1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозда калом ва ишни тарк қилиш

05:00 / 09.01.2017 4016 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Намозда гаплашар эдик. Бир одам намозда ёнида турган шеригига гапираверар эди. Токи «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти тушганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳий қилиндик».

Бешовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Намоз янги фарз бўлиб, одамлар унга ҳали унча ўрганмаган пайтда баъзи гапларни гапиришга рухсат бор эди. Ўша пайтда бу ривоятда зикр қилинганидек, намозда туриб, баъзи гапларни айтиш ҳоллари бўлган.

Кейин эса Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилиб намозда гапиришни ман этди. Шунинг учун ким намозда гапириб юборса, намози бузилади.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб турганларида салом берар эдик, у зот бизларга жавоб қайтарар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг салом берсак, жавоб қайтармадилар. Шунда биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак жавоб қайтарар эдингиз?» дедик. У зот:
«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар
».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмадлар келтирган ривоятда: 

«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ривоятдан намозда баъзи гапларни гапириш Исломнинг дастлабки пайтларида бўлганини очиқ-ойдин билиб оламиз. Чунки ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг, «Нажошийнинг ҳузуридан қайтганимиздан сўнг», дейишларидан улар ҳабашистонга ҳижрат қилгунларига қадар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиётганларида салом беришиб юрганлар. ҳабашистонга ҳижрат эса Мадинага ҳижратдан анча олдин бўлган. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин Жаъфар ибн Абу Толиб бошлиқ муҳожирлар ҳабашистондан тўғри Мадинаи Мунавварага қайтиб келганлар. 

Мана шу ривоятдан намозда тасбиҳ, такбир ва Қуръон қироатидан бўлак сўз қўшиш гап гапириш, ҳатто, саломга алик олиш мумкин эмаслиги маълум бўляпти.


Муъайқийб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиддаги майда тошларни тўғрилашни зикр қилиб:
«Агар қилмасанг бўлмайдиган бўлса, бир марта қил», дедилар
». 

Сунан эгалари келтирган ривоятда: 

«Қачон бирортангиз намозга турса, албатта, раҳмат унга юзма-юз туради, майда тошларни сурмасин», деганлар».

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийи Муъайқийб розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: 

Муъайқийб ибн Абу Фотима ад-Давсий ал-Аздий Абдушшамс қабиласи бошлиғи, биринчилардан бўлиб Маккада Исломга келган, ҳабашистон ва Мадина муҳожирларидан, Бадр ғазоти, Ризвон байъати ва бундан кейинги бўлган маъракаларда иштирок этган. 

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларига мушарраф бўлганлар. Мазкур узук Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида «Арийс» қудуғига тушиб кетган ва қайтиб топилмаган.

Муъайқийб розияллоҳу анҳу Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар даврларида хазиначи бўлдилар.

Расулуллоҳдан ҳаммаси бўлиб, еттита ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан ўғиллари Муҳаммад ва ҳорис, неваралари Иёс ибн ҳорис, Абу Салама, Абдурраҳмон ибн Авфлар ривоят қилишди. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишди.

ҳижратнинг 40-санасида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида масжидлар ҳам ердан иборат эди. Шунинг учун сажда қилган одамнинг пешонаси майда тошларга тегиши оддий ҳол эди. Бу ҳақда саҳобаларнинг фатво сўрашлари ҳам ғариб нарса эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: 

«Агар қилмасанг бўлмайдиган бўлса, бир марта қил», дедилар. 

Яъни, майда тошни суриб ташлашдан бўлак илож бўлмаса, бир марта суриб ташлаш мумкин. Аммо уни сурмай намозни давом эттириш мумкин бўлса, сурмаган маъқул.

Уламоларимиз бу ҳадисни ҳужжат қилиб, иложсиз қолганда тош суришдан бошқа ишларни ҳам қилиш мумкин, дейдилар. Фақат ўша ишни бажариш учун қилинадиган ҳаракат ўша майда тошларни суришдаги ҳаракатдан кўп бўлмаслиги керак. Албатта, ўша ишни қилмаса, намозига футур етишига кўзи етмоғи керак.

Аслида эса, намозда бошқа ҳеч нарсага чалғиб бўлмайди. Чунки намоз ўқиётган одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида, Унинг раҳмати ила юзма-юз турган бўлади. Мўмин одам учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриб, бошқа нарсаларга эътибор бериши, Аллоҳнинг раҳматидан бошқа томонга юзланиши яхши эмас.

Уламоларимиз барча далилларни ўрганиб чиқиб, намознинг тўғри бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак деган хулосага келганлар; 

1. Ислом. 

Мусулмон бўлмаган одам ўқиган намоз қабул бўлмайди.

2. «Оқу қора»ни ажрата билиш. 

Яъни, ёш бола балоғатга етмаган бўлса ҳам, нарсаларнинг фарқига етадиган ёшда бўлиб намоз ўқиса, намози қабул бўлади.

3. Ақл. 

Ақлсиз одамнинг намози дуруст бўлмайди.

4. Вақтнинг кириши. 

Ўз вақтидан аввал ўқилган намоз қабул бўлмайди.

5. Катта ва кичик бетаҳоратликдан пок бўлиш. 

Яъни, ғусл ва таҳоратни вожиб қиладиган нарсалардан ҳоли ҳамда таҳоратли бўлиш.

6. Нажосатдан (кийим, бадан ва макон) пок бўлиш.

7. Авратни бекитиш.

8. Қиблага юзланиш – қараш.

9. Ният.

10. Тартиб. 

Намозни адо қилиш амаллари: 

11. Намоз амалларини кетма-кет адо қилиш.

12. Намознинг жинсидан бўлмаган каломни тарк қилиш.

13. Намознинг жинсидан бўлмаган кўп амални тарк қилиш.

14. Емоқ-ичмоқни тарк қилиш.

Намозни ботил қилувчи нарсалар.

Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта ўқишга тўғри келади. Қуйида ҳанафий мазҳаби уламолари намозни бузади деган нарсаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз: 

1. Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.

Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади.

2. Имомдан бошқага луқма берса, намози бузилади.

Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади.

3. Емоқ ва ичмоқ.

Бу икки иш қасддан ёки унутиб бўлса ҳам намозни бузади. Уч марта чайнаса, тишининг орасида қолган нўхотдек таомни еса, намози бузилади.

4. Бирин-кетин бўлган кўп амал.

Ташқаридан қараб турган одам бу намозда эмас экан, дейдиган даражадаги амал кўп ҳисобланади. 

5. Қибладан юз ўгириш.

Бу узрсиз кўксини қибладан буриши ила содир бўлади. Аммо таҳорат қилиб келиш учун бурилса, бўлади.

6. Авратни қасддан очиш.

Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбиҳ айтгунча вақтда ёпиб олса бўлади. Ундан кўп аврати очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.

7. Катта ёки кичик бетаҳоратлик ориз бўлиб қолса, намоз бузилади.

8. Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.

9. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, таҳорати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди. 

10. Одамларнинг сўзига ўхшаш нарса ила дуо қилиш.

11. Бировга салом бериш.

12. Саломга алик олиш.

13. Узрсиз томоқ қириш.

14. Оҳ уриш.

15. Акса урган одамга «ярҳамукаллоҳу» демоқ. Ёки шунга ўхшаш нарсаларни айтиш.

16. Охирги қаъдага ўтиришидан олдин таяммум ила намоз ўқиётган одам сувни кўриб уни ишлатишга қодир бўлмоғи.

17. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши.

18. Махсини ечиш.

19. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.

20. Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.

21. Ялонғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.

22. Яранинг устидаги боғич тушиб кетиши.

23. ҳушидан кетиш.

24. Жинни бўлиш.

25. Назар солиш ила жунублик етиши.

26. Аёл кишининг намозда эр киши билан баробар туриб қолиши.

27. Муқтадийнинг имомидан олдинга ўтиб кетиши ва бошқалар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз бетаҳоратлик деб таржима қилган ибора араб тилида .ҳадас, дейилади. Ҳадас сўзи бўлмаган нарсани тезтез янгиланиб пайдо бўлиб туришига айтилади. Одам таҳорат давоми...

4636 05:00 / 04.01.2017
Намоз ndash Ислом динининг беш устунидан биридир. Намоз мўминнинг меърожидир. Намоз мўминмусулмон одам ҳар куни бажарадиган энг муҳим амалидир. Намоз банданинг бу давоми...

1396 16:53 / 14.12.2022
Суффа аҳлидан бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Фирос Робийъа ибн Каъб Асламий розияллоҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

7092 17:09 / 18.05.2017
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ва Асрда .ВасСамаи ват Ториқ, ва .ВасСамаи затил Буруж, ва шунга ўхшаш давоми...

3837 05:00 / 09.01.2017
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021