1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Одамларга очиқ чеҳрали бўлиш

05:00 / 03.03.2017 2761 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ато ибн Ясордан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссни кўриб қолиб:
«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини айтиб беринг», – дедим.
«Бўпти. Аллоҳга қасамки, у зот Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлар.
«Эй Набий! Албатта, биз сени шоҳид, гувоҳ ва башорат берувчи қилиб юбордик.»
Сени уммийларга қўрғон қилиб юбордим. Сен бандам ва Расулимсан. Сени «мутаваккил» дея номладим. Қўполмас, дағалмас ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрмайди. Ёмонликни ёмонлик ила қайтармайди. Лекин афв ва мағфират қилади.
Аллоҳ таоло у билан эгри миллатни «Лаа илааҳа Иллаллоҳ»ни айттириб, тўғри қилмагунича ва улар у (Лаа илааҳа Иллаллоҳ) билан кўр кўзларни, кар қулоқларни, ғофил қалбларни очмагунларича, унинг жонини олмас
».

Шарҳ: Демак, ҳалиймлик, ёмонликка ёмонлик қайтармаслик, афв қилиш, кечириб юбориш, бағрикенглик каби сифатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларидандир.
Шу сабабли, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлган биз мўмин-мусулмонларда ҳам ана шу сифатлар бўлиши керак.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Бир маълумотни биладиган кишини кўрганда ундан ўша нарсани сўраб олиш мумкинлиги.
2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Тавротни ҳам билишлари.
3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари Тавротда ҳам борлиги.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги баъзи сифатлари билан Тавротда ҳам сифатланганлари.
5. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шоҳид эканлари.
6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳ эканлари.
7. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башорат берувчи қилиб юборилганлари.
8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уммийларга, яъни, саводсизларга қўрғон қилиб юборилганлари.
9. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бандаси эканлари.
10. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг Расули эканлари.
11. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло «мутаваккил» дея номлагани.
12. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол эмасликлари.
13. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дағал эмасликлари.
14. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларда бақир-чақир қилиб юрмаганлари.
15. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмонликка ёмонлик ила жавоб қайтармасликлари.
16. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам афв ва мағфират қилиш сифатлари соҳиби эканлари.
17. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эгри миллатни «Лаа илааҳа Иллаллоҳ»ни айттириб, тўғри қилмагунича ва улар у (Лаа илааҳа Иллаллоҳ) билан кўр кўзларни, кар қулоқларни, ғофил қалбларни очмагунларича у зотнинг жонини олмагани.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Албатта, Қуръондаги: «Эй Набий! Албатта, Биз сени шоҳид, гувоҳ ва башорат берувчи қилиб юбордик» оятига ўхшаш оят Тавротда ҳам бор».
Шарҳ: Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоҳид, мубашшир ва назир сифатлари борлиги ҳақидаги ояти карима Тавротда ҳам бор экан.

Муовиядан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир калом эшитдим. Аллоҳ у билан менга манфаат берди. У зотнинг ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим:
«Агар сен одамлардан шубҳаланаверсанг, уларни бузасан
».
Уларни бузиб қўймай деб, одамлар ҳақида шубҳа қилиш ортидан тушмайман.
Шарҳ: Демак, кўрингандан шубҳаланавериш, улар ҳақида ёмон гумонда бўлавериш одамларни бузар экан.
Ҳазрати Муовия узоқ вақт халийфа бўлганлар ва ушбу ҳикматга амал қилганлари туфайли кўп манфаат кўрганларини эътироф қиляптилар. Бу киши ҳаммадан шубҳаланиш, ишончсизлик, гумон каби иллатлардан холий бўлган эканлар, ҳолбуки, энг кўп танқидга учраган халийфа мана шу киши бўлган.
Масжиддаги одамлар у кишини минбарда турган пайтларида сўкишса ҳам, индамай тураверганлар. Бир сафар минбардан туриб:
«Шу пайтгача одамларга байтулмолдан ато бериларди, ҳозир вазият ўзгариб қолди, шунинг учун, ўша атони бироз камайтирсак ёки бермай турсак, деган маслаҳатни қиляпмиз»,–деганлар.
Шунда бир киши:
«Ҳой Муовия! Тўхта! Нима, сен онангнинг маҳридан беряпсанми? Мусулмонларнинг ҳаққини нимага ундай қилар экансан?»–деган.
Ҳазрати Муовия индамай эшитиб туриб:
«Биродарлар, кечирасизлар. Мен адашибман, мана шу кишининг гаплари тўғри»,–деганлар.
Бир машҳур аёл бўлган, Муовия розияллоҳу анҳу уни ёнларига чақириб:
«Нимага сен Алини мақтаб, мени ёмонлайверасан?»–деганлар.
Шунда аёл:
«Мен айтмоқчи эмасдим, ўзинг айттирдинг, энди хафа бўлма. Алини фалон-фалон нарсалари учун яхши кўрганман, сени эса фалон-фалон нарсаларинг учун ёмон кўрганман»,–деб рост гапирган.
Ўшанда ҳам Муовия розияллоҳу анҳу индамай эшитиб, сўнг:
«Гапинг тўғри»,–деб тан олганлар ва у аёлга совға-саломлар бериб юборганлар.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларидан Муовия розияллоҳу анҳу шунча фойда топган эканлар.
Шунинг учун, бундай ҳадисларни ўқиб, ўрганганимизда «фалон жойда ана шундай гап бор экан», «фалончи ҳадис айтиб берувди, шунда эшитдик» дейиш учун эмас, балки уни ўзимизга сингдириб, унга амал қилиб, ҳаётда фойда олишни ният қилишимиз керак экан.
Мана, кўринг, шундай улуғ одам, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу мазкур ҳадисдан шунча катта манфаат олган эканлар.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Менинг шу икки қулоғим эшитган, шу икки кўзим кўрганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўллари билан Ҳасанни ёки Ҳусайн солаваатуллоҳи алайҳимонинг қўлларини маҳкам тутдилар. Боланинг оёғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларининг устида турган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қани! Чиқ! Чиқ!», – дедилар.
Бола оёқларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига қўйиб, кўтарилиб, кўтарилиб кўкракларигача чиқди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Оғзингни оч», – дедилар ва уни ўптилар.
Кейин «Аллоҳим! Мени буни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», – дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кичкина болаларга қандай муносабатда бўлганларини, уларни қандай яхши кўришлари, уларни хурсанд қилиш учун ҳатто оёғини кўкракларигача бостириб чиқаришлари, сўнгра уларнинг ҳаққига қандай дуо қилганларини кўрамиз.
Демак, шундай буюк зотнинг уммати бўлган мўмин-мусулмонлар болаларга меҳрибон бўлишлари, уларнинг баъзи бир эркаликларини кўтаришлари, уларга доим яхши, ширин сўзларни айтиб, ҳаққларига яхши-яхши дуолар қилиб туришлари керак. Бу ишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Икки нарса бор. Умматим уларни тарк қилмайди. Бири ўлганга йиғлаш, иккинчиси давоми...

2790 05:00 / 02.03.2017
Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳроқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора давоми...

3434 05:00 / 04.03.2017
Уламоларимиз барча табиблар давоси йўқ деб қарор қилган дардга ҳам даво излаш кераклигига ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб келтирганлар.Шундоқ қилиб Ислом давоми...

3895 05:00 / 01.03.2017
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз давоми...

3368 05:00 / 01.03.2017