1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Никоҳ – оила риштаси

05:00 / 14.02.2017 4578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Энг қизиғи, ана шу барча жуфтликлар  ажралмасдир, бири бирини тўлдирувчидир.  Мусбат ва манфий зарралар бирлашсагина электр қувватини ҳосил қилганидай, икки акс нарса жуфтлашиб, яхлит бир комил нарсани пайдо қилади. Бирисиз иккинчисининг қадри, аҳамияти тушиб кетади.


Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, жамики мавжудотларнинг энг олийи бўлмиш одамзод жуфтлигини ҳам бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, ҳатто туриш-турмушда, феъл-атворда, қилиқларда, воқеликка муносабатда, фикрлашда, ҳис-туйғуларда фарқланадиган қилиб яратган. 

Ана шундай мутлақо бир-бирига ўхшамаган, бири иккинчисининг ғирт акси саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, ҳаёт давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.

Бирор инсон йўқки, ҳаётининг қайсидир палласида «Мен бахтли яшадимми?» дея ўзига савол бермаган бўлсин. Ҳар бир киши бахтга интилади, шу йўлда курашади, бахти учун кўп нарсани қурбон қилади. Аммо инсонларнинг "бахт" тушунчасига қарашлари турлича: бировга арзимас туюлган нарса биров учун чинакам бахтиёрлик рамзидир. Хасталарга соғлик, хунукларга чирой, камбағалга мол-дунё, мажруҳларга тўрт мучанинг мукаммал бўлиши чинакам бахт тимсоли саналади. Лекин кўпчилик бир нарсада якдил: оилавий бахт ҳамма нарсадан азиз ва ардоқлироқ. 

Йигитлар гўзал ва вафодор, солиҳа ва ширинсўз, фаросатли ва ҳаёли рафиқага рўпара бўлган кунларини ҳаётларидаги энг бахтли дамлар сифатида бир умр эслаб юришади. Қизлар мард, меҳнаткаш, ибодатли, оиласи ҳақида қайғурадиган, хушмуомала ва ғайратли йигитга турмушга чиқишса, улар учун бундан ортиқ бахт бормикин? Икковига эса шириндан-шакар фарзандларсиз, фаровон ва тотув турмушсиз, меҳрибон ота-оналарсиз бахт яна кемтик бўлиб қолаверади. 

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди" (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: "Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас" (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, "қўли калталиги"ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

"Никоҳ" ўзи нима дегани? Бу сўзнинг луғатда "қўшиш", "жамлаш", "яқинлик" каби маънолари бор. Никоҳ эр ва хотиннинг ихтиёрий равишда гувоҳлар иштирокида бир-бирларига берган розиликлари, аҳд-паймонлари, оила тузиш битимларидир.

Никоҳ шариатга мувофиқ бўлишининг учта асосий шарти бор: 1. "Ийжоб ва қабул", яъни эрнинг оғзаки таклифи ва хотин томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. 2. Никоҳ чоғида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки кўриниши аниқлаб олиниши керак. Баъзилар ўйлаганидай, маҳрнинг урфдаги "қалин пули", "сут пули" кабиларга алоқаси бўлмай, бу келиннинг ҳурмати, ота хонадонидан куёв хонадонига келиб, ўзини эрига бағишлагани, дилини куёвга мойил қилиш учун куёв томонидан чин кўнгилдан бериладиган муайян маблағ, тақинчоқ ёки кийим-кечакдан иборат ҳадядир. У келиннинг шахсий мулки саналади, унга ҳеч ким эгалик қилолмайди. Айрим жойларда бўлганидай, "Маҳрига бир уй-даҳлиз сигири билан" деган гапларнинг маҳрга алоқаси йўқ, чунки булар келиннинг мулки сифатида расмий хатлаб берилмайди. Шариат талабига кўра, маҳрнинг кўпига чегара йўқ, аммо бунда ҳаддан ошмаган маъқул. "Маҳри оз келиннинг баракоти кўп бўлади", деган ҳадиси шариф бор. Агар келин хоҳласа, ўз ихтиёри билан эри фойдасига ундан воз кечиши ҳам мумкин. Агар маҳр никоҳ пайтида айтилмаса ҳам кейинчалик барибир келинга берилиши шарт. 

Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриёдларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу нарса айримлар ўйлаганидай "кераксиз машмаша" ҳам эмас, ёки пул бериб маълумотнома олувчилар фикрлаганидай уддабурролик ечими ҳам эмас. "Па-па"лаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг СПИД деган бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки куёвингиз гиёванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келингиз руҳий хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Ислом ҳуқуқида никоҳнинг қўшимча шарти сифатида "кафоат"га ҳам амал қилинади. Кафоатнинг маъноси, никоҳланаётган томонларнинг ижтимоий, моддий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига тенг, мос бўлишига айтилади. Халқимиздаги "Тенг тенги билан" мақоли бежизга тўқилмаган. Никоҳдаги тенглик икки томоннинг насл-насаби, дини, озодлиги ёки қуллиги, бойлиги, касб-ҳунари ва эътиқоди каби нарсаларда намоён бўлади.

Никоҳ асосига қурилган оилавий турмуш – нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Негадир кейинги пайтларда бу ишга аралашишга маънавий ҳуқуқи борлар ҳам, йўқлар ҳам бемалол бош суқадиган бўлиб қолди. Ҳали турмуш қурмаган қизлар, уйланиб улгурмаган йигитлар оилани мустаҳкамлаш, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, бола тарбияси ҳақида мақола ёзадиган, чиқишлар қиладиган, насиҳат айтадиган бўлиб кетишди. 

Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қуришга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади.  

Бир маҳалла оқсоқоли яқинда бундай зорланиб қолди: «Маҳалламизда тез-тез оилавий жанжалларга аралашишга, қўйди-чиқдиларга гувоҳ бўлишга тўғри келади. Ярим ёки бир йилгина олдин бир-бирига назар солишга ийманиб турган келин-куёвнинг бугун кўзига қон тўлган, бир-бирига ҳақорат сўзлар айтаётган, бир-бирига туҳмат ва нафрат ёғдираётган бўлади. Уларнинг жанжали қудаларни ҳам душманга айлантирган: кечагина оғзидан бол томган қудалар бугун бир-бирига лой чаплаётган, туйқус оғиздан чиқиб кетган биргина сўз бугун катта дастакка айланган. Бизга ўзи нималар бўляпти? Шундай тўқчилик замонида нега гулдай оилалар арзимас сабаблар, «деди-деди»лар билан бузилиб кетяпти? Биримиз умр бўйи сеп йиғиб қиз узатсак, бошқамиз тийинлаб йиғиб ўғил уйласак-да, тўйдан кўп ўтмай икки ёшнинг орасидан қора мушук ўтиб, ҳамманинг тинчи бузилиб ўтирса! 

Илгари эр-хотиндан бири хиёнат қилса, ё эр оиласини боқа олмаса, ё фарзандсизликдан ажрашишар эди. Энг алам қиладиган жойи, ҳозир ана шу уруш-жанжаллар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаётган нарсалар жуда арзимас. Бирида овқатнинг шўрлигидан, бошқасида келиннинг қайнонага салом бермаганидан, яна бирида ҳайит йўқловда тоғоранинг кам қилинганидан, бошқасида куёвнинг ишдан кеч келишидан бошланган ғишавалар бора-бора оиланинг бузилишига олиб келган. Одамлар оила тақдирига, икки ёшнинг бахтига шунчалар бепарво ва енгилтаклик билан қарайдиган бўлиб кетганми?»

Оқсоқолнинг куйинишида жон бор. Буларнинг ҳаммаси ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг никоҳ масаласига масъулиятсизлик билан қараб, «турмуш» дея аталган буюк оламнинг  сир-синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ-чучукларига, синов-имтиҳонлари ҳамда ташвишларига тайёр эмасликларидан келиб чиқмоқда. 

Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан, романтик учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахт гулханлари устига кул тортиб қўйишмоқда. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга – раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.

Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл-атвор (характер)ларнинг ўхшамаслиги, турли-туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава-жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Кўпинча қўйди-чиқдилар чоғида сабаб қилиб кўрсатиладиган «характерларнинг тўғри келмаслиги» аслида айб-хато эмас, балки турмуш ранг-баранглиги ва тотувлигини таъминловчи омил ҳамдир. 

Донишмандлар бундай дейишади: «Эр билан хотин оиланинг икки хожаси, хонадоннинг зийнатидир. Эр ва хотиннинг биргаликдаги вазифалари бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, муҳаббат, хотир сақлаш ва ёрдам қилмоқдир. Садоқат уйланишнинг руҳидир. Ноўрин ҳаракатлар, ғавғо-жанжаллар уйланиш руҳини бузиб, оила саодатини барбод этади. Турмуш ва уй-рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. 

Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирларини ташламасликка аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиши кечирилмас ҳолдир».

Оила ҳаёти ҳеч қачон сидирғасига фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва  етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай қийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амри маҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидай, «Муҳаббат, бу – бу бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир».


Аҳмад МУҲАММАД



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган. Чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканлигини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

3411 05:00 / 15.02.2017
Ўз бандаларига ибодатнинг турини кўпайтириб берган Аллоҳ таолога беадад, беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Каттаю кичикларга аввал салом берган севимли давоми...

3658 05:00 / 06.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

2862 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..У Зот хоҳлаган давоми...

3324 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40703 14:35 / 11.08.2021