542 13.08.2017

 Кимнинг ибтидоси нурафшон бўлса, интиҳоси ҳам нурафшон бўлади.

Ушбу ҳикмат ўзидан олдинги ҳикматни тўлдириб келгандир. Барча амал ва ишларнинг хотимаси яхши ва гўзал муқаддимага боғлиқдир. Ушбу ҳикматдаги «нурафшон ибтидо»дан мурод банданинг, соликнинг ёшлигида оладиган тарбиясидир десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Агар банда ёшлигида ақлига ғизо берадиган ақийда бўйича ва қалбига ором берувчи тазкия бўйича яхши тарбия олган бўлса, унинг ибтидоси нурафшон бўлади десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки ҳар бир банданинг ёшлик чоғи унинг учун ғоят катта аҳамиятга эга бўлган асосланиш босқичидир. Агар у ҳаётининг аввалини пухта пойдевор асосида қурса, келажакда уни мастаҳкамлаши, Аллоҳ таолонинг йўлида юриши осон бўлади. Одамлар билан муомаласи гўзал бўлади. Аллоҳ таолонинг йўлида У Зотнинг таълимотлари асосида ҳаёт кечиришдан, У Зотнинг бандалари билан бўладиган муомалани У Зотнинг кузатуви асосида олиб боришдан кўра нурафшонроқ ҳаёт бўлиши мумкинми?! Албатта, ибтидоси бу шаклда нурафшон бўлган ҳаётнинг интиҳоси ҳам нурафшон бўлажак, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам нурафшон бўладиган бандаларидан қилсин!

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)