1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда таҳорат кетса

05:00 / 09.01.2017 4636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб намозини охирига етказади. Агар ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. Янгидан бошлаш афзалдир. Бу ҳолда имом ўрнинбосар қўяди. Бошқани ўз жойига тортади. Сўнгра таҳорат қилиб ўша ерда намозини тамомлайди ёки жойига қайтади.  Якка намозхон ҳам шунга ўхшайди. Агар имом фориғ бўлмаса қайтиб келади. Муқтадий ҳам шунга ўхшайди.

Агар намозхон жинни бўлиб қолса, хушидан кетса, эҳтилом бўлса, қаҳқаҳа билан кулса, қасддан таҳоратини кетказса, унга кўп сийдик етса, боши ёрилиб қон оқса ёки таҳорати кетганини гумон қилса-ю, масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетса, намози бузилади. Агар чиқмаган ёки ўтмаган бўлса, намозини давом этдиради. Агар имом ташаҳҳуддан кейин намозга тўғри келмадиган амални қилса, намози тамом бўлади. Лекин кейин келиб қўшилганники бузилади. Ташаҳҳуддан кейин таяммумли сувни кўриб қолса ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, Абу Ҳанифа намоздан чиқиш намозхоннинг амали ила бўлиши шарт деганларидан, у кишининг наздида намоз бузилади. Икковларининг наздида бузилмайди.


Оз бўлса ҳам намозда таҳорат кетиб туриши бор. гоҳида имомнинг таҳорати кетса, гоҳида муқтадийнинг таҳорати кетади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Юқоридаги матнда бу масала атрофлича муолажа қилинди. Лекин буни яхшилаб шарҳ қилинмагунича аниқ англаб олиш қийин. Келинг, шу муаммони ечишга ҳаракат қилайлик.

Намозхоннинг ихтиёрисиз таҳорати кетса, дарҳол таҳорат қилиб намозини охирига етказади. 

Мисол учун бурни қонаб кетди. Намозхоннинг ихтиёрисиз намоз ичида таҳорати кетиб қолиши самовий бетаҳоратлик дейилади. Ана ўшанда у дарҳол бориб таҳорат қилади ва намозини келган жойидан давом этдиради.

Имом Ибн Можа Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: 

«Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, таҳорат қилсин ва гапирмаган бўлса, намозини келган жойидан ўқиб кетсин», дейилган. 

Агар ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. 

Абу Ҳанифанинг наздида ташаҳҳуддан кейин самовий бетаҳоратлик етса ҳам таҳорат қилиб келиб салом бериш лозим бўлади. Чунки у кишининг наздида намоздан намозхон ўз амали билан чиқиши фарздир. Шунингдек, салом лафзини айтмоқ вожибдир. 

Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг наздида қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорида ўтиргандан кейин таҳорати кетиб қолса, намоз ўз ўзидан тамом бўлади. 

Янгидан бошлаш афзалдир. 

Чунки бундоқ қилиш хилофнинг олдини олади.

Бу ҳолда имом ўрнинбосар қўяди. Бошқани ўз жойига тортади. 

Намозда имомнинг таҳорати кетиб қолса, бурнини ушлаб туриб ўрнига бошқа одамни тортиб имом қилиб қўйиб чиқиб кетади. Шунда одамлар имомнинг бурни қонаб таҳорати кетди деб ўйлайдилар. Имом эса гумондан холи бўлади.

Бир имомнинг ўрнига намоз ичида иккинчи имом ўтиши жоизлигига Абу Бакр розияллоҳу анҳу Р-м.га бир неча бор имомлик ўрнини бўшатиб берганлари далилдир. ўша ривоятлардан бирини намуна сифатида келтирамиз.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар салоллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб чиқдилар. У зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр У зотни кўриб орқага тисарила бошлади. У зот унга, қандоқ бўлсанг, шундоқ туравер, деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар, Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Имомнинг таҳорати кетганда ўрнига бошқа кишини тортиб қўйишига Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинганда ўринларига Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни тортиб қўйганлари ва Али Розияллоҳу анҳунинг бурунлари қонаб кетганда ўринларига бошқа одамни торитб имом қилиб қўйганлари далилдир. 

Сўнгра таҳорат қилиб ўша ерда намозини тамомлайди ёки жойига қайтади.  

Таҳорат қилган жойида намозини келган жойидан давом этлириши орага кўп амал тушиб қолмасин деган мақсадда бўлади. Буни ўрнига қолган имом намозни ўқиб бўлганини билса қилади. 

Якка намозхон ҳам шунга ўхшайди. 

Намозда таҳорати кетиб қолса, бориб таҳорат қилади ва намозини келган жойидан давом этдиради.

Агар имом фориғ бўлмаса қайтиб келади. 

Ва ўзи ўрнига қолдириб кетган ўша имомга иқтидо қилиб намозни давом этдиради.

Муқтадий ҳам шунга ўхшайди.

Намозда таҳорати кетиб қолса, бориб таҳорат қилади. Имом намозни тугатган бўлса ўша ерда, тугатмаган бўлса қайти унга иқтидо қилган ҳолда давом этдиради.

Агар намозхон жинни бўлиб қолса, хушидан кетса, эҳтилом бўлса, қаҳқаҳа билан кулса, қасддан таҳоратини кетказса, унга кўп сийдик етса, боши ёрилиб қон оқса ёки таҳорати кетганини гумон қилса-ю, кейин таҳорати кетмагани аён бўлса масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетса, намози бузилади. 

Бунда охирги ҳолатдан бошқа барчасида намоз шубҳасиз бузилади ва янгитдан таҳорат қилиб, қайтадан намоз ўқилади.

Аммо намозхон таҳорати кетганини гумон қилса-ю, кейин таҳорати кетмагани аён бўлса масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетса, намози бузилади. 

Агар чиқмаган ёки ўтмаган бўлса, намозини давом этдиради. 

Яъни, намозхон таҳорати кетганини гумон қилса-ю, кейин таҳорати кетмагани аён бўлганда масжиддан чиқмаган ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетмаган бўлса, намозини келган жойидан давом этдиради.

Агар имом ташаҳҳуддан кейин намозга тўғри келмадиган амални қилса, намози тамом бўлади. 

Имом ташаҳҳудни ўқиганидан ёки ўша миқдорча ўтиргандан кейин қаҳқаҳа ила кулиш, таҳоратни кетказишга ўхшаш намозга тўғри келмадиган амални қилса, намози тамом бўлади.

Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон имом намозни тамомлаб, гапиришдан аввал таҳоратини кетказса, батаҳқиқ, унинг намози ҳам ва ортидан намозни батамом ўқиган кимсанинг намози тамом бўлади», деганлар.

Лекин кейин келиб қўшилганники бузилади. 

Бу ҳукм Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида. Чунки имомнинг таҳорати кетиши билан унинг ҳам кейин келиб қўшилган одамнинг ҳам намози бузилади. Имомнинг қиладиган амали қолмагани учун унинг намози тугал бўлади. Намозга кейин келиб қўшилган одамнинг яна қилиши лозим амаллари бор. У намозни давом этдириши мумкин эмас. Чунки унга нисбатан намоз бузилди. Бузилган нарса устига бир нарсани бино қилиб бўлмайди.    

Ташаҳҳуддан кейин таяммумли киши сувни кўриб қолса ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, Абу Ҳанифа намоздан чиқиш намозхоннинг амали ила бўлиши шарт деганларидан, у кишининг наздида намоз бузилади. 

Бу жумладаги «шунга ўхшаш нарсалар»дан масҳнинг муддати тугаши, икки махсини ечилиши, яранинг тузалиши сабабли боғични тушиб кетиши, уммий одам намозга етарли қироатни эслаб қолиши, ялонғоч кишига кийим топлиши, имо ила ўқиётган рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши каби ҳолатлардир.

Икковларининг наздида бузилмайди.  

Чунки имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар наздида намоздан чиқиш намозхоннинг амали ила бўлиши шарт эмас.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙММуқаддимаБизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Аллоҳга қуллик энг буюк мақом давоми...

3296 05:00 / 09.01.2017
Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бирбирининг ўрнига алмаштирилиб давоми...

11462 05:00 / 04.01.2017
1. Имом ёки ёлғиз ўзи ўқиётган киши фарз намозларнинг илк қаъдасини унутган ҳолда тарк этиб, учинчи ракъатга тураётганида, тўлиқ қад ростламасдан аввал эсласа, давоми...

1815 09:21 / 07 март
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечасилик намозлари ҳақида сўрашганида шундай дедилар .Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи давоми...

7212 11:45 / 02.09.2018
Аудиолар

118736 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40699 14:35 / 11.08.2021