1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

НИҚОБ ТАҚҚАН КИМСА

21:15 / 19.04.2017 3280 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ярим тун. Бухоро мадрасасида таҳсил олувчи талабалар мириқиб ухлашмоқда. Фақат илмга ўта чанқоқ бир-иккита талаба жойлашган хонанинггина чироғи ёқиғли. Бир пайт яна бир хонада шуъла пайдо бўлди ва бир талаба мадраса ҳовлисига тушди. У уйқусираётган кўзларини ишқалаганча ҳожатхона томон кетиб бораркан, ҳоло жойга яқин қолганда қулоқларига кирган товушдан бирдан сергак тортди. Ҳайратланарли тарафи, товуш ҳожатхона томондан келарди. Йигит аввалига бир оз вақт юришга иккиланиб, тўхтаб қолди. Сўнгра ичкарига йўл олди. Аммо ичкарида унинг оёқларини ерга «михлаб» қўядиган ҳолат ҳукмрон эди! Не кўз билан кўрсинки, юзларини рўмол билан буркаб олган бир одам қўлларида супурги тутганча ҳожатхона тозаларди. Йигитнинг шарпасини сезиб, «шубҳали» шахс бошини кўтарди. Унинг бор-йўғи иккита кўзи кўриниб турганлиги боис, ким эканлигини таниб олиш мутлақо имконсиз эди. Кутилмаган бу ҳолатдан карахт бўлиб қолган йигит то ўзига келиб улгургунгача нотаниш ниқобли одам ўқдек учиб ҳожатхонани тарк этди. Йигитнинг пешонасидан муздек тер чиқиб кетди. У бир неча дақиқагина аввал кўз олдида бўлиб ўтган ҳодиса тушида кечганини ҳам ўнгида бўлганини ҳам англолмай карахт бўлиб қолган эди. Ўзига келгач, хонасига қайтди, аммо кўрганларини бирор кимга айтмасликка қарор қилди. Негаки, айтгани билан барибир ҳеч кимни ишонтиролмаслиги аниқ эди...
Эртаси тунда яна худди шу ҳолат содир бўлди. Аммо бу гал шубҳали шахснинг тун ярмидаги ҳаракатларига бошқа талаба гувоҳ бўлди. Талаба йигитнинг саросимали овозидан ҳамда кўзларига тушган чироқ ёруғидан уйқуда ётган барча талабалар уйғониб кетишди. Унинг рангrи докадек оқариб кетган, тили гапга айланмас, фақат ғўлдираганча узуқ-юлуқ битта жумлани такрорлашдан нарига ўтмасди:
—Ҳожатхона… ниқобли киши…
Талабалар ичида унинг нима ҳақда гапираётганлигини бирортаям тушунадиган одам топилмади.
—Алламаҳалда ҳамманинг уйқусини бузмасдан ётиб ухласанг-чи!—уйқучироқ бир талаба зарда аралаш тўнғиллади уйқуни келган еридан давом эттириш мақсадида ўрнига қайта ётаркан.
—Яна кўзига бир нималар кўринган бўлса керак-да!—гапни ҳазилга буришга уринди бошқалардан шўхлиги билан ажралиб турадиган Исмоил.
Аммо «соқов» ҳа деганда тилга киравермас, энди тилини батамом ютиб юборгандек, атрофидаги хонадошларига меровланганча тикилган кўйи жим ўтирарди.
—Нима, ҳожатхонада бирор нарса бўлдими? Ёки бирор қўрқинчлироқ нарсани кўрдингми?—бу гал қизиқувчанроқ йигит уни сўроққа тутди.
Худди шу саволни кутиб тургандек, боши билан тез-тез тасдиқ ишорасини берди «соқов» бўлиб қолган талаба.
—У нимадандир жуда қаттиқ қўрқиб кетганга ўхшайди. Дарҳол унга сув ичиринглар!—мадраса талабалари орасида «табиб» деган ном олган талаба йигит гапга аралашди. «Табиб»нинг ҳурмати учунми ёхуд «соқов»га ачинганиданми, бир талаба зум ўтмай бир пиёлада сув кўтариб келди. Ичганидан қолган сувни унинг юзига сепишди. Шунда у чуқур-чуқур энтикди-ю, ранггига қон югурди. Аллақачон уйқулари қочиб, кўзлари чарақлаб очилиб кетган талабалар энди унинг атрофига янаям яқинроқ келишиб, оғзига термула бошлашди.
—Энди шошмасдан бир бошидан гапир-чи, нима бўлди?—сўради жиддий қиёфада талабалар ичида энг ёши каттаси бўлган Акром.
—Ҳожатхонага кетаётган эдим. Яқин қолганимда аллақандай шитирлаган товушни эшитдим. Аввалига қўрқиб кетдим. Ортимга қайтиб, бирортангизни шерик қилиб чиқмоқчи ҳам бўлдим. Аммо қўрқоқ деган номни олишдан ор қилиб, йўлимда давом этдим. «Менга шундай туюлаётган бўлса керак», дея ўзимни овутиб боравердим. Бироқ…—у гапиришдан тўхтаб қолди. Чамаси, ҳозиргина ўзи гувоҳ бўлган ҳолатни эслаб, юраги орқага тортиб кетгандек эди.
—Кейин нима бўлди? Тез-тез гапирсанг-чи!—тоқати тоқ бўлиб, жеркиб берди бошқа бир йигит.
Бироқ, ичкарига киришим билан даҳшатдан қотиб қолдим. Юзларини рўмол билан танғиб олган бир киши ҳожатхона ичини супураётган эди. Менга кўзи тушиши билан ерга эгилганча шундоқ ёнгинамдан ўтиб, ҳожатхонани тарк этди!.. Мен то ўзимга келмагунимча бир қадам ҳам қимирлашга мажолим етмай, анча вақт туриб қолдим… Кейин эса олди-ортимга қарамай, бу ёққа югурдим.
Йигит ҳикоясини тамомлаган бўлишига қарамай, ҳамон ўртада тиқ этган товуш йўқ, ҳамманинг кўзлари катта-катта очилганча бир-бирига термулиб туришарди. Бир оздан сўнг эса ғала-ғовур тортишувлар бошланиб кетди. Ҳамма калласига келган ҳар хил фикрни ўртага ташлар, ҳозироқ бориб ниқобли шахсни тутишни режа қилишарди. Узоқ тортишувлардан сўнг тўрт-беш нафар бўлиб, ҳожатхонага йўл олишди. Аммо ҳожатхона ичи топ-тоза қилиб супурилган, челаклардаги ахлатлар тўкилиб, ҳаммаёқ ялтиллатиб қўйилганди. Талабалар ниқобли одамни «қўлга олиш»га кеч қолишган эди. Ҳамма хонага қайтиб кирди, бироқ ҳеч бирларининг кўзларига такрор уйқу илинмади. Барчанинг ақлини биргина савол банд қилган: «Ниқоб таққан одам ким?..»
Эртаси куни бу ваҳимали ва ўта жумбоқли хабар бутун мадраса талабалари орасида ёйилиб кетди. Уни тутишга, ким эканини аниқлашга бўлган иштиёқ эса барча талабаларда бирдек кучли эди. Шу боис ўша куннинг ўзидаёқ барча хоналарда яшовчи талабалар бирлашиб, ниқобли кишини қандай қилиб қўлга киритиш режасини тузиб чиқишди. Сўнгра тун чўкишини интиқлик билан кута бошлашди.
Хуфтон намозидан кейин яна тўпланиб, тузилган режага биноан кимнинг вазифаси нимадан, ўрни қаердан иборат эканини такрор аниқлаб олишди. Талаба йигитлар худди машҳур филмлардаги жиноий изқуварлардек ҳаракат қилишарди. Режага биноан икки нафар талаба ҳожатхона яқинида пойлоқчилик қилиши, саккиз-ўн чоғли талаба эса ҳожатхонадан унчалик узоқ бўлмаган қоровулхона биноси ортида уларнинг «сигнал»ини кутиб туриши керак эди. Эҳтиёт шарт—яна беш-олти нафари қўшимча ёрдамчи куч сифатида ҳужумга тайёр ҳолда хоналарида иккинчи «сигнал»ни кутиб туришлари лозим эди. Бу «операция»да иштирок этолмаётган, лекин шубҳали шахсни кўришга ниҳоятда қизиқиши кучли қолган талабалар эса учинчи «сигнал»дан яъни ниқобли шахс қўлга олинганидан кейин ҳожатхона сари йўлга тушишлари керак эди.

* * *

Тун ярмидан оққанда мадраса ҳовлиси сукунат бағрига кирди. Ҳамма хоналарда бирин-кетин чироқлар сўнди. Ташқаридан кузатган киши учун гўё мадраса ҳовлисида бирорта ҳам уйғоқ зот йўқ—барча илми толиблар кундузги машаққатли илм таҳсилидан сўнг ухлаб дам олиш ва эртанги кун илм эгаллашга янги куч тўплаш учун мудроққа чўмгандек. Аслида эса…
Мадраса ҳовлисида худди пойлоқчилик вазифасини бажариш ва ушбу тунда кечадиган сирни фош қилиш мақсадида бедор турган толиб йигитлар сингари яна бир инсон бедор. У асосан умрини ташкил этган ҳар бир тунининг учдан бир қисмини савоб ишлашга ажратганига узоқ йиллар бўлган. Аммо бу инсон ўзи сингари яна баъзи бировлар ҳам бедор эканидан бехабар. У ушбу тунда унинг неча йиллардан буён пинҳона амалга ошириб келаётган амали ошкор этилишидан ҳам бехабар… Йўқса, бу тунда вақтинчалик бир кечагина фаолиятини тўхтатган бўлармиди…
Қўлларига супурги ҳамда эски челакда сув кўтариб олган киши ҳожатхонага яқинлашганида пойлоқчиликда турган икки йигитнинг эслари оғиб қолаёзганидан сал бўлмаса беришлари лозим бўлган муҳим «сигнал»ни ҳам унутиб қўяёзишди. Уларнинг нафаслари ичларига тушиб кетди. Ниқобли киши ҳожатхона эшиги остида тўхтаб, ичкарига қулоқ тутди. У ерда ҳеч ким йўқ эканига ишонч ҳосил қилди чоғи, секин ичкарилади. Ҳозиргина ҳожатхонага кириб кетган кишини ростдан ҳам таниб бўлмасди. У юзларини рўмол билан шу қадар мукаммал буркаб олганидан, фақатгина иккита кўзини кўриш мумкин эди холос. Сал ўтмай, сувнинг аста-аста шалоплаган овози эшитилди. Ортидан супургининг оҳиста-оҳиста шитирлаши. Шундагина пойлоқчилар ўзларига келиб, биринчи «сигнал»ни беришди.
Қоровулхона биноси ортида тоқатлари тоқ бўлиб кутаётган «изқувар» талабаларнинг хаёллари эски қоровулхона томига келиб тушган тош овозидан тўзғиб кетди. Бундан улар ишга киришишлари лозим эканлигини англаб, жиноят изқуварларига хос ғоят эҳтиёткорлик билан ҳожатхона томон одимлашди. Улар кетма-кет бостириб киришганида номаълум шахснинг енглари тирсаккача шимарилган, бир қўлида эски супурги, иккинчи қўлида хокандоз тутиб олганча, эндигина ҳожатхона ичини супуриб бўлиб, челаклардаги ахлатларни йиғиштираётган эди… У кутилмаган шовқиндан чўчиб кетиб, эгилган қаддини ростлади. Рўпарасида унга ҳам ҳайрат ҳам бир оз қўрқув билан тикилиб турган талаба йигитларга кўзи тушиб, бошини ерга эгиб олди. У шу туришда ўғирлик ёхуд ўта оғир гуноҳ иш устида қўлга тушган одамни эслатарди… Аслида, ҳаётда минг карра гуноҳ иш устида ушланганлар ҳам бундайин мустар аҳволга тушишмай, жаҳолатлари сабаб безрайиб тураверишади.
Йигитларга бу ниқобли кимсанинг кўзлари негадир жуда иссиқ кўринди, бироқ бу ҳақда ўйлаб ўтиришса, фурсатни бой беришлари мумкин эди. Шу пайт сирли шахс тўпланган ахлатлар идишини кўтариб, йўлга тушди. Аммо толиблар тайёр «ўлжа»ни қўлдан чиқарадиган важоҳатда эмасдилар. Улар ахлатларни кўтариб, нигоҳларини ерга тикканча эшикка яқинлашиб келаётган кишининг устига ёппасига ташланишди. Албатта унинг бир ўзи айни кучга тўлган навқирон йигитларнинг чангалидан чиқиб кетишни уддалаши қийин эди. Шунда ҳам у бир қўли билан бошидаги рўмолни маҳкам ушлаб олди ва юришда давом этди.
Толиблар эса бир-бирлари билан тезгина кўз уриштириб олгач, бир ҳамладаёқ унинг бошидаги рўмолни юлиб олишди. Кимсанинг қўлидаги челак ерга тушиб кетди. Ўзи эса гандираклаганча йигитлар қуршовини ёриб, кўча сари интилди. Эшикдан чиқишга улгуриб, ҳожатхонадан бир-икки одим узоқлашган эди ҳамки, иккинчи чақирув «сигнал»и эшитилди, ортидан учинчиси… Сирли шахс энди батамом талабалар қуршовида қолди. Ойнинг ёруғ шуъласи ҳамда электр ёритгичлар атрофни равшанлатиб турганидан рўпарадаги одамни таниш имконияти мавжуд эди. Уни ўраб олган талаба йигитлар ўзлари гувоҳ бўлиб турган воқеадан ҳанг-манг бўлиб туришар, ҳатто баъзи бировлари кўзларидан ёш чиқиб кетгудек алфозга тушишганди. Сабаби, сабаби… уларнинг рўпарасида мадраса мудири турарди…

* * *

Бу нодир воқеанинг тирик шоҳидига айланган мадраса талабаларининг шуурларида ўзларига ислом маърифатидан сабоқ берадиган мудирларининг «Савобли ишнинг махфий қилингани афзал. Расулуллоҳ (с.а.в.) хайрли ишларни пинҳона қилишда бизга ўрнак бўлганлар», дея кўп такрорлайдиган ўгитлари бир умрга муҳрланиб қолди…

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ қизи

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Радиодан хонанданинг дардли ноласи янграмоқдаУзат дейсан, бер дейсан,Ҳеч тўймадинг одамзот.Туя тўйди, фил тўйди,Сен тўймадинг одамзот... бехос ўйга толасан. Умрни давоми...

3126 21:08 / 19.04.2017
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи биланБисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, вассолату вассалому ала расулиллаҳ.Муборак Рамазон рўзаси натижасида, руҳиятимда ўзгариш сезаман. давоми...

3184 21:13 / 19.04.2017
Ўн икки ойнинг султониmdashcор бўлиб кел, Рамазон,Расулуллоҳ умматигаёр бўлиб кел, РамазонЖоним тўшай йўлларинггазор бўлиб, кел, Рамазон,Хаста руҳим даво изларmdashкор давоми...

3319 21:14 / 19.04.2017
Рамазоннинг сўнги 10 кун ичида Лайлатул Қадр бордир. Араб харфларидан Лайлатул Қадр сўзида 9 дона, Яъни тисъа ахруф Фис суратил Лайлатул Қадри кам маррот хазихил давоми...

3426 21:09 / 19.04.2017
Аудиолар

120100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41768 14:35 / 11.08.2021