695 01.07.2017

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Одам ва Мусо алайҳиссалом Робблари ҳузурида тортишиб қолдилар. Бас, тортишувда Одам Мусодан ғолиб келди. Мусо:

«Аллоҳ сени Ўз қўли билан яратган, ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарини сажда қилдирган, жаннатига жойлаган, сўнг ўз хатоинг ила одамларни ерга туширган Одам сенмисан?» деди.

Шунда Одам:

«Аллоҳ Ўз пайғамбарлиги ва каломи ила танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган Мусо сенмисан? Аллоҳ Тавротни менинг халқ қилинишимдан қанча олдин ёзган деб билдинг?» деди.

«Қирқ йил», деди Мусо.

«Унда «Одам Роббига исён қилди ва адашди», деганини кўрдингми?» деди Одам.

«Ҳа», деди Мусо.

«Сен Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қўйган амални қилганимни маломат қиласанми?» деди Одам».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бас, Одам тортишувда Мусодан ғолиб келди», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда энг нозик масалалардан бири бўлмиш қазои қадар масаласининг энг нозик жойларидан бири баён қилинмоқда.

Бу масала Одам Атодан тортиб, ҳатто Мусо алайҳиссаломдек улкан пайғамбарда ҳам савол пайдо қилгани ҳақида сўз кетмоқда. Бу масала ҳатто икки катта пайғамбар орасида ўзаро тортишувга сабаб бўлганлиги ҳақида баён қилинмоқда.

Бу ҳадисни муҳаддисларимиз турли йўллар ва турли матнлар билан чиқарганлар. Уларнинг ҳаммалари бир-бирини тўлдириб келади. Ўша ривоятлардан бирининг матни қуйидагича:

«Мусо: 

«Эй Роббим, бизни ҳам, ўзини ҳам жаннатдан чиқарган Одамни кўрсат», деди. Бас, Аллоҳ унга отаси Одам алайҳиссаломни кўрсатди. 

«Сен отамиз Одаммисан?» деди. «Ҳа», деди. 

«Аллоҳ ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, исмларнинг барчасини ўргатган, фаришталарни сажда қилишга амр қилган сенмисан?» деди.

«Ҳа», деди. 

«Сени бизни ҳам, ўзингни ҳам жаннатдан чиқаришингга нима мажбур қилди?» деди.

«Сен кимсан?» деди Одам.

«Мен Мусоман», деди. 

«Роббинг Ўз пайғамбарлиги ила танлаб олган сенмисан? Аллоҳ ҳижоб ортида туриб, сен билан Ўзи орасида махлуқотларидан элчи қўймай гаплашган Бану Исроилнинг набийси сенмисан?» деди.

«Ҳа», деди. 

«Сен ўшани мен яратилишимдан олдин Аллоҳнинг китобида борлигини билмадингми? Ўзимдан олдин Аллоҳнинг қазоси кетган нарсада мени маломат қиласанми?» деди».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бас, Одам Мусони тортишувда енгди. Бас, Одам Мусони тортишувда енгди. Бас, Одам Мусони тортишувда енгди», дедилар».

Очиқ-ойдин кўриниб турибди, гап биринчи ҳадисни ўқиб, зоҳиран қараганда хаёлга келадиган фикр ҳақида кетаётгани йўқ. Гап Одам алайҳиссаломнинг қилган хатоси Аллоҳ у кишига мажбур қилганидан содир бўлгани ҳақида кетмаяпти. Одам алайҳиссалом ўша машъум хатони қилиб, ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйишимда менинг айбим йўқ, демоқчи ҳам эмаслар. Уни Аллоҳ менга мажбур қилиб бажартирди, шунинг учун мени маломат қилма, демоқчи ҳам эмаслар. Гап умуман бошқа нарса ҳақида кетмоқда.

Аввало, Одам алайҳиссаломнинг ўз хатосини тан олиб, тавба қилгани маълум ва машҳур. Буни ҳамма бирдек эътироф қилади. 

Қуръони Каримда Одам алайҳиссаломнинг тавба қилишлари ҳақидаги оятлар такрор-такрор келган. Одам алайҳиссалом машъум хатони қилиб, ман қилинган дарахтнинг мевасидан едилар. 

Аллоҳ: «Нима учун ман қилинган нарсани единг?!» деб итоб қилди. Ўшанда Одам алайҳиссалом: 

«Эй Роббим, Ўзинг аввалдан тақдир қилганинг учун едим. Менда айб йўқ», демади. Балки: 

«Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Ўзинг бизни мағфират қилмасанг, бизга раҳм қилмасанг, албатта зиёнкорлардан бўламиз», деди. 

Одам алайҳиссаломдек зот Аллоҳ таолога бир гапни, Мусо алайҳиссаломга бошқа гапни айтмайди. Ўзидан содир бўлган бир хато ҳақида Аллоҳга «Айб менда», деб туриб, Мусо алайҳиссаломга «Менда айб йўқ», демайди.

Биз ўрганаётган ҳадисда гап Одам алайҳиссаломнинг хатосини тан олмасдан, унга қадарни рўкач қилаётгани ҳақида кетмаётгани шундан. Ундай бўлса, гап нима ҳақида кетмоқда? 

Ушбу мавзудаги ҳадисларни ўрганиб чиқсак, қуйидагилар маълум бўлади: Мусо алайҳиссалом ўз даврларида кўп машаққатларни чекдилар. Ўзларидан бошқа одам фарзандлари ҳам қийинчилик ичида яшаётганларини кўрдилар. Айниқса, Бану Исроилнинг Фиръавн зулми остида азоблар чекаётганига жонли гувоҳ бўлдилар. Албатта, «Бу машаққатлар, қийинчиликлар, азоб-уқубатларнинг сабаби нима?» деб ўйлаганлар. Охири бориб, «Одам жаннатдан қувилмаганда, шу нарсалар бўлмасмиди?» деган фикрга ҳам келганлар. «Ҳамма балонинг боши Одам Ато содир этган биринчи хатода», деган хаёлга борганлар. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога мурожаат қилиб: «Эй Роббим! Менга бизни ҳам, ўзини ҳам жаннатдан чиқарган Одамни кўрсат», деганлар. Сўнгра Аллоҳ таоло у зотга оталари Одам алайҳиссаломни кўрсатган ва ораларида мазкур тортишув бўлиб ўтган. Тортишувни диққат билан ўргансак, кўп нарса маълум бўлади. 

Мусо алайҳиссалом инсониятнинг машаққат чекишини Одам алайҳиссаломга юкламоқчи бўлмоқдалар: «Агар сен ўша машъум хатони қилмаганингда, инсоният жаннатдан чиқмай юраверар эди, бунчалик қийинчилик, азоб-уқубат ва машаққатлар бўлмас эди», демоқчи бўладилар. Одам алайҳиссалом эса инсониятнинг дунёга келиши ва мазкур ҳолатда яшашига ўз хатоларининг алоқаси йўқлигини исбот қилмоқчи бўладилар. 

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг хатоси туфайли бу одамларни яратгани йўқ. Инсонларнинг бу шаклда яшашини тақдир қилгани йўқ. Бу нарса олдиндан белгилаб қўйилган эди. Одам алайҳиссалом тортишувда шу далилни келтирдилар. Мусо алайҳиссалом ҳам бунга қаноат ҳосил қилдилар. Шу тариқа Одам алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни енгдилар.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Одам ва Мусо алайҳиссалом ораларида Аллоҳнинг ҳузурида тортишув бўлгани.

2. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни Ўз қўли билан яратгани.

3. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга Ўз руҳидан пуфлагани.

4. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталарини сажда қилдиргани.

5. Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломни жаннатга жойлаштиргани.

6. Сўнгра одамларни ерга туширгани.

7. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломни Ўз пайғамбарлиги ва каломи ила танлаб олгани.

8. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга ҳар бир нарсанинг баёни ёзилган лавҳалар бергани. 

9. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломни Ўзига яқинлаштириб, муножот қилгани.

10. Аллоҳ таоло Тавротни Одам алайҳиссаломнинг яратилишидан қирқ йил олдин ёзганлиги.

11. Тавротда: «Одам Роббига исён қилди ва адашди» деган ёзув борлиги.

12. Инсонни унинг дахли йўқ нарсада маломат қилиб бўлмаслиги.

13. Тортишув пайтида бир-бирининг яхши фазилатларини эслатиш маъқуллиги.

14. Одам алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом билан бўлган тортишувда ютиб чиққанлиги.

Ушбу ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан хабардор бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича биргина ҳадиснинг зоҳирига, сиртига қараб ҳукм чиқариш хатарли эканини яхши тушуниб олдик. 

Биз ўрганган ушбу ҳадиснинг сиртидан ҳукм чиқарган кўпчилик нобакорлар қадимдан: «Одам қадарни рўкач қилиб кўрсатиб, Мусони енгди, биз ҳам гуноҳимизни ихтиёримиз билан қилаётганимиз йўқ, Аллоҳ тақдиримизга ёзган экан, қандай қиламиз», деган баҳона қилиб келган эканлар. Аслида эса Одам алайҳиссалом ўзида бутун инсониятнинг бахтсизлиги учун жавобгарликни инкор этган, бу нарса Аллоҳнинг азалдан белгилаб қўйган илми асосида бўлаётганини айтган эканлар. Аммо биринчи хатога йўл қўйган чоғларидаёқ, эътироф этиб, тавба қилганлар. Аллоҳ таоло у зотнинг тавбаларини қабул этган. 

«Демак, – дейди аввалги уламоларимиз, – инсон ўз касбига жавобгар, у Аллоҳнинг амри билан бўлган ва ўзининг дахли йўқ нарса учун маломат қилинмайди. Оламнинг мавжудлигига ва унда одамларнинг тарқалганига Одам алайҳиссаломнинг хатолари сабаб ҳам эмас, одамларнинг машаққатларига у зот жавобгар ҳам эмас».