1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Нисо сураси 129

05:00 / 19.01.2017 9497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

129. Агар, роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, (баъзисини) муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.

Ушбу ояти каримада зикр этилаётган, «Хотинлар ўртасида адолат» кўп хотинли эрнинг хотинларига нисбатан қалбидаги муҳаббати борасидадир. Яъни, қанча уринсангиз ҳам, ҳаракат қилиб тиришсангиз ҳам, қалбингиздаги мойилликда ҳамма хотинларингизга нисбатан бир хил бўла олмайсиз, дейилмоқда.
«Агар, роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар».
Чунки бу нарса , яъни, аёл кишига бўлган муҳаббат режа билан, ўлчов билан бўладиган нарса эмас. Бу борада қалб эгасига қулоқ солмайди, унинг амрига итоат этмайди. Ҳар қандай эр хотинлари орасида зоҳирий ишларда тўлиқ адолат қила олади, аммо қалбидан бўладиган муҳаббатга келганда, узрли.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Зайддан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Оиша онамиз ҳикоя қилишларича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар. Сўнгра: «Эй бор Худоё! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсим. Сен Ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», дер эдилар». Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўнгил майллари Оиша онамизга нисбатан алоҳида бўлганлиги маълум ва машҳурдир. Исломда кўп хотинли киши ўз иродасига боғлиқ ишларда хотинлари ўртасида тўлиқ адолат қилишга амр қилинган. Уй-жой ва нафақа масаласида, муомала, бирга ётиш, эру хотинлик ҳуқуқларини адо этиш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларда тўлиқ адолат лозим. Аммо инсон иродасига боғлиқ бўлмаган масала–муҳаббат масаласига келсак, унда ҳар қанча уринса ҳам, адолат бўлмаслиги оятнинг ўзида айтиб турилибди. Лекин, узрли эканмиз, деб ҳаддан ошириб юбориш ҳам мумкин эмас:
«Бир йўла мойил бўлиб кетиб (баъзисини) муаллақга ўхшатиб қўйманг».
Яъни, кўнглингизда муҳаббати ўрнашган баъзи хотинингизга бир йўла мойил бўлиб кетиб, хотинларингизнинг баъзисини муаллақ аёлга ўхшатиб қўйманг. «Муаллақ аёл» деб хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда қолган аёлга айтилади. Эри сафарга кетиб ғойиб бўлди. Эрим бор, деса, ўлигининг ҳам, тиригининг ҳам хабари йўқ. Эрим йўқ, деса, бор эди, талоқ ҳам қилмаган эди. Бундай муаллақлик азоб, шунинг учун ояти карима эрни бу масалада адолатли бўлишга чорламоқда. Кўп хотинли эр яхши кўрган хотини билан доимо бирга бўлиб, бошқасини тарк этса, шариатга ҳеч тўғри келмайди.
«Агар ислоҳ ва тақво қилсангиз, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир».
Эр-хотинлик ишларида ҳам доимо ислоҳни кўзда тутиб, тақво билан иш юритиш лозим. Инсон ўзининг барча имкониятларини ишга солиб, оиласини бузмасликка, сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримнинг сақланиши асосан унинг қалбларга муҳрланиши билан бўлган. Шу билан бирга, Қуръони Карим нозил бўлган биринчи вақтлардан бошлаб, уни ёзиб бориш давоми...

4174 14:30 / 10.09.2019
36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига давоми...

2943 05:00 / 23.01.2017
Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб берУшбу давоми...

4794 05:00 / 23.01.2017
Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса осмонда.Роббининг изни ила ҳар давоми...

4404 19:14 / 12.03.2018