1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Натижалар ҳосил бўлиши

20:04 / 27.08.2017 3214 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақнинг сени бир нарсада муқим қилишининг аломати сени ўша нарсада натижалар ҳосили бирла бардавом қилишидир. 

Ҳақ таоло бандани бирор ҳолатда, ишда ёки амалда муқим қилиб қўйиши икки хил натижага – яхшилик ва муваффақиятга ёки ёмонлик ва фитнага олиб бориши мумкин. Банда ўша икки хил натижадан қай бири ўзининг бошидан ўтаётганини қандай қилиб билиши мумкин? Унинг аломати борми? Бандалар бундан хулоса чиқара оладиларми? 

Албатта, умумий қоидага биноан, Аллоҳ таоло бандасига раво кўрган ҳар бир ҳолат яхшиликдир. Банда яхшилик етганда шукр қилиб, ёмонлик етганда сабр қилиши керак. Аммо Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида гап мазкур умумий ҳолат ҳақида эмас, бандага унинг ўзи ҳаракат қилмасидан, ўз-ўзидан келиб қолган ҳолат ҳақида сўз кетмоқда. Бошқача қилиб айтганда, ғойибдан берилган  ҳолат, иш ва вазият ҳақида сўз бормоқда.

Хўш, банданинг ўз бошидан ўтаётган ҳолат ёки ишнинг ҳавойи нафсига боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини билиб олиши қай тарзда амалга ошади?

Банда ушбу нарсани билиб олиши учун ҳар бир ишни шариат торозисида тортиб кўриши лозим бўлади. Агар у ўзининг бошидан ўтаётган ҳолат ёки иш шариат таълимотларига мос эканини билса, уни ушбу ҳолат ва ишда Ҳақ таолонинг Ўзи турғазиб қўйганини билсин. Агар у ўзининг бошидан ўтаётган ҳолат ва иш шариат таълимотларига тўғри келмаслигини аниқласа, уни бу ҳолатга солган нарса ҳавойи нафси эканини билсин.

Баъзи уламолар Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматидаги «нарса»ни каромат деб шарҳлаганлар. Жумладан, шайх Аҳмад Зарруқ ана шу фикрга келган. У киши ушбу ҳикматни қуйидагича шарҳлайди:

«Банданинг кароматда муқим бўлишининг аломати унинг жараёни бандада натижалар ҳосил бўлиши билан бирга давом этишидир. Натижалар учтадир: 

– Нафсни уйғотиш ила ҳидоятнинг воқе бўлиши. Маъноларга боғланиш ила ҳимматнинг олий бўлиши.

– Яқийннинг юзага чиқиши ила маърифатнинг камол топиши.

– Барча вақт ва ҳолатда Аллоҳдан рози бўлиш».

Ҳақнинг бизни бир нарсада муқим қилишининг аломати бизни ўша нарсада натижалар ҳосили бирла бардавом қилиши эканини англаб етишимизни Ўзи насиб қилсин!

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Ҳайвонот олами ndash қуруқликдагиси бўлсин, сувдагиси бўлсин, ваҳшийси бўлсин, хонакиси бўлсин, ҳаммаҳаммаси ўзидан паст босқичдаги жамодот ва наботот давоми...

2183 16:56 / 01.04.2018
Ҳар нафас олибчиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир.Яъни сен ҳар нафас олганинг ва нафас чиқарганингда Аллоҳ таолонинг бир тақдири сенга давоми...

3502 06:47 / 28.11.2017
Саккизинчи зарар қиёмат куни ғийбат қилинган кишининг гўштини ейиш.Чунончи, бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис юқорида зикр этилди. давоми...

3135 20:42 / 21.04.2018
Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг, улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний давоми...

3027 14:39 / 28.03.2018