624 15.07.2017

«Никоҳ» луғатда «қўшиш», «жамлаш», «яқинлик» деган маъноларни англатади. 

Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни эркак кишининг никоҳида шаръан монелик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир.

Бу таъриф баъзи Ҳанафий уламолар томонидан айтилгандир. Бундан бошқа таърифлар ҳам кўп бўлиб, уларнинг ҳаммаси бир-бирини тўлдириб келади.

Таърифдаги «аёл» сўзидан аёл кишидан бошқа билан никоҳ боғлаш мумкин эмаслиги, яъни никоҳ боғланиши фақат бир эркак ва бир аёл орасида бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.

«Никоҳида шаръан монелик бўлмаган» деган жумладан шариат никоҳини ҳаром қилган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги келиб чиқади. Бутпараст аёл, маҳрам, яъни яқин қариндош аёллар шу жумлага кирадилар.

Аллоҳ таоло: 

«Ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)», деган («Нисо» сураси, 3-ё).

Шарҳ: Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга, икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқдирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир.

Аллоҳ таоло яна: 

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир», деган («Нур» сураси, 32-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган бўлиб, уларга ўз қарамоғидаги ўғил-қизлари, қулу чўрилари ва ёрдамга муҳтож ёру биродарларини никоҳлаб қўйишга бош-қош бўлиш амр этилмоқда. Мусулмон кишининг фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон биродарларининг ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшиши лозимлиги шундан олинган. Шу боис мусулмонлар оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлишни тарғиб қиладилар. 

Шу боис улар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар. 

Ва ниҳоят, шу боис мусулмонлар ҳамиша никоҳ ишида қийналиб қолган дийн қардошларидан ёрдамларини аямайдилар.

Ояти каримада қул ва чўриларни ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётганлиги алоҳида эътиборга сазовордир. Қул ва чўрилар одам ўрнида кўрилмай турган бир даврда Қуръони Каримнинг уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дийнининг ҳар томонлама қул ва чўриларнинг ёнини олишга ҳаракат қилганлигини кўрсатади.

 Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, бу ояти каримада фақир-фуқаро бўлиш, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига ҳам алоҳида ишора келмоқда. Бинобарин, бундан баъзи кишиларнинг «қўли калталик»ни баҳона қилиб, никоҳни ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги тушунилади. 

Дарҳақиқат, эътибор берадиган бўлсак, кўпчиликнинг авваллари бепарво юрган бўлса ҳам, оила қургач, жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз.

Аллоҳ таоло яна: 

«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Росуллар юбордик ва улар учун завжалар ва зурриётлар қилганмиз», деган («Раъд» сураси, 38-оят).

Шарҳ: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини баён этмоқда. 

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг танлаб олган энг суюкли, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандай олиймақом зотларнинг ҳаммалари оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу эса барча инсонлар оилали бўлиб, зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканлигини кўрсатади. Ушбу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлигини кўриб турибмиз.

1873. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора араб тилида «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан «никоҳга қодирлик» деган маънони англатади. 

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмайдиган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутмоқлари керак. 

Улар шу йўл билан шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса никоҳ бу икки хавфнинг олдини олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондирганлиги учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларида никоҳга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чорламоқда. Ҳаётимизда бу ҳадисга нечоғли амал қилишга ҳаракат этаётганимизни унутмаслигимиз керак. 

1874. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: 

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар. 

Улардан бири: 

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: 

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: 

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: 

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар». 

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг иккинчи жузида батафсил шарҳлаб ўтганмиз. 

Ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳдан энг қўрқувчи банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», деганлари имкони бўла туриб, никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. 

Баъзи бир дийнларда никоҳли бўлмаслик тақводорлик ҳисобланиши ҳам одамларнинг ўзидан чиққан залолат эканлиги, бу эса илоҳий таълимотларга зидлиги шундан билинади.

Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди. 

Ана шу жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча бўлса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади. 

Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.

Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш лозим. Акс ҳолда у зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади. 

1875. Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ», дедилар». 

Аҳмад ва Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг Расуллари У зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланадилар. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи турли хато ва гуноҳлардан сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган. 

Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.

Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда: 

1. Ҳаё.

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган. 

Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ хоҳласа, бу ўта муҳим сифат ҳақида «Ахлоқ китоби»да алоҳида сўз юритамиз.

2. Хушбўй сепиш.

Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир. 

Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади. Сассиқ, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

3. Сивок

Сивок ҳақида таҳорат китобида керагича сўз юритганмиз. Ҳозир эса сивок, яъни оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлганлигини билишимиз кифоя қилади.

4. Никоҳ.

Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланади. Аксинча, Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият берилиши лозимлигини англатади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)