267 23.01.2017

36. Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди. Бас, ер юзида сайр қилиб юриб ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг.

Одамларни яратиб, уларга ақл-идрок ато этиб, ризқ-рўз бериб қўйдик. Шу билан бирга, ҳар бир умматга Пайғамбар ҳам юбордик. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи:
«Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.
Яъни, бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг, Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг. «Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам, турли тузумлар ёки шахслар, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса, бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. Ушбу хоҳиш-иродани У зот одамларга Пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.
«Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди».
Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди. Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ихтиёрлари билан тасарруф қилдилар. Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг шомил ихтиёридан чиққанлари йўқ. Чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади. Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларга ҳидоятга кетишини ихтиёр этган ва жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда жорий қонун-қоидаларга айлантиргандир. Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.
Шунинг учун ҳам кейинги оятда қуйидагилар айтилади:

37. Агар сен уларнинг ҳидоятига ўта қизиқсанг ҳам, Аллоҳ залолатга кетказган кимсаларни ҳидоят қилмас. Уларга нусрат бергувчилардан бўлмас.
Эй Пайғамбар! Агар сен мушрикларнинг тўғри йўл топишларига ўта қизиқсанг-да, ҳарис бўлсанг-да, уларни ҳидоятга бошлай олмайсан. Чунки бу иш сенинг ихтиёрингдаги иш эмас. Сенинг вазифанг–Аллоҳнинг таълимотини одамларга етказиш. Уларни ҳидоятга солиш эса, Аллоҳнинг иши. Аллоҳ ўз эрки ила нотўғри йўлни танлаган бандаларни ҳидоятга эмас, балки залолатга кетказади. Аллоҳ таоло жорий қилиб қўйган қонун-қоида шундан иборат. Залолатни ихтиёр этган бандани мажбур қилиб ҳидоятга юргизмайди. Балки ўша танлаган залолати ўзига ҳақ бўлади.
«Уларга нусрат бергувчилардан бўлмас».
Яъни, агар ихтиёр қилган залолатлари туфайли Аллоҳ таоло мушрикларни азобласа, уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.
Кейинги оятларда мушрикларнинг олдинги гапларига ўхшаш бошқа бир нотўғри гаплари муолажа қилинади:

39. Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар. Йўқ! Бу-У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.
Ўтган оятларнинг бирида Аллоҳнинг яккаю ягона илоҳий маъбудлигига иймон келтиришдан кейинги энг муҳим нарса охиратга иймон келтириш эканлиги ҳақида сўз юритилган эди. Энди ўша охират кунига боғлиқ масала, яъни, ўлгандан кейин қайта тирилиш масаласи ҳақида сўз кетмоқда. Қайта тирилишга ишониш қадимдан кўпчилик қавмлар учун мушкул масала бўлиб келган. Ҳатто Аллоҳнинг борлигига иймон келтирган баъзи кишилар ҳам ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмай залолатга кетганлар. Шулар жумласига Макка мушриклари ҳам киради. Улар Аллоҳнинг борлигини инкор қилмайди. Аллоҳ бор, дейди. Аммо Аллоҳга буту санамларини шерик қилади. Булар кичик худоларимиз, бизни катта худога етиштирадиган воситачиларимиз шулардир, дейишади. Айни бир вақтда, Аллоҳ одамларни ўлгандан кейин қайта тирилтиришига мутлақо иймон келтирмайдилар.
«Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар».
Мушрикларнинг бу масаладаги эътиқодлари шу даражага етган эдики, улар ўлганларнинг қайта тирилиши мумкин эмаслигига жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар.
Лекин Аллоҳ мушрикларнинг бу ишларини қаттиқ инкор қилиб:
«Йўқ! Бу-У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир», демоқда.
Йўқ! Эй мушриклар, сиз айтаётган гаплар беҳуда гаплардир. Ўлганларни қайта тирилтириш-Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Ўлганларни албатта қайта тирилтиради.
«Лекин одамларнинг кўплари билмаслар».
Шунинг учун кофир ёки мушрик бўлиб, турли гуноҳларни қилиб юрадилар. Агар улар Аллоҳ ўлганларни албатта қайта тирилтириши ҳақ эканини билсалар, бундай қилмас эдилар.
Одамларнинг ишониши ёки ишонмаслиги, билиши ёки билмаслигидан қатъий назар, Аллоҳ таоло барибир уларни ўлганларидан кейин албатта қайта тирилтиради:

39. Уларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларини баён қилиб бериш учун, куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун (қайта тирилтирур).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришининг ҳикматини баён қилмоқда. Аллоҳ нима учун ўлганларни қайта тирилтиради, деган саволга жавоб бермоқда.
Аллоҳ таолонинг ўлганларни қайта тирилтиришдан мақсади:
«Уларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларини баён қилиб бериш учун»дир.
Одамлар бу дунё ҳаёти даврида кўп масалалар устида баҳслашадилар. Баъзилари, Аллоҳ бор, деса, баъзилари, йўқ, дейди. Бирлари, Аллоҳ ягонадир, деса, бошқалари, Унинг шериги, ўғли ёки хотини бор, дейди. Баъзилари, Пайғамбарларга, илоҳий китобларга, фаришталарга, охират кунига ва бошқа илоҳий ҳақиқатларга иймон келтириш керак, деса, бошқалари, керак эмас, дейди. Бировлари, Аллоҳга ибодат қилиш лозим, деса, яна бировлари, шарт эмас, дейди. Айримлари, иймон келтиргандан кейин унинг тақозоси бўйича амал қилиш керак, деса, бошқалари, иймон келтирса етади, амал қилмаса ҳам бўлаверади, дейди. Баъзилари, Аллоҳнинг дини Ислом ҳаётнинг ҳамма соҳалари учун дастур бўла олади, деса, бошқалар, бу эски фикр, ҳозир «измлар» ва моделлар даври, биз фалон «изм» бўйича, пистон модел бўйича ҳаёт кечирсак яхши бўлади, дейди. Хуллас, ихтилофлар жуда ҳам кўп. Ғолибо, бу ихтилофларда ким ҳақлигини билмай дунёдан ўтиб кетилади. Чунки инсоннинг умри қисқа. Шунинг учун ҳам бир кун келиб Аллоҳнинг иродаси ила бу дунё ҳаёти ниҳоясига етади. Қиёмат қоим бўлади. Аллоҳ таоло ўлганларнинг барчасини–Одам отадан тортиб то охирги кунгача яшаб ўтганларни қайта тирилтиради. Уларнинг ҳаммасини маҳшарга тўплайди. Сўнгра мазкур ихтилофларда ким ҳақ эканини баён қилиб беради. Ҳамма нарса аён бўлади. Ҳамма нарсани, яъни, Аллоҳ бор, У зот ёлғиздир, Унинг Пайғамбарларига, илоҳий китобларига, охират кунига ва фаришталарига иймон келтириш керак, Аллоҳга ибодат қилиш лозим, Ислом ҳаёт дастури бўла олади, деганлар ҳақми ёки бунинг тескарисини айтганлар ҳақми–ҳаммасини баён қилиб беради.
Ўлганларни қайта тирилтиришдан яна бир мақсад:
«...куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун»дир.
Қайта тирилишидан сўнг кофирларнинг ҳар бир нарсада ёлғончи эканликлари айтиб берилади. Улар биз ҳақмиз, Пайғамбар ёлғончидир, деган гапларида ҳам, қиёмат бўлмайди, Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмайди, деган гапларида ҳам ёлғончидирлар. Уларнинг барча эътиқод ва амаллари ёлғондан иборатдир. Ушбу ҳақиқатни уларнинг ўзларига билдириш учун Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтиради. Бу иш У зот учун ҳеч қийин эмас:

40. Агар Биз бир нарсанинг бўлишини ирода қилсак, унга «бўл» демоғимиз кифоя. Бас, ўша нарса бўлур.
Қийналиб ўтирмаймиз, бир оғиз «бўл» деган сўзни айтамиз, холос. Ҳар қандай нарса бўлади. Кофирлар одам ўлгандан кейин чириб тупроққа аралашиб кетади-ю, уни қандай қилиб яна қайтадан тирилтириб бўлади, деб бекорга хаёл суриб юрмасинлар. Ҳамма ўликларни қайта тирилтириш учун бир оғиз «бўл» десак, кифоя. Бўлади. Ҳаммаси қайта тирилади. Ана шундан сўнг ҳисоб-китоб бўлиб, бу дунёдаги ихтилофли нарсалар баён этилади, кофирларга ёлғончи эканликлари билдирилади ва жаҳаннамга киришлари учун ҳукм қилинади.
Кофир ва мушрикларнинг ҳолидан фарқли ўлароқ, иккинчи томондаги мўмин-муҳожирларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади:

41. Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал(жой)га жойлаштирамиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар.
Сиртдан қараганда, золимнинг зулмидан қочиб, Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганлар кўп нарсани йўқотганга ўхшайдилар. Улар азиз ватанларидан айриладилар, қариндош-уруғ, хеш-ақраболар ва ёру дўстларидан ажраладилар. Аммо ҳижратлари ҳақиқий Аллоҳ учун бўлса, Аллоҳ бу дунёнинг ўзида уларга аввалгидан яхшироқ эвазларини беради. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло ушбу оятда таъкидлаб айтмоқда:
«Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал(жой)га жойлаштирамиз».
Ҳижрат сабабли йўқотган ерларидан кўра гўзалроқ жойга жойлаштирилади. Аммо бу ниҳоий мукофот эмас.
«Охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар».
Улар ҳижрат йўлида тортган машаққатлари учун битмас-туганмас ажру савоблар ҳамда мартабаларга эришадилар. Чунки:

42. Улар сабр қилган ва Роббиларига таваккал қилганлардир.
Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилиш осон эмас. Бу йўлда сонсиз-саноқсиз қийинчиликларга, машаққатларга сабр қилиш лозим бўлади. Она ватан фироқига, ота-она, қариндош-уруғ ва ёру дўстларнинг фироқига сабр қилишга тўғри келади. Мусофирчиликда, бегона юртларда юзага келадиган турли азоб-уқубатларга, моддий ва маънавий қийинчиликларга ҳам сабр этиш керак бўлади.
Муҳожирлар ана ўша қийинчиликларга, машаққатларга, азоб-уқубатларга сабр қилган улуғ кишилардир. Улар Аллоҳнинг розилиги учун сабр қилган ва бу аснода фақат Роббиларига таваккал этган ҳамда фақат Унгагина суянган зотлардир.