1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозни бошлаш дуоси

05:00 / 04.01.2017 24360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир билан қироат орасида бироз сукут сақлаб турар эдилар. Бас, мен:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг Расули такбир билан қироатнинг орасида сукут сақлаганингизда нима дейсиз?» дедим. У зот:

«Аллоҳумма ба’иъд байни’ ва байна хатоя’я кама’ ба’ъадта байнал машриқи вал мағриб. Аллоҳумма наққини’ минал хатоя’ кама’ юнаққос савбул абязу минад данаси. Аллоҳуммағсил хатя’я бил ма’и вас салжи вал барад», дейман», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан раҳбар, муқтадо шахсдан бир ҳолни кўриб тушунмаган атбоъ сўраб билиб олиши мумкинлиги чиқади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ният қилиб такбир айтганларидан кейин қироатни бошлашдан олдин ичларида дуо ўқиганларини билиб олдик. Бу дуони бошлаш ёки очиш, дуоси дейилади. Бизда буни сано ўқиш, дейилади. Бу суннатдир.

Ушбу ривоятда келган санонинг маъноси:

«Эй, бор Худоё, мен билан хатоларимнинг орасини, худди машриқ билан мағрибнинг орасини узоқ қилганидек узоқ қилгин.

Эй, бор Худоё, мени хатолардан худди оқ кийим кирдан покланганидек поклагин.

Эй, бор Худоё, менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин».


Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. Қавмнинг ичидан бир киши:

«Аллоҳу акбару кабийро. Валҳамду лилла’ҳи касийров ва субҳа’наллоҳи букротав ва асийла’», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бундоқ деб айтган ким?» дедилар.

Қавмнинг ичидан бир одам:

«Мен, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен ўша(сўз)ларга ажабландим. Уларга осмоннинг эшиклари очилди», дедилар. Ибн Умар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шуни айтганларидан буён ўша сўзларни тарк қилмадим», деди».

Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида баъзи саҳобалар ўзларича ихлосли дуоларда ижтиҳод қилганлари.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятдаги дуони тасдиқлаганлари ва уни ким айтганини сўраганлари.

3. Ушбу ривоятдаги дуога осмоннинг эшиклари очилгани.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.

Ким бўлишидан қатъий назар, у зот яхшилик қилган одамни тақдирлашлари. Мен туриб нима учун фалончидан яхши гап чиқиши керак экан, демасликлари.

5. Бу дуони Ибн Умар розияллоҳу анҳумо санода ўқиб юрганликлари.

6. Ушбу дуонинг таржимаси:

«Аллоҳ улуғнинг улуғидир. Аллоҳга ҳамдларнинг кўпидир. Эрта-ю кеч Аллоҳни пок деб ёд этарман».


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозга турсалар такбир айтар, сўнгра:

«Юзимни осмонлару ерни яратган зотга динларда мойил бўлган мусулмон ҳолимда юзлантирдим. Мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, тиригим ва ўлигим оламларнинг Роббиси, Аллоҳникидир. Унинг шериги йўқдир. Мана шунга амр қилиндим. Мен мусулмонлардандирман. Эй, бор Худоё, Ўзинг подшоҳсан. Сендан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Сен менинг Роббимсан. Мен Сенинг бандангман. Мен ўз жонимга зулм қилдим ва гуноҳимни эътироф қилдим. Бас, менинг ҳамма гуноҳларимни мағфират қилгин. Гуноҳларни Сенинг Ўзингдан бошқа мағфират қилмас. Мени энг гўзал ахлоқларга ҳидоят қилгин. Гўзал ахлоқларга Сенинг Ўзингдан бошқа ҳидоят қилмас. Мендан уларнинг ёмонини четлатгин. Уларнинг ёмонини Сенинг Ўзингдан бошқа четлатмас. Сенга, лаббай, дейман. Сенинг амрингга мусоадага тайёрман. Яхшиликнинг барчаси Сенинг икки қўлингда. Ёмонлик сенга нисбат берилмас. Мен Сенданман ва Сенга борурман. Муборак бўлдинг ва олий бўлдинг. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан», дер эдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу дуонинг «Мен мусулмонлардандирман» деган жойигача Шофеъий мазҳаби сано дуоси қилиб олган.

Моликий мазҳаби сано ўқиш макруҳдир, деган. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умарлар намозни «Алҳамду лилла’ҳи Роббил а’ламийн» билан бошлар эдилар» деган ҳадисни бунга ҳужжат қилиб келтирганлар. Лекин бу сано ўқимас эдилар, дегани эмас.

Имом Абу Довуд розияллоҳу анҳу ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз бошласалар:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва таба’рокасмука ва таъа’ла жаддука вала’ ила’ҳа ғойрук» дер эдилар» деб айтганлар.

Бу маънодаги ҳадислар кўп ривоят қилинган. Худди шу сийғани Ҳанафий мазҳаби намозда ўқишни ихтиёр қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Амр ибн ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг пешини кифтлари давоми...

5443 05:00 / 09.01.2017
Қунут луғатда дуо ва тазарруъ маъносидадир. Шариатда эса, намозда рукуъдан олдин ёки кейин туриб Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ёмонликни дафъ қилиш ёки яхшиликни давоми...

5272 05:00 / 04.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг. давоми...

3251 17:00 / 02.02.2022
1. Ейиш ва ичишингиз ҳалол ва пок бўлишига эътиборли бўлинг.2. Ҳаром амаллардан узоқлашинг.3. Агар овқат тайёр бўлса, аввал овқатланиб олинг.4. Ҳожатхонага бориш давоми...

1803 19:00 / 09.12.2022
Аудиолар

118781 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40730 14:35 / 11.08.2021