди. Она эса: “Ҳозир, бироз сабр қилиб туринглар, пишай деб қолди” деб уларни юпатар эди. Бу ҳолни кўриб турган халифанинг ёнида Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бирга эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шеикларига: “Жимгина кузатиб турайликчи, нима бўлар экан” дедилар. Тинмай овқат сўраётган болалар йиғлайвериб-йиғлайвериб, охири чарчаб, ухлаб қолишди. Шунда халифа Умар ичкарига кириб, аёлдан: “Эй Аллоҳнинг чўриси, нега бу қозондаги нарсалардан болаларингизга бермаяпсиз?” деб сўрадилар. Ҳалиги аёл: “Бу овқат эмас. Бу оддий сув. Ичига тош солиб қайнатяпман. Бу билан болаларимни чалғитяпман, холос” деб жавоб берди. Халқларидан бирининг бундай аянчли аҳволдалигини кўрган халифа аёлга: “Амирул мўъмининнинг олдига борсангиз бўлмайдими?” дедилар. Аёл: “Аллоҳга қасамки, Умар бизга зулм қилди” деб жавоб берди. Чунки у аёл Умар ибн Хаттобни танимас эди. Халифа Умар аёлдан: “Эй Аллоҳнинг чўриси, Умар сизга қандай қилиб зулм қилди? Ахир у сизнинг ҳолингиздан хабардор эмас-ку!” деб сўрадилар. Аёл: “Бизнинг устимиздан раҳбарлик қилаётганидан хабари бор-у, бизнинг аҳволимиздан хабари йўқ экан-да?! Ваҳоланки, биз кабиларнинг ҳолимиздан хабар олиш унинг зиммасидаги вазифаси эди. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурига борганда “Умар бизга зулм қилди” деб У Зотга шикоят қиламан” деди. Бу гапларни эшитган халифа дарҳол у ердан чиқиб, тўғри байтулмолга бордилар. Ун, шакар, ёғ ва бошқа озуқаларни елкаларига ортиб, аёлнинг уйи сари жўнадилар. Елкаларидаги юк жуда оғирлигидан соқоллари ерга тегай деб қолди. Буни кўрган Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Келинг, мен ҳам юкнинг бир томонидан кўтаришиб юбораман” дедилар. Шунда Ҳазрати Умар: “Қўлингни торт! Қиёмат куни Аллоҳ мени ҳисоб-китоб қилаётганда юкимнинг бир четидан кўтара олмайсан” дея унинг илтимосини рад этдилар. Ўша оғир юкларни бир ўзлари кўтариб, аёлнинг уйига етиб бордилар. У зот халқнинг устидан раҳбар бўлиш улкан омонатлигини жуда яхши билар эдилар. Юкларни олиб боргандан кейин аёл ва болаларининг қорнини тўйғаздилар. Улар овқатланиб бўлишгандан кейин Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аёлга: “Эртага халифанинг олидага боринг. Сизнинг номингиздан Умарга озгина гапириб қўяман” дедилар. 

Тонг отгач, аёл халифанинг ҳузурига борди. У ерда Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумлар кечаги юк кўтариб келган кишига “Амирул муъминин” дея мурожаат қилишаётганини кўриб қўрқиб кетди. Чунки у “Умар бизга зулм қилди” деб Умарнинг ўзига айтганини сезиб қолди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг чўриси, чўчиманг! Сизга қилган зулмимни мен сотиб олмоқчиман” деб байтулмолдан олти юз дирҳам пул бердилар. Пулни аёлга узатаётиб: “Буни олинг ва мени кечирганингизни бир қоғозга ёзиб беринг. Вафот этганимда шу қоғозни кафанимга қўшиб кўмишади. Қиёмат куни ўша қоғоз билан тирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига борганимда, “Эй Роббим, Сен менга раҳбарликни омонат қилиб берган эдинг. Мен шу омонатга хиёнат қилиб қўйган эдим. Бир халқимга зулм қилиб қўйгандим. Ўша халқимни рози қилдим. У ўз розилигини шу қоғозга ёзиб берди” деб ўша қоғозни кўрсатаман” дедилар. Кейин аёл “Умар бизга зулм қилмади. Биз Умардан розимиз” деб ёзиб берди. 

Ҳа азизлар, улар омонатни ана шундай тушунишган. Биз эса омонат деганда фақат пулни тушунамиз, холос. Аслида омонатнинг турлари жуда ҳам кўп. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатлари ҳақида шундай деган: 

“Улар (мўминлар)(одамларнинг берган) омонатларига ва ўзаро боғлаган аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун, 8). 

Сиз билан биз юз марталаб намоз ўқиб, юз марталаб мўминликнин даъво қилмайлик, агар олган омонатларимизни ўз жойига қўймасак, бизда чин мўминлик сифати топилмайди. Инсон пулни омонатга (қарзга) олган бўлса, вақтида қайтариши керак. Биров “Саломимни етказиб қўйинг” деса, бу ҳам омонат. Буни ҳам айтилган кишига етказиб қўйиш лозим бўлади. Агар инсон омонат деган нарсанинг нечоғли оғирлигини билганда эди, асло бировдан пул ҳам олмаган бўларди, бировнинг саломини етказиб қўйишни ҳам ўз зиммасига олмаган бўларди. Биз эса унинг нақадар залворли эканини ҳис қилмасдан, пул ҳам олаверамиз, саломни ҳам “Бўлди, етказиб қўямиз” деймиз. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учта: гапирса, ёлғон гапиради; ваъда қилса, хилоф қилади; омонат қўйилса, хиёнат қилади” дедилар. 

Демак, мунофиқликнинг биринчи белгиси ёлғончилик экан. Орамизда ким ёлғон гапирмайди? Фарзандларимиз кичиклигидан биздан ёлғонни ўрганиб вояга етяпти. “Дадам уйда йўқ эдилар” деб қўй ўғлим” деймиз. Шунинг учун ҳам эндиликда уларга бир гапни гапирсак, дарров ишониб қўя қолмаяпти. “Мен ҳеч қачон ёлғон гапирмаганман” деб ким айта олади? 

Мунофиқликнинг иккинчи белгиси ваъда берса, бажармайди. Соат бирда ош сузилиши, ўша вақтга етиб келиш кераклиги айтилган бўлса-да, хотиржам бир ярим, иккиларда кириб келади. Чунки биладида барибир у келмагунча ош сузилмаслигини. Қани инсонларга бўлган ҳурмат? Қани ўзига бўлган ҳурмат? Қани мусулмонлик белгиси? Аслида ўшандай одамларга ваъда бериб, устидан чиқмасликни ўзимиз ўргатамиз. Биз соат бирда ошни сузиб еяверсак, кейинги сафар айтилган вақтда етиб келадиган бўлади. Чунки яна кеч келса ҳаққидан маҳрум бўлишини, пулига куйишини биладида. “Келинглар, ошни сузаверайлик” дейилса, “Бироз шошмайлик, фалончи ҳали етиб келмади. Келсин, кейин сузамиз. Агар усиз ошни сузсак, хафа бўлади” деймиз. Айтган ваъдасининг устидан чиқиб, соат бирда етиб келганлар хафа бўлмайдими? Уларнинг ҳурмати йўқми? Биз умуман ўйламасдан ваъда берадиган бўлиб кетдик. Ваъданинг қарз эканлигини унутганимизга анча бўлди. Ўнта баҳона билан келамиз. “Ундай бўлиб қолди, бундай бўлиб қолди”. Биз қабул қилаверамиз. Аммо Аллоҳга нима деб баҳона қиламиз? 

Ғарб мамлакатлари дунё ишларида биздан ўзиб кетганлигининг битта сабаби улар ваъдага вафо қилади. Айтилган вақтда, келишилган жойга етиб боради. Агар айтилган вақтда, келишилган жойга етиб келмаса, “Бу жиддий одам эмас экан” деб у билан тузилган шерикчиликни, шартномани бекор қилиб, у одамни четга суриб қўйишади. 

Мунофиқликнинг учинчи белгиси омонатга хиёнат қилади. Орамизда омонатга хиёнат қилганлар йўқми? Албатта, бор. Мунофиқликнинг белгилари ичимизда топилиб қолмаяптими? 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг олидарига бир киши келиб: “Эй Расулуллоҳ, қиёмат қачон қоим бўлади?” деди. У Зот алайҳиссалом: “Агар омонатлар зое қилинса, омонатларга хиёнат қилиш бошланса, қиёматни кутавер” дедилар. Шунда у: “Қачон омонатларга хиёнат қилиш бошланади?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Агар бир ишни бажариш ўша ишга лойиқ бўлмаган кишиларга топширилса, қиёматни кутгил” деб жавоб бердилар. 

Энди шу ҳадис ҳақида бироз мулоҳаза юритсак. Лойиқ бўлмаган одамнинг қўлида бир иш кўрилса, шу қиёматнинг аломати. Мисол учун ўқитувчини олайлик. Мактабда болаларни ўқитяпти. Савия, малака етарли эмас. Бундай кишининг мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни ўқитишга, уларга таълим беришга ҳаққи йўқ. Ўзи тарбияга муҳтож, аммо мактабда, боғчаларда тарбиячи бўлиб олган. Бундайларнинг тарбия ишларида ишлаши асло мумкин эмас. Агар фарзандингиз мактабни битириб ҳам яхши илмли ва тарбияли бўлмаган бўлса, билингки, битта нолойиқ “ўқитувчи”нинг қўлида ўқиган. Ҳаётда йўқми шундай ўз касбига нолойиқ бўлганлар? Тўлиб ётибди. 

Ёки бўлмаса савдогарларни олайлик. Инсон савдогарлик билан шуғулланишидан олдин шариатимиздаги савдо илмини яхши ўрганиши, фиқҳнинг “Китобул байъ” (Савдо китоби) қисмини сув қилиб ичиб юбориши керак. Савдо илмини билмай савдо қилгани учун бозорларимизни омонатга хиёнат қилувчи сотувчилар босиб кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида “Савдо илмини билмаган одам бозорларимизда савдо қилмасин” деб буйруқ чиқарганлар. Бир янги қаламнинг нархи бозорда ўн сўм, эскилари олти сўм бўлса, сизга биров янги қаламимни сотмоқчиман деб келса, уни ўша ўн сўм нархига сотиб олиш керак. Беш сўмга ўзи рози бўлиб бериб кетди, демаслигимиз керак. Ахир ўша одам янги қаламнинг нархи бозорда неча пуллигини билмайди-ку! Бизнинг динимиз таълимоти бўйича бозор аҳволини билмаган одам куйиб қолмаслиги керак. Балки унга “Биродар, сизнинг қаламингиз ўн сўм туради, беш сўм эмас” дейишимиз керак. Агар сиз ўша билмаган одамни боплаб туширдингизми, унинг билмаганидан фойдаланиб, арзон нарсани қимматга, қиммат нарсани арзонга олди-сотди қилдингизми, демак, сиз ҳам савдо билан шуғулланишга нолойиқ одамсиз! Бирорта савдогар бугунги кунда “Ҳой савдогар биродарлар, ҳамкасблар! Келинглар, ҳаммамиз “Мухтасурл виқоя”нинг “савдо боби”ни ўқийлик” деяптими? Ўшандай савдогарлар ўзларининг нолойиқлиги билан бозордан топаётган пулига озиқ-овқат олиб, фарзандларига едиряпти. У таомни еган фарзанд эртага ким бўлиб етишади? Эртага келажагимизни ўшандай таом еган кишилар бошқарадими? Юртимизни ўшандайларга қолдирамизми? Ахир бу юртда Беруний, Ибн Сино, Хоразмий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоий, Амир Темур каби аждодларимиз туғилиб, вояга етишган-ку! Нега уларга муносиб ворис бўлмаяпмиз? Нега уларга муносиб ворис етиштирмаяпмиз? 

Мисол келтиришда давом этамиз. Бир табибга борасиз. Бир беморни даволаш ҳам омонат ҳисобланади. Бемор табибга ишонгани учун ўз жасадини унга топширади. Сиз эса ўз касбингизга нолойиқ бўлганингиз учун унинг касалини зиёда қиласиз ёки биратўла ўлдириб қўя қоласиз. 

Ёки ҳайдовчиларни олайлик. Ҳар куни улар билан боғлиқ муаммоларга пешонамиз урилади. Кўчаларда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёки ўша гувоҳномани пулга сотиб олган “ҳайдовчилар” тўлиб кетяпти. Машина ҳайдаш қоидаларини билмаган, йўл ҳаракати қоидаларини ўрганмаган киши машина ҳайдаб юрибдими, демак, у омонатга, ҳайдовчилик омонатига хиёнат қиляпти. Машинасидаги мижозларга, ташқаридаги пиёдалар ҳаётига таҳдид солгани учун ҳам хиёнаткор бўлади. Чунки бундай “ҳайдовчи” нафақат машинасига мижоз олиши, балки ўзи ҳам машина миниб кўчага чиқиши мумкин эмас эди. Ҳар бир одам ўзи бажараётган ишида пухта бўлмаса, у хиёнат қилаётган бўлади. 

Нега ўз даврида биз юқорида тилга олиб ўтган алломаларимиз етишиб чиққан? Чунки уларга таълим берган устозлари ҳам жуда етук, ўз ишининг устаси бўлган, ўз касбига лойиқ муаллимлар бўлишган. Ҳозир нега ўшандай алломалар чиқмаяпти деган саволга ўшандай устозлар таълим-тарбия бермаяпти ёки таълим-тарбия ишида нолойиқлар кўпайиб кетгани учун фарзандларимиз дунёга устозлик қиладиган олимлар бўлиб етишмаяпти деб жавоб берамиз. Биз барча ўқитувчилар ҳақида эмас, балки таълим соҳасида адашиб юрганлар ҳақида сўз юритяпмиз. Давлатимиз томонидан ўқитувчиларга яратиб берилаётган шундай шароитларга жавоб шуми?! Қайси давлатда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” дам олиш куни қилиб белгиланиб, байрам сифатида нишонланади?! Биз барча савдогарлар ҳақида гапирмаяпмиз, балки савдо соҳасида адашиб юрганлар ҳақида сўз юритяпмиз. Биз барча шифокорлар ҳақида гапирмаяпмиз, балки тиббиёт соҳасида адашиб юрганлар ҳақида сўз юритяпмиз. Ўз ишига омонат деб ёндошадиганлар камайиб боряпти. Инсонга берилган омонатлар жуда кўп. Тириклик ўзи катта омонат. Эртага бу омонат ҳам олиб қўйилади. Бу тириклик, ҳаёт бизга вақтинча берилган омонатдир. Соғлик-саломатлик бизга берилган улкан омонат. Эртага соғлигимиз йўқолади. Омонат ўз Эгасига қайтарилади. Вақт омонат, фарзанд омонат, тинчлик омонат. Бу омонатларни ўз ўрнида ишлатишимиз, уларга заррача хиёнат қилмаслигимиз керак. Берилган умрни солиҳ ишларга сарф этишимиз, саломатлигимизнинг қадрига етишимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз, ўзимиздан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилишимиз, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш пайидан бўлишимиз, тинчлигимизни асраб-авайлашимиз, тинчлик ишига бепарво бўлмаслигимиз керак. Эртага бу омонатларнинг бари олиб қўйилади. Барчаси бизга вақтинча берилган. 

Али розияллоҳу анҳу: “Омонатни адо қилиш ризқнинг калитидир” деганлар. Яъни сизга берилган омонатни ўз вақтида эгасига қайтариб қўйинг, унга хиёнат қилманг, ризқингиз кенг бўлади, деяптилар. Демак, ризқимиз кенг бўлишини хоҳласак омонатни адо қилишимиз керак. Омонат деганда яна қайтариб айтамиз, фақат пулни тушунмаслигимиз керак. Бизга берилган омонатларнинг сон-саноғи йўқ. 

Умар розияллоҳу анҳу: “Ироқнинг бир четида кетаётган от ёки туя йўлнинг нотекислигидан қоқилиб тушса, шунга ҳам охиратда мен жавоб беришимдан қўрқаман” деган эканлар. 

Фарзандни омонат дедик. Фарзанд деган омонатни адо этиш деганда, уни ҳалол луқма билан боқиш, унга гўзал тарбия бериш, унга фойдали таълим бериш, уни баркамол инсон қилиб вояга етказишдан иборатдир. Уларнинг қорнини қандай йўл билан бўлса-да тўйдириш, катта бўлса тўйини қилиб бериш, алоҳида уй қилиб, чиқариб қўйиш омонатни адо этиш ҳисобланмайди. “Ота-она кулол” деган мақол бежизга айтилмаган. Шунинг учун ота-она кулолчиликни маҳорат билан олиб бориб, санъат асари даражасига етадиган буюмни ясамоқлари керак. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисига чиққанларида бир чўпоннинг қўй боқиб юрганини кўрдилар. Унинг олдига бориб, “Қўйларингдан биттасини сотмайсанми?” деб сўрадилар. Шунда чўпон: “Мен қулман. Бу қўйлар хўжайинимники” деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни синамоқчи бўлиб: “Бўри еб кетди” деб қўяверасан” дедилар. Ҳалиги чўпон: “Бўри еб кетди” деб хўжайинимни алдашим мумкин. Аммо Аллоҳничи?” деди. 

Бир улуғ зот отнинг устида Қуръон ўқиб кетаётган эди. Устидаги тўни тушиб кетганини сезмади. Анча масофа босиб ўтилгандан кейин қараса, устидаги тўни йўқ. Отдан тушиб, ортга тўнни излаб кетди. Шунда шериклари “Отга миниб, бориб келмайсизми? Тайёр от турибди-ку!” дейишди. Шунда у зот: “Мен бу отни эгасидан бир томонга минишга ижарага олганман. Агар ортга ҳам минсам, омонатга хиёнат қилган бўламан” деб жавоб берди. 

Бу каби ривоятлар кўпчилигимизнинг ақлимизга сиғмай қолади. Ақлимиз кўтара олмай қолади. Нега? Чунки, биз омонатдорлик деган тушунчадан анча йироқлашиб кетганмиз. Аллоҳ барчамизга инсоф берсин! 

Қодисия жангида мусулмонларга жуда катта ўлжа тушди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчилигидаги қўшин Кисронинг қасрига кирди. Унинг қиличини, тожини, билакузугини ва бошқа нарсаларини тўплаб, байтулмолнинг улушини ажратиб, Мадинага юборишади. Пойтахтга жуда катта мол келди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг омонатдорлигини кўриб йиғладилар. Шунда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: “Сиз ўзингиз иффатли эдингиз-да! Сиз ўзингиз омонатдор эдингиз-да! Қўл остингиздагилар ҳам шунинг учун омонатдор бўлишди” дедилар. 

Ота омонатдор бўлса, фарзанд ҳам омонатдор бўлади. Ота ёлғончи бўлса, фарзанд ҳам ёлғончи бўлади. Ота ҳалол бўлса, фарзанд ҳам ҳалол бўлади. Ота фосиқ бўлса, фарзанд ҳам фосиқ бўлади. Бола пиёлани пиёлага уриштириб чой ичишни кимдан ўрганди? Оғайнилари билан тез-тез шундай пиёлани уриштириб, ҳаром ичимликни ичадиган отасидан ўрганди? Бола ручкани оғзига солиб, сигаретга ўхшатиб ушлашни кимдан ўрганди? Чекувчи отасидан ўрганди. Ўғриликни кимдан ўрганди? Бир-икки марта бировнинг нарсасини сўрамай уйга олиб келганда, индамаган, тергамаган, уришмаган, танбеҳ бермаган ота-онасидан ўрганди.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бир киши ер сотиб олди. Сотиб олгандан кейин ўша ерни кавлаб турса, тилла чиқиб қолди. Тиллани олиб, ер сотганга олиб борди ва: “Бу сизни тиллангиз. Мен уни сиз сотган ердан топиб олдим” деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса: “Мен сизга ерни ичидаги нарсалари билан қўшиб сотганман. Бу тилла сизники” дедилар. Икковлари тортишиб қолишди. Икковлари ҳам “Тилла меники эмас” деган гапда туриб олишди. Бизда эса бунинг акси бўлади. Кейин икковлари ҳам қозига боришди. Қози уларнинг гапларига қулоқ солгач, деди: “Икковингизнинг фарзандингиз борми?” Бири: “Менинг ўғлим бор” деди. Иккинчиси эса: “Менинг қизим бор” деди. “Бир-бирингизга қуда бўлиб, тиллани фарзандларингизга сарф қилинглар” деди қози. Бу қисса ҳам ақлимизга сиғмайди. Аммо бу воқеалар айни ҳақиқат. Чунки қисса қаҳрамонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олишган. 

Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг шогирди Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг уйига меҳмонга келди. Дастурхондан турилгандан кейин Имом Шофеий ўзига кўрсатилган уйга ётиш учун кирди. Энди ётмоқчи эди, оёғини узатадиган томонда Қуръон турган экан. Оёғини Қуръон томонга узатишдан ҳаё қилиб, ётмасдан, кечаси билан намоз ўқиб чиқди. Эрталаб Аҳмад ибн Ҳанбал устозини бомдод намозига уйғотиш учун кирган пайтда Шофеийнинг уйғоқлиги кўрди. “Устоз, ухламадингизми?” деб сўради Имом Аҳмад. Имом Шофеий: “Қуръон турган экан. Оёғимни узатишдан ҳаё қилдим. Шунинг учун ухламадим” деб жавоб берди. Имом Аҳмад: “Қуръонни бошқа томонга олиб қўйсангиз бўлмасмиди?” деб сўраган эди, устози: “Ўзимники бўлмаган нарсага қандай қилиб қўлимни теккизаман?!” деб жавоб берди. Қуръонни ўқимаяпти, уйига олиб кетмаяпти, фақатгина бошқа токчага олиб қўйиш, холос. Шунга ҳам қўли бормаяпти. Бировнинг нарсасига қўлимни теккизмайман, деяпти. Шунинг учун Имом Шофеий деса, “Аллоҳнинг раҳмати бўлсин у зотга” дейилади. 

Ҳурматли ёш авлодга таълим бераётганлар! 

Муҳтарам машина ҳайдаётганлар! 

Азиз савдогарлар! 

Қадрли фарзанд тарбия қилаётганлар! 

Барчамиз учун эҳтиромли бўлган турли касб эгалари!

Бировдан қарз олганлар! 

Келинглар, омонатга хиёнат қилмайлик! 

Келинглар, омонатни чиройли суратда адо этайлик!

Келинглар, ишлаётган жойимизга лойиқ бўлмасак, у жойдан кетиб, ўзимиз лойиқ бўлган бошқа жойда меҳнат қилайлик! 

Қўл остимиздагиларни алдаб, уларга хиёнат қилмайлик!

Эртага Қиёмат кунида бу қилмишларимизга жавоб беришимизни ўйлайлик! 

Кеч бўлмасидан олдин ҳаракатимизни қилайлик! 

Мўминлик сифатига эга бўлишга шошилайлик! 

Мунофиқлик аломатларидан тезроқ қутулишга интилайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни мунофиқлик сарқитларидан озод бўлиб, чин мўминлик сифатига эга бўлган, Ўзининг омонатдор бандаларидан қилсин! 

Омонатнинг оғирлигини, омонатдорликнинг масъулиятини ҳис қиладиган бандаларидан қилсин! 

Омонатдорликни барчамизга осон айласин! Омин!  


Жумъа мавъизалари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз .гаров, деб таржима қилган сўз арабчада .раҳн, дейилиб, луғатда .тутиш,, .давомийлик, ва .субут, маъноларини билдиради.Шариатда эса, .қарз сабабидан ҳужжат давоми...

4821 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло айтади Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг Ўзи унга Етарлидир. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишига Етувчидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун давоми...

3087 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло .Сулҳ яхшидир,, деган Нисо 128. Шарҳ Сулҳ нафақат мусулмонлар учун, балки барча инсоният учун яхши нарсадир. Ҳамма нарсани уруш жанжалсиз, келишув, сулҳ давоми...

2745 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳ таоло айтади У Аллоҳ сизлар учун Ерни хокисор ndash бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у Ернинг ҳар томонида юринглар ва У Аллоҳнинг ризқрўзидан давоми...

2802 05:00 / 04.03.2017
Аудиолар

118746 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40707 14:35 / 11.08.2021