546 07.07.2017

268. (282). Жаририйдан ривоят қилинади:

«Ким мўминни оч ҳолда учратиб, унга таом бериб тўйдирса ва сув бериб чанқоғини қондирса, албатта жаннат эшикларининг биридан киритилади».

Шарҳ: Оч ёки ташна биродарига хайр-эҳсон қилиш, қорнини тўйдириш, чанқоғини қондириш банданинг жаннатдаги эшикларнинг биридан киришини таъминлайдиган даражадаги улуғ солиҳ амал ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон садақага катта эътибор бериши, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиб туриши лозим.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлантирур. Қайси бир мусулмон сувсиз, чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни «раҳийқи махтум»дан сероб қилур», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

«Раҳийқи махтум» – жаннат шаробидир.

Ушбу ҳадисда инсон ҳаётида доимий равишда эҳтиёж тушиб туриладиган уч нарса – кийим, таом ва шароб ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу уч нарсадан бошқа нарсалари йўқ одам ўзини унча муҳтож сезмайди. Аммо кийгани кийими йўқ одам қай аҳволга тушишини ўйлаб кўринг-а! Егани таоми йўқ, ичгани шароби йўқ одамнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг-а! Шунинг учун ҳам Ислом таълимотларида ушбу уч нарсага алоҳида эътибор берилган. Бу масала жуда кўп оят ва ҳадисларда баён этилган. Бу таълимотлардан қорни очга таом бериш масаласи мусулмонлар томонидан ҳаётга қандай татбиқ этилгани билан қисқача танишиб чиқайлик:

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғарро деб аталадиган жомлари бор эди. Уни тўрт киши кўтарар эди. Чошгоҳ пайти кирганда чошгоҳ намози ўқилди. Ҳалиги жомни келтиришди. Унда сарийд номли таом пиширилган эди. Унинг атрофига айланиб ўтиришди. Кўпайиб кетишгани сабабли чўккалаб ўтиришди. Бир аъробий: «Бу қандай ўтириш?» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло мени карамли банда қилган, мени жабрчи, қайсар қилмаган, – дедилар ва гапларида давом этиб: – Атрофидан олиб енглар, ўртаси турсин, барака бўлади», дедилар.

Ибн Саъд Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: 

«Жаъфар ибн Абу Толиб мискинларга энг кўп яхшилик қиладиган одам эди. Бизни олиб бориб, уйида бор нарсасини бизга егизар эди. Ҳатто баъзи вақтларда ёғ халтани олиб чиқиб, ёриб берарди, биз уни ялар эдик».

Абу Нуъайм Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом қилдим. Ул зотни айтиб келгани борсам, бир тўп одамнинг ичида ўтирган эканлар. Ул зотнинг тўғриларига ўтиб, имо қилдим. Ул зот менга:

«Манавилар ҳамми?!» деб имо қилдилар.

«Йўқ», дедим. Ўрнимда жим туравердим. Ул зот менга қараган эдилар, имо қилдим.

«Манавилар ҳамми?!» деб имо қилдилар.

«Йўқ», дедим. Икки-уч марта шундай қилганларидан кейин:

«Ҳа, улар ҳам», дедим. Аслида у зот учун озгина нарса қилган эдим. У зот келдилар. Улар ҳам келишди. Ейишди. Ортиб ҳам қолди».

Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Қайсдан ривоят қилади: 

«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фақат мискинлар билангина таом ер эдилар. Ҳаттоки бу нарса у кишининг жисмига ҳам зарар қилган эди. Хотинлари у кишига хурмодан бир нарса тайёрлаб берарди».

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: 

«Ибн Умар розияллоҳу анҳу тушлик ёки кечки овқат қилсалар, атрофларига етимларни тўплаб олар эдилар. Бир куни тушлик қилаётиб, бир етимга одам юборсалар, у жойида йўқ экан. Ибн Умарнинг таомнинг кетидан ичадиган ширин ичимлиги бор эди. У киши тушликни тамомлаб, ширин ичимликни ичмоқчи бўлиб турган эдилар, ҳалиги етим келиб қолди. Ибн Умар ичимликни унга бериб:

«Ол буни, менимча зарар кўрмадинг», дедилар.

Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинишича:

«Одамлар Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг хотинига:

«Бу шайхни асрасанг бўлмайдими?!» дейишди.

«Уни нима қилай?! Қачон унинг учун таом тайёрласак, албатта бировни олиб келиб едиради», деди.

Сўнгра аёл Ибн Умар масжиддан чиққанида йўлида ўтирадиган мискинларга таом юборди ва:

«Унинг йўлида ўтирманглар», деди.

Сўнг у киши уйларига келдилар ва:

«Фалончи, фистончиларни чақириб келинглар», дедилар. Хотинлари уларга ҳам таом юбориб: «Агар чақирса, келманглар», деб айтиб қўйган эди. Ибн Умар:

«Бу кеча овқатланмаслигимни хоҳлабсизлар», дедилар ва ўша кеча таом емадилар.

Ибн Асокир Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мия тўлдирилган лаганни олиб келди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу нима, эй Абу Сабот?!» дедилар.

«Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, сизни бир мияга тўйғазай деб, қирқта туя сўйган эдим», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар».

Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Хандақ куни, хандақ кавлаб турганимизда жуда қаттиқ нарса чиқиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Хандақда жуда қаттиқ жой чиқиб қолди», дейишди. Ўша жойга сув сепдик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен тураман», деб ўринларидан турдилар, қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Уч кундан буён бирор нарса татимаган эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чўкични олдилар ва уч марта «Бисмиллаҳ»ни айтдилар-да, бир урдилар, ҳалиги жой қум бўлиб оқиб кетди. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга уйга изн беринг», дедим. Изн бердилар. Хотинимга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бир ҳолда кўриб, чидаб туролмадим, егулик нарсанг борми?!» дедим.

«Менда бир оз арпа билан бир улоқчадан бошқа нарса йўқ», деди. Улоқчани сўйдим. Арпани янчдим. Гўштни декчага солдик. Хамир кўпчиб, декчадаги таом пишай деб қолганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва:

«Озгина таомим бор. Эй Аллоҳнинг Расули, бир ёки икки кишини олиб юринг», дедим. Ул зот:

«Кўп ва покдир. Сен у(хотининг)га айт, мен боргунимча декчани туширмай, нонни тандирдан узмай турсин», дедилар. Сўнгра одамларга:

«Қани, туринглар», дедилар. Муҳожир ва ансорлар туришди. (Жобир) хотинининг олдига бориб:

«Ишинг чатоқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлар, ансорлар ва улар билан бирга бўлганларни олиб келяптилар», деди.

«Сендан сўрадиларми?» деди хотини.

«Ҳа», деди у.

«Киринглар, шошилиб, сиқилишманглар», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва нон синдириб, устига гўшт қўйиб, саҳобаларга тақдим қила бошладилар. Ҳар гал нарса олганларидан кейин декча билан тандирнинг оғзини беркитиб қўярдилар. Одамлар тўйиб бўлгунча нон узиб, гўшт олишда давом этдилар. Сўнг аёлга:

«Сен ҳам е, ҳадя ҳам қил, одамларга очлик етди», дедилар.

Ибн Саъд Ҳасан ибн Ҳакимдан, у эса ўз онасидан ривоят қилади: 

«Абу Барза розияллоҳу анҳунинг дошқозони бор эди. Эрталаб бир дошқозон, кечқурун бир дошқозон сарийд пишириб, бева-бечора ва етимларга тарқатар эди».

Имом Байҳақий Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан намоз ўқир, қайтаётиб:

«Ҳар ким ўз имконига қараб олсин», дер эдилар. Бир киши бир одамни олиб кетса, бошқаси икки ёки уч одамни олиб кетар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса қолганларини олиб кетар эдилар».

Абу Нуъайм Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеч кирганда аҳли суффани ўз саҳобалари орасида тақсимлар эдилар. Бировга бир киши, бошқасига икки киши, яна бирига уч киши, ҳатто ўн киши текканлар ҳам бўлар эди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ҳар кеча ўз уйига саксон кишини олиб бориб, кечки таом берар эди».

Имом Тобароний ва имом Аҳмад Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади: 

«Бир йили очарчилик бўлди. Аъробийлар Мадинага келишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга амр қилар, бир одам бир кишининг қўлидан ушлаб, уйига олиб кетар эди. Бир кеча бир аъробий келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озгина таомлари ва бироз сутлари бор эди. Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нарса қолдирмай еб қўйди. Уни яна бир-икки кеча олиб келдилар. У таомнинг ҳаммасини еб қўяверарди. Мен:

«Ё Аллоҳ! Ушбу аъробийнинг баракаси йўқ одам экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомларини ўзларига қолдирмай еб қўймоқда», дедим. Кейин яна бир кеча олиб келдилар. У озгина таом еди, холос. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Бу ўшами?» дедим. У мусулмон бўлган экан. Ул зот:

«Кофир етти қорин билан ейди. Мўмин бир қорин билан ейди», дедилар».

Ибн Саъд Асламдан қуйидагиларни ривоят қилади: 

«Рамода (очлик) йили араблар ҳар томондан Мадинага ёпирилиб келишди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу одамлар тайинлаб, уларга қараб туришни, таом ва хўрак тақсимлаб беришни буюрган эдилар. Язийд ибн Ухти Нимр, Мисвар ибн Макрама, Абдурраҳмон ибн Абдул Қори, Абдуллоҳ ибн Атоба, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ҳар кеча Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида тўпланиб, қилган ишлари ҳақида хабар берар эдилар. Улардан ҳар бири Мадинанинг бир ноҳиясига қарар эди.

Аъробийлар Раъсус Сания, Ромиж, Бану Ҳориса, Бану Абдул Ашҳал, Бақийъ, Бану Қурайза, бир қисмлари Бану Салама ноҳиясига тушган эдилар. Улар Мадинага тўлиб кетишган эди.

Бир кеча одамлар овқат қилиб бўлганларидан кейин Умарнинг: «Бизнинг олдимизда кечки таом еганларни ҳисоблаб чиқинглар», деганини эшитдим. Ҳисоблашган эди, етти минг киши чиқди. У:

«Бу ерга келмаган аҳлу аёл, бемор ва болаларни ҳам ҳисоблаб чиқинглар», деди. Ҳисоблашган эди, қирқ минг киши чиқди. Сўнг бир неча кеча ўтди. Одамлар зиёда бўлди. У яна амр қилди. Ҳисоблашган эди, унинг ҳузурида кечки таом еганлар ўн мингта, бошқалар эса эллик мингта чиқди. Кўп ўтмай Аллоҳ осмондан ёмғир ёғдирди. Шунда Умар ҳалигиларнинг ҳар бир ноҳиясига бир вакил тайин қилиб, уларни чўлга чиқаришни буюрди. Уларга таом ва чўлга олиб кетгани юк ҳам беришар эди. Умарнинг ўзи ҳам уларни чиқараётганини ўз кўзим билан кўрдим».

Аслам айтадики:

«Уларнинг ичида ўлим тарқалган эди. Менимча, учдан иккилари ўлиб, учдан бирлари қолди. Умарнинг қозонлари устида одамлар тик туриб, тонг отгунча каркур пишириб чиқишар, сўнгра беморларга беришарди. Асоид (ун билан ёғ) пишириб ҳам беришар эди. Умарнинг буйруғи билан катта қозонларга ўт ёқилиб, ёғ қайнатилар, совуганидан кейин нонга булаб, сарийд қилинар ва ҳалиги ёққа қўшиб ейилар эди. Араблар ёғ ейишса, иситмалари чиқар эди.

Умар Рамода пайтида ўз болаларидан бирортасининг уйида ҳам, хотинларидан бирортасининг уйида ҳам таом емади. То Аллоҳ одамларга жон киргизгунича, фақат улар билан кечки таом ер эди, холос.

Ибн Саъд Фирос Дайламийдан ривоят қилади: 

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар кеча дастурхони учун Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрдан юборган туялардан йигирматасини сўяр эдилар».

Исломий манбаларда бунга ўхшаш маълумотлар тўлиб ётибди. Мусулмонлар ичида доимо бунга ўхшаш ишларга тайёр кишилар бўлган, иншааллоҳ, бундан кейин ҳам бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)